Ўзбекистон Бош прокуратураси Афғонистондан ҳарбий самолётлар ва вертолётлар мамлакат ҳудудига ноқонуний ўтгани ҳақида баёнот берди - янгиликлар

Сурат манбаси, Topnewsuz / Telegram
Ўзбекистон мулозимлари кўра, Афғонистондан бир неча ҳарбий самолётлар ва вертолётлар ноқонуний Ўзбекистон ҳудудига ўтган.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг баёноти:
2021 йил 14-15 август кунлари Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудуди чегарасидан ноқонуний ўтган, ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган, Афғонистон Ислом Республикасининг 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолётлари мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилган.
Жорий йил 15 август куни Қарши шаҳридаги "Хонобод" аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистон Ислом Республикасининг 3 та "ЭМБРАЙЕР-314" русумли ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикасининг 2 та "МИГ-29" русумли ҳарбий самолётлари кузатувига олинган.
Лекин кузатув давомида "ЭМБРАЙЕР-314" ва "МИГ-29" русумли самолётлар тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушишган.
Шу куни 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилари дарё орқали Термиз тумани ҳудудига Ўзбекистон Республикаси чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтишган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон ҳаво кучларига тегишли самолётнинг Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаганини тасдиқлаганди.
Ўзбекистондаги gazeta.uz веб-сайти хабар қилишича, Интернетда самолёт қисми ва камида бир жароҳатланган инсон акс этган фото ва видеолар тарқалган.
gazeta.uzнинг Сурхондарёдаги манбаси икки нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи Термиздаги шифохонага ётқизилганлигини тасдиқлаган.
Уларнинг самолётдан парашютда сакраганлари айтилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишнинг олди олинган", дея билдирган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги.
Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари Афғонистон самолёти қулаши ҳолати бўйича суриштирув ишларини бошлагани, бу суриштирув натижалари бўйича қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги самолётда нечта одам бўлганини очиқламаган.
gazeta.uz хабар қилишича, 14 август куни уч Афғон аскари Термиздаги шифохонага ётқизилган
"Катта эҳтимол билан, гап Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида хабар берган уч ярадор афғон аскари ҳақида кетмоқда", деб ёзади веб-сайт.
"Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик ҳарбий хизматчининг касалхонага ётқизилганлиги ҳақида хабар берилмоқда. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Бу афғон самолёт билан қулаши боғлиқми ёки йўқми, маълум эмас", деб хабар берди gazeta.uz.
14 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 84 нафар Афғонистон ҳарбийси Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишгани ҳақида хабар тарқатди.
Ташқи ишлар вазирлиги Афғон фуқароларини ватанига қайтариш ҳамда Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни юмшатиш учун Афғон томони билан музокаралар олиб бораётгани хабар қилинган.
15 август куни Толибон пойтахт Кобулни қўлига олганини эълон қилди.
Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Тожикистонга қочгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Тожикистон расмийлари эса Афғонистон президенти Тожикистонда эканини рад этиб чиқдилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













