Токио Олимпиадаси: Қозоғистонлик курашчи рақибини тишлаб олди, энди унга нима бўлади? Qozog‘iston Tokio dunyo yangiliklar

Нурислам Санаев

Сурат манбаси, official

Бирлашган Жаҳон Кураши қоидаларига кўра, курашчиларга ўз рақибларининг сочлари, қулоқлари, жинсий аъзоларидан тортиш, терисини чимчилаш, тишлаш, қўл ёки оёқ бармоқларини қайириш тақиқланган.

Бу гал Қозоғистон курашчиси Нурислам Санаевнинг қилган иши учун оммавий ахборот воситаларининг эътиборига тушди.

Кутилмаган ҳодиса финал йўлланмаси учун курашда юз берди.

-57 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Нурислам Санаев ҳиндистонлик рақиби Рави Кумарни тишлаб олди.

Чоршанба куни Makuhari Messe Hall да кечган ярим финал жанги алал-оқибат ҳинд курашчисининг фойдасига ҳал бўлди, Рави Кумар Нурисламнинг курагини "ерга теккиз"ди.

Икки рақиб курашчи ўртасида гиламда юз берган тишлаб олиш воқеаси эса, ҳалича Токио Ёзги Олимпиадасида кўрилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди.

Расмий муносабат

Ранкинг

Сурат манбаси, Screenshot/official

Ҳодисага Бирлашган Жаҳон Кураши ўз эътиборини қаратди, кеча, пайшанба куни бу хусусда расмий баёнот билан чиқди.

Ташкилот ҳам ўз баёнотида курашда тишлаш тақиқланганини яна бир бор таъкидлади.

Аммо қозоғистонлик курашчи буни қасддан қилмаган, деган хулосага келганликларини айтди.

Бирлашган Жаҳон Курашининг билдиришича, юз берган ҳодисани ўрганиб, таҳлил қилишган ва худди шу асосда Нурислам Санаевни жазоламасликка қарор қилишган.

Қозоғистонлик эркин курашчи Токио Олимпидасининг бронза медали билан кифояланишга мажбур бўлган.

Медаллар жадвали

Рио Паралимпиадаси медаллари

Сурат манбаси, Getty Images

Нурислам Санаевники билан Қозоғистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги бронза медалларининг сони яна биттага ортган, ҳозирга келиб эса, жами 7 тага етган.

Қозоғистонлик олимпиячилар ҳалича Ўйинларнинг олтин ёки кумуш медалини қўлга кирита олишмаган.

Медаллар жадвалида ҳисобидаги 2 та олтин ва битта бронза медали билан Ўзбекистон ҳали-ҳануз Марказий Осиё давлатлари орасидан пешқадам мавқеъни эгаллаб турибди.

Минтақа давлатлари орасидан Ёзги Олимпиада Ўйинларидаги спортчиларининг сони ва қўлга киритган ютуқлари бўйича, одатда, Қозоғистон етакчилик қилиб келган.

Рави Кумар

Сурат манбаси, Getty Images

Рақибининг тишлашига қарамай, ярим финал жангини ўз фойдасига ҳал қилган ҳиндистонлик эркин курашчи эса, финалда россиялик рақибига ютқазган.

Аммо Рави Кумар шунда ҳам Ҳиндистон тарихида Ўйинларнинг финалига чиқа олган иккинчи эркин курашчи бўлган.

Эркин кураш бўйича -57 кг вазн тоифасида Токио Олимпиадасининг олтин медали икки карра жаҳон чемпиони Заур Угуевга насиб этган.

Россия бу галги Ўйинларда Россия Олимпия қўмитаси номи остида иштирок этмоқда ва энг зўр натижа қайд этаётган собиқ Шўро давлати бўлиб турибди.

Россия Олимпия қўмитаси ҳисобида ҳозирча жами 60 та медал бор ва уларнинг 16 таси олтиндир.

Гап

Токио Олимпиадасининг тантанали расмий очилиш маросими

Сурат манбаси, Reuters

Бу йилги Токио Ёзги Олимпиадаси аввалида эса, Қирғизистон ва Тожикистон гап бўлган.

Икки Марказий Осиё давлатининг тантанали очилиш маросими чоғидаги чиқиши ҳамманинг эътиборини ўзига тортган.

Ҳатто етакчи Ғарб нашрларида ҳам сарлавҳаларга чиққан янгиликка айланган.

Бу ҳар икки давлат Олимпия терма жамоалари маросимда деярли юз ниқобларисиз кўриниш беришган.

Юз ниқоби ҳатто уларнинг байроқдорларида бўлмагани эса, хабарларнинг илк қаторларига чиққан.

Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда мезбон японияликларнинг ҳам танқид, таажжуб ва тушунмовчиликларига сабаб бўлган.

Токио Олимпиадаси ташкилотчилари эса, мавжуд ҳолат юзасидан изоҳ сўраб қилинган мурожаатларга ҳалича жавоб беришмаган.

Ҳар икки давлат Миллий Олимпия қўмиталарининг ҳам бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқишгани ҳалича матбуотда кўзга ташланмаган.

Ўзбекистон эса, оғир атлетикачилари устма-уст ўрнатган Олимпиада рекордлари билан Ўйинларда кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Россиянинг айрим ахборот агентликлари яна Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Японияга ўзбекча палов ва самарқандча нонлар олиб боргани ҳақида ҳам ёзишган.

Токио Ёзги Олимпиадасига расман 23 июль куни старт берилган.

Ўйинлар 8 августга қадар давом этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek