You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Қирғизистон Тожикистондан қирғиз афғон қочқинларини ўзларига беришини сўради O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar
Тожикистон Толибон ўз ҳужумларини шиддатлаштирган сўнгги ҳафталарда юзлаб оддий афғонлар қочиб ўтаётган биринчи ва ҳозирча ягона Марказий Осиё давлати бўлади. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расман билдиришнома билан чиқди.
Вазирлик кеча, 15 июль куни афғонистонлик қирғизларнинг Тожикистонга қочиб ўтишганига оид ҳар икки давлат нашрларида бўй кўрсатган хабарларга расман муносабат билдирган.
Унга кўра, жорий йилнинг 12 июлида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Марказий Осиёдаги Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Минтақавий бошқармаси ва Бишкекдаги БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги офисига афғон қирғизлари билан боғлиқ вазият бўйича маълумот берган.
Расмий Бишкек халқаро ташкилотдан Тожикистонда қолаётган афғон қирғизларини Қирғизистонга олиб келишга ёрдам беришини сўраган.
Маълум бўлишича, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги афғон қирғизларининг қирғиз-тожик давлат чегарасининг ўтиш пунктларида тўсиқларсиз ҳаракатланишига кўмаклашишини сўраб, Тожикистон томонига илтимоснома нотасини юборган.
"Бундай илтимосни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниёзалиев ҳам 13 июль куни Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТ Вазирлар Кенгаши йиғилишида ҳам айтган", дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, билдиришномада Афғонистоннинг катта ва кичик Помиридаги этник қирғизларнинг ихчам яшаш жойларида ва уларнинг тожик Помирининг баланд тоғли ҳудудларида ҳаракатланиши бўйича доимий алоқа воситаларининг йўқлиги сабабли, улар билан алоқа ўрнатиш ва мавжуд маълумотларни тасдиқлаш қийин ва узоқ вақт талаб этиши таъкидланган.
Ушбу масала Қирғизистон президенти ва Вазирлар Маҳкамаси назоратида бўлиб, давлат идораларига тегишли кўрсатмалар берилгани айтилган.
Ҳозирча Тожикистон афғон қирғизларининг тақдири, улар Қирғизистонга топширилиши ёки йўқлиги тўғрисида расман маълумот бермаган.
Расмий Кобулнинг ҳам сўнгги янгиликка муносабати ҳалича имконли эмас.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берган ва бу яқин йиллардаги энг қонлиси экани айтилган қуролли тўқнашувлардан саноқли ойлар ўтиб кузатилган.
Орада Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу икки Марказий Осиё давлатини ўзаро муаммоларини "мулоқот йўли" билан ҳал қилишга чақириб чиққани ҳам кўрилган.
Бунгача расмий Душанбе Толибондан қочиб Тожикистонга ўтган юзлаб афғон аскарларини Кобулга самолётда қайтариб юборганликларини маълум қилган.
Помирлик қирғизларнинг Тожикистонга қочиши Афғонистонда ҳукумат кучлари ва Толибон жангарилари ўртасидаги жанглар авж олган бир пайтга тўғри келмоқда.
Май ойининг бошида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан Толибон ҳужумларини кучайтирган.
Июнь ойининг бошидан бошлаб, Толибон Афғонистоннинг шимолий қисмидаги аксарият ҳудудлар, жумладан, Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош минтақалари деярли барчасини ўз назорати остига олгани айтилади.
Шунингдек, Толибон жангарилари Афғонистоннинг Помир қирғизлари яшайдиган Бадахшон вилоятининг барча туманларини бирдек босиб олган.
Баъзи маълумотларга кўра, ҳозир Толибон Афғонистоннинг учдан бир қисмини назорат қилмоқда.
Ҳаракатнинг ўзи эса, 85 фоизини, дея иддао қилади.
Тожикистон ва афғон қочқинлари
Афғонистонда давом этаётган жанглардан қочиб, Тожикистон ҳудудига ўтган этник қирғизлар бу ерда яна қанча қолишлари номаълум.
Тожикистон "Ховар" миллий ахборот агентлигига кўра, 13-14 июль кунлари юзлаб афғон қирғизлари толиблар ҳужумидан қўрқиб, Тожикистонга қочиб ўтган.
Агентликнинг 14 июль кунги хабари Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот хизматининг маълумотига таянган.
Хабарда Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Ваҳон туманига қарашли Андемин қишлоғидан Тожикистонга қочиб ўтган қирғизларнинг умумий сони 347 нафар экани айтилган.
Улардан аксариятининг ўсмирлар экани, эркаклари баробарида ораларида хотин-қизларининг борликларига ҳам аниқлик киритилган.
Маълум бўлишича бу қочқинларнинг барчаси ҳозир Тожикистоннинг Мурғоб туманида вақтинча ерлаштирилган.
"Чегарани кесиб ўтиш пайтида икки гўдак вафот этган. Тожик чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилини инобатга олган ҳолда афғон қочқинларига Тожикистон ҳудудига киришга рухсат берган", дейилади Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинларига асосланган хабарда.
Шунингдек, хабарда тергов ва суриштирув ишлари давомида Афғонистонлик қочқинлардан 3,5 кг дан ортиқ гиёҳванд моддалари топилиб, мусодара қилингани ҳам қўшимча қилинган.
Қўмита, шуингдек, афғон қирғизларининг Тожикистонга ўз чорва моллари билан қочиб ўтишганини ҳам маълум қилган.
Шу ой бошида ҳам юзлаб афғонларнинг Афғонистоннинг Бадахшонидан Тожикистонга кесиб ўтишгани хабар берилган.
Аммо Asia-Plus нашри 14 июль куни Афғонистоннинг Тожикистонда жойлашган элчихонасидаги манбасига таяниб, улар барчасининг ҳам афғон ҳукумати томонидан ортга қайтарилгани ҳақида ёзган.
Помирлик қирғизлар тарихи
Қирғизлар яшайдиган катта ва кичик Помир Афғонистоннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Ваҳон йўлагида жойлашган.
Узунлиги 350 километрлик, энига 13-65 километрлик бу йўлак Покистон, Хитой, Тожикистон ва Исломобод назоратидаги Кашмирнинг бир қисми билан чегарадош.
Ўрта Осиё тарихчиларининг фикрларига кўра, 16-асрдаёқ қирғиз кўчманчилари йил фаслларига қараб, Помир водийсига кўчиб келиб жойлашган.
Улар 19-асрнинг ўрталарида, Туркистон Рус империясининг чегарасига айлангунига қадар Помирда чорва молларини боқишган.
Афғонистоннинг кичик ва катта Помир водийсида яшовчи қирғизларнинг сони 2003 йилда 5000га яқин бўлган. Аммо ҳозир улар 1500-2000 атрофида қолгани айтилади.
Бу ҳудудда географик шароитлар жуда оғир бўлиб, тиббий ёрдам етарли даражада эмас. Оналар ва болалар ўлим даражаси юқори.
Қирғизистон ҳукумати 2017 йилнинг октябрида элликка яқин помирлик қирғизларни Норин вилоятига, 2019 йили эса яна шунчасини Олай вилоятига кўчириб олиб келган.
Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.
Уларнинг сони имконли бўлган манбаларда бир неча миллионга нисбат берилади.
Толибон сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятидаги деярли барча туманларни ҳам босиб олган.
Орада толибларнинг шиддатли ҳужумларидан қочиб, ўнлаб афғон ҳарбийси ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуролли гуруҳ вакилларининг Ўзбекистон чегарасини ҳам бузиб ўтишгани кўрилган.
Ҳозирча оддий афғонларнинг жанглардан қочиб, Ўзбекистонга ўтганликларига оид расмий хабарлар олинмаган.
Аммо яқинда айрим минтақавий нашрлар Ўзбекистоннинг Термиз ташқарисида ўнлаб чодирлар тиклаётгани ҳақида ҳам ёзишган.
Бу хабарларнинг қанчалик ҳақиқатга яқин экани ҳозирча мамлакат масъуллари томонидан расман тасдиқланмаган.
Яқинда айрим Ғарб нашрлари АҚШ маъмурияти Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан Афғонистонда ўзларига кўмак берган 9 мингга яқин афғонга вақтинча бошпана бериб туришларини сўраб, мурожаат қилгани ҳақида ҳам ёзишган.
Аммо бу хабарлар ҳам ҳалича уч Марказий Осиё давлатлари масъуллари томонидан ўзининг расмий тасдиғини топмаган.
Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг нисбатан қашшоқ икки мамлакати саналишади.
Мақолани тайёрлашда Қирғизистондан мустақил журналист Шоҳруҳ Соипов ёрдам берди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek