You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тожикистон ерлари "Хитойнинг тарихий мулки эмас" - Душанбе эътироз билдирди, Xitoy, mintaqa, dunyo, yangiliklar
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Тожикистон ерлари "Хитойнинг тарихий мулки эмас" - Душанбе эътироз билдирди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Хитой томонига расман норозилик нотаси йўллади.
"Хитойнинг тарихий мулки эмас"
Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин айрим Хитой оммавий ахборот воситаларида Тожикистон ерларига даъвогарлик борасидаги мақолаларга муносабат билдирди.
У матбуот йиғини пайтида бу мавзуда сўзлаётиб, Тожикистон ерларини Хитойнинг тарихий мулки, дея ёзилган мақолалар ўрганиб чиқилганини айтди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги айни шу мақолалар юзасидан Хитой томонга норозилик нотаси йўллаган.
"Тожикистон Хитойга ўз ерларини беришни саҳналаштирди ва йўқотилган Помир тоғлари ҳақиқий эгасига қайтарилди" мақоласи Хитойда оммалашиб кетганди.
Унда Тожикистоннинг Хитой молиявий ёрдами учун 2011 йилда бу мамлакатга 1158 квадрат метр ерини бергани борасида гап борганди.
Сирожиддин Муҳриддин тожик дипломатларининг хитойлик ҳамкасблари ва шунингдек, мақола чоп этилган нашр раҳбарлари билан учрашганини айтди. Натижада баҳсли хулосалар чиқарилган мақола сайтдан олиб ташланган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг билдиришича, тожик томонининг норозилигидан кейин Хитой ҳукумати бу каби мақолалар нодавлат оммавий ахборот воситаларида чоп қилингани ва ҳеч қандай тарзда Пекиннинг расмий мавқеини ифода этмаслигини билдирган.
"Биз Хитой ҳукумати билан жуда яхши ҳамкорлик муносабатлари ўрнатганмиз ва улар тожик томонининг ҳар бир сўровига зудлик билан жавоб қайтаришади", - деган Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин.
Тожикистон ва Хитой расмийлари ерга даъвогарлик борасидаги чиқишлар борасида бир хил фикрга келиб, "ОАВда бу каби мақолаларни чоп қилишга йўл қўйилмаслиги"ни изҳор этишган.
Бир қарич еримизни бермаймиз!
Айни бир пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Мариповнинг Тожикистонга баҳсли чегараолди ҳудуди берилгани ҳақидаги баёнотини рад этган.
Раддия баёнотида ёзилишича, "Текширилмаган маълумотларни оммалаштириш икки қардош мамлакат чегараолди ҳудудларидаги вазиятни ёмонлаштиришга хизмат қилиши мумкин".
Расмий Душанбе Қирғизистон томонини ҳали икки мамлакат ўртасидаги чегаралар аниқланиб, белгиланмас экан, чегараолдидаги баҳсли ҳудудлар тўғрисидаги баёнот билан чиқмасликка чақирган.
Гап Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тўрткўл сув омбори ва унга сув оқиб келадиган канал ҳақида бормоқда.
Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Марипов мамлакат парламентида сўзлар экан, Тўрткўл сув омборига сув оқиб келадиган каналнинг бошланиш қисми Тожикистонга ўтганини айтган.
Бу баёнотдан сўнг Қирғизистон ҳукумати сув омбори ва бош тўғонни стратегик рўйхатга киритиш ишларини бошлаган.
Тўрткўл сув омбори Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Суғд вилоятлари чегарасига яқин жойлашган.
Кейинги пайтларда айнан шу вилоятларнинг Боткен тумани ва Исфара шаҳри чегараолди мавзеларида баҳсталаб ҳудудлар туфайли келишмовчиликлар келиб чиқмоқда.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра, сув ва ер талашишлар натижасида қўшни қишлоқларда яшаётган аҳоли орасидаги жанжаллар айрим ҳолларда ўлим билан тугамоқда.
Бу жанжалларга чегарачиларнинг аралашиш ҳоллари ва қуролсиз одамларга қарата ўқ узиш, натижада яраланиш ҳоллари ҳам юз берди, деди асли исфаралик журналист.
Қирғизистон томони навбатдаги оммавий можародан сўнг тожик фуқароларини қирғиз фуқароларига жисмоний зарар етказишда айблаб, улардан бир неча нафарини Interpol томонидан қидирувга берганди.
Айни шу сўровга кўра, Тожикистоннинг Ворух қишлоғида яшайдиган 45 ёшли Фурқат Абдуфаттоев Россияда, Бошқирдистонда қўлга олинган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддиннинг айтишича, Россия томонига мазкур ҳибсга оид мактуб йўлланган. Вазир Россия томони Абдуфаттоев устидан ўтаётган суд жараёнини назоратга олганини таъкидлаган.
Қирғиз томони тайёрлаган ҳужжатга кўра, Фурқат Абдуфаттоев 2019 йил 13 мартида чегараолди келишмовчиликлари боис келиб чиққан тартибсизликларда қатнашган ва қирғизистонликлар томон ўқ узган.
Лекин Абдуфаттоев ҳимоячиларининг айтишларича, у айнан ўша куни Россияда бўлган.
Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода Москвада бўлар экан, Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида тожик фуқаросининг ҳибсга олинишидан ташвиш билдирган.
Матбуот йиғинида журналистлар Тожикистон Ташқи ишлар вазирига нега тожик қишлоқлари тинч аҳолисига ўқ узган қирғизистонликларга нисбатан айнан қўши мамлакат ҳукумати қўллаётганга ўхшаш чоралар кўрилмаётир, деган савол беришган. Вазир икки томондаги тегишли тизимлар мазкур масалаларни муҳокама қилишаётганини айтган.
"Биз Тожикистоннинг Суғд ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари ҳуқуқ-тартиботни сақлаш мақомотлари ҳисобидан ишчи гуруҳи туздик. Бу каби масалалар ана шу гуруҳ доирасида кўриб чиқилади. Айбдорларга нисбатан жиноий иш қўзғалади ва тергов бошланган", деган Сирожиддин Муҳриддин.
Бошқирдистон Республикасининг Кугарчин тумани суди Фурқат Абдуфаттоевни Қирғизистонга жўнатиб юбориш учун 2 мартгача ҳибсда ушлашга қарор чиқарган.
Абдуфаттоев судда жанжал пайтида Қирғизистон ҳудудида бўлмаганини ва у гумондор бўлган жиноятни содир этмаганини айтган.
Шунингдек, у агар Қирғизистонга жўнатиб юборишса, у ерда қийноққа тутилиши мумкинлигидан чўчишини билдирган.
Қирғизистон томонига кўра, айнан атайлаб жанжал чиқарадиган кишилар икки қардош халқ муносабатларига рахна солиши мумкин.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Абдуфаттоев ҳукумат ҳимоясида туради ва у Қирғизистонга берилиши мумкин эмас.
Журналистлар эса, Қирғизистон тақдим этган рўйхатдаги қолган Тожикистон фуқароларининг ҳам ҳибсга олинишларидан хавотирлик билдиришмоқда.
Айни бир пайтда Боткен вилояти билан чегарадош Суғд вилояти Раиси Ражаббой Аҳмадзода тожиклар ва қирғизларнинг асрлар давомида яхши қўшничилик муносабатларида, аҳил яшаб келишаётганини таъкидлаган.
Унга кўра, аҳоли орасидаги келишмовчиликлар айни қишлоқ хўжалик ишлари қизиган пайтда, кўпроқ ер ва сув, баъзан йўл туфайли келиб чиқади.
Ражаббой Аҳмадзода Тожикистонга тегишли ерларнинг бир қаричини ҳам бошқаларга бериб қўймасликларни айтар экан, айни бир пайтда Тожикистонга ҳам бошқаларнинг бир қарич ери керак эмаслигини таъкидлаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek