Хитой уйғурлар пойтахтида "уруш ҳолати" жорий этди - Урумчи Коронавирус

Урумчи

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Урумчи - Шинжон-Уйғур бўлгаси пойтахти ва энг йирик шаҳри.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Шинжон-Уйғур бўлгаси пойтахти Урумчида бир нечта коронавирус ҳоллари аниқланиши ортидан Хитой ҳукумати шаҳар бўйлаб "уруш ҳолати" жорий этди.

Расмийларга кўра, шанба куни 17 нафар одамда коронавирус топилган.

Бунинг ортидан ҳаракатланиш кескин чегараланмоқда.

Янги касаллар сони кам, аммо нега Хитой бунчалик кескин чоралар қўлламоқда?

Урумчида нималар бўлмоқда? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Гап шундаки, ўтган йили Уҳан шаҳрида чиққан коронавирус ҳолатларидан бери Хитойда айни вирус жуда кам топилаётган эди.

Вирус юққанлар сони ва ўлим ҳолатлари бўйича Хитой ҳозир дунёдаги илк 20 давлат қаторида ҳам йўқ.

Хитойда жами 85 мингдан кўпроқ кишида вирус аниқланган ва 4600 бемор вафот этгани ишонилади.

Шинжон

Сурат манбаси, EPA

Шинжон-Уйғур бўлгаси пойтахти Урумчи шаҳрида ўтган чоршанба куни бир неча ой ичида илк бора вирус аниқланганди.

Бунинг ортидан бутун парвозлар бекор қилинган, метро хизмати тўхтатилганди.

Шанба куни жами ҳолатлар 17 нафар деб айтилди.

"Бутун шаҳар уруш ҳолатига кирди ва ҳар қандай кўп кишилик фаолият тўхтатилди" - дейишди расмийлар.

Бирон бино ё кўп қаватли уйда янги ҳолатлар чиқса, у ердаги ҳамма текширилади.

Кейинчалик айни чора бутун Урумчи шаҳрига нисбатан тадбиқ этилади.

Меҳмонга бориш ва кўп киши тўпланадиган тадбирлар тўхтатилади.

Шаҳарликлар ташқарига чиқишмайди, чиққан одам тест топшириши керак.

Ҳозир бутун Шинжон-Уйғур бўлгасида 269 киши тиббий назоратда.

Хитойдаги коронавирус ва унга боғлиқ ўлим ҳолатлари энг кўп Уҳан шаҳрида аниқланган.

Бундан ташқари фақат июнь ойида пойтахт Пекинда 330 кишида вирус чиққан маълум.

Ўтган жума куни эса бутун Хитой бўйлаб 22та ҳолат аниқланган. Булардан 16 нафари Урумчи шаҳрида топилган.

Агар солиштирсак, АҚШда биргина Флорида штатида шанба куни 10 минг одамда вирус аниқланди.

Хитой эса вирус тарқалишини жиловлаш учун жуда кескин ва қатъий чоралар кўрмоқда.

Шинжон нега эътиборда?

Учрашув

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Уйғурлар масаласи ҳам АҚШ ва Хитой муносабатларига таъсир қилган.

Шинжонда туркийзабон мусулмон уйғурлар яшашади.

Улар Хитой давлатининг қаттиқ назорати остида қолмоқда.

Юз минглаб аксар уйғурлардан иборат мусулмонлар бўлгадаги махсус лагерларга ташланган.

Агар бу жамлоқларга ҳам вирус киргудек бўлса, унинг тутқунлар орасида тарқаб кетиши эҳтимолидан хавотирлар катта.

Айнан Шинжон-Уйғуристони мавзуси ҳам АҚШ ва Хитой муносабатлари ёмонлашишига ҳисса қўшган.

Бир ҳафта олдин Трамп маъмурияти Шинжондаги мусулмон озчилик ҳуқуқлари учун масъул деб кўрилган Хитой сиёсатчиларига қарши санкциялар жорий этганди.

Хитой айбловларни рад этган.

Пекин вакиллари АҚШ Давлат котиби Майк Помпеони Шинжон-Уйғур бўлгасига таклиф этишган ва ҳеч қандай ҳуқуқлар бузилмаётганига гувоҳ бўлишга чақиришган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek