You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия: Москва полицияси янги йил кечаси шаҳар айланган муҳожирларни террорчиларга тенглаштирди
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Би-би-си, Москва
31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси 150 нафарга яқин меҳнат муҳожирлари Москва шаҳрида полиция, ОМОН ва Росгвардиянинг ноқонуний ҳибсга олишидан шикоят қилиб ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилишган.
Янги йил байрамида шаҳар айланаётган Марказий осиёлик муҳожирларни «славянча бўлмаган кўриниши учун тўхтатиб, хужжатларини текшираётган, автобусларга жойлаб, маҳкамаларга олиб кетаётган кучишлатар идоралар ходимларининг бу ҳаракатларини фаоллар телефонларига тасвирга олишган.
Би-би-си ўзбек хизматига тақдим қилинган мазкур видеотасвирларда ОМОНчилардан бири мигрантларни террорчиларга тенглаштиргани кўринади.
Янги йил кечаси минглаб ўзбекистонликлар ҳам Москванинг марказий кўчалари ва майдонларида байрамни нишонлашди. Аммо бу сайр хужжатларида камчилиги бўлган мигрантлар учун кўнгилсизликларни ҳам келтириб чиқарди.
Москвадаги фаол, «Мигрантлар мактаби» битирувчиси Александр Ким пойтахтда марказий осиёлик муҳожирларни қўлга олиш жараёнига гувоҳ бўлган ва полиция ходимларини нима учун уларни ушлаётгани борасида сўроққа тутган.
Полиция ходими аввалига фаолни тасвирга олишига қаршилик, кейин эса хужжатларини кўрсатишни, хатто воқеа жойидан кетишини ҳам талаб қилган. Александр ўз ҳаракатларини Россия қонунлари билан асослагач, ўзини Россгвардия ходими дея таништирган формали ходим билан қисқа баҳс бўлиб ўтган.
- Бу йигитлар потенциал террорчилар, - жавоб берган ОМОНчилардан бири.
Фаол Александр Ким муҳожирлар ҳуқуқларининг бузилиши устидан юристларга мурожаат қилган.
Видеотасвирда ОМОН, Росгвардия ходимларининг осиёча кўринишли ўнлаб йигитларни аввал хужжатларини текшириб, кейин автобусга қарата қўлини кўтарган ҳолда кийимларини текширгани, сўнгра автобус ичига қамагани кўринади.
Яна бир тасвирда эса қўлга олинган муҳожирлар панжарали машинада олиб кетилаётгани ичкаридан кўрсатилган.
- Бу йилги янги йил кечасида мигрантларни қўлга олишлар ўтган йилгидан кам: бизга 150 га яқин мурожаат тушди. Ўтган йили бу рақам 450 дан ортиқ эди, - дейди мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик.
Юристга кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотларнинг Россиядаги қўяётган талаблари натижа бера бошлаган.
Ҳуқуқ фаоллари ва миграция агентлигининг Москвадаги вакили аралашуви билан, 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси қўлга олинган ва маҳкамаларга жойлаштирилган муҳожирлар тезда қўйиб юборилган.
Кейинги йилларда юрист Валентина Чупик ташкиллаштираётган «Мигрантлар мактаби», «Мигрантлар учун бепул юристлар мактаби» битирувчилари сони ортиб, Марказий осиёлик муҳожирларга нисбатан ҳуқуқларининг бузилиши ҳолларида ҳақ-ҳуқуқларини талаб ва ҳимоя қилишлари кўпайиб бораяпти. Александ Ким, Фируз Ҳайдаров, Муҳаммаджон Собиров, Каримжон Ёров сингари фаоллар Россия полицияси билан ҳар бир «тўқнашуви»ни интернетда ёритиб боришаяпти.
- Қонун бузилиш ҳолларида дарҳол ижтимоий тармоқларда жонли эфирга чиқинг. Бу сиз учун энг яхши ҳимоядир, - дея муҳожирларга ўргатади Валентина Чупик.
Шунингдек, полиция билан боғлик кўнгилсизликларнинг олидини олиш учун мигрантларга байрам кунлари гавжум жойларга бормасликни маслаҳат беради. Юристга кўра, бу қанчалик инсон эркини чекловчи ҳаракат бўлмасин, Россия шароитида эркини ҳимоя ҳам қилиш демакдир.
«Бу жамиятда мигрантларга нисбатан миллатчилик муносабатлари бўлмаслигига эришишимиз керак», - дейди юрист.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek