Хитой уйғурларни пахта етиштиришга мажбурламоқдами?

    • Author, Ана Николаси да Коста
    • Role, BBC

Глобал ширкатлар Шинжондан келадиган пахта юзасидан танқид остида қолишган.

Шинжон (Уйғуристон) инсон ҳақлари қўпол поймол қилинаётган минтақа ўлароқ жаҳон ҳамжамиятининг эътиборида қолмоқда.

Хитой пахта етиштириш бўйича йирик мамлакат саналади ва "оқ олтин"нинг аксарияти Шинжон ҳиссасига тўғри келади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, уйғурлар пахта етиштириш, йиғим-терим ишларига мажбурланмоқда.

Аксарият йирик ширкатлар Хитой пахтасининг харидори саналади.

Япониянинг Muji ва Uniqlo яқинда Шинжон пахтасини ўз рекламаларида кўз-кўз қилиши билан эътиборга тушганди.

H&M, Esprit ва Adidas бошқа бир қатор ширкатлар билан биргаликда Хитой пахтасининг харидорлари экани аниқланган. Бу ҳақда Wall Street Journal тадқиқоти эълон қилинган эди.

"Хитойдан пахта олар экансиз, бу маҳсулот мажбурий меҳнат оқибатида етиштирилганми ёки йўқ, билмайсиз", дейди Австралиянинг Стратегик сиёсат институтидан Натан Русер.

Шинжонда нима бўлмоқда?

БМТ мутахассислари ва инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Хитой миллиондан ортиқ уйғурни махсус ҳибсхона-жамлоқларда мажбуран сақламоқда.

Бу ҳибсхона-жамлоқларда уйғурларни хитой тилини ўрганишга, президент Си Сзиньпинга садоқатли эканликлари ҳақида қасам ичишга, динларини қоралашга мажбурланмоқда.

Хитой эса бу жамлоқлар аслида "трейнинг, ўқув-машқ" марказлари бўлиб, алал-оқибат уйғурларни иш билан таъминлаш, Хитой жамиятига уйғунлаштириш, терроризмнинг олдини олиш учун ташкил қилинганини айтади.

Шинжонда нима бор?

Шинжон Хитой пахтаси учун асосий минтақа ҳисобланади.

Хитой дунё пахтасининг 22 фоизини етиштиради.

Ўтган йили Хитой пахтасининг 84 фоизи Шинжонда етиштирилган.

Айнан мана шу факт минтақадаги мажбурий меҳнат масаласини ўртага отган.

Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси раҳбари Нури Туркелнинг айтишича, минтақада уйғурлар "ўз истакларига қарши бир равишда тутиб, мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда".

АҚШ Конгрессида чиқишида у минтақадаги мажбурий меҳнат масаласини рад этиш тобора мушкул бўлиб бораётганини урғулаган.

Шинжон пахтасини қайси ширкатлар ишлатади?

CSIS Human Rights Initiative ташкилотидан Эми Леҳрнинг айтишича, аксарият ҳолатларда Ғарб давлатлари Шинжон пахтасини тўғридан тўғри сотиб олмайди.

"Шинжондан чиқарилган пахта Ғарб ширкатларига етиб келгунига қадар бир неча қўлдан ўтади", дейди у.

Айрим ширкатлар, масалан Muji пахтасининг қаердан олинганини яширмайди.

Uniqlo ҳам ўз рекламаларида "олий сифатли" Шинжон пахтаси ишлатилганини айтади.

Аммо кейинроқ ширкат бу рекламада Шинжоннинг номини тилга олмай қўйди.

"Uniqlo Шинжонда ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлари йўқ. Биз ўз ҳамкорларимиздан аҳлоқий меъёрларга риоя қилишларини доим талаб қиламиз. Бизнинг билишимизча, пахта ана шундай меъёрлар бузилмаган манбалардан келади", деб айтди ширкат воизи Би-би-сига.

Wall Street Journal тадқиқоти Шинжоннинг Аксусидаги Huafu Fashion томонидан ишлатилган ширкатга қаратилган. Бу ерда ишланган пахта толаси қатор халқаро ширкатларга етказиб берилган, улар орасида H&M, Esprit ва Adidas бор.

Аксарият ширкатлар бу иддаоларни текшириб кўришган.

Adidas Би-би-сига баёнотини йўллаган ва унда "биз Huafu Fashion Co билан шартномага эга эмасмиз, бу ширкат билан алоқадор бошқа ширкатлар билан олди-бердимиз йўқ, шунга қарамай айни иддаоларни текширмоқдамиз" дейилади.

Esprit ҳам Шинжондан бевосита пахта олмайди, аммо айни масалани йил бошида бир неча марта текширганини маълум қилди.

"Текширишларимиз натижасида ширкатимиз Huafu пахтасидан жуда оз ишлатилишини аниқладик".

Ширкат ўз таъминотчиларига Huafu ширкатидан тола олмаслик ҳақида топшириқ берган.

H&M Шинжон минтақасидан пахта оладиган бирор бир ширкат билан алоқаси йўқлигини айтган.

"Биз Huafu нинг Шинжондан жойлашмаган тўқимачилик корхонаси билан билвосита бизнес алоқамиз бор. Бизнинг маҳсулотларимизда ишлатилган толанининг аксарияти айнан шу Shanyu даги корхонадан келади", дейди H&M воизи.

"Huafu билан бевосита бизнес ҳамкорликка эга эканмиз, биз Аксудаги корхонага ҳам текширишга изн сўрадик. Бизнинг тадқиқотчиларимиз у ерда мажбурий меҳнат ҳолатларига доир далил-исбот топмади".

Мавзуга алоқадор

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek