Тожикистон яна бир йирик алюминий заводи қуради

Тожикистон расмийлари хабар қилишича, 2018 йили яна бир улкан алюминий заводининг қурилиши бошланади.

Хабар қилинишича, янги заводни хитойлик мутахассислар барпо этишади.

Бу борада Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Хитойга сафари мобайнида Yunnan ширкати билан келишувга эришилган.

Янги алюминий заводи 1,6 миллард долларга баҳоланмоқда.

У йилига 503 минг тонна алюминий ишлаб чиқаришга қодир бўлади.

Ҳозирги Тожикистон Алюминий компанияси - ТАЛКО ҳудудида янги ишлаб чиқариш заводи билан бирга эски цехлар фаолияти ҳам сақланиб қолиши айтилмоқда.

Ўшанда ТАЛКО йилига 1 миллион тонна рангли металл ишлаб чиқаришга қодир бўлади.

Ўзбек-Тожик чегарасидаги Турсунзода шаҳрида алюминий заводи 1975 йилда ишга тушганидан кейин Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ҳудудида ҳаво, тупроқ заҳарланиши кузатилди.

Чунки завод баҳаво баланд тоғли ҳудудда жойлашган, пастда эса Сурхон воҳаси жойлашган.

Тоғдан урган шамол тутунни кўпинча пастга ҳайдайди.

Завод таъсирида дунёга машҳур Дашнобод анорзорлари қуриб қолди.

Инсонлар орасида саратон ва бошқа хасталиклар кўпайди.

1980 йилларнинг охирида ўзбекистонлик фаоллар Тожик алюминий заводининг экологияга салбий таъсири борасида бонг уриб чиқдилар.

Газеталарда бу ҳақида таҳлилий мақолалар эълон қилинди.

Тожикистондаги фуқаролар урушидан кейин завол фаолияти қайта тикланди, чунки бу завод Тожикистон хазинасига тушадиган валютанинг 70 фоиздан кўпроғини олиб келадиган даромад манбасидир.

Ўзбекистон томони Тожикистон ҳукумати завод фаолияти боис норозилик ҳам билдирган.

Тожикистон ҳукумати ТАЛКО фаолияти экология талабларига тўла жавоб беришини таъкидлаб келади.

Энди Ўзбекистоннинг жанубий вилояти яшовчилари, янги заводнинг фаолияти бизнинг ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатмасмикан, дея ўйланишлари табиий.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002