Туркманистонда Конституция тўртинчи бор ўзгаради

Ашхаботда 14 сентябрда йиғиладиган Туркманистон оқсоқоллар кенгашининг мажлисида мамлакат янги конституция қабул қилиниши кутилмоқда.
Куни кеча Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов кенгаш чақириш ва кўриб чиқиладиган масалалар бўйича фармон чиқарган. Кенгаш таркибида 600 киши бўлиб, ҳар бир вилоят ва Ашхаботдан 100 тадан оқсоқол киритилган.
Депутатлар мажлисда янги Конституция қабул қилиниши бўйича овоз беришлари керак.
Эслатиш жоиз, бу Туркманистон Конституциясида дастлабки ўзгартириш ҳисобланмайди.
Мустақил Туркманистоннинг 1 конституцияси 1992 йил 18 майда қабул қилинган. 1995 йил 27 декабрда Конституцияга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
16 йилдан сўнг, 2008 йил 26 сентябрда Туркманистон Халқ маслаҳати конституцияга янги ўзгартиришларни қабул қилган. Унга кўра, айнан Халқ маслаҳатининг ўзи ўзгартирилиб, ваколатлари президент ва парламент ўртасида бўлинган.
2014 йил жаноб Бердимуҳаммедов конституция Туркманистон давлатчилигининг замонавий сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларига мос келиши учун ўзгариши зарурлигини билдирган.
2016 йил феврал ойида Конституциянинг янги лойиҳаси матбуотда чоп этилган. Ушбу қонуннинг олдингиларидан фарқли жиҳати, президент ваколати муддатини беш йилдан етти йилгача узайтириш, президент лавозими учун энг юқори ёш чекловини бекор қилишдир. Жорий конституцияда ёш чегараси 70 қилиб қўйилган.
2016 йил 29 июн Гурбангули Бердимуҳаммедов 61 ёшга киради. Унинг конституция бўйича иккинчи муддати 2017 йил ниҳоясига етади.
Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Марказий Осиё мамлакатлари учун янгилик эмас.
Ўзбекистонда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституцияга 2003, 2007, 2008, 2011,2014 йилларда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган.
Тожикистонда бундай ўзгаришлар 1994 йилдан кейин 1999, 2003, 2016 йилларда рўй берган.
Қозоғистонда 1995 йилги конституцияга 1998, 2007 ва 2011 йилларда қўшимчалар киритилган.
Қирғизистонда 1993 йил қабул қилинган конституция Асқар Акаев даврида 1994, 1996, 1998 ва 2003 йилларда қайта кўриб чиқилган. 2007 йилда ўзгартириш киритилган. 2010 йил инқилобдан сўнг президентликдан парламент тизимига ўтиш муносабати билан янги конституция кучга кирган.
Мамлакат раҳбарининг ваколат муддатини чўзиш мақсадида киритилган ўзгартиришлар Марказий Осиё республикалари конституцияларида энг ўхшаш жиҳат саналади.
Ислом Каримов, Нурсултон Назарбоев, Имомали Раҳмон 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳокимиятда қолаётган раҳбарлардир. Туркманистон асосий қонунига киритиладиган ўзгартиришлар Гурбангули Бердимуҳаммедовни ҳам улар сафига киритса ажаб эмас.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- •Instagram - BBC UZBEK
- •Twitter - BBC UZBEK
- •Odnoklassniki - BBC UZBEK
- •Facebook - BBC UZBEK
- •Google+BBC UZBEK
- •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- •Skype - uzbekbbclondon
- •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.
.












