Трамп биринчи иш куни нималарни ўзгартиришга ваъда бермоқда?

    • Author, Лора Блейзи ва Жессика Мерфи
    • Role, BBC News, Вашингтон
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Доналд Трамп президентликка қайтган биринчи кунидаёқ "бошларни айлантириб қўйишга" ваъда берди. У АҚШнинг 47-президенти сифатида қасамёд қилган куни 200 дан ортиқ фармойиш чиқариши кутилмоқда.

У ҳали имзоланмаган ушбу директиваларнинг айримлари билан олдиндан танишишни таклиф қилди. Улар ноқонуний иммиграция, иқлим қоидалари, хилма-хиллик сиёсати, махфий ҳужжатлар ва шу каби бошқа масалаларга қаратилишини айтди.

Президентлар лавозимга киришганида бир қатор фармонларни имзолаши одатий ҳолдир. Бундай фармонлар қонуний аҳамиятга эга, аммо кейинги президентлар ёки судлар томонидан бекор қилиниши мумкин.

Аммо Трампнинг режалари мисли кўрилмаган бўлиши мумкин ва қонуний қийинчиликлар кутилмоқда.

Иммиграция ва чегара

Трамп биринчи кундан бошлаб "Америка тарихидаги энг йирик депортация дастурини" ишга туширишга ваъда берди.

Fox News телеканалига кўра, у мамлакат чегарасида фавқулодда ҳолат эълон қилиши ва ҳарбийларга жанубий чегара хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беришни буюриши кутилмоқда.

Трамп, шунингдек, федерал иммиграция идораларини черков ва мактабларда рейдлар ўтказишдан тўсиб келган узоқ йиллик сиёсатга барҳам беришини айтди.

Ҳар қандай оммавий депортация дастури логистик қийинчиликларга, миллиардлаб харажатларга ва кўплаб ҳуқуқий муаммоларга дуч келиши кутилмоқда.

Мексикада қолинг

Трамп дарҳол ўзининг "Мексикада қолиш" сиёсатини қайтадан амалга оширишга киришиши мумкин. Биринчи муддати давомида бу сиёсат 70 000 га яқин мексикалик бўлмаган бошпана изловчиларни қарорларини кутиш учун чегара орқали Мексикага қайтарганди.

Туғма фуқароликни тугатиш

Трамп 150 йиллик конституциявий ҳуқуқ, яъни АҚШ ҳудудида туғилган ҳар қандай инсон Америка фуқароси бўлишини "бемаънилик" деб атади ва биринчи куниёқ ундан воз кечишга ваъда берди.

Аммо буни амалга ошириш оддий фармон чиқаришдан кўра қийинроқ, чунки туғма фуқаролик АҚШ Конституцияси томонидан тўғридан-тўғри кафолатланган.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан чегарани ёпиш

1944 йилда қабул қилинган Title 42 номли чора-тадбир АҚШ ҳукуматига аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида миграцияни чеклашга имкон беради. У охирги марта пандемия пайтида ишлатилган, аммо АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, келаётган маъмурият АҚШнинг Мексика билан жанубий чегарасини ёпиш режаларини оқлашга ёрдам берадиган "касаллик" қидирмоқда.

Наркокартеллар

Трамп наркокартелларни "хорижий террорчи ташкилотлар" деб таснифлаши ва уларни Ал-Қоида, "Исломий давлат" ва ХАМАС каби гуруҳлар қаторига киритиши кутилмоқда.

Девор қуриш

Трамп 2016 йилда биринчи марта президент бўлиб сайланганида чегара деворини қуриш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Деворнинг бир қисми қурилган бўлса-да, ҳали тугалланмаган ишлар кўп. У бошлаган ишини охирига етказишга ҳаракат қилиши мумкин.

Хилма-хиллик ва гендер

Сўнгги йилларда АҚШдаги мактаб ва ширкатлар аёллар ва ирқий озчиликларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатларни қабул қилдилар.

Кўпинча "хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик" (ХТИ) остида таснифланган бу амалиётлар кўплаб консерваторларни ғазаблантирди ва ҳуқуқий муаммоларга дуч келди. Трамп уларни йўқ қилишга ваъда берди ва Meta, Walmart ва Amazon каби йирик корпорациялар аллақачон тегишли ташаббусларни қайтаришни бошладилар.

Трамп ХТИ дастурларига эга бўлган мактаблар ёки бошқа муассасаларга федерал молиялаштиришни тақиқлаш учун Президент фармонини чиқариши мумкин. У, шунингдек, "танқидий ирқ назарияси" ўргатадиган мактабларни молиялаштиришмай қўйиши мумкин.

Аборт

Ўзидан олдинги аксарият республикачи президентлар сингари, Трамп ҳам аборт бўйича маслаҳат берадиган халқаро гуруҳларга федерал ёрдамни тақиқловчи "Мехико сиёсати"ни тиклаши кутилмоқда.

Шунингдек, у кам таъминланган оилалар учун оилани режалаштириш дастури таркибидаги федерал тиббий муассасаларга беморларга аборт ҳақида эслатишни тақиқловчи аборт қоидасини қайта тиклаши кутилмоқда. Ушбу ўзгартириш аборт қилишни таклиф қиладиган ёки тавсиялар берадиган ташкилотларни ўнлаб миллион доллардан маҳрум қилади.

Спортда трансгендер аёллар

Трамп мактаблар ва соғлиқни сақлаш тизимидаги "трансгендер жиннилик" деб атовчи бу мавзуни танқид қилиб келади. Жумладан, у трансгендер аёлларнинг аёллар спортида иштирок этишини тақиқлашга ваъда берган.

TikTok

Якшанба куни эрталаб Трамп Хитойга тегишли TikTok ижтимоий медиа платформасини тақиқловчи қонунни кейинга қолдиришни назарда тутувчи фармон чиқаришга ваъда берди.

Унга кўра, унинг фармони компаниянинг 50% улушини сотиб олиш учун АҚШдан шерик топишга фурсат беради.

Трамп аввалроқ TikTokни тақиқлашни қўллаб-қувватлаганди, бироқ яқинда ўз мавқеини ўзгартириб, ўтган йилги президентлик кампанияси пайтида унинг видеолари платформада миллиардлаб марта томоша қилинганига ишора қилган.

TikTok Хитой ва Ўзбекистон каби мамлакатларда аллақачон тақиқланган.