Тибетда ҳалокатли зилзила, Трампга суд ҳукми ўқилади, АҚШда қаттиқ қиш ва Канада Бош вазири истеъфога чиқмоқда

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Тибетдаги зилзилада 100 га яқин инсон ҳалок бўлди. Трамп адвокатларининг илтимосига қарамай, унга суд ҳукми ўқилади. АҚШда қаттиқ қиш инсонлар умрига зомин бўлди. Канада Бош вазири истеъфога чиқмоқда.

Тибетнинг баланд тоғли туманларидан бирида содир бўлган кучли зилзила камида 95 кишининг умрига зомин бўлди, 130 киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда Хитой ОАВ. Ер силкинишлари натижасида кўплаб бинолар қулаган.

Хитой сейсмологик тармоқ маркази (CENC)нинг маълум қилишича, Хитойнинг Непал билан чегараси яқинидаги Тибет автоном туманида маҳаллий вақт билан соат 9:00 атрофида 6,8 магнитудали зилзила содир бўлган.

АҚШ Геологик хизмати (USGC) Тибетнинг энг муқаддас шаҳарларидан бири ҳисобланган Шигатсе шаҳридан 177 км жануби-ғарбда 7,1 магнитудали зилзила содир бўлганини маълум қилди.

Бу Тибет буддизмининг асосий намояндаларидан Панчен Ламанинг анъанавий қароргоҳи бўлиб, унинг руҳий қудрати Далай Ламадан кейин иккинчи ўринда туради.

Ер силкинишлари Непал пойтахти Катманду ва Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган.

"Тингри округи ва унинг атрофидаги ҳудудларда жуда кучли силкинишлар содир бўлди, эпицентр яқинидаги кўплаб бинолар қулаб тушди", - дея хабар берди CCTV давлат телеканали.

Воқеа жойидан олинган суратларда вайрон бўлган уйлар ва ҳар ерга сочилган бўлакларни кўриш мумкин.

Табиий офат ҳудудида энергия ва сув таъминоти узилиб қолган.

Судя Трампнинг "оғизни ёпиш" иши бўйича ҳукмни кечиктирмайди

Нью-Йорк судяси жума куни ўқилиши керак бўлган президентликка сайланган Доналд Трампнинг жиноий иши бўйича ҳукмни кечиктирмайди.

Ҳакам Хуан Мерчан Трампнинг бу борадаги далиллари "асосан ўтмишда бир неча маротаба келтирилган далилларнинг такрорланиши" бўлгани учун ҳукм жараёни давом этишини айтди.

Суд ҳужжатларида Трампнинг адвокатлари "бошиданоқ нотўғри бўлган ва сиёсий мотив билан қўзғатилган бу ишни бекор қилиш"ни талаб қилишганди. Унинг адвокатлар гуруҳи ишни аппеляция судида кўриб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

Трамп май ойида 34 та жиноий айблов бўйича айбдор деб топилган, бу уни жиноят содир этган биринчи собиқ президентга айлантирган.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Жиноят иши бўйича жараёнларни, жумладан, 2025 йил 10 январга белгиланган ҳукм ўқишни тўхтатиш ҳақидаги ҳимоячиларнинг илтимоси рад этилди", деб ёзди судя Мерчан душанба куни.

Айбловлар Трампнинг порно фильм юлдузига жим юриш эвазига берган 130 минг долларлик тўловини юридик харажатлар сифатида кўрсатишга уринганлиги билан боғлиқ.

Трамп айбини тан олмади ва жиноят содир этмаганини айтди. Унинг адвокатлари аппеляция аризаси суд жараёнларини тўхтатиши кераклигини таъкидлашди.

2024 йилги президентлик сайлови ва Трампнинг президентлик дахлсизлиги асосида ишни бекор қилишга уринишлари туфайли ҳукмни чиқариш бир неча маротаба кечиктирилди. Судя Мерчан декабр ойида дахлсизлик ҳақидаги далилларни рад этди.

3 январь куни судя Мерчан Трамп 20 январда лавозимга киришишидан олдин ҳукм чиқарилиши ҳақида қарор қабул қилди. Аммо президент этиб сайланган Трампга нисбатан қамоқ жазоси қўлланмаслигини аниқ баён қилди.

Беш киши ҳалок бўлди: қишги кучли бўрон АҚШнинг катта қисмини қамраб олди

АҚШнинг катта қисмида кучли қиш бўрони сабабли беш киши ҳалок бўлди, бу мактабларнинг оммавий ёпилишига, транспорт хаоси ва электр таъминотида узилишларга олиб келди.

Етти штат – Мэриленд, Виржиния, Ғарбий Виржиния, Канзас, Миссури, Кентукки ва Арканзас – фавқулодда ҳолат эълон қилди.

2,300 дан ортиқ парвоз бекор қилинди, қарийб 9,000 парвоз кечиктирилди. Сабаб одатда Шимолий қутбни қамраб олувчи совуқ ҳаво оқимининг Америкага етиб келиши.

Poweroutage.us маълумотларига кўра, сешанба куни эрталаб бўрон йўлидаги штатларда тахминан 190,000 одам электрсиз қолди. Миллий метеорология хизмати (NWS) АҚШнинг шимоли-шарқида ёмғир ва қор ёғини кун давомида давом этишини тахмин қилмоқда.

Ёғингарчилик тўхтаганидан кейин ҳам, совуқ Арктика ҳавоси мамлакатнинг катта қисмида бир неча ҳафта давомида қолади.

Мэриленд ва Виржиниянинг баъзи қисмларида қарийб 30 см.лик қор ёғди.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо истеъфога чиқди

Канада Бош вазири Жастин Трюдо партия етакчилигидан истеъфо берганини эълон қилди. Ҳукмрон Либерал партияга янги етакчи сайлангандан сўнг Бош вазир лавозимини тарк этади.

Куннинг асосий воқеалари:

- Трюдо келгуси сайловларда "бу мамлакатга ҳақиқий танлов керак"лигини таъкидлаб, партия ичидаги ички курашлар унга сиёсий рақибларга қарши туриш учун имкон бермаётганини айтди.

- Бош вазир ўз партияси ичида ва бошқалар томонидан унинг истеъфосини талаб қилувчи босимларга дуч келган.

- У парламентнинг 24 мартга қадар фаолият юритмаслигини эълон қилди, бу кейинги икки ярим ой давомида парламент фаолияти музлатиб қўйилишини англатади.

- Либерал партия президенти Сачит Меҳра янги етакчи танлаш учун бу ҳафта Миллий Кенгаш йиғилиши чақиришини айтди.