Россия Украинага 740 дрон билан ҳужум қилди

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Украина расмийларига кўра, 8 июлдан 9 июлга ўтар кечаси Россия 2022 йил 24 февралида тўлақонли босқин бошлаганидан кейинги энг кўп сондаги дрон ва ракеталар ҳужумини уюштирган.

Июл ойининг бошида АҚШ Украинага айрим қуролларини етказиб беришни тўхтатгани хабарлари тарқалди, бунинг сабаби, АҚШ ўз омборларидаги қуроллар захираларини текширувдан ўтказганида, улар камайиб қолгани аниқлангани экани айтилди.

Сўнг Президент Трамп Украинага қурол беришни тўхтатишга буйруқ бермаганини айтди.ч

Айрим оммавий ахборот воситалари Президент Трамп ва Президент Зеленский телефон мулоқотида 10 та Patriot ракета тизимини беришга ваъда қилингани ҳақида хабар қилдилар, аммо бу расман тасдиқлангани йўқ.

Бундан олдин Киев Америка қуроллари таъминотини тўхтатиш Россияни урушни янада узоққа чўзишга рағбатлантиради дея баёнот берганди.

Киев АҚШдан Украинага қурол таъминотидаги узилиш Россияни тўртинчи йилга кирган урушни давом эттиришга рағбатлантириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Оқ уй вакили Анна Келлининг айтишича, бу қарор АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан бошқа давлатларга кўрсатилаётган ҳарбий ёрдамни қайта кўриб чиқиш доирасида, "Америка манфаатларини биринчи ўринга қўйиш" мақсадида қабул қилинган.

Украина Президенти Володимир Зеленский таъминот масаласида икки давлат барча тафсилотларни аниқлаштираётганини билдирди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳар қандай кечиктириш "тажовузкор томонга уруш ва террорни давом эттиришга рағбат, тинчликка эса тўсиқ бўлади", деб баёнот берди.

Вазирлик, айниқса, Россия томонидан деярли ҳар кеча амалга оширилаётган ракета ва дрон ҳужумлари манзарасида Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан Киевдаги АҚШ дипломати чоршанба куни Украина Ташқи ишлар вазирлигига музокара учун чақирилди.

Бироқ Украина Мудофаа вазирлиги АҚШдан қурол етказиб беришни тўхтатиш ёки қайта кўриб чиқиш ҳақида расмий хабар олмаганини билдириб, фуқароларни пуч фаразларга берилишдан қайтарди.

Шу билан бирга, вазирлик баёнотида шундай дейилади: "Урушни тўхтатишга олиб борувчи йўл тажовузкорга нисбатан изчил ва биргаликдаги босим орқалидир."

АҚШ расмийлари ҳозирча қайси қуроллар етказиб берилиши тўхтатилганини ошкор этмаган.

NBC телеканали маълумотига кўра, кечиктирилиши мумкин бўлган қуроллар қаторида Patriot ҳаво мудофаа тизими, гаубица снарядлари, ракеталар ва гранатомётлар бор.

АҚШ Россия 2022 йил февралда кенг кўламли босқин бошлаганидан бери Украинага ўнлаб миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди. Лекин бу АҚШ захиралари етарлича эмаслиги тўғрисида хавотирларга сабаб бўлмоқда, айниқса Трамп маъмуриятидаги айрим сиёсатчилар орасида.

Кремл эса, ўз навбатида, қурол етказиб бериш қисқариши ҳақидаги хабарни ижобий қарши олди. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков шундай деди:

"Украинага камроқ қурол етказилса, 'махсус ҳарбий амалиёт' шунча тез тугайди."

Украина парламентининг ҳукмрон партияси депутати Федир Вениславский бундай деди:

"Бу оғриқли қарор. Россия Украинага нисбатан террор ҳужумлари амалга ошираётган бир пайтда, бу вазият жуда нохуш."

AFP ахборот агентлиги украиналик ҳарбий манбага таяниб шундай хабар қилди:

"Биз Америка қурол-яроғига жиддий боғлиқмиз. Европа ҳар қанча ҳаракат қилмасин, АҚШ ўқ-дорисисиз жуда қийин бўлади."

Сўнгги уч ярим йилда Европа давлатлари Украинага миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишган. Аммо Киевга ёрдам масаласи барча сиёсий доираларда ҳам қўллаб-қувватланаётгани йўқ.

Чехия президенти ва НАТОнинг собиқ юқори амалдори Петр Павел Би-би-сининг Рус хизматига берган интервюсида Украинага ёрдамни қатъий қўллаб-қувватлашини айтди. Бироқ у шундай деди:

"Келгуси сайловлардан кейин янги ҳукумат учун устуворликлар ўзгариши мумкин. Шунинг учун мен Украинага ўқ-дори етказилиши давом этади, деб кафолат беролмайман."

CBS News манбаси айтишича, Пентагон қарори АҚШ ҳарбий захираларининг ҳаддан ташқари камайиб кетиши хавфи билан боғлиқ.

Лекин Анна Келли таъкидлашича: "Америка Қўшма Штатлари Қуролли Кучларининг қудрати шубҳасиз, буни Эрондан сўранг."

АҚШ Мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Элбридж Колби эса ўз баёнотида шундай деди:

"Пентагон Президентга Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттириш бўйича кучли вариантларни тақдим этишда давом этаяпти."

Шу билан бирга, у қўшимча қилди: "Бу мақсадга эришиш билан бирга, АҚШ армияси тайёргарлигини сақлаш ҳам муҳим бўлиб қолаяпти."

Бу қарор АҚШ Президенти Доналд Трамп Нидерландиядаги НАТО саммитида Володимир Зеленский билан ҳаво ҳимоя тизимлари ҳақида суҳбатлашганидан бир ҳафта ўтиб қабул қилинди.

Би-би-си Трампдан Patriot зенит-ракетаси тизимлари Украинага етказиб бериладими, деб сўраганида, у шундай жавоб берди:

"Баъзиларини бериш имкониятини кўриб чиқамиз."

Зеленский билан суҳбати ҳақида эса шундай деди:

"Баъзан муносабатларимиз мураккаб бўлган, лекин бу гал у анча яхши бўлди."

Феврал ойида Доналд Трамп ва Украина етакчилари Овал офисида кескин тортишиб қолганди. Шу учрашувдан сўнг Трамп аввалги Байден маъмурияти режалаштирган Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатди. Шунингдек, Украина билан разведка маълумотлари алмашинуви ҳам вақтинча тўхтатилди.

Бироқ бу икки чеклов кейинчалик бекор қилинди.

Апрель ойи охирида АҚШ ва Украина ўзаро келишув имзолади. Унга кўра, Украина АҚШга ўзининг минерал захираларидан фойдаланиш имконини бериши, эвазига эса ҳарбий ёрдам олиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, сешанба куни Франция президенти Эммануэль Макрон Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди – бу икки давлат раҳбарлари ўртасидаги сўнгги икки ярим йил ичидаги илк бевосита мулоқот бўлди.

Макрон маъмурияти маълум қилишича, суҳбат икки соатдан ортиқ давом этган. Унда Франция президенти Украинадаги урушни тўхтатиш ва "барқарор тинчлик" юзасидан музокаралар бошлашга чақирган.

Кремл эса, ўз навбатида, Путин суҳбат пайтида Ғарбни айблаб, "Ғарб давлатлари кўп йиллар давомида Россиянинг хавфсизлик манфаатларини инкор этиб келган", деб таъкидлаганини маълум қилди.

Ўтган ойда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган форумда Владимир Путин россияликлар ва украиналикларни "бир халқ" деб атаган ва "шу маънода, бутун Украина бизники", дея баёнот берган эди.

Айни пайтда, Россия Украина ҳудудининг тахминан 20 фоизини, жумладан, 2014 йилда аннексия қилинган Қрим яриморолини назорат қилмоқда.

Катта йўқотишларга қарамасдан, сўнгги ойларда Россия Украинада секинлик билан, босқичма-босқич илгарилаётганини маълум қилмоқда. Бу ҳафта Россия расмийлари шарқдаги Луганск вилоятини тўлиқ назоратга олганини эълон қилди. Бу маълумотни ҳозирча мустақил манбалар тасдиқламаган.

Москва, шунингдек, жануби-шарқдаги Днепропетровск вилоятида ҳам ҳудудлар эгалланганини даъво қилмоқда. Аммо Украина ҳарбийлари буни рад этмоқда.

1 июл куни эса Украина томонидан амалга оширилган ҳужум натижасида Россиянинг Украина чегарасидан 1000 километрдан ортиқ узоқликда жойлашган Ижевск шаҳридаги қурол ишлаб чиқариш заводида уч киши ҳалок бўлди. Ушбу заводда дрон ва радарлар ишлаб чиқарилади.

Skip Бизни ижтимоий тармоқлардаа кузатинг and continue readingБизни ижтимоий тармоқлардаа кузатинг

End of Бизни ижтимоий тармоқлардаа кузатинг