Американи ларзага солган Хитой сунъий ақли DeepSeek шунчалик зўрми?

DeepSeek logo

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Зои Кляйнман
    • Role, Технология муҳаррири
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўтган ҳафта ишга тушган Хитойнинг DeepSeek сунъий ақл иловаси АҚШ бозорларини ларза солди. Ҳодиса Американинг сунъий ақлдаги устунлик келажагини шубҳага қўйди.

Хитой чат-боти ишга тушиш ортидан АҚШнинг бу соҳада етакчи ширкати бўлмиш Nvidia каби йирик технология компанияларининг акциялари кескин тушиб кетди.

Чип ишлаб чиқарувчи гигант деярли 600 миллиард доллар бозор қийматини йўқотди.

DeepSeek R1 моделини рақиблари харажатларининг бир қисмига яратганини даъво қилиши саноатни ларзага солди.

Бу АҚШнинг Сунъий ақл соҳасидаги устунлиги ва АҚШ компаниялари режалаштираётган сармоялар миқёси борасида саволлар пайдо қилди.

DeepSeek ишга туширилганидан атиги бир ҳафта ўтиб, АҚШда энг кўп юклаб олинган бепул дастурга айланди.

Алоқадор мавзулар:
Reuters
Menimcha, bu (DeepSeek) AQSHning yetakchi Sun’iy aql kompaniyalariga xos pul topish strategiyasi g‘oyalariga mutlaqo muammo tug'diradi.
Kayla Blomkvist
Oksford Internet instituti tadqiqotchisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

BBC ушбу илова қандай ишлашини кўриб чиқди.

DeepSeek ҳар қандай бошқа чат-ботларга ўхшайди. Лекин у ҳаддан ташқари кўп гапиришга мойил.

Худди OpenAI нинг ChatGPT ёки Google нинг Gemini сида бўлгани каби, сиз иловани (ёки веб-сайтни) очасиз ва унга бирор нарса ҳақида савол берасиз. У сизга жавоб бериш учун қўлидан келганини қилади.

У узун жавоблар беради ва ҳар қандай йўл билан сўрасангиз ҳам ўз фикрини айтишдан қочади.

Чат-бот кўпинча ўз жавобини мавзу "ўта субъектив" деб бошлайди - бу сиёсий мавзу ҳам бўлиши мумкин (Доналд Трамп АҚШнинг яхши президентими?) ёки алкоголсиз ичимликлар ҳақида ҳам шу йўсинда жавоб беради (қайси бири мазалироқ, Пепсими ёки кола?).

Чат-бот ҳатто у рақобатчиси OpenAIнинг сунъий ақли бўлмиш ChatGPT дан яхши ёки ёмонлиги борасида ҳам ҳеч нарса демади. Аммо у ChatGPTнинг афзаллиги ва камчиликларини санаб ўтди. ChatGPT ҳам худди шундай қилди, ҳатто ўхшаш тил услубидан фойдаланди.

DeepSeek 2023 йил октябргача бўлган маълумотлар асосида ўргатилганини айтган бўлса-да, илова бугунги санага оид информацияга эга эканлигини кўриш мумкин эди. Веб саҳифада бундай эмасди.

У ChatGPTнинг илк версияларидан унча фарқ қилмайди ва реал вақт режимида интернетга чиқиб кетган дезинформация тарқалишини тўхтатиш учун хавфсизлик чоралари ҳам ўхшаш бўлиши мумкин.

У тез жавоб бериши мумкин, аммо ҳозирда оммавий тарқалаётгани сабабли кўплаб одамлар уни синаб кўришга шошилаётгани юки остида қийналмоқда.

Бироқ, бир соҳада у ўзининг АҚШlдаги рақибига мутлақо ўхшамайди – DeepSeek Хитойда тақиқланган мавзулар бўйича саволларга жавоб беришда ўз-ўзини цензура қилади.

Видео тагсўзи, DeepSeek дан Тянанмэн майдонидаги ҳодисалар сўралган онларни томоша қилинг

Баъзан у жавоб беришни бошлайди, аммо кейин жавоблари экрандан йўқолиб, ўрнига "келинг, бошқа нарса ҳақида гаплашамиз" деган ёзув пайдо бўлади.

Тақиқлангани аниқ кўриниб турган мавзу – 1989 йилда Тянанмэн майдонидаги намойишлардир. Хитой ҳукуматига кўра, намойишлар ҳарбийлар томонидан 200 фуқаронинг ўлдирилиши билан якунланган – бошқа манбалар эса юзлабдан тортиб, минглабгача бўлган рақамни кўрсатади.

Бироқ, DeepSeek бу ҳақда ёки ўша кун Хитойда нималар бўлгани ҳақидаги саволларга ҳеч қандай жавоб бермайди.

АҚШда яратилган ChatGPT эса Тянанмэн майдони ҳақида жавоб беришда чекловлар қўймайди.

Оксфорд Интернет институти тадқиқотчиси ва Оксфорд Хитой сиёсати лабораторияси директори Кайла Бломквистнинг айтишича, "нисбий айтганда", Хитой ҳукумати дастурга "аралашмаган".

"Менимча, бу ўзгариш бор, чунки ўтган ҳафта марказий ҳукумат томонидан катта сармоя эълон қилинганини кўрдик – бу келажакда ўзгариш бўлишини англатади", деди у.

screenshot

Сурат манбаси, DeepSeek

BBC Ўзбек хизмати DeepSeek дан Хитойдаги уйғурлар ҳақида ҳам сўраб кўрди.

Бунга DeepSeek «менинг имкониятларим доирасидан ташқарида, келинг, бошқа нарсалар ҳақида гаплашамиз", деб жавоб берди.

DeepSeek ҳар қандай бошқа чат-ботлар каби аниқлик борасида айни огоҳлантиришлар билан келади ва у аллақачон миллионлаб фойдаланувчилар томонидан қўлланилаётган АҚШ сунъий ақл ёрдамчиларига ўхшайди.

Кўпчилик учун – айниқса юқори даражадаги хизматларга обуна бўлмаганлар учун – бу деярли бир хил сезилиши мумкин.

Дақиқ жавоби вергулдан кейин 32 белги бўладиган, қисқартирилган кўриниши эса 8 белгили математик масалани тасаввур қилинг.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Бу унчалик яхши эмас – аммо кўпчилик учун бунинг аҳамияти йўқ.

Эҳтимол, у харажатларни ва ҳисоблаш жараёнини қисқартиришга муваффақ бўлгандир. Аммо биз биламизки, у энг камида қисман "гигантларнинг елкаларига" суянади: Гарчи эскироқ ва арзонроқ бўлса ҳам Nvidia чипларидан фойдаланади. Meta'нинг очиқ манбадаги Llama архитектураси, шунингдек, AliBaba'нинг эквиваленти Qwenдан фойдаланади.

"Менимча, бу АҚШнинг етакчи Сунъий ақл компанияларига хос пул топиш стратегияси ғояларига мутлақо муаммо туғдиради", деди Бломквист хоним.

"Бу харажат ва ресурс талаблари камроқ бўлган моделларни ривожлантиришнинг потенциал усулларини кўрсатмоқда. Гарчи тасдиқланмаган ва ҳали ўрганилиши керак бўлса-да, бу парадигма ўзгаришини билдириши мумкин.

"Келгуси бир неча ойда нима бўлишини кўрамиз."