"Ҳожатга чиқиб келсам майлими?" — Шимолий Кореяга киришига рухсат берилган илк британиялик сайёҳлар BBCʼга кўрганларини сўзлаб берди (видео)

Ўқилиш вақти: 7 дақ

"Раҳбарларни ҳақорат қилманг. Мафкурани ҳақорат қилманг. Ҳукм чиқарманг".

Дунёдаги энг ёпиқ ва мустабид мамлакат деб ҳисобланувчи Шимолий Кореяга кираётган ғарблик сайёҳларга саёҳат йўриқномасидан шундай қоидаларни ўқиб беришади.

Кейин амалий маълумотлар келтирилади. На телефон алоқаси, на интернет, на банкомат бор.

"Шимолий кореяликлар робот эмас. Уларнинг фикрлари, мақсадлари, юмор бор. Биз одамларни уларга қулоқ солишга ва тушунишга ундаймиз," дейди Рован Берд. У беш йиллик танаффусдан сўнг ўтган ҳафта мамлакатга саёҳатларни қайта ташкил қила бошлаган икки ғарб компаниясидан бири – Young Pioneer Tours'ни бошқаради.

Шимолий Корея пандемия бошланишида ўз чегараларини ёпиб, дипломатлар, ёрдам ходимлари ва сайёҳларни четлатди, бу эса у ерда нима бўлаётганини билишни деярли имконсиз қилиб қўйди.

Ўшандан бери у Россия ва Хитой ёрдамига таяниб, дунёнинг аксарият қисмидан янада ажралиб қолди. Кўпчилик ғарбликлар яна қайтишига шубҳа қиларди.

Аммо кўп йиллик уринишлар ва бир нечта муваффақиятсиз ҳаракатлардан сўнг, Рован ва бошқа баъзи тур етакчиларига фаолиятни қайта бошлаш учун рухсат берилди. У имкониятни бой бермаслик учун атиги беш соат ичида иштиёқманд сайёҳларни тўплади.

Уларнинг аксарияти влогерлар ва саёҳатга ишқибозлар бўлиб, баъзиларининг бормаганлари шу мамлакат қолганди, шунингдек, Шимолий Корея мухлислари ҳам бор эди.

(Маълумот ўрнида:Британиялик сайёҳлар BBC билан гаплашганидан атиги икки ҳафтача вақт ўтиб — март ойи бошида тур фирмалар Шимолий Корея чет элликлар учун ўз дарвозаларини яна номаълум муддатга ёпиб қўйгани ҳақида хабар берди. Хусусан, Young Pioneer Tours Facebook орқали ўз мижозларига мурожаат қилиб, уларни апрель ва май ойлари учун белгиланган турлар учун авиачипта сотиб олмай туришга чақирган. Пхенян туристлар оқими яна тўхтатилгани сабабига изоҳ бермаган).

Мактаб давридаги саёҳат каби

20 февраль куни Буюк Британия, Франция, Германия ва Австралиядан келган сайёҳлар тўрт кунлик саёҳат учун Хитойдан чегарани кесиб ўтиб, Расон ҳудудига кириб боришди.

Улар орасида 28 ёшли британиялик влогер Майк O'Кеннеди ҳам бор эди.

Шимолий Кореянинг қаттиқ давлат сифатида ном чиқарганига қарамай, назоратнинг ҳаддан ташқари даражаси унинг учун кутилмаган бўлди. Шимолий Кореяга барча саёҳатларда бўлгани каби, сайёҳларга маҳаллий гидлар ҳамроҳлик қилишди ва улар олдиндан тасдиқланган қатъий жадвалга амал қилишди. Унда пиво заводига, мактабга ва тўлиқ жиҳозланган янги дорихонага пухта режалаштирилган саёҳатлар бор эди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Саффолклик тур етакчиларидан бири Бен Уэстон Шимолий Кореяга боришни "мактаб саёҳатига" ўхшатди. "Гидларсиз меҳмонхонадан чиқиб бўлмайди," дейди у.

"Ҳатто бир неча марта ҳожатхонага бормоқчи бўлганимда ҳам уларга хабар беришимга тўғри келди, – дейди Майк. – Дунёнинг бошқа ҳеч қаерида бундай қилишга тўғри келмаган."

Назоратга қарамай, Майк ҳақиқий ҳаёт лавҳаларини илғаб олди. "Ҳамма ишлаётгандек эди, ҳеч ким бекор юрганга ўхшамасди. Буни кўриш жуда ачинарли эди."

Мактабга ташриф чоғида саккиз ёшли болалар гуруҳи нишонга урилаётган баллистик ракеталар анимациясига рақсга тушди. Томоша видеосида қизил галстук таққан қизлар ва ўғил болалар қўшиқ куйлаётгани, орқадаги экранда эса портлашлар акс этганди.

Ҳозирча сайёҳлар пойтахт Пхенянни четлаб ўтишяпти. Koryo Tours компаниясидан Грег Ватси тан олишича, ҳозирги йўналишда Пхеняннинг "йирик ёдгорликлари" йўқ. Унинг тахминича, ҳокимият вакиллари Расонни тажриба майдони сифатида танлаган, чунки ҳудуд нисбатан чекланган ва назорат қилиш осон.

Янги молиявий сиёсатни синаб кўриш учун махсус иқтисодий зона сифатида ташкил этилган Расон, социалистик давлат ичидаги кичик капиталистик анклав сифатида фаолият юритади. Хитойлик тадбиркорлар шимолий кореяликлар билан қўшма корхоналар очиб, бемалол кириб-чиқишлари мумкин.

Тажрибали сайёҳ ва Шимолий Корея бўйича HK News платформасида собиқ мухбир бўлган Жо Смит Шимолий Кореяга учинчи марта борди. "Менга шундай туюладики, қанча кўп борсанг, шунча кам биласан. Ҳар сафар парда ортига бироз мўралайсан, саволларинг кўпаяверади," дейди у.

Жо энг ёқтирган жойи кутилмаганда борилган қиммат товарлар бозори бўлди. У ерда одамлар жинси шимлар ва атирлар, шунингдек, сохта Louis Vuitton сумкалари ва япон кир ювиш машиналарини сотишарди. Эҳтимол, Хитойдан олиб келинган бўлса керак. Бу ерда сайёҳларга суратга олишга рухсат берилмади – бу истеъмол пуфагини мамлакатнинг қолган қисмидан яширишга уриниш, деб тахмин қилишди.

"Одамлар бизни кутмаган ягона жой шу эди, – дейди Жо. – У тартибсиз ва ҳақиқий туюлди; шимолий кореяликлар борадиган жой. Менга жуда ёқди."

Аммо тажрибали тур етакчилари айтишича, гуруҳнинг ҳаракатланиши аввалги саёҳатларга қараганда чекланган бўлиб, кўчаларда сайр қилиш, сартарошхона ёки дўконга кириш ва маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиш имконияти камроқ эди.

Ковид давридан қолган чеклов

Koryo Tours'дан Грег бунга кўпинча Ковид сабабчи қилиб кўрсатилишини айтди. "Ташқи кўринишидан улар ҳали ҳам хавотирда. Чегарада юкларимиз дезинфекция қилинди, ҳароратимиз ўлчанди ва одамларнинг тахминан 50 фоизи ҳали ҳам ниқоб тақиб юрибди." Грег бу қўрқув ҳақиқийми ёки одамларни назорат қилиш учун баҳонами, аниқлай олмади.

Ковиднинг Шимолий Кореяга қаттиқ таъсир қилгани тахмин қилинади, бироқ азоб-уқубат даражасини аниқлаш қийин.

Маҳаллий гидлар ҳукуматнинг расмий баёнотини такрорлаб, вирус мамлакатга Жанубий Кореядан юборилган ҳаво шарида кириб келгани ва 90 кун ичида бартараф этилгани ҳақида гапиришди. Аммо Шимолий Кореяга 100 мартадан ортиқ ташриф буюрган Рован, Расонга қаттиқ Ковид чекловлари таъсир қилганини сезди. Унинг айтишича, кўплаб Хитой корхоналари ёпилган ва уларнинг ходимлари кетиб қолган.

Ҳатто Шимолий Кореяга кўп марта борган Жо ҳам биноларнинг қанчалик хароб аҳволда эканини таъкидлади. "Меҳмонхона хоналаримиздан ташқари жойлар хира ёритилган ва иситилмаган эди," дейди у совуқ, қоронғи ва кимсасиз санъат галереясига ташриф буюрганини эслаб. "Эшикларни фақат биз учун очишгандек туюлди."

Жо айтишича, режимнинг расмий тасвирлари Шимолий Кореяни тоза ва ялтироқ қилиб кўрсатиши мумкин, аммо шахсан бориб кўрганда "йўллар жуда ёмон, йўлаклар нотекис ва бинолар ғалати қурилгани" аён бўлади. Унинг меҳмонхона хонаси эски услубда ва ифлос бўлиб, "бувисининг хонасига" ўхшарди. Деразанинг бутун ойнаси дарз кетган эди.

"Уларга тузатиш учун беш йил вақт берилган. Шимолий кореяликлар сайёҳларга кўрсатадиган нарсаларга жуда эътиборли. Агар бу улар кўрсатиши мумкин бўлган энг яхши нарса бўлса, бошқа жойларда аҳвол қандай эканини тасаввур қилишдан қўрқаман," дейди у. Мамлакатнинг кўп қисми яхши яширинган, аҳолининг тўртдан уч қисмидан кўпроғи тўйиб овқатланмайди ва ёрдамга муҳтож, деб ҳисобланади.

Шимолий Кореядаги сайёҳларнинг маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиш имкониятларидан бири – баъзан инглиз тилини биладиган гидлар орқали суҳбатлашиш. Сўнгги сафарларда улар, режимнинг кучли тарғибот тизими ва ахборот тўсиғига қарамай, ҳайратланарли даражада аҳволдан яхши хабардор эдилар. Грег фикрича, бу эҳтимол улар келиб-кетиб турадиган хитойлик тадбиркорлар билан мулоқот қилишидан бўлса керак.

Улар Трампнинг божхона тўловлари ва Украинадаги уруш ҳақида – ҳатто у ерда Шимолий Корея аскарлари иштирок этаётгани ҳақида ҳам билишарди. Аммо Жо Сурия суратини кўрсатганда, унинг гиди президент Асад ағдарилганидан бехабар эди. "Мен одамлар ўз раҳбарларини ёқтирмасалар, қўзғолон кўтариб, уларни четлатишлари мумкинлигини эҳтиёткорлик билан тушунтирдим, у аввалига менга ишонмади."

Бундай суҳбатларга нозик ёндашиш керак. Қатъий қонунлар шимолий кореяликларга эркин гапириш имконини бермайди. Ортиқча сўраш ёки ошкор қилиш орқали сайёҳлар ўз гидларини ёки ўзларини хавф остига қўйиши мумкин.

Майк баъзида бундан асабийлашгани ҳақида гапирди. Шимолий Корея-Россия дўстлик уйига ташриф чоғида уни меҳмонлар китобига ёзишга таклиф қилишди. "Мен ҳаяжонланиб, "Дунёга тинчлик тилайман" деб ёздим. Кейинчалик гидим бу номақбул гаплигини айтди. Бу мени хавотирга солди," деди у.

"Умуман олганда, гидлар бизни ўзимизни хавфсиз ҳис қилишимиз учун яхши ишлашди. Фақат бир-икки марта бу ғалати вазият, деб ўйладим."

Koryo Tours вакилининг фикрича, бу ўзаро алоқалар Шимолий Корея туризмига чуқурроқ маъно беради: "Шимолий кореяликлар чет элликлар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади. Бу уларга янги ғоялар ўйлаб топишга ёрдам беради, бу эса бундай ёпиқ мамлакатда жуда муҳимдир."

Бироқ Шимолий Кореяга саёҳат қилиш баҳсли масала, айниқса, сайёҳларга ёрдам ходимлари ва аксарият Ғарб дипломатлари, жумладан, Буюк Британия вакилларидан олдин рухсат берилгани сабабли. Танқидчилар, шу жумладан, Шимолий Корея Инсон ҳуқуқлари бўйича фуқаролар альянсидан Жоанна Ҳосаниак, бу сафарлар асосан режимга фойда келтиришини таъкидлайди.

"Бу бошқа камбағал мамлакатлардаги туризмга ўхшамайди, у ерда маҳаллий аҳоли қўшимча даромад олади. Бу ерда аҳолининг мутлақ кўпчилиги бундай сайёҳлар борлигини билмайди. Уларнинг пуллари давлатга ва охир-оқибат унинг ҳарбий кучларига йўналтирилади," дейди у.

Влогер Майкнинг хотирасида бир суҳбат ўрнашиб қолган. Мактабга ташриф чоғида бир қиз у билан учрашгач, бир куни Буюк Британияга боришга умид қилаётганини айтганида ҳайрон бўлган. "Унинг бу имконияти жуда-жуда кам эканлигини айтишга юрагим дов бермади," дейди у.