Ўзбекистон: Таниқли сиёсий маҳкум Солижон Абдураҳмонов Германияда вафот этди

Сурат манбаси, Facebook/Солижон Абдурахманов. Орол Овози
Қорақалпоғистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, собиқ сиёсий маҳкум Солижон Абдураҳмонов 75 ёшида Германияда вафот этди.
У 1950 йил 28 майда Қорақлпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида туғилган.
Журналистик фаолиятини бошлашдан олдин Амударё туманидаги қишлоқда рус тилидан дарс берган.
"Жума куни (18 июл) Солижон аканинг телеграмига ҳар доимгидек хол-аҳвол сўраб, хат ёздим. Жавоб бўлмагач, телефон рақамига қўнғироқ қилдим. У ҳам ўчиқ бўлди. Балки рақамини алмаштирган ёки бирон жойга саёҳатга кетган бўлса керак деб ўйладим.
Шанба куни эрталаб ҳам Солижон акадан хабар бўлавермагач, унинг уйига бордим. Сўнги тўрт йилдан бери у яшаб келган квартира эшиги полиция тарафидан мухрланиб қўйилган экан. Хавотирлана бошладим. Қўшниларидан нима бўлганини сўрасам, улар Солижон ака вафот этганини ва полиция ходимлари шифокорлар билан келиб, уни олиб кетишганини айтишди", деб ёзди журналист Шоҳруҳ Соипов.
"Аканинг армони - иши бўйича оқлов ололмади - наркота ташлаб қамашганди", деб ёзди "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Фейсбукдаги саҳифасида.
Солижон Абдураҳмонов "Озодлик" ва ""Америка овози" радиоларининг Қорақалпоғистондаги мухбири сифатида фаолият юритган, Лондондаги Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти, Ўзбекистондаги мустақил uznews.net веб-нашрларида мақолалари эълон қилинган.
"Америка овози" радиосининг мухбири бўлиб ишлаб турган Солижон Абдураҳмонов 2008 йили ҳибсга олинди.
Укаси ва адвокати Баҳром Абдураҳмоновнинг Би-би-сига айтишича, Нукус милицияси Солижон Абдураҳмоновнинг автомобилини тўхтатган ва ёқилғи баки ёнидан гиёҳванд модда топган.

Сурат манбаси, .
Ҳам журналистнинг ўзи, ҳам ҳимоячиси гиёҳванд модда милиция ходимлари томонидан ташлаб қўйилганига ишонишларини айтишган.
Сўнг Солижон Абдураҳмонов хонадонида тинтув ўтказилган, журналистнинг касбий фаолиятига тегишли компютер ва принтер, адабиёт ва ҳужжатлар мусодара қилинган.
Шу боис кўпчилик Солижон Абдураҳмонов журналистлик ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун ҳибсга олинган деб билди.
2008 йили Нукус маҳкамаси фаолни гиёҳванд моддаларни ноқонуний сотишда айбдор деб топиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.
Кўплаб халқаро ташкилотлар Солижон Абдураҳмонов озодликдан маҳрум этилганини қораладилар, уни озод этишга чақирдилар.
2014 йил 30 ноябрида Солижон Абдураҳмонов сўз ва матбуот эркинлиги учун Johann Philipp Palm халқаро мукофоти билан мукофотланди.
9 йил қамоқда сақланганидан кейин у 2017 йилнинг кузида Ўзбекистонда озод этилди.
Айни мақолада Facebook томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Facebook ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Facebook пост
Солижон Абдураҳмонов 2021 йил кузида "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг дастури доирасида Берлинга бориб яшаётган эди.
У ўзининг беайб қамалганини такрор-такрор айтиб келди.
Ўзига қарши қўзғатилган жиноят ишини қайта кўриб чиқиш, номини оқлашни талаб қилди.
2023 йил сентябрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи арафасида Солижон Абдураҳмонов Берлин шаҳрида Германия канцлери идораси қаршисидаги пикетда қатнашган, "Каримов даври сиёсий маҳбусларини реабилитация қилиш"ни талаб қилган.
Солижон Абдураҳмонов YouTubeда ўзининг "Орол овози" каналини юритар, унда Ўзбекистон ва Қорақолпоғистондаги ижтимоий-сиёсий мавзуларда фикрларини билдириб келарди.












