Қамоқдаги журналист Солижон Абдураҳмоновни Қизил Хоч комиссияларидан яширишган

Сўнгги янгиланиш 20 ноябр 2012 - 14:31 GMT

Солижон Абдураҳмоновнинг автомобилига наркотик ташлаб қўйиб қамашганига кўпчилик ишонади.

Яқинларининг хабар қилишича, Қарши қамоқхонасида сақланаётган мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Солижон Абдураҳмонов Халқаро Қизил Хоч ташкилоти комиссиясидан яширилмоқда.

Журналист рафиқаси Шукуржон ая Абдураҳмонованинг айтишича, охирги марта бир ўғли ва қизига октябр ойининг бошида бир сутка давомида Қашқадарё вилоятидаги 64/61 рақамли жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган оталари билан кўришишга рухсат этилган.

Учрашувда 62 ёшли Солижон Абдураҳмонов шу йил ёзидан буён Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳайъати билан ўзининг учрашишига қамоқхона маъмурияти изн бермаётганини айтган.

"Биринчи марта Қизил Хоч ташкилоти вакиллари келишганида хўжайинимни ёнидаги бир киши билан бошқа жойга олиб кетишган. Иккинчи марта мажбурий даволанишга жўнатган. Қайтиб келганидан кейин ёнидаги маҳбуслар "Қизил Хоч вакиллари сизни сўрашди", деб айтишган. Шундай қилиб учраштиришмаган", дейди Шукуржон ая Абдураҳмонова.

Журналистнинг ўғли Даврон Абдураҳмоновнинг айтишича, учинчи марта халқаро ташкилот вакиллари ёнига сохта Солижон Абдураҳмоновни олиб чиқишган.

У одам ўзининг Солижон Абдураҳмонов эканини айтган, бироқ Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ходимлари ҳақиқий Солижон Абдураҳмоновнинг суратини кўришганини айтишган.

Шукуржон ая Абдураҳмонованинг айтишича, Солижон Абдураҳмонов ўзининг ноҳақ қамалганидан шикоят қилиб, 2009 йилдан буён Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга, Ўзбекистон Олий суди раиси номига, Ўзбекистон Бош прокурори номига, Ўзбекистон парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номига аризалар ёзган.

Бироқ уч йилдан буён мурожаат қилинган юқоридаги мутасадди идораларнинг бирортасидан ҳам жавоб келмаган.

"Мен эримнинг номидан шикоят ёздим. Лекин менинг аризамни Қорақапоғистондагиларга юборишди. Улар эса қилган жинояти тасдиқланган, деб жавоб қайтаришди. Шундан кейин адвокат ёлладик. Адвокат эрим билан учрашиб, қамоқхонадан унинг шикоят аризаларини олиб чиқаётган пайтда адвокатнинг қўлидан олиб қўйишган "биз ўзимиз юборамиз деб", дейди Шукуржон Абдураҳмонова.

Журналист рафиқасининг айтишича, Солижон Абдураҳмонов яширилаётгани ҳақида Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасига хабар қилинган.

Шукуржон ая сўзларига кўра, халқаро ташкилот вакиллари бу масалани 64/61-қамоқхона раҳбарияти олдига қўйиш ниятида эканларини айтганлар.

Ўзбекистон қамоқхоналарида инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши кўплаб халқаро ташкилотлар ҳисоботларида қайд этилган ва маҳкумларнинг Халқаро Қизил Хоч ташкилоти нозирларидан яшириш ҳоллари бундан олдин ҳам кузатилган.

Инсон ҳақлари фаоллари ва Ўзбекистон қамоқхоналарининг собиқ маҳбусларининг фикрича, жазони ижро этиш муассасасидаги аянчли аҳвол ҳақидаги ахборотни ташқи дунёга чиқармаслик мақсадида айрим маҳбуслар текширувчилар билан учраштирилмайди.

Солижон Абдураҳмоновни Қорақалпоғистон маҳкамаси 2008 йилда ноқонуний гиёҳванд моддаларни сақлаш ва тарқатишда айбдор деб топган ва 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Журналист автомобилига наркотик ташлаб қўйилгани ва унинг сохта айбловлар билан озодликдан маҳрум этилгани кенг танқидларга сабаб бўлган.

Aзиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, [email protected] электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.

]]>