You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Мирзиёев тежамкорликка буюрди, амалдорлар 'лаббай' деди – Бу йилдан қуёш панеллари чиндан мажбурий бўладими?
Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтган видеоселекторда вазирликлар ва ҳокимликларга ресурсларни тежаш, энергосамарадорликни таъминлаш орқали харажатларни қисқартириш топшириғини берган. Йиғилишдан сўнг гапирган амалдорлар бу йилда аҳоли хонадонларигача бўлган барча соҳаларда кенг қамровли қуёш панеллари ўрнатиш кампанияси бошланишини маълум қилган. Прокуратура бу топшириқ "сўзсиз" бажарилишига ваъда берган.
27 январь куни Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғинда куни "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йили давлат дастури лойиҳаси мавзуси муҳокама қилинган.
"Охирги уч йилда жойларда 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди, 35 та кичик ГEС қурилди. Саноатда "яшил энергия" сертификати тизими жорий қилинди. Қуёш панеллари ўрнатган хонадонлар 60 мингдан ошди. "Яшил макон" дастури доирасида дарахтлар экилиб, боғлар яратиляпти. Сувдан тежаб-тергаб фойдаланиляпти", дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Ўзбекистон 24 телеканали эфирга узатган репортажда президент жойлардаги энергосамарадорлик ва тежамкорликдан мамнун эмаслиги кўринган.
У, мисол тариқасида, Хоразм вилоятидаги вазиятни танқид қилган.
"Хоразм вилоятида 40 мингга яқин корхона бор. Қарийб 2 миллион аҳоли яшайди. Уларнинг бир йиллик электр энергияси истеъмоли 2,6 миллиард кВт/соатга тенг. Ҳозирги кунда вилоят 1,3 миллиард кВт/соат электр ишлаб чиқараётган бўлса, қолган 50 фоизни бошқа ҳудудлардан оляпти. Шунинг учун, Мирзамаҳмудов [Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов – таҳр.] ва Рахимов [Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов – таҳр.] камида 1,3 миллиард кВт/соатни яшил энергия ҳисобидан қоплаши шарт ва мажбур. Бошқа йўлимиз йўқ", таъкидлаган Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев 2025 йилда ялпи ички маҳсулотни $125 миллиардга етказиш кўзланаётгани, аммо мамлакат тармоқдаги йўқотишлар ҳисобига қўшимча 27 фоиз ЯИМ яратиш имконини қўлдан бой бераётганини тилга олган.
Ўзбекистон президенти йиғилишда тегишли вазирликлар ва вилоят ҳокимликларига энергосамарадорликни ошириш эвазига харажатларни, камида, 15-20 фоизгача қисқартириш чораларини кўришга буюрган.
Йиғилишдан сўнг давлат телевидениесига интервью берган амалдорлар сўзларидан жорий йилда мамлакатда кенг миқёсли қуёш панеллари ўрнатиш кампанияси бўлиб ўтиши англашилган.
"Вазифа сўзсиз бажарилади"
Президентдан топшириқ олган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бинолар томларининг камида 50 фоизини қуёш панеллари билан қоплаш режалаштирмоқда.
"… 2 йил ичида уч мингга яқин кичик гидроэлектрстанциялар қуриш, аҳоли ва хўжалик субъектлари томларининг камида 50 фоизини қуёш панеллари ҳамда гелиоколлекторлар билан қоплаш бўйича кўрсатмалар ва дастур ишлаб чиқариш топшириғи берилди", деган вазир давлат телевидениесига.
Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатилаётган насос станцияларининг бари қуёш энергиясига ўтказилишини билдирган.
Президент танқидини эшитган Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов йиғилишдан "тегишли хулоса" олгани ва ўз ҳудудида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектларидан тортиб фермер хўжаликларига қадар қуёш панеллари ўрнатиш долзарб вазифага айланишини билдирган.
"Фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам, тадбиркорлар ҳам, фуқароларимиз ҳам, биринчи навбатда, ўзлари учун қанчалик иқтисод бўлиши, қолаверса, доимий равишда кафолатланган электр энергия билан таъминланишини тўлиқ тушунди. Тушунган ҳолда, онгли равишда [қуёш панеллари] ўрнатишни ҳамма жойда бошладилар. Тўлиқ вилоят бўйича бу ишга ҳозир киришганмиз".
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов президент электр энергия истеъмолининг ярмини муқобил манбалардан қоплаш топшириғини берганини тилга олган.
"Селектор йиғилишида бизга аниқ вазифа белгиланди, яъни барча электр энергия истеъмолимизнинг 50 фоизини муқобил [манбалар] ҳисобидан қоплаш. Аниқ, номма-ном ташкил қилишимиз бўйича бизга топшириқ берилди. Бугундан шу режимга ўтамиз".
Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов эса мамлакатда президент топшириғи асосида бошланаётган оммавий равишда қуёш панеллари ва гелио коллекторлар ўрнатиш вазифаси "сўзсиз" бажарилиши бўйича назорат прокурорлар қўлида бўлиши ҳақида гапирган.
Маҳаллий матбуотда чиққан мазкур хабар зумда фаоллар ва тармоқ фойдаланувчилари эътиборига тушган.
Фикр билдирувчиларнинг кўпи президент топшириғи аҳоли ва тадбиркорларни мажбурлаш кампаниясига айланиб кетиши эҳтимолидан хавотир билдирган.
"Аҳолини ва тадбиркорларни Конституция билан белгиланган хуқуқлари бор. Энергетика вазирлиги бошқаларга муаммо ўйлаб топиш эмас, муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланиши керак. Эртага тадбиркорлар ва аҳоли орасида катта норозиликлар келиб чиқарадиган таклифлар нега киритилади?!", деган саволни ўртага ташлаган Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдукадиров.
Аксар фикр билдирувчилар эса энергетика муаммосини ҳал этиш йўлида амалга оширилаётган бу чора-тадбирлар "кимнинг ҳисобидан" бўлишига қизиқиш билдирган.
"Бизда одамларда ўзи томни нормално ёпишга имкон йўқ. Қуёш панелига пул қайдан бўлсин. Агар давлат кредит беради, дейишса, унда бу ўзи кредитга ботган аҳолига қўшимча юк бўлмайдими?", ёзган Facebook фойдаланувчиси.
Бошқа бир қисм фойдаланувчилар эса экология абгорлашиб бораётганини таъкидлаб, чанг ва қум бўронлари авж олаётган бир замонда қуёш панеллари самарадорлигидан катта умид қилмасликка чақирган.
Тармоқ фаоли Жавлон Аҳмедов эса икки йил ичида мамлакатда бундай катта кўламда панеллаштиришни амалга ошириш имкониятларига ишончсизлик билан қараган.
"Бу қуёш панеллари масаласи бўйича ўтган 3 йилда нечангчи қарор ёки таклиф? Бир таклифни неччи мартта гапириш мумкин? Нима кераги бор қуруқ гапларни. 3 йил олдин гаплар аниқ қарор эди. 3 йилдан кейин режага айланибди. Бунақада бу лойиҳа 10 йилдан кейин ҳам амалга ошмайди".