Она нега транс фарзандини қўллади?

уч киши

Сурат манбаси, Chithra Jeyaram/ BBC

Сурат тагсўзи, "Срижа, Арун ва Валлининг ўз ҳаётларини очиқ-ошкора танлагани ноёб ҳол".
    • Author, Мега Моҳан
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

2019 йилда Срижа суд қароридан сўнг Ҳиндистоннинг Тамил Наду штатида қонуний никоҳдан ўтган биринчи трансгендер аёл бўлди. "Она фахри" янги ҳужжатли фильми Срижанинг ўз никоҳи расман тан олиниши учун кураши ва онаси Валлининг қатъий қўллаб-қувватлови ҳақида ҳикоя қилади.

"Срижа – неъмат," дейди 45 ёшли Валли Би-би-си билан суҳбатда ва қизини қучади.

Тутукуди порт шаҳридан бўлган 25 ёшли Срижа шундай қўшимча қилади: "Биламан, барча трансгендерларда ҳам мендагидек имконият бўлавермайди.

Таълим олдим, ишим бор, оилам бор – буларнинг барчаси онамнинг қўллаб-қувватлови туфайлидир."

У ва онаси биринчи марта ўз ҳикояларини Срижанинг кечмишини акс эттирган "Она фахри" фильмида сўзлаб беришди.

2 киши

Сурат манбаси, Arun Kumar / BBC

"Доим қизим ёнида тураман"

Срижа 2017 йилда бўлажак турмуш ўртоғи Арун билан ибодатхонада танишган. Умумий дўстлари борлигини билгач, улар тез орада мунтазам ёзишиб туришди. У ўшанда аллақачон трансгендер эканлигини ошкор қилган ва ўзгариш жараёнини бошлаган эди.

"Кўп суҳбатлашдик. У менга транс аёл сифатида бошидан кечирганлари ҳақида сўзлаб берди," дейди Арун Би-би-си билан суҳбатда.

Алоқадор мавзулар:

Бир неча ой ичида улар бир-бирларини севиб қолишди ва умрларини бирга ўтказишга қарор қилишди.

"Биз қонуний тан олинишни хоҳладик, чунки бошқа жуфтликлар каби оддий ҳаёт кечиришни истаймиз, – дейди Срижа. – Бизга тан олинган никоҳнинг қонуний ҳимояси керак."

Бу эр-хотиндан бири вафот этса, пул ёки мулкни ўтказиш каби ҳуқуқий кафолатларни беради.

2014 йилда Ҳиндистон Олий суди трансгендерлар учун маълум ҳимояларни белгилади, уларга таълим олиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш ва никоҳ тузиш борасида тенг ҳуқуқлар берди, Ҳиндистон ҳали ҳам бир жинсли никоҳларга рухсат бермайди.

Ҳиндистонда нечта транс эр-хотин турмуш қургани, ким биринчи бўлгани аниқ эмас. Фаоллар айтишича, Срижа ва Аруннинг тўйидан олдин камида битта транс никоҳ қонуний рўйхатдан ўтказилган – 2018 йилда Бангалорда бир жуфтлик турмуш қурган эди.

"Бутун Ҳиндистонда куир жуфтликлар ёки трансгендер жуфтликлар бор," дейди "Она фахри" режиссёри Шива Криш, аммо давом этаётган камситиш туфайли "уларнинг баъзилари ўз муносабатларини сир сақлашади. Срижа, Арун ва Валлининг ўз ҳаётларини очиқ-ошкора танлагани ноёб ҳол."

Срижа ва Аруннинг 2018-йилги тўйларини рўйхатдан ўтказиш учун қилган уринишлари рад этилди. Рўйхатга олувчи ташкилот 1955-йилги Ҳинду никоҳ тўғрисидаги қонунда никоҳ "келин" ва "куёв" ўртасидаги иттифоқ сифатида белгиланганлигини, шу сабабли транс аёллар бунга кирмаслигини сабаб қилиб кўрсатди.

Аммо ЛГБТ фаоллари томонидан қўллаб-қувватланган жуфтлик чекинмади ва ўз муносабатларини жамоатчиликка олиб чиқди. Бу ҳаракат ўзини оқлади.

Arun Kumar / BBC
Mahalliy yangiliklar efirga chiqqan kunning ertasiga meni ishdan bo‘shatishdi. Odamlar meni transgender ayolga uylanganim uchun qoralab, haqoratli xabarlar yuborishdi.
Arun
Trans ayolga uylangan erkak (Batafsil: bbc.com/uzbek)

2019 йилда Ченнайдаги Мадрас Олий суди трансгендерларни 1955-йилги Ҳинду никоҳи тўғрисидаги қонунда белгиланганидек "келин" ёки "куёв" сифатида тан олиш кераклигини таъкидлаб, уларнинг никоҳ ҳуқуқини тасдиқлади.

ЛГБТ фаоллари бу қарорни Ҳиндистонда трансгендерларни қабул қилишда муҳим қадам сифатида баҳолади. Срижа ва Арун ҳам маҳаллий маданий меъёрларга қарши чиқиши билан танилди.

Бироқ оммавий ахборот воситалари эътибори салбий муносабатларга ҳам сабаб бўлди.

"Маҳаллий янгиликлар эфирга чиққан куннинг эртасига мени ишдан бўшатишди," дейди транспорт соҳасида оддий ишчи бўлиб ишлаган Арун. Унинг фикрича, бу трансфобия билан боғлиқ.

Интернетда троллинг ҳам бошланди.

"Одамлар мени трансгендер аёлга уйланганим учун қоралаб, ҳақоратли хабарлар юборишди," дейди у.

Эр-хотин руҳий зўриқиш туфайли қисқа муддатга ажралишди.

Шунга қарамай, Срижа ўрта мактабда пешқадам эди, аъло баҳоларда ўқиди.

У Тамил Надудаги университетда инглиз адабиёти бўйича диплом олди ва оиласида олий маълумотга эга ягона инсонга айланди.

14 ёшида мактабни тарк этган Валли учун бу фахр эди.

аёллар

Сурат манбаси, Arun Kumar / BBC

Ҳатто никоҳини давлат томонидан тан олиш учун курашишдан олдин ҳам Срижа ва унинг оиласи душманлик ва шафқатсиз муносабатга дуч келишган.

Срижа 17 ёшида трансгендер аёл эканлигини ошкор қилганидан сўнг, уй эгаси уни, онаси ва укаси Чинани уйдан ҳайдади.

Бир неча қариндоши улар билан алоқани узди.

Аммо Срижанинг онаси ва укаси уни қўллаб-қувватлашда давом этди.

"Мен доим қизимнинг ёнида бўламан," дейди Валли.

"Барча транс инсонларни ўз оилалари қўллаб-қувватлаши керак."

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Эри вафот этганда Срижа атиги олти ёшда эди. Ёлғиз онага айланган Валли мактаб ошхонасида ишлади.

Камтарона даромадига қарамай, у қизининг жинсини ўзгартириш жарроҳлик амалиётига ёрдам берди, бунинг учун тақинчоқларини сотди, унга ғамхўрлик қилди.

"У менга жуда яхши қарайди," дейди Срижа.

"Одамларнинг фикрлаш тарзи ўзгаришига умид қиламан"

Дунёдаги энг кўп аҳолили мамлакат Ҳиндистонда икки миллионга яқин трансгендер бор деб тахмин қилинади, аммо фаоллар бу рақам янада юқорироқ эканлигини таъкидлашмоқда.

Мамлакатда транс-инклюзив қонунчилик қабул қилинган ва "учинчи жинс" қонуний тан олинган бўлса-да, камситиш ҳали ҳам мавжуд.

Тадқиқотлар кўрсатишича, Ҳиндистондаги трансгендерлар зўравонлик, руҳий саломатлик муаммолари ва таълим, иш ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятлари чекланишидан азият чекади. Кўпчилик тиланчилик қилишга ёки фоҳишаликка мажбур бўлади.

БМТ айтишича, дунё бўйлаб кўплаб трансгендерларни оилалари рад этади.

"Ҳиндистонда, ҳатто бутун дунёда ҳам кўплаб транс инсонлар оила қўлловидан маҳрум," дейди режиссёр Шива Криш.

"Срижа ва Валлининг кечмиши ноёб."

Срижа айтишича, у мазкур фильм трансгендерлар ҳақидаги стереотипларни ва оммавий ахборот воситаларида кўп учрайдиган, айниқса, зўравонликка ундайдиган чорловларни ўзгартиришга ёрдам беришига умид қилади.

"Бу ҳужжатли фильм биз ҳам етакчи бўла олишимизни кўрсатади. Мен менежерман, жамият учун нафим тегади," дейди Срижа.

"Одамлар трансгендерлар ҳақидаги янги ҳикояларни кўрганларида, умид қиламанки, уларнинг фикрлаш тарзи ҳам ўзгаради."

"Тез орада буви бўлишни истардим"

Халқаро кинофестивалларда премьерадан сўнг, ушбу филм 31 март, душанба куни Халқаро транс кўриниш куни муносабати билан Ченнайда ЛГБТ ҳамжамияти аъзолари учун махсус намойишда кўрсатилди.

Ченнайдаги намойишдан сўнг семинар ўтказилди, унда иштирокчилар трансгендерларни оилавий қабул қилиш ва жамият томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишди.

"Умид қиламизки, намойиш тадбирларимиз трансгендерлар, уларнинг оилалари ва маҳаллий жамоалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди," дея қўшимча қилади фильм ижодкорларидан бири Читра Жеярам.

Ижодий жамоа ҳужжатли фильм қишлоқларда, шунингдек, Ҳиндистоннинг бошқа шаҳарларида ҳамда Непал ва Бангладеш каби қўшни мамлакатларда намойиш этилишига умид қилмоқда.

Срижа ва Арун ҳозирда хусусий компанияларда менежер бўлиб ишлашади ва тез орада фарзанд асраб олишни режалаштирмоқда. "Биз нормал келажакка умид қиляпмиз," дейди Срижа.

"Мен тез орада буви бўлишни истардим," дея жилмайиб қўшиб қўяди Валли.