Ҳар куни бир пиёла сут ичиш тўғри ичак саратони олдини олади

sut

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Филиппа Роксби
    • Role, Саломатлик мухбири
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Буюк Британияда ўтказилган кенг кўламли тадқиқот кўрсатишича, кунига бир стакан сутга тенг миқдорда кальций истеъмол қиладиган одамлар ичак саратони хавфини камайтирирар экан.

Тадқиқотчилар 16 йил давомида ярим миллиондан ортиқ аёлнинг овқатланишини ўрганиб, тўқ ранг баргли кўкатлар, нон ва таркибида кальций бўлган сутсиз ичимликлар ҳам ҳимоя таъсирига эгалигини аниқладилар.

Шунингдек, улар спиртли ичимликлар ва қайта ишланган гўштни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш касаллик хавфини ошириши ҳақида кўпроқ далиллар топдилар.

Саратон бўйича хайрия ташкилотлари таъкидлашича, соғлом ва мувозанатли овқатланиш, соғлом вазн сақлаш ҳамда чекишни ташлаш ичак саратони хавфини камайтиришнинг энг самарали усулларидир.

Таъсири қанчалик кучли?

Яқинда ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, сут маҳсулотлари "эҳтимол" колоректал (ичак) саратон хавфини камайтиради.

Оксфорд университети ва Буюк Британиядаги Cancer Research ҳамкорлигида олиб борилган ушбу тадқиқот, бу таъсир сутли ёки сутсиз озиқ-овқатлардан олинадиган кальций билан боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда.

• Кунлик овқатланишга қўшимча 300 мг кальций ёки бир стакан сут киритиш хавф даражасини 17% га камайтиради

"Бу тадқиқот ичак саратони ривожланишида асосан кальций ҳисобига сут маҳсулотларининг муҳим ҳимоя ролини кўрсатади," деди Оксфорддан етакчи тадқиқотчи доктор Керен Папиер.

Алоқадор мавзулар:

Нонушта учун тайёрланган дон маҳсулотлари, мевалар, бутун донли маҳсулотлар, углеводлар, толалар ва C витамини ҳам саратон хавфини бироз камайтиришини кўрсатди.

Маълумки, қайта ишланган гўшт ва қизил гўштни кўп истеъмол қилиш, алкоголь сингари, ичак саратони хавфини оширади.

Ушбу тадқиқот бу ҳақда қўшимча далилларни тақдим этади:

• Кунига қўшимча катта стаканда вино ёки 20 грамм алкогол ичиш хавфни 15% га оширади

• Кунига 1 унция (28 грамм) кўпроқ қизил ва қайта ишланган гўшт истеъмол қилиш хавф даражасини 8% га оширади

Бу фоизларнинг аниқ маъносини тушунтириш қийин, чунки ҳар бир кишининг ичак саратони билан касалланиш хавфи унинг турмуш тарзи, овқатланиши, одатлари ва генетикасига қараб фарқ қилади.

Кальций қандай таъсир кўрсатади? У қайси озиқ-овқатларда мавжуд?

EPA
Spirtli ichimliklarni me’yordan ortiq iste’mol qilish ayollarda yo‘g‘on ichak saratoni xavfini oshiradi, ammo kuniga 250 gramm sut ichish ehtimol himoyaviy ta’sir ko‘rsatadi.
Tom Sanders
London qirollik kolleji professori (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Кальций суякларни мустаҳкамлаш ва тишларни соғлом сақлаш учун муҳим минерал ҳисобланади, аммо у баъзи саратон турларидан ҳам ҳимоя қилиши тўғрисида тобора кўпроқ далиллар пайдо бўлмоқда.

Сут, йогурт ва пишлоқда кальций кўп учрайди. Сут маҳсулотлари Буюк Британия аҳолиси овқатланишида кальцийнинг асосий манбаларидан биридир.

У шунингдек, соя ва гуруч ичимликлари, оқ нон, ёнғоқлар, уруғлар, қуритилган анжир, карам ва консерваланган сардинларда ҳам мавжуд. Лактозасиз сутда ҳам кальций бор.

Тадқиқотда таъкидланишича, кальций ичак саратонидан ҳимоя қилиши мумкин, чунки "у йўғон ичакдаги ўт кислоталари ва эркин ёғ кислоталарига боғланиб, уларнинг потенциал канцероген таъсирини камайтиради".

Нима учун ичак саратони шунчалик кенг тарқалган?

Буюк Британияда ҳар йили 44 000 га яқин ичак саратони ҳолатлари қайд этилади, бу эса уни тўртинчи энг кенг тарқалган саратон турига айлантиради.

Гарчи аксарият ҳолатлар кекса одамларда кузатилса-да, 50 ёшгача бўлганлар орасида саратон кўрсаткичлари ортиб бормоқда – аммо бунинг аниқ сабаби номаълум.

Мутахассислар таъкидлашича, нотўғри овқатланиш ва семизлик бунга сабаб бўлувчи омиллар орасида бўлиши мумкин.

Ичак саратони белгилари қуйидагилар бор:

• ич келишида ўзгариш, масалан суюқ ахлат, тез-тез ич келиши ёки қабзият

• орқа тешикдан қон кетиши ёки ахлатда қон топилиши

• сабабсиз вазн йўқотиш

• тушунтириб бўлмайдиган чарчоқ ёки нафас қисиши

Агар ушбу белгилардан бирортасини сезсангиз, шифокорингизга мурожаат қилишингиз тавсия этилади.

Бошқа мутахассислар нима дейди?

Бу кузатув тадқиқоти бўлиб, синов эмас, шунинг учун у кальций ёки бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари саратондан ҳимоя қилишини ёки унинг эҳтимолини оширишини қатъий исботлай олмайди.

Бироқ, тадқиқотчилар бу "парҳез ва ичак саратони бўйича ҳозиргача ўтказилган энг йирик тадқиқот" эканлигини таъкидлаб, тўғри йўналишда эканликларига ишонишмоқда. Олинган натижалар аввалги тадқиқотлар хулосаларига ҳам мос келади.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Тадқиқотда 12000 дан ортиқ аёлда ичак саратони аниқланган ва уларнинг овқатланишидаги 100 га яқин озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда озуқа моддалари ўртасидаги потенциал боғлиқликлар ўрганилган.

Лидс университетининг овқатланиш бўйича мутахассиси профессор Жанет Кейд мақолада "умумий овқатланиш колоректал саратон хавфига таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатувчи муҳим далиллар берилганини" таъкидлайди.

Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактабидан профессор Эндрю Прентиc тадқиқот натижаларига асосланиб, кальций қўшимчалари ҳимоя вазифасини бажариши мумкинлигини тахмин қилади, бироқ бу масалада "якуний хулосага келиш эрта" эканлигини қўшиб ўтади.

Лондон қироллик коллежи профессори Том Сандерс асосий хулоса сифатида қуйидагиларни айтади: "Спиртли ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш аёлларда йўғон ичак саратони хавфини оширади, аммо кунига тахминан 250 грамм сигир сути ичиш эҳтимол ҳимоявий таъсир кўрсатади".

Британия Ичак саратони хайрия ташкилоти шифокори Лиза Уайлднинг айтишича, "ҳар 12 дақиқада" кимгадир ичак саратони ташхиси қўйилади ва барча ичак саратони ҳолатларининг ярмини соғлом турмуш тарзи орқали олдини олиш мумкин.

"Агар сут ичмасангиз, кальций олишнинг бошқа усуллари ҳам бор, масалан, брокколи ёки тофу орқали ҳам ичак саратони хавфини камайтириш мумкин," дейди у.