Буюк Британия махсус кучларининг собиқ аъзолари ҳамкасбларининг "ҳарбий жиноятлари" ҳақида гапира бошлади
- Author, Ҳанна О'Грейди, Жоэл Гантер ва Рори Тинман
- Role, BBC Panorama
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Буюк Британия махсус кучларининг собиқ аъзолари кўп йиллик сукунатни бузиб, BBC Panorama'га Ироқ ва Афғонистонда ҳамкасблари қилган ҳарбий жиноятлар ҳақида гувоҳлик берди.
Биринчи марта жамоатчилик олдида ўз кўрсатмаларини берган фахрийлар SAS (Special Air Service, Британиянинг Махсус кучлари) аъзолари уйқудаги қуролсиз одамларни ўлдирганини ва кишанланган маҳбусларни, жумладан, болаларни қатл этганини айтиб берди.
"Улар ёш боланинг қўлини кишанлаб, отиб ташлашди," деб эслайди Афғонистонда SASда хизмат қилган бир фахрий. "У бола эди, жанг қилишга анча ёш эди."
Фахрийнинг айтишича, маҳбусларни ўлдириш "одатий ҳолга айланганди". "Улар кимнидир тинтув қилар, қўлини кишанлар, кейин отиб ташлашарди", сўнг одамларни ушлаб туриш учун ишлатиладиган пластик кишанларни кесиб ташлаб, жасад ёнига "қурол қўйишарди", дейди у.
Янги кўрсатмалар ўн йилдан ортиқ давом этган уруш жиноятлари ҳақидаги даъволардир. Бу ҳозирда Буюк Британияда судья бошчилигидаги жамоатчилик текшируви кўриб чиқаётган уч йилдан анча узоқ вақтни қамраб олади.
Қироллик денгиз флотининг сара махсус кучлари полки – SBS, шунингдек, биринчи марта энг жиддий айбловларга – қуролсиз ва ярадорларни қатл этишга алоқадор деб топилди.
SBSда хизмат қилган фахрийнинг айтишича, баъзи аскарлар "оломонча менталитетли" бўлиб, уларнинг операциялардаги хатти-ҳаракатларини "ваҳшиёна" бўлган.
"Мен энг сокин йигитларнинг ўзгарганини, жиддий психопатик характер намоён қилганини кўрдим, – деди у. – Улар қонундан ташқари эди. Ўзларини дахлсиз ҳис қилишарди."
Британия қўшинларини "Толибон" жангариларидан ва портлатувчилардан ҳимоя қилиш учун Афғонистонга махсус кучлар юборилган эди. Бу уруш Буюк Британия қуролли кучлари учун ҳалокатли бўлди – 457 киши ҳалок бўлди ва яна минглаб аскарлар яраланди.
Би-би-си янги гувоҳ кўрсатмалари ҳақида сўраганда, Мудофаа вазирлиги уруш жиноятлари бўйича давом этаётган жамоатчилик текширувини "тўлиқ қўллаб-қувватлашини" ва тегишли маълумотларга эга бўлган барча фахрийларни мурожаат қилишга чақирганини айтди. Вазирлик терговга даҳлдор "даъволарга изоҳ бериш мақсадга мувофиқ эмаслигини" таъкидлади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Полкдаги "руҳий касал қотиллар"
Гувоҳлар кўрсатмалари SAS, SBS ва бир нечта қўллаб-қувватловчи полкларни ўз ичига олган Буюк Британия махсус кучларининг (UKSF) собиқ аъзолари томонидан содир этилган қотилликлар ҳақида энг батафсил жамоатчилик ҳисоботини беради.
Буюк Британия махсус кучлари билан хизмат қилган ёки улар билан бирга ишлаган 30 дан ортиқ одамнинг кўрсатмалари BBC Panorama'нинг SAS томонидан содир этилган қотилликлар ҳақидаги кўп йиллик ҳисоботларга қўшимча бўлади.
Panorama, шунингдек, Британия махсус кучлари Афғонистонда тинч аҳолини ўлдираётгани ҳақида ўша пайтдаги Бош вазир Дэвид Кэмеронга бир неча бор хабар берилганини ҳам фош этиши мумкин.
Махсус кучлар операциялари борасида анонимлик шарти билан Би-би-сига гапирган гувоҳлар айтишича, Ироқ ва Афғонистондаги операциялар чоғида мамлакатнинг энг нуфузли полклари уруш қонунларини мунтазам ва қасддан бузган.
Ушбу қонунларга кўра, бундай операцияларда одамлар фақат Британия қўшинлари ёки бошқаларнинг ҳаётига бевосита таҳдид солгандагина қасддан ўлдирилиши мумкин. Аммо SAS ва SBS аъзолари ўзларининг ички қоидаларини ишлаб чиқишган, дейди гувоҳлар.
"Агар нишон илгари рўйхатда икки-уч марта пайдо бўлган бўлса, биз уларни ўлдириш ниятида кирардик, қўлга олишга уриниш бўлмасди," дейди SASда хизмат қилган фахрийлардан бири илгари қўлга олинган, сўроқ қилинган ва кейин озод этилган одамларга ишора қилиб.
"Баъзида биз нишонни тўғри олганимизни текшириб, унинг шахсини тасдиқлардик, кейин отиб ташлардик, – дейди у. – Эскадрон кўпинча у ерда учраган барча эркакларни ўлдирарди."
SASда хизмат қилган гувоҳлардан бири айтишича, қотиллик "одат тусига кириши мумкин" ва сара полкнинг баъзи аъзолари Афғонистонда "бу ишдан маст бўлишган". "Руҳий касал қотиллар жуда кўп эди," дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
"Баъзи операцияларда қўшин меҳмонхона типидаги биноларга кириб, у ердаги ҳамма одамни ўлдирарди, – деди у. – Улар кириб, ухлаб ётганларнинг ҳаммасини отиб ташларди. Одамларни уйқусида ўлдиришни оқлаб бўлмайди."
SBSда хизмат қилган фахрийнинг Би-би-сига айтишича, ҳудудни назорат остига олгандан сўнг, ҳужум гуруҳлари ҳар қандай одамни отиб ташларди, жасадларни текшириб, тирик қолганларни ўлдирарди. "Бу кутилган нарса эди, яширилмаган. Ҳамма биларди," дейди у.
Хавф туғдирмайдиган ярадорларни қасддан ўлдириш халқаро ҳуқуқнинг очиқ-ойдин бузилиши ҳисобланади. Аммо SBS фахрийсининг Panorama'га айтишича, ярадорлар мунтазам равишда ўлдирилган. У бир операцияни тасвирлаб берди: унда фельдшер ўқ еган, аммо ҳали ҳам нафас олаётган одамни даволаётган эди. "Кейин унинг олдига бир шеригимиз борди. Гумбурлаш эшитилди. Унинг бошига яқин масофадан ўқ узилганди," деди у.
"Ўлдиришга ҳожат йўқ эди, – дея қўшимча қилди у. – Бу раҳм қилиб ўлдириш ҳам эмасди. Бу оддий қотиллик эди."
Ba’zi operatsiyalarda qo‘shin mehmonxona tipidagi binolarga kirib, u yerdagi hamma odamni o‘ldirardi. Ular kirib, uxlab yotganlarning hammasini otib tashlardi.
Гувоҳлик кўрсатмаларига кўра, ҳужум гуруҳларининг янги аъзоларига SASнинг тажрибали аъзолари "у биз билан базага қайтмасин" ёки "бу маҳбусни нишондан қочирма" каби кўрсатмалар бериб, эркак маҳбусларни ўлдириш буюрилган.
Маҳбуслар таслим бўлган, махсус кучлар томонидан текширилган ва одатда қўллари кишанланган шахслар эди. Британия ва халқаро қонунлар аскарларни қуролсиз фуқароларни ёки ҳарбий асирларни қасддан ўлдиришни тақиқлайди.
SASнинг собиқ аъзоси Ироқдаги бир операцияда кимдир қатл этилганини билиб қолганини ҳам айтиб берди.
"У ҳеч қандай хавф туғдирмаётгани, қуролсиз экани аниқ кўриниб турарди. Бу шармандалик. Бунда профессионаллик йўқ," дейди собиқ у. У қўшимча қилишича, бу қотиллик ҳеч қачон тўғри текширилмаган. SAS фахрийсининг сўзларига кўра, муаммо полк Афғонистонга ўтишидан анча олдин бошланган ва "юқори қўмондонлар бундан хабардор бўлган."

Гувоҳлик кўрсатмалари, шунингдек, Би-би-си томонидан 2006 йилда Ироқдаги SAS операцияларидан олинган янги видео далиллар Panorama'нинг аввалги хабарларини тасдиқлайди: SAS эскадронлари бир-бири билан ўлдириш сони бўйича рақобатлашган.
Би-би-си манбаларига кўра, SASнинг баъзи аъзолари шахсий ўлдириш ҳисобларини юритган ва бир хизматчи Афғонистонга олти ойлик хизмат сафари давомида шахсан ўнлаб одамларни ўлдирган.
"У ҳар бир операцияда, ҳар кеча кимнидир ўлдиришга уринаётганга ўхшарди," дейди собиқ ҳамкасби ва қўшимча қилади: "У эскадронида машҳур эди, у ҳақиқатан ҳам психопатга ўхшарди."
Манбалар айтишича, SAS ичида машҳур бўлган бир воқеада, хизматчи бошқа отмасликни сўрагандан сўнг, яраланган афғон эркакнинг томоғини кесиб ташлаган. "Чунки у бориб, ярадорни пичоқ билан ўлдирмоқчи эди," деди яна бир собиқ ҳамкасби. "У, биласизми, пичоғини қонга ботирмоқчи эди."
Гувоҳлар кўрсатмаларига кўра, бу тахмин қилинаётган жиноятлар ҳақидаги маълумот фақат кичик гуруҳлар ёки алоҳида эскадронларгагина маълум бўлмаган. Буюк Британия махсус кучлари қўмондонлик тузилмасида "ҳамма биларди" нима бўлаётганини, дейди бир фахрий.
"Мен шахсий жавобгарликни четга сураётганим йўқ, лекин ҳамма биларди, – дейди у. – Содир бўлаётган воқеаларга яширин розилик бор эди."
Гувоҳлар сўзларига кўра, қотилликлар текширилишидан қочиш учун SAS ва SBS аъзолари ҳалок бўлганлар жасадлари ёнига қурол ташлаб қўйишарди. Махсус кучлар мунтазам равишда олинган фотосуратларда уларни қуролланган қилиб кўрсатган.
"Улар ўзлари билан олиб борадиган сохта граната бор эди, у портламасди," дейди SASнинг собиқ оператори. Яна бир фахрийнинг айтишича, операторлар буклама қўндоқли АК-47 милтиқларини олиб юришарди, чунки уларни рюкзакка жойлаштириш ва "жасад ёнига қўйиш осонроқ" эди.
Ҳисоботлар "уйдирма" эди
Гувоҳлик маълумотларига кўра, шундан сўнг офицерлар ҳужум гуруҳларининг жойлардаги ҳаракатлари фош бўлмаслиги учун операциядан кейинги ҳисоботларни сохталаштиришга ёрдам беришган.
"Ҳарбий полицияга мурожаат қилишга сабаб бўлмаслиги учун жиддий ҳодисалар ҳақида қандай ёзиш кераклигини билардик," дейди фахрийлардан бири.
"Агар отиш уруш қоидалари бузилишидек кўринса, юридик маслаҳатчи ёки штаб офицерларидан бири қўнғироқ қиларди. Улар сизни тўғрилаб, тилни аниқлаштиришга ёрдам беришарди. «Кимдир тўсатдан ҳаракат қилганини эслайсизми?» «Ҳа, энди эсладим.» Шунга ўхшаш гаплар. Бу бизнинг иш услубимизга сингиб кетганди."
Ҳисоботлар "тўқима эди," дейди яна бир UKSF фахрийси.
SBS билан ишлаган разведка ходими ўлганлар тасодифан отишма ўртасига тушиб қолгани ҳақидаги хабарларни тасвирлаб берди, бироқ фотосуратларда "бошларидан бир нечта аниқ ўқ узилган" жасадлар кўрсатилган эди.
Сохталаштирилган ҳужжатлар Қироллик ҳарбий полицияси тергови олдини олишга ёрдам бериши мумкин эди, аммо Британия махсус кучлари операциялари афғон қўмондонлари ва афғон ҳукумати амалдорларида чуқур ташвиш уйғотган.
Дэвид Кэмерон - 2010 йил июнидан 2013 йил ноябригача Бош вазир сифатида Афғонистонга етти марта борган. Айни шу давр ҳозир жамоатчилик текширувида. Учрашувларда қатнашган кўплаб одамлар айтишича, Афғонистон президенти Ҳамид Карзай бу хавотирлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб турган.
Жаноб Карзай "бу масалани доимий равишда, қайта-қайта тилга оларди," дейди Афғонистон миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси доктор Рангин Дадфар Спанта Panorama'га. Унинг айтишича, лорд Кэмеронда Буюк Британия махсус кучлари операцияларида тинч аҳоли, жумладан болалар ҳалок бўлгани ҳақидаги даъволар борлигига шубҳа қолмаган бўлиши керак.

Афғонистон президенти тунги рейдлар, тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ва ҳибсга олишлар ҳақидаги шикоятларини шунчалик тез-тез такрорлар эдики, бу унинг учун жиддий муаммо эканлигини Ғарбнинг бирорта ҳам юқори мартабали дипломати ёки ҳарбий раҳбари эътибордан четда қолдирмаган бўларди," дейди НАТОдаги АҚШнинг собиқ элчиси генерал Дуглас Лют.
Генерал Лютнинг таъкидлашича, "агар Британия кучларига қарши қандайдир даъво бўлса-ю, Британия қўмондонлик занжири бундан бехабар қолган бўлса, бу ғоят ноодатий ҳолат бўларди".
Лорд Кэмероннинг вакили Panorama дастурига айтишича, "лорд Кэмероннинг хотирасига кўра", президент Карзай кўтарган масалалар умуман НАТО кучлари ҳақида бўлган ва "Буюк Британия махсус кучларига оид аниқ ҳодисалар тилга олинмаган".
Шунингдек, матбуот котиби "терговнинг расмий натижаларини кутиш тўғри эканлигини" айтди ва "лорд Кэмероннинг оғир жиноятлар ҳақидаги айбловларни яширишда тил бириктиргани ҳақидаги ҳар қандай тахмин мутлақо асоссиз" деб қўшимча қилди.
АҚШ ва Франция каби бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Буюк Британияда сара махсус кучлар полклари устидан парламент назорати мавжуд эмас. Уларнинг ҳаракатлари учун стратегик жавобгарлик охир-оқибат Бош вазир, мудофаа вазири ва махсус кучлар қўмондони зиммасига тушади.
Қуролли Кучларда хизмат қилаётганларни айблаш ва жиноий жавобгарликка тортиш учун масъул бўлган ҳарбий прокуратуранинг собиқ директори Брюс Хоулдер Panorama дастурига берган интервьюсида жамоатчилик текшируви Лорд Кэмероннинг ўша воқеалардан хабардор бўлгани ёки йўқлигига аниқлик киритишига умид билдирди.
"Сиз бу муаммо қанчалик юқори даражаларга етиб борганини билишингиз керак," деди жаноб Хоулдер.













