Марказий Осиё эмас Туркистонми? Туркия мактаб дарсликларига ўзгартиришлар киритмоқда

Туркийзабон давлатлар раҳбарлари йиғилиши.

Сурат манбаси, BBC/GettyImages/Official

Сурат тагсўзи, Туркия Миллий Таълим вазирлиги тарих фани бўйича ўқув дарсликларида Туркистон атамаси қўлланишини эълон қилди.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Туркия Миллий Таълим вазирлиги тарих фани бўйича ўқув дарсликларига ўзгартиришлар киритиб, Марказий Осиё атамасини Туркистон, дея ўзгартирилиши ҳақида эълон қилди.

Профессор Аҳмад Ташгилнинг TRT Haber агентлигига айтишича, "турклар замини" маъносини англатувчи Туркистон атамаси тарихшуносликда қадимдан ишлатиб келинган.

19-асрнинг 2- ярмида минтақа Россия томонидан ишғол қилинганидан сўнг эса Марказий Осиё атамаси қўллана бошлаган.

Туркиялик мутахассислар мактаблардаги тарих дарсликларида Туркистон атамасининг қўлланишини маъқуллаб, бу тўғри қарор бўлганлигини айтишмоқда.

Уларга кўра, муштарак тарих, география, адабиёт ва умум турк алфавитини яратиш йўлида Туркия Миллий Tаълим вазирлигининг ҳатто кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун дарсликларга Туркистон атамасини киритиши муҳим қадамдир.

Айни вақтда бу қарор Туркиянинг минтақада ўз ролини шакллантириш ҳаракатлари борасидаги саволларни ҳам келтириб чиқарган.

Баъзилар бу қадам регионализмнинг янги кўринишини англатиши мумкинлигига эътибор қаратишмоқда.

Украинадаги уруш туфайли минтақада Россия таъсирининг заифлашиши шунингдек, Хитойнинг ўз таъсирини кучайтириш уринишлари назарда тутилса, бу қарор геополитик ўзгаришларда алоҳида аҳамият касб этиши мумкинлиги айтилмоқда.

"Марказий Осиё камситувчи атама"

BBC
Turkiston turkiy xalqlar manfaatlarini aks ettiruvchi atamadir. Markaziy Osiyo esa kamsituvchi atama
Bahrom Irzayev
Tarixchi (batafsil:bbc.com/uzbek)

Ўзбекистонлик тарихчи Баҳром Ирзаевнинг ВВС Ўзбек хизмати билан суҳбатда айтишича, минтақа тарихшунослигида Туркистон атамаси 1950-1960 йилларга қадар ишлатилган.

Унга кўра, Марказий Осиё атамасининг киритилиши Россия томонидан ишғол қилинган минтақада янги шўро республикаларининг яратилиши ортидан тарихий Туркистон атамасини йўқотишга уриниш эди.

"Ҳозирда Туркистон атамасининг тикланиши Шўролар асоратига қарши қаритилган қадамдир", дейди тарихчи.

"Бу атама Туркистоннинг иқтисодий, сиёсий, маданий ва ҳатто ҳарбий қудрат сифатида ягоналигини кўрсатиб, келажакда Туркий давлатлар ташкилотининг мафкуравий асоси сифатида хизмат қилиши мумкин", дея қўшимча қилди тарихчи Баҳром Ирзаев.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:

Туркистон Иттифоқи яралса халққа фойдаси бўладими?

Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг айтишича, Туркистон минтақавий ҳамкорлиги кучайиши иқтисодий ва иш ўринлари етишмаслиги муаммоларига юз тутаётган минтақа аҳолиси учун энг аввало меҳнат бозори кенгайишини англатиши мумкин.

Шунингдек, ўртадаги чегараларнинг шаффофлашиши ҳамкорлик доирасидаги ҳар бир давлатнинг ўз потенцалидан кенгроқ фойдаланиб, қўшни давлатлар билан биргаликда ривожлантириш имкониятларини кўпайтиради.

Аммо Туркия Миллий Таълим вазирлигининг қарори ҳозирда кўпроқ туркий халқлар иттифоқини эмас, тарихий маънода минтақага нисбатан ишлатиладиган географик атамани кўзда тутаётган кўринади.

Куч бирликдами?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

ВВС Ўзбек хизматининг тарихчи Баҳром Ирзаев билан ўз Youtube каналида нашр қилган суҳбати қизғин баҳсларни келтириб чиқарган.

Қолдирилган изоҳлар орасида "Туркий давлатлар бирлашса йирик иқтисодий иттифоқ пайдо бўлиши" мумкинлиги ҳақида @Youtubkkkmmm номли фойдаланувчи фикри бор.

Яна бошқа фикрларга кўра, бирлик ҳақида гап кетганда ишни аввало ягона алифбони яратишдан бошлаш керак. Шундагина ҳамжиҳатликка эришиш мумкин.

"Тезроқ бирлашиб, катта ҳарбий блок тузиб, битта иқтисодий федерация тузилиши керак. Акс ҳолда Россия, Хитой ва АҚШ орасида ўйинчоқ булади. Битта ТУРОн тузилиши керак», дея изоҳ қолдирган @Giyyh645Gikgg9 номли яна бир ВВС нинг Youtube канали кузатувчиси.

Аммо бу ғоянинг амалга ошишига шубҳа билан қаровчилар ҳам бор.

@NajmiddinNiyozmatov-x4s номли фойдаланувчининг фикрича, бу ғоя "ҳеч қандай фойда бермайди. Аксинча яна қуллик даврига қайтаради. Халқ тоифаларга бўлинади. Бирлашиш имкони пасаяди. Ташқаридан душман келиб қулликдан озод қилса, озод бўлади. Келмаса, қуллигича қолади».

Яна бошқа бир фикрга кўра, ғоянинг амалга ошмаслигига сиёсий ироданинг йўқлиги сабабдир.

"Давлат раҳбарлари бундан манфаатдор эмас. Булар рус оғасига қараб қадам босади. Бу бир ўйин, халқни атайлаб чалғитиб туриш», дея изоҳ қолдирган @YerTeer номли фойдаланувчи.

@ShodiqulYunusov-w1s номли фойдаланувчи эса "Бу зонада тожиклар ҳам бор-ку, ажралиб қолмасмикан», дея фикр қолдирган.

Эслатма: айрим изоҳлар имловий жиҳатдан таҳрир қилинди.