Динозаврлар ҳақидаги илмий хулосалар энди буткул ўзгарадими – янги топилмалар сири

Сурат манбаси, Masato Hattori
- Author, Виктория Гилл
- Role, BBC News илм-фан мухбири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Олимлар Мўғулистондаги музей коллекциясини ўрганар экан, янги динозавр турини кашф этишди. Уларнинг айтишича, бу топилма тиранозаврларнинг эволюцион тарихини тубдан ўзгартиради.
Тадқиқотчилар ўрганган 86 миллион йиллик икки скелет ҳозиргача маълум бўлган барча тиранозаврлар – жумладан, машҳур Т. rex'нинг энг яқин аждоди бўлган янги тур вакиллари экани аниқланди.
Олимлар ушбу янги турга Khankhuuluu mongoliensis деб ном беришди (талаффузи: ханхуулу), бу эса "Мўғулистоннинг аждар шаҳзодаси" деган маънони англатади.
Nature журналида эълон қилинган ушбу кашфиёт, тиранозаврлар қандай қилиб Шимолий Америка ва Осиёда динозаврлар даври якунигача ҳукмронлик қилган улкан йиртқичларга айлангани ҳақида муҳим маълумот беради.
Т. rex каби динозаврларнинг тўлиқ сақланган қолдиқлари бизга уларнинг ташқи кўринишини аниқ тасвирлаш имконини беради.
Аммо уларнинг қадимги аждодлари ҳанузгача илм-фан учун сирлигича қолмоқда.
"Шаҳзода" деб аташимиз сабаби – бу ҳали кичик, дастлабки тиранозавроид бўлгани," дейди Канададаги Калгари университети палеонтологи, профессор Дарла Зеленицкая.
Тиранозавроидлар – бу икки оёқда ҳаракатланган гўштхўр динозаврлар гуруҳидир.
Дастлабки тиранозавроидлар ниҳоятда кичик бўлган.

Сурат манбаси, Darla Zelenitsky
Тадқиқот муаллифларидан бири, докторант Жаред Ворис шундай дейди: "Улар жуда кичик, чаққон йиртқичлар бўлиб, йирик йиртқич динозаврлар соясида яшашган."
Khankhuuluu эса муҳим эволюцион ўтиш босқичини ифодалайди – яъни чопқиллаб юрган майда йиртқичлардан Т. rex каби улкан гигантларга айланиш оралиқ босқичи.
Бу динозавр тахминан 750 килограмм оғирликда бўлган. Таққослаш учун, вояга етган Т. rex бундан саккиз баравар оғирроқ бўлган.
"Шунинг учун бу топилма биз учун муҳим ўтиш даври фосcилидир [тош қотган қолдиқ], – дейди профессор Зеленицкая, – у қадимги аждодлар билан қудратли тиранозаврлар орасидаги кўприк бўлиб хизмат қилади."
"Бу кашфиёт тиранозаврлар насаб дарахтини қайта кўриб чиқишга имкон берди ва уларнинг эволюцияси ҳақидаги тасаввурларимизни янгилади," дея қўшимча қилади у.

Сурат манбаси, Julius Csotonyi
Янги тур тиранозаврларнинг ҳукмронлигини таъминлаган белгилар, хусусан, кучли жағ шаклланган бош суяк тузилмасининг дастлабки босқичларини ҳам кўрсатади.
Жаред Ворис бундай изоҳ беради: "Унинг бурун суягида биз кейинчалик тиранозаврларнинг қудратли тишлам кучини юзага келтирган белгиларни кўрамиз."
Айнан ана шундай қудратли жағлар ривожланиши Т. rex'га катта ўлжаларга ҳужум қилиш ва ҳатто суякни парчалаш имконини берган.

Сурат манбаси, .
Тадқиқот объекти бўлган иккита скелет парчаси дастлаб 1970-йилларда Мўғулистонда топилган.
Улар аввал Alectrosaurus турига мансуб деб ҳисобланган, бироқ Жаред Ворис уларни қайта ўрганиб, тиранозаврсимон ўзига хос белгиларни аниқлаган.
"У менга бу янги тур бўлиши мумкинлигини айтиб хабар юборгани ҳали ҳам ёдимда," дея эслайди профессор Зеленицкая.

Сурат манбаси, Riley Brandt/University of Calgary
Ушбу динозаврлар гуруҳи ўз вақтида Сибир ва Аляскани боғлаб турган қуруқлик кўприклари орқали Шимолий Америка ва Осиё ўртасида эркин кўчиб юрган. Бу эса уларга турли экологик муҳитларга мослашиш имконини берган.
"Қитъалар ўртасидаги бу алмашинув тиранозаврларнинг турли гуруҳлари миллионлаб йиллар давомида турли йўналишларда эволюцияланишига туртки бўлган," дейди Ворис.
Профессор Зеленицкая якуний хулосани шундай ифодалайди: "Бу кашфиёт бизга тиранозаврлар қирол бўлгунга қадар шаҳзода бўлганини кўрсатади."












