Исроил зарбаларидан кейин Аш-Шаръа друзлар ҳимоя қилинади деди. Видео

Syrian security forces patrol the southern city of Suweida on 17 July 2025

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа айтишича, Сувайдадан ноқонуний қуролли гуруҳлар сиқиб чиқарилган
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Исроил Сурия ҳукумат қўшинларини друзларга ҳужумларда айблаб пойтахт Дамашқ ва бошқа жойларга зарбалар берди, бунинг ортидан Сурия муваққат раҳбари Аҳмад аш-Шаръа друз диний оқимидагиларни ҳимоя қилиш ҳукуматнинг устувор вазифаси экани айтилган телемурожаат билан чиқди.

Аҳмад аш-Шаръа ҳукумат кучлари Сувайда шаҳридан олиб чиқилди деди.

Сурия марказидаги Сувайда вилоятида аксар друзлар истиқомат қиладилар.

Сувайда шаҳрида Исломнинг Шиа мазҳабидаги друзлар билан бадавийлар ўртасида келиб чиққан қуролли тўқнашувлар ортидан Сурия ҳукумат кучлари шаҳарга киритилди, Аҳмад аш-Шаръанинг Сунний исломий гуруҳи аъзоларидан таркиб топган ҳукумат қўшинлари друзларга қарши ҳужумлар, ўзбошимча қатлларда айблангани хабарлари тарқалди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар

Друзлик Шиаликда вужудга келган фирқа (диний гуруҳ).

Друзлар Сурияда, Ливан, Иордания, Исроил ва босиб олинган Жўлон тоғларида истиқомат қиладилар.

Би-би-си мухбири ёзишича, друзлар ва бошқа озчиликлар вакиллари Аҳмад аш-Шаръа етакчилигидаги гуруҳга шубҳа билан қарашда ҳамон давом этиб келади, бунинг боиси гуруҳнинг жиҳодчилик ўтмишидир.

Аҳмад аш-Шаръа "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳига раҳбарлик қилган, гуруҳ ўтмишда БМТ томонидан террорчи ташкилот деб кўриладиган "Ал-Қоида"га алоқадор гуруҳ бўлган.

Сурияда охирги вақтларда ҳалокатли мазҳаблараро зўравонликлар кўпайди, май ойида ҳам друз жангарилари билан ҳукумат хавфсизлик кучлари ва ҳукуматнинг иттифоқчиси бўлган исломий жангарилар ўртасида ана шундай тўқнашувлар кузатилди.

17 июлда намойиш этилган телемурожаатида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа таъкидлашича, друзлар Сурия халқининг "фундаментал таркибий қисми"дир.

Аш-Шаръа айтишича, "Исроил аралашувига қарамасдан, Сувайдага жойлаштирилган ҳукумат кучлари барқарорликни таъминлаш ва ноқонуний гуруҳларни сиқиб чиқаришда муваффақиятга эришган".

Унинг сўзларига кўра, Исроил аралашуви "вазиятнинг салмоқли мураккаблашиши ва кенг миқёсга ёйилишига" сабаб бўлган.

"Биз урушдан қўрқадиган одамлар эмасмиз. Биз умримизни мушкулликларга рўпара келиб ва халқимизни ҳимоя қилиб ўтказган одамлармиз. Лекин биз сурияликлар манфаатини тартибсизлик ва вайронагарачиликдан устун қўямиз", деди Аҳмад аш-Шаръа.

Бундан кейин Сувайдадаги хавфсизлик учун масъуллик диний оқсоқоллар ва "олий миллий манфаатгаа асосланган аайрим маҳаллий гуруҳлар зиммасига топширилади, деди у.

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа ўз нутқини ҳукумат "бизнинг друз халқимизни безовта ва ҳақорат қилганларни жавобгарликка тортади" деган ваъда билан якунлади.

16 июл куни Исроилдаги друз жамоаси вакиллари билан учрашган Бош вазир Бенямин Нетаняҳу "Исроил кучлари бизнинг друз биродарларимиз ҳаётини асраш ва режим бандитларини йўқ қилиш мақсадида" ҳаракат қилаяпти деди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Map showing Syria, Israel, the occupied Golan Heights and Suweida city

Исроил нега друзлар тўқнашувига аралашди?

Мухбирларга кўра, ўзича мустақил бўлиниб кетган ҳудудлар устидан Суриянинг янги ҳукумати ўз ҳокимиятини ўрнатишгаа ҳаракат қилар экан, бу нарса ҳалокатли мазҳаблараро зўравонликларга сабаб бўлаяпти, шундоғам мўрт мамлакат хавфсизлигини хавф остига қўйяпти.

13 июл куни Сувайдада друз сотувчи бадавий қуроллилар томонидан ўғирлаб кетилгани друз ва бадавий жангарилар ўртасида ҳалокатли қуролли тўқнашувларни келтириб чиқарган.

15 июлда Исроил ҳарбий зарбалар бергани сабабини Сувайдада друзларга ҳужум қилишда айблаган Сурия ҳукумат кучларини йўқ қилиш ва друз диний озчилигини ҳимоя қилиш мақсади билан тушунтирди.

Мухбирлар Сувайда вилоятида апрел ва май ойларида ҳам друз жангарилари ва Сурия янги ҳукумати хавфсизлик кучлари ўртасида қонли тўқнашувлар рўй бергани, оқибатда ўнлаб инсон ҳалок бўлганини хабар берганлар.

Март ойида Сурия ғарбий соҳилидаги ҳудудларда собиқ президент Башар ал-Асаднинг Алавий диний жамоаси аъзолари хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилгани хабар қилинди.

Сурия аҳолисининг уч фоизини ташкил этадиган друзлар, асосан, мамлакатнинг жанубий ҳудудларида яшайдилар, бу ҳудудлар эса Исролнинг шарқий чегараларига туташ.

Суриядаги 14 йиллик фуқаролар уруши даврида друзлар ўзларини ўзларининг қуролланган ҳарбий гуруҳлари билан ҳимоя қилиб келдилар.

2024 йил декабрида Башар ал-Асад режими қулаганидан кейин друзлар Сурия янги раҳбариятининг жануб устидан ўз назоратини жорий қилиш ҳаракатларига қаршилик кўрсатиб келдилар.

Мухбирларга кўра, друз жамоалари ўртасида ҳам янги Сурия ҳукумати билан қандай муносабат ўрнатиш борасида бўлиниш мавжуд.

Бу ерда асосий масалалардан бири друз жангариларининг Сурия хавфсизлик кучлари таркибига кириш-кирмаслик масаласи.

Друзлар жанубий ҳудудларни Сурия ҳукумата хавфсизлик кучлари эмас, ўзларининг маҳаллий жангарилари назорат қилишини исташади.

Асад режими ағдарилганидан кейин Исроил ўз чегараларига яқин ҳудудлардаги друзлар яхши муносабат ўрнатиш, Сурия ичидаги озчиликлар билан иттифоқ барпо этишга ҳаракат қилиб келади.

Сурия ҳудудларига ва янги ҳукумат қўшинларига ҳужум қилиш билан Исроил ўзини Суриядаги озчиликларнинг, хусусан, курдлар, друзлар ва алавийларнинг минтақавий ҳимоячиси сифатида кўрсатишни истайди.

Май ойидаги мазҳаблараро тўқнашув пайти ҳам Исроил Дамашқдаги президентлик саройи яқинига зарба берган, бу друзларга ҳужумлардан огоҳлантириш деб айтган.

Аммо Сурия ва Ливандаги айрим друз шахслар Исроилни ўзининг минтақадаги экспансия ғояларини илгари суриш мақсадида мазҳаблараро бўлинишларни янада чуқурлаштираётганликда айблаб чиқдилар.

Мухбирларга кўра, Исроилнинг сўнгги ҳужумларидан кўзлаган мақсади огоҳлантириш ва Сурия жанубига янги ҳукумат армияси қўшинлари жойлаштирилиши олдини олишдир.

Исроил Сурия жанубий ҳудудларида демилитаризация зоналарини барпо этишни истайди, ўзи босиб олган Жўлон тоғликлари яқинида исломий жангарилар жойлаштирилишидан хавотирланади.