Тенг тенги биланми ё нега ўқимишли аёллар эр танлаганда бир поғона пастга қарашмоқда?

to'y

Сурат манбаси, kkshepel/Getty Images

    • Author, Селин Гирит
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Анъанага кўра, эртакларда маликалар бахтли бўлиши учун оқ отли шаҳзода келиши ва уларга уйланиши керак. Аммо аёллар ўқимишли ва иқтисодий мустақил бўлиши манзарасида бир поғона баланд шаҳзодага эҳтиёжлар қолмаётган кўринади…

Синдрелла ва Маликзода каби классик эртаклардан тортиб, Жейн Остиннинг "Мағрурлик ва хурофот" асаридаги Элизабет Беннет ва жаноб Дарси каби машҳур адабий жуфтликларгача, аёлларнинг "мавқеи юқори одамга турмушга чиқиш" истаги узоқ вақтдан бери маданий меъёрларни шакллантириб келган. Аммо кўпроқ аёллар олий маълумот ва молиявий мустақилликка эришгани сайин, бу анъанавий муносабатлар ўзгармоқда.

Алоқадор мавзулар:

"Бугунги кунда ёшлар ўртасида номутаносиблик кучайиб бормоқда, олий маълумотли аёллар эркакларга қараганда анча кўп," дейди Австриядаги Вена университети социологи Надия Штайбер.

Натижада, кўплаб аёллар ўзларига тенг маълумотли ёки ижтимоий-иқтисодий мақомга эга жуфт излашса-да, улар кўпинча иккинчи энг яхши вариантга рози бўлишади. Бу ҳолат "пастроққа" жуфтлик деб таърифланади, дейди у.

Ижтимоий фанда бу ҳодиса "гипогамиянинг ортиши" деб аталади.

Гипогамия нима?

sturti/Getty Images
Bugungi kunda yoshlar o‘rtasida nomutanosiblik kuchayib bormoqda, oliy ma’lumotli ayollar erkaklarga qaraganda ancha ko‘p.
Nadiya Shtayber
Vena universiteti sotsiologi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Гипогамия – ижтимоий, иқтисодий ёки маълумот жиҳатидан ўзидан пастроқ мавқели киши билан турмуш қуриш ёки ишқий муносабатда бўлишни англатади.

Анъанага кўра, бунинг акси – гипергамия (юқорига жуфтлик) аёлларда кўпроқ учрайди ва жамият томонидан қабул қилинади. Маданий меъёрлар боис узоқ вақтдан бери аёллар молиявий жиҳатдан барқарорроқ, ёши каттароқ ёки яхшироқ маълумотли жуфтларни излаб келган.

синдерелла

Сурат манбаси, Historical Picture Archive

Лондондаги "Civitas" таҳлил маркази профессори, британиялик социолог Кэтрин Ҳаким шундай дейди: "Тарихан, ишлаши керак бўлган ўғил болаларга, уй ишларини онасидан ўрганган қизларга қараганда кўпроқ таълим берилган."

"Эр-хотинларнинг ёши ва маълумоти ўртасидаги катта фарқ патриархатнинг гуллаб-яшнашига имкон берди. Эркаклар ва аёллар учун таълим тенглиги замонавий, фаровон жамиятлар хусусиятидир," дейди у.

Рақамлар ўзгариши

Сўнгги маълумотлар бу ўзгараётган манзарани акс эттиради. 2023 йилда Pew тадқиқот маркази томонидан ўтказилган ўрганиш шуни кўрсатдики, АҚШдаги гетеросексуал никоҳлардаги аёлларнинг 24 фоизи эрларига қараганда юқорироқ маълумотга эга бўлган, бу 1972 йилдаги 19 фоиздан кўпроқ.

Худди шу тадқиқот кўрсатишича, оилаларнинг 29 фоизида эр-хотиннинг иккаласи ҳам тахминан бир хил миқдорда пул топган. Анъанавий модель ҳали ҳам устун бўлиб, эрларнинг ярмидан кўпи асосий ёки ягона боқувчи бўлса-да, оилаларнинг 16 фоизида аёллар бу ролни бажармоқда.

Эътиборга лойиқ томони шундаки, сўнгги эллик йил ичида эрига тенг ёки ундан кўп даромад оладиган аёллар улуши деярли уч баравар ошди.

сериал

Сурат манбаси, Mark Lawrence/TV Times

Бу ўзгаришлар узоқ йиллик гендер меъёрларига таъсир кўрсатмоқда ва жуфтлик атрофидаги кутилмаларни қайта шакллантирмоқда, кўпинча ривожланаётган воқелик ва сақланиб қолаётган ижтимоий танловлар ўртасида зиддиятларни келтириб чиқармоқда.

"Баъзи аёллар юқори ижтимоий-иқтисодий мақомга эга жуфтларни излашда давом этаётган бўлса-да, кўпчилик энди анъанавий мақом белгиларидан кўра ҳиссий мослик, муштарак қадриятлар ва ўзаро ҳурматни устун қўймоқда," дейди Ignite Dating компаниясидан Мишел Бежи.

"Бу ўзгариш иерархик тузилмаларга эмас, балки шериклик ва шахсий қониқишга урғу берадиган тенглик муносабатларига кенгроқ ўтишни акс эттиради," дея қўшимча қилади у.

Кэтрин Ҳакимнинг айтишича, таълим тенглиги ҳозирда Европа ва Шимолий Америкада энг кенг тарқалган.

"Эр-хотинларнинг ярми, баъзан тўртдан уч қисми таълимлари тенглиги ҳақида гапиради, – деб тушунтиради у. – Хотинларнинг тахминан учдан бир қисми юқори мавқелига турмушга чиқади, эрларнинг тахминан бешдан бир қисми шундай қилади. Таълим тенглиги – меъёрга айланган."

Глобал меъёрлар

Ғарб жамиятларида гипогамиянинг кучайиши тобора кўзга ташланаётган бўлса-да, дунёнинг кўп жойларида гипергамия ҳали ҳам устун.

"Ҳинду муқаддас китобларида каста ичидаги никоҳга эътибор қаратилади, бироқ "анулома» никоҳи, яъни эркакнинг қуйи каста вакили бўлган аёлга уйланишига рухсат берилади, «пратилома» ғ эркакнинг юқори каста вакили бўлган аёлга уйланиши эса тақиқланади," дейди АҚШнинг Мэриленд университети социологи Соналде Десаи.

ҳиндистон

Сурат манбаси, MarcoVDM/Getty Images

Унинг таъкидлашича, Ҳиндистонда келишилган никоҳлар ҳам устун, уларнинг деярли 95 фоизи бир каста ичида бўлади. Газеталардаги никоҳ ҳақидаги эълонларда акс этган анъанавий меъёрлар одатда куёвнинг ёши каттароқ, бўйи баландроқ ва ҳеч бўлмаганда келинчалик маълумотли бўлишини талаб қилади.

"Бироқ, эмпирик тадқиқотлар кўрсатишича, аёлларнинг маълумоти пастроқ эркакларга турмушга чиқиш ҳолати кучайиб бормоқда," дея қўшимча қилади у.

Эрон яна бир ёрқин мисол, бу мамлакат Яқин Шарқдаги олий ўқув юртларини битирган аёллар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга. Шундай бўлса-да, патриархал меъёрлар сақланиб қолмоқда, чунки кўплаб оилалар ҳали ҳам эркаклар асосий таъминотчи бўлишини кутади. Бу эса "мақбул" жуфт топишга қийналган ёлғиз, ўқимишли аёллар сони кўпайишига олиб келмоқда, дейди мухбирлар.

Эрон

Сурат манбаси, Grigorev_Vladimir/Getty Images

Аммо аёлларнинг янги авлоди бу анъанавий кутилмаларга қарши чиқмоқда. Уларнинг кўпчилиги шахсий мустақиллик, карьера ва замонавий Эрон жамиятида жуфтлик тушунчасини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда.

Хитойда "шенг ну" ("ўтириб қолган аёллар") деган ҳақоратли атама 20 ёшлар охири ёки 30 ёшларда турмушга чиқмаган, юқори маълумотли аёлларга нисбатан ишлатилади. Японияда эса аёллар иқтисодий мустақиллик ва анъанавий гендер ролларининг оғирлиги туфайли турмуш қуришни тобора кечиктирмоқда ёки бутунлай воз кечмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Норвегия ва Швеция каби мамлакатлар эса бунинг аксини кўрсатади. Кучли гендер тенглиги сиёсати, ота-оналик таътиллари ва аёллар банлиги юқорилиги туфайли, дунёнинг бу қисмида тенг ҳуқуқли жуфтлик кенг тарқалган.

"Меъёрий босимлар турли жамиятларда турлича аҳамиятга эга," дейди Штайбер хоним.

"[Ғарбда] олий маълумотли аёллар – гарчи эрларидан кўпроқ даромад қилмасалар ҳам – муносабатларда яхши ижтимоий мавқега эга. Улар биргаликда қарор қабул қилишади. Бошқа маданиятларда эса бу янада чекланган бўлиши мумкин," дейди у.

Ижтимоий тармоқлар таъсири

Амалда камайишига қарамай, гипергамия ижтимоий тармоқларда одатий сўз бўлиб қолмоқда. У кўпинча муносабатлар бўйича маслаҳатлар, бой ёки юқори мавқели жуфтни қандай топиш бўйича кўрсатмалар билан бирга трендга айланмоқда.

"Паспорт оғалар" – анъанавий гендер ролларини қабул қиладиган жуфтларни чет элда излайдиган ғарблик эркаклар ва "анъанавий хотин" ҳаракати кучайиши каби трендларда инфлюэнсерлар уй бекалилигини тарғиб қилади, аёлларни юқори даромадли эрларни излашга ундайди.

уй бекаси

Сурат манбаси, sturti/Getty Images

"Бу ҳаракатлар кўпинча анъанавий муносабатларга интилишни акс эттиради, баъзан гипергамик тузилмаларни идеаллаштиради," дейди Беги хоним.

"Улар замонавий танишув жараёни мураккабликларини кўрсатади. Бунда одамлар шахсий мустақиллик ва жамият кутилмаларини мувозанатлашга интилади. Бу эса одамларнинг муносабатларда қониқиш излашининг турли усулларини очиб беради," дея қўшимча қилади у.

Бироқ Штайбер хоним 1950-йиллардаги гендер роллари тикланишига шубҳа билан қарайди. Бу кўпинча гипергамияни нафақат мақбул, балки орзу қилинадиган ҳолат сифатида кўрсатмоқда.

"Бу ижтимоий тармоқлардаги оз сонли инфлюэнсерлар иши бўлиши мумкин, лекин бу демографик тенденцияни кўрсатаётган йўналиш эмас," дейди у.

"Юқори маошли хотинлар: нодир ҳолат"

Шунингдек, Штайбер хонимнинг таъкидлашича, аёллар "ўзидан пастроқ мавқедаги жуфт танласа", бу кўпинча эркаклар учун кўпроқ тарангликни келтириб чиқаради, чунки бу "анъанавий эркаклик ғояларига қарши бўлиши" мумкин.

"Масала аёлларнинг камроқ нарсани қабул қилишида эмас, балки кўпроқ эркаклар ўзидан маълумотлироқ ёки муваффақиятлироқ бўлган жуфт билан кураша олиш-олмаслигида," деб тушунтиради у.

аёллар

Сурат манбаси, PeopleImages

Баъзи социологлар таъкидлашича, аёлларнинг таълим даражаси ошгани сари, жамият тузилмалари анъанавий гендер ролларини сақлаб қолиш учун нозик тарзда ишлайди. Бу иш ҳақи тенгсизлиги, тўлиқ бўлмаган иш кунини рағбатлантириш ёки карьера ва оналикни мувозанатлаш қийин бўлган иш жойи меъёрлари каби механизмлар орқали амалга оширилади ва шу тариқа эркакларнинг иқтисодий устунлигини мустаҳкамлайди.

"Ҳамма жойда эркаклар одатда аёллар ёки ўз хотинларига қараганда кўпроқ маош оладилар, чунки хотинлар ва оналар одатда узлукли иш билан банд бўлишади ёки тўлиқ бўлмаган иш кунида ишлашади," дейди Кэтрин Ҳаким.

"Ҳатто "тенг ҳуқуқли" Скандинавияда ҳам эрлар ўртача уй хўжалиги даромадининг тўртдан уч қисмини олишда давом этмоқда. Юқори даромад қилувчи аёллар ёки хотинлар истисно, камдан-кам учрайдиган ҳолат бўлиб қолмоқда," дейди у.