You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия йирик 'геосиёсий шантаж қуроли'дан айрилдими?
Постсовет маконидан ҳам кутилган ва ҳам кутилмаган хабарлар олинмоқда. Энди Россиянинг таъсири янада камаядими?
Алоқадор мавзулар:
Россия таъсиридан қутулишми?
Эстония, Латвия ва Литва шу дам олиш кунларида бир вақтнинг ўзида Россия-Беларусь энергия тизимидан узилди.
Ҳар уч постсовет давлати унинг ўрнига Европаникига қўшилишга қарор қилди.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Россия Украинага очган уруш фонида кузатилгани билан ҳам ўзига хос эътибор тортди.
Расмий Вильнюс буни "энергетика мустақиллиги учун курашдаги сўнгги қадам", деб атади.
Литва Энергетика вазири "Россияни энергия тизими устидан назоратни геосиёсий шантаж қуроли сифатида қўллашнинг ҳар қандай назарий имкониятидан маҳрум қилганликлари"ни таъкидлади.
Хабарларга кўра, узилиш жараёни одатий тартибда кечган, бирор бир муаммо кузатилмаган.
Болтиқбўйи давлатларининг энергетика тизимлари эса, ўз тармоқларининг барқарорлигини синовдан ўтказиш учун бир кунча иҳоталанган ҳолда қолиши, кейин Европа энергия тизимига қўшилиши айтилган.
Мазкур тизимга континентал Европа давлатларидан ташқари яна Туркия, Жазоир, Марокаш ва Тунис ҳам киради.
Тармоқдан шундоқ узилишлари билан энергетиклар Латвиянинг Виляка шаҳрида, Россия чегарасидан тахминан 100 метрча масофада юқори кучланишли линияларни кесиб ташлашган.
Кесилган симларни эса, бўлаклаб, маросим иштирокчиларига эсдалик сифатида тарқатишган.
Болтиқбўйи давлатлари учун бу жараён муҳим рамзий аҳамият касб этган.
Шу кунларга қачон етиб келажакларини кўрсатиб бориш учун, ҳатто, Литва пойтахтида вақтни орқага ҳисоблаб борувчи махсус соат ҳам ўрнатилган.
Дам олиш кунларидаги тадбир ва унда янграган баёнотларга ҳозирча расмий Москванинг муносабати кўзга ташланмайди.
Литва, Латвия ва Эстония Европа Иттифоқи баробарида НАТОга ҳам аъзо уч постсовет давлатлари бўлишади.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, айнан Украина уруши фонида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон мисолида энг йирик Марказий Осиё давлатлари билан янги энергия – газ иттифоқларига киришиш, уларга газ экспортини ошириш, ҳамкорликда минтақада биринчилари бўлиши кутилаётган атом электр станцияларини қуриш ҳаракати ва режасида бўлган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Постсовет маконида Россия билан энергетика соҳасидаги ҳар қандай ҳамкорлик уларга нисбатан Кремль қўлидаги яна бир геосиёсий босим ёки таъсир воситаси сифатида кўрилади.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бўладими ва ёки ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, Россия шамсияси остидаги бу ташкилотлар ҳам аксарият минтақавий таҳлилчилар томонидан расмий Москванинг постсовет маконидаги энг йирик геосиёсий ва геоиқтисодий лойиҳалари, деган баҳо ва талқинларга сабаб бўлиб келади.
Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқининг божхона транзити тизимига қўшилиш ниятида эканига оид шу кунларда олинган хабарлар ҳам расмий Тошкентнинг Россия етакчилигидаги иттифоқ сари яна бир қадам ташлагани ва бу унинг учун нимани англатажаги оид саволларга сабаб бўлмай қолмаган.
Узилиш
Болтиқбўйи давлатларидан олдин БРЭЛЛ халқасидан Украина узилган.
Расмий Киев ўзининг бу қарорини Россия тажовузининг илк кунларида, аммо унга боғлиқ бўлмаган бир тарзда, аввалдан ишлаб чиқилган режага мувофиқ, 2022 йилнинг 24 февралида амалга оширган.
Украина ўшанда зудлик билан Европанинг энергия тизимига қўшилган ва 2023 йилнинг декабр ойида тўлиқ якунланган.
Уч Болтиқбўйи давлати эса, Россия-Беларусь энергия тизимидан узилишга 2009 йилда ҳозирликни бошлашган.
Аммо, маълум бўлишича, Россиянинг Украинага бостириб кириши бу жараённи фақат тезлаштирган.
Шу йилнинг 7 февралида амалдаги БРЭЛЛ шартномаси муддати тугаган, Литва, Латвия ва Эстония эса, уни ортиқ узайтирмасликка қарор қилишган.
Шартнома шартларига мувофиқ, учовлон ўз қарорлари ҳақида Россия ва Беларусни аввалдан огоҳлантиришган.
Болтиқбўйи давлатларини Россиянинг тизимига 21 та юқори кучланишли электр узатиш линияси боғлаган.
Улар босқичма-босқич узилган ва охиргиси 8 феврал куни ўчирилган.
Хабарларга кўра, БРЭЛЛ электр халқасидан узилиб, Европаникига қўшилиш Болтиқбўйи давлатлари ва Польшага 1.6 миллиард еврога тушган.
Аммо харажатларнинг катта қисмини Европа Иттифоқи ўз зиммасига олган.
Расмийлар Европа энергия тизимига ўтиш оддий аҳоли чўнтагига катта таъсир кўрсатмаслигини ваъда беришмоқда.
"Европа энергия бозори билан интеграция нархларни барқарорлаштиради, чунки Болтиқбўйи давлатлари рақобатбардош ва хилма-хил электр энергияси манбалари, шу жумладан қайта тикланувчи манбаларга кириш имкониятига эга бўлади", - деб айтган Ignitis Литва давлат энергетика холдинги раҳбари Дариус Майкштенас.
Унинг таъкидлашича, БРЭЛЛга қайтишлари ортиқ имконсиз ва кераксиз, ҳатто узилишлар бўлса ҳам, Болтиқбўйи давлатлари Европа энергия тизимига интеграция қилишда давом этишади.
End of Бизга аъзо бўлинг: