Сребреница мусулмонлар қирғини: Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Европадаги энг йирик қатлиом (Видео)

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Бу йил БМТ геноцид деб эътироф этган ҳалокатли воқеа – Сребреница қатлиоми содир бўлганига 30 йил тўлди.

Қатлиом 1992–1995 йиллар оралиғидаги Босния уруши давомида рўй берган.

Уруш босниялик серблар, босниялик мусулмонлар (босняк ёки бошноқлар) ва хорватлар ўртасида кечган.

Босниялик Серб қўшинлари БМТ ҳимоясида бўлган Сребреница шаҳрида тахминан 8 000 мусулмон эркак ва ўсмирни қириб ташлаган.

Ҳозиргача тахминан 1 000 қурбоннинг жасади топилмаган ёки шахси аниқланмаган.

2024 йили БМТ 11 июл санасини Сребреница қурбонларини ёдга олиш куни деб расман белгилади.

Сребреницада нима содир бўлган эди?

1990-йилларда Югославия парчалангач, уруш бошланди.

Олти республикали бу федерацияда илгари серблар, хорватлар, бошноқлар, албанлар ва словенлар биргаликда яшарди.

Нисбатан юмшоқроқ коммунистик режимни Президент Иосип Броз Тито бошқарган эди.

Тито вафотидан сўнг (1980), мамлакатда автономияга даъватлар кучайди ва мамлакат бўлина бошлади.

Боснияда Сербия томонидан қўллаб-қувватланган серблар, босняклар ва хорватлар ўртасида зиддият авж олди.

Сребреницада тахминан 40 000 босниак мусулмон яшарди.

1992–1995 йиллардаги уруш пайтида босниялик сербларнинг этник тозалаш кампанияси оқибатида улар мамлакатнинг бошқа минтақаларига қочган қочқинларга айланди.

1993 йилда Сребреница БМТ томонидан "хавфсиз ҳудуд" деб эълон қилинди ва унга халқаро тинчликпарварлар жойлаштирилди.

Бироқ 1995 йил 11 июл куни генерал Ратко Младич бошчилигидаги босниялик серб қўшинлари шаҳарга бостириб кирди. БМТ кучлари аҳолини ҳимоя қилишга ожиз қолди.

Серблар шаҳарни эгаллаб олганида, тахминан 20 000 мусулмон – асосан аёллар, болалар ва қариялар Потокаридаги нидерландиялик тинчликпарварлар қўриқлаётган БМТ базасига бошпана излаб келди.

Зўравонлик кучайгач, тинчликпарварлар таслим бўлди. Аёллар ва болалар автобусларга ўтқизилиб, хавфсиз ҳудудга олиб кетилди. Аммо эркаклар ва ўсмирлар алоҳида ажратиб олинди.

Уларнинг кўпчилиги ёппасига қатл қилинди, айримлари эса шаҳар атрофидаги ўрмонларда қочишга уринганда ўлдирилди.

Икки ҳафта ичида серб кучлари тизимли равишда 8 000 дан зиёд боснякни қатл этди.

Ҳали ҳам тахминан 1 000 кишининг жасади топилмаган ёки шахси аниқланмаган.

БМТ томонидан "хавфсиз ҳудуд" деб эълон қилинган бу ерда қуролсиз тинчликпарварлар атрофдаги қон тўкилишни томошабин бўлиб кузатишди, холос.

Суд қарори қандай бўлди?

Нидерландиядаги БМТнинг Собиқ Югославия бўйича Халқаро Жиноят Судида (ICTY) Сребреницадаги жиноятлар учун деярли 50 нафар босниялик серб суд қилинди.

Улар орасида Ратко Младич ва босниялик серблар раҳбари Радован Караджич ҳам бор эди.

Младич ва Караджич геноцид айблови билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

Суд жараёни давомида қатлиом олдиндан пухта режалаштирилгани ҳақида далиллар тақдим этилди.

Судя Алфонс Ори, Младични 2017 йили умрбод қамоққа ҳукм қилар экан, шундай деди:

"Содир этилган жиноятлар инсоният тарихидаги энг жирканч жиноятлар сирасига киради. Улар қаторида геноцид ва инсониятга қарши қирғин ҳам бор."

Судда омон қолганлар ва қурбонлар яқинларининг даҳшатли гувоҳликлари тингланди.

Айрим эркаклар тириклайин кўмилган. Айрим оталар фарзандларининг қатлини ўз кўзи билан кўришга мажбур қилинган.

Кўплаб қурбонлар Потокари қабристонида дафн этилган. Бу ерда кўп минглаб оддий оқ тошли қабрлар тепалик етакларида дарахтзор ичида жойлашган.

Кейинроқ БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан шундай деганди:

"Сребреница фожиаси БМТ тарихини абадий таъқиб қилади."

«Жиноят, аммо геноцид эмас»

Бироқ кўплаб босниялик серблар, шунингдек, Сербиядаги кўплаб одамлар 1995 йили Сребреницада содир этилган воқеаларни геноцид сифатида тан олишдан бош тортадилар.

2024 йили босниялик серб қонун чиқарувчилари Босния уруши даврида Сребреницада 8 000 мусулмоннинг ўлдирилиши геноцид эмаслигини таъкидловчи ҳисоботни қабул қилди.

Уларнинг етакчиси Милорад Додик бу операцияни "катта хатолик" деб атади.

"Бу жиноят эди, аммо геноцид эмас," деди Додик.

Уларнинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг катта қисми – тахминан 2 000 киши – урушда ҳалок бўлган бошноқ аскарлар бўлган.

Айримлар эса бу қатлиомни "Сребреница атрофидаги қишлоқларда ўлдирилган серблар учун интиқом" сифатида баҳолайди.

Бироқ БМТнинг 11 июлни "Сребреница геноциди қурбонларини ёдга олиш ва мулоҳаза қилиш халқаро куни" сифатида белгилаган резолюцияси бу каби инкор этиш ва уруш жиноятчиларини улуғлаш ҳолатларини қатъий қоралайди.

Ҳозир минтақанинг демографик ҳолати қандай?

1990-йиллар бошидаги урушдан аввал Сребреницада аҳолининг катта қисми босняк мусулмонлардан иборат эди.

Ҳозир эса бу ҳудудда асосан серблар яшайдилар.

Урушдан сўнг Босния ва Герцеговина икки асосий маъмурий бирликка бўлинди: Република Српска ва Босния-Герцеговина Федерацияси.

Сребреница эса Република Српска таркибига киради.

Сўнгги йилларда Сребреницада бошноқлар сони кескин камайди, серблар сони эса ортиб борди.

Бугунги кунда Република Српскада асосан серблар яшайди, Федерацияда эса аҳолининг кўпчилигини босняк мусулмонлар ташкил этади.