Истанбул зилзиласи: Кутилаётган катта ер силкиниши ҳали олдиндами?(видео)

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Истанбулда содир бўлган 6.2 баллик зилзила олимлар кутаётган катта зилзила эмаслиги айтилди. Ўзбекистон консулхонаси воқеа ҳудудидаги ўзбекистонликлар ҳақида маълум берди.

Бу кутилган катта зилзила эмас...

Туркиялик геолог ва зилзила мутахассиси Нажи Гўрур 23 апрелдаги ер силкинишлар Кумбургаз ёриғида содир бўлганини маълум қилди. Кумбургаз ва Адалар ёриқлари Истанбулга энг яқин жойлашган бўлиб, улар шаҳарда кутилган катта зилзилаларнинг асосий манбаи ҳисобланади.

Гўрур Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида бугунги зилзилалар "биз кутган катта зилзилалар эмас", деб таъкидлади. Унинг фикрича, кутилган катта зилзилалар магнитудаси 7 дан юқори бўлади. Бироқ бугунги зилзилалар Кумбургаз ёриғига босимни ошириб, унинг ёрилиши эҳтимолини кучайтиради.

У ҳукумат, Истанбул шаҳар ҳокимияти ва жамоатчиликни зилзилаларга тайёргарлик кўриш учун ҳамкорликка чақирди.

Қандай бошланди?

BBC мухбири Том Жойнер:

Истанбул бўйлаб аҳоли ҳали ҳам зилзила даҳшатидан ўзига келишга ҳаракат қилмоқда. Селин Тутер зилзила пайтида шаҳарнинг Европа қисмидан жой олган офисда ишлаётган эди.

Аввал у ер остида ҳаракатни ҳис қилди ва мувозанатни йўқотди. Кейин эса "гўё ер остида кимдир ураётгандек" қаттиқ товуш эшитилди.

"Шунда одамлар саросимага тушди. Кўпчилик эшик томон югурди," — дейди у.

Селин Истанбул аҳолиси 2023 йилда Туркия ва Сурияда 55 мингга яқин одам ҳалок бўлган зилзилалардан сўнг ҳозир жуда эҳтиёткор бўлиб қолганини таъкидлайди.

"Истанбулда яшовчи кўпчилик катта зилзила бўлишини кутмоқда. Энди ҳамма бу илк зарба эмасми, деб сўрай бошлади," — дейди у.

Туркия расмийлари: "Зарарланган биноларга кирманг, телефон ва машиналардан фақат зарур бўлса фойдаланинг"

Истанбул расмийлари аҳолини зилзиладан сўнг эҳтимол зарарланган биноларга кирмасликка чақирмоқда.

Одамларга фақат жуда зарур бўлсагина автомобил ёки телефондан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Ички ишлар вазири Али Ерликая эса фавқулодда ҳолат ва офатларни бошқариш гуруҳлари зилзиланинг таъсирини баҳолашни бошлаганини маълум қилди.

Ўзюекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси зилзила юзасидан баёнот берди.

Унда Бош консулхона маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этаётгани айтилган.

Идора айни дамгача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаганинини айтган.

Туркия: Истанбулдаги бир неча зилзила биноларни силкитиб ташлади

Истанбулда шаҳрида рўй берган бир неча зилзилаларнинг энг кучлиси 6.2 балл бўлгани айтилмоқда. Ер силкиниши натижасида шаҳардаги бинолар чайқалиб кетган, одамлар кўчага ошиқишган.

Талафотлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Илк силкиниш маҳаллий вақт билан соат 12:13 да Силивли туманида 3.9 балл билан қайд қилинган.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Орадан 16 дақиқа ўтиб, соат 12:49 да 6.2 баллик зилзила рўй берган.

12:51 да эса Буюкчекмеже туманида 4.4 баллик ер силкиниши рўй берган.

Ер силкиниши кучи Истанбул атрофидаги туманларда ҳам сезилгани айтилмоқда.

Туркия табиий офатлар агентлиги Истанбулнинг Буюкчекмеже туманида яна 3 марта ер қимирлаганини маълум қилди.

Хабар тўлдирилмоқда