You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Бу қизиқ: Нега швед аёллари ишни ташлаб, уйда ўтиришини истамоқда?
- Author, Медди Саваже
- Role, Бизнес репортёр
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Швеция гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича глобал обрўга эга, шундай экан, нима учун ёш аёллар ўртасида ишдан кетиш ижтимоий тармоқда олқишлар билан кутиб олинадиган трендга айланмоқда?
25 ёшли Вилма Ларссон илгари озиқ-овқат дўконида, қариялар уйида ва фабрикада ишлаган. Аммо у бир йил олдин уйда ўтирадиган қиз дўст бўлиш учун ишдан кетган ва ҳеч қачон бундай бахтли бўлмаганини айтади.
"Менинг ҳаётим енгиллашди. Курашаётганим йўқ. Унча стрессда эмасман."
Унинг йигити молия соҳасида масофадан ишлайди ва кунини асосан ноутбукда ўтказса, Вилма спорт залида, қаҳвахонада ёки овқат пишириш билан машғул. Жуфтлик Швециянинг марказий қисмидаги шаҳарчаларда ўсган, аммо ҳозир кўп саёҳат қилади ва қишни Кипрда ўтказмоқда.
"У ҳар ойда ўзи топган пулидан менга маош беради. Агар менга кўпроқ керак бўлса, ундан сўрайман. Ёки камроқ керак бўлса, сўрамайман – қолганини сақлаб қўяман," деб тушунтиради Ларссон хоним.
У ўзининг ҳаёт тарзини Instagram, YouTube ва TikTok'да бошқаларга кўрсатади, у ерда 11 000 кузатувчиси бор. Унинг баъзи постларига деярли 400 000 та лайк қўйилган, аммо у ўз контентидан даромад олмаётганини айтади.
У "hemmaflickvän" ва "hemmafru" (швед тилида уйда яшовчи қиз дўст ва уй бекаси) ҳештегларидан фойдаланади ва ўзини "мулойим қиз" деб таърифлайди – бу карьерага эътибор қаратишдан кўра енгилроқ, аёлларга хос ҳаёт тарзини қабул қилувчи шахс деганидир.
Мулойим қизларнинг турмуш тарзи 2010 йилларнинг охиридан бери дунёнинг турли қисмларида ижтимоий тармоқларда микротрендга айланган. Аммо Швецияда – аёл ва эркакнинг пул топишини қўллаб-қувватлашга қаратилган эллик йиллик сиёсатдан кейин – бу тренднинг сўнгги пайтлардаги оммавийлиги кутилмаган бўлди.
Ungdomsbarometern – Швециянинг ёшлар ўртасидаги энг йирик йиллик сўрови – бир йил олдин 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлардан 2024 йил учун трендларни башорат қилиш сўралганда, мулойим қизлар тренди биринчи марта шведларга эътиборни қаратди.
Бу йил августда Ungdomsbarometern томонидан эълон қилинган яна бир тадқиқот шуни кўрсатдики, бу трендга ҳатто кичик мактаб қизлари ҳам қизиқмоқда, етти ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг 14 фоизи ўзларини мулойим қизлар деб ҳисоблайди.
"Бу биз кўп йиллар давомида кўрган, ҳаётнинг ҳар бир соҳасида муваффақиятга эришиш учун жуда юқори талаблар қўйилган "қиз хўжайин» идеалидан узоқлашиш ҳақида," деб тушунтиради Ungdomsbarometern тадқиқотчиси Йоҳанна Гёранссон.
Ишдан бутунлай воз кечиб, Ларссон хоним каби йигити билан яшаётган қизлар ҳақида расмий маълумотлар йўқ ва Гёранссон хонимнинг таъкидлашича, улар кўп бўлмаслиги мумкин.
Шунга қарамай, бу Швецияда йирик газеталардаги мақолалардан тортиб, ҳар йили ўтказиладиган йирик сиёсий тадбир – Алмедалендаги муҳокамаларгача ва Швеция давлат телевидениесида асосий суҳбат мавзусига айланди.
Швециянинг Феминист ташаббус партиясининг ҳаммуассиси ва собиқ раҳбари Гудрун Шиман сўнгги мунозараларда иштирок этганини айтади. Унинг фикрича, аёлларнинг турмуш ўртоғи бойлиги ҳисобига яшаши "жуда хавфли" ва гендер тенглиги учун "орқага ташланган қадам" ҳисобланади.
Шиман хонимнинг таъкидлашича, ёш шведлар Швеция Демократлар партияси билан ҳамкорлик қилувчи мамлакатнинг ўнг коалиция ҳукумати, шунингдек, Европа ва Қўшма Штатлардаги популизмнинг "кенгроқ ривожланиши" таъсирига тушмоқда.
Шунингдек, унинг фикрича, Швецияда гендер тенглиги таъминланишидан, масалан, болалар парвариши учун катта субсидиялар ва умумий ота-она таътили белгиланишидан олдин ҳаёт қандай бўлгани борасида хабардорлик етишмайди, "Бугунги кунда ёш аёллар ўз ҳуқуқлари – ишлаш ҳуқуқи, маош олиш ҳуқуқи ва иқтисодий мустақиллик ҳуқуқи учун қандай курашганлари тарихини ҳис қилмайдилар."
Сиёсий спектрнинг бошқа томонида Швеция Демократлар партияси мулойим қизлар трендини ижобий баҳоламоқда.
"Менимча, одамлар ўз ҳаётларини ўзлари ҳал қилишлари керак," дейди партиянинг ёшлар қаноти сўзчиси Денизе Вестерберг. "Агар сизда буни амалга ошириш учун иқтисодий имконият бўлса, бу сиз учун яхши."
"Биз ҳали ҳам карьера қуриш учун барча имкониятларга эга бўлган мамлакатда яшаяпмиз. Барча ҳуқуқларга эгамиз, аммо анъанавийроқ ҳаёт тарзини танлаш ҳуқуқига ҳам эгамиз."
Ғоявий баҳслардан ташқари, мунозаралар яна ёш аёлларни ишдан кетишга ёки енгилроқ турмуш тарзига интилишга ундовчи ижтимоий ва маданий омилларга ҳам қаратилган.
Швеция иш ва шахсий ҳаёт мувозанати бўйича обрўга эга – кўпчилик ходимлар йилига олти ҳафталик таътил олади ва атиги 1% дан камроғи ҳафтасига 50 соатдан ортиқ ишлайди.
Шунга қарамай, Ungdomsbaromatern тадқиқоти ёшлар орасида стресс даражаси ошиб бораётганини кўрсатмоқда ва Горанссон хоним мулойим қизлар тренди ходимларни ўзларини зўриқтирмасликка ундовчи "аста ишдан кетиш" каби сўнгги глобал трендларнинг давоми бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, Z авлод (1997 ва 2012 йиллар орасида туғилганлар) ижтимоий тармоқларда карьерани мақсад қилишдан кўра бекорчиликни улуғловчи контент яратмоқда ва ундан таъсирланмоқда.
"Агар бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги контентга қарасангиз, унда иш ҳақида кам гап кетади, кўпроқ жисмоний машқлар ва саломатлик ҳақида, – деб тушунтиради Горанссон хоним. – Агар ёшларнинг нормал ҳаёт ҳақидаги тасаввури шундай бўлса, эҳтимол, улар кунига саккиз соат офисда ўтиришдан унчалик завқланмайди."
Аммо энг кўп муҳокама қилинаётган масала – бу тренд Швециянинг инновацион гендер тенглиги сиёсатига жавоб эмасмикан деган гумонлардир.
Словения билан бир қаторда Швецияда Европада ишлайдиган оналарнинг улуши энг юқори, аммо давлат статистикасига кўра, гетеросексуал жуфтликлардаги аёллар ҳамон эркакларга нисбатан кўпроқ уй ишлари ва бола парвариши билан шуғулланадилар.
Улар давлат томонидан молиялаштириладиган ота-она таътилининг 70 фоизини олишади ва стресс туфайли касаллик таътилига чиқиш эҳтимоли юқори. Шу билан бирга, эркаклар ва аёллар ўртасидаги даромад фарқи Европа Иттифоқининг ўртача 12,7 фоизидан паст бўлса-да, 2019 йилдан бери тахминан 10 фоиз атрофида тўхтаб қолган.
Келажакда фарзанд кўришни хоҳлайдиган Ларссон хонимнинг айтишича, унинг уй бекаси бўлиш қарори қисман катта ёшдаги аёлларнинг карьера ва оила ҳаётини мувозанатлаштириш учун қандай курашишини кузатиш билан боғлиқ.
"Менимча, кўп аёллар ўз ишларидан толиққанини ҳис қилишади, – дейди у. – Онамни, унинг онасини, бувимни, синглимни – ҳаммасини ўйлайман. Улар доим жуда асабий бўлишади."
Швециянинг давлат томонидан молиялаштириладиган Гендер тенглиги агентлигининг сиёсатни таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Петер Викстром ҳам мулойим қизлар трендини ёш аёллар дуч келаётган "талаблар"га "оқилона муносабат" сифатида кўриш мумкин деб ҳисоблайди.
Швециянинг энг йирик пенсия жамғармаларидан бири SPP иқтисодчиси Шока Арман мамлакат иқтисодиётига таъсир қиладиган даражада етарлича швед қизлари ишдан кетишига ишонмайди.
Бироқ, у швед аёлларини ишчи кучини тарк этиш (шунингдек, ярим ставкага ўтиш) уларнинг шахсий молиясига, жамғармалари ва пенсияларига, ҳамда агар улар ишга қайтсалар, иш ҳақи даражасига таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида хабардор қилиш устида ишлаяпти.
Арман хоним ҳозирги мулойим қизлар баҳслари ҳам сиёсатчилар, ҳам тадбиркорлар учун Швецияда давом этаётган тизимли тенгсизликларни бартараф этиш бўйича ҳали қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида огоҳлантирувчи сигнал бўлишига умид қилади.
"Менимча, бу тренднинг асосий сабаби – руҳий саломатлик муаммолари, ҳолдан тойиш ва шунга ўхшаш ҳолатлар кўпроқ ташвишлантирарли, чунки бу бугун уйда мулойим қиз бўлиб қолишни хоҳлайдиган саноқли ёш қизларга эмас, балки кўпчиликка таъсир қилади," дейди у.