You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Биз асли Ерга бошқа жойдан тушганимизга ишора топилдими?
Таҳлиллар натижасида ҳаётнинг кимёвий асослари Бенну астероидининг донадор чангида топилди.
NASA космик кемаси Ерга олиб келган космик тош намуналарида бой минераллар ва минглаб органик бирикмалар бор.
Буларга оқсилларни ташкил этувчи молекулалар бўлган аминокислоталар, шунингдек, ДНКнинг асосий таркибий қисмлари бўлган нуклеоасослар киради.
Бу Беннуда ҳаёт бўлганини англатмайди, лекин астероидлар миллиардлаб йиллар олдин сайёрамизга қулаганида ушбу муҳим таркибий қисмларни Ерга етказиб берганлиги ҳақидаги назарияни тасдиқлайди.
Олимлар фикрича, худди шу бирикмалар Қуёш тизимидаги бошқа оламларга ҳам олиб келинган бўлиши мумкин.
"Ундан ўрганган нарсаларимиз ҳайратланарли", дейди Лондондаги Табиий тарих музейининг космик минералог олими Сара Расселл.
"У бизга ўз ибтидомиз ҳақида маълумот беради ва ҳаёт қаерда бошланганлиги ҳақидаги жуда муҳим саволларга жавоб беришимизга имкон яратади. Ҳаёт қандай бошланганини билишни ким ҳам истамасди дейсиз?"
Натижалар Nature журналида иккита мақолада чоп этилган.
Беннунинг бир қисмини қўлга киритиш NASAнинг энг мураккаб миссияларидан бири бўлди.
Osiris Rex деб номланган космик кема 500 метр кенгликдаги космик тошнинг бир қисмини йиғиш учун "қўлини" очди, сўнгра уни капсулага жойлаб, 2023 йилда Ерга қайтарди.
Тахминан 120 грамм қора чанг тўпланиб, дунё олимлари билан улашилди. Бу унчалик кўп эмасдек туюлиши мумкин, аммо у ҳақиқий хазинага айланди.
"Ҳар бир зарра бизга Бенну ҳақида янги маълумот бермоқда," деди майда заррачаларни ўрганаётган олим, профессор Рассел.
Астероиднинг тахминан бир чой қошиғи Буюк Британиядаги олимларга юборилди.
Янги тадқиқотлар кўрсатишича, космик жинс азот ва углеродга бой бирикмаларга бой.
Буларга Ердаги ҳаёт оқсилларни ҳосил қилиш учун фойдаланадиган 20 та аминокислотадан 14 таси ва ДНКни ташкил этувчи тўртта ҳалқасимон молекула – аденин, гуанин, цитозин ва тимин киради.
Тадқиқотда, шунингдек, астероидда бир вақтлар сув бўлганлигини кўрсатадиган минераллар ва тузлар тўплами топилган. Биокимёвий реакциялар учун муҳим бўлган аммиак ҳам намунада аниқланди.
Ушбу бирикмаларнинг баъзилари Ерга тушган космик жинсларда кузатилган, аммо бошқалари ҳозиргача аниқланмаган эди.
"Унинг бойлиги шунчалар ажойибки, ақл бовар қилмайди. Метеоритларда биз илгари кўрмаган минераллар ва уларнинг комбинацияси билан тўла. Уни ўрганиш жуда қизиқ бўлди," деди профессор Рассел.
Ушбу сўнгги тадқиқот астероидлар Ерга сув ва органик материалларни олиб келганлиги ҳақидаги далиллар кўпайишига ҳисса қўшади.
"Дастлабки Қуёш тизими ҳақиқатан ҳам нотинч эди ва Бенну каби миллионлаб астероидлар учиб юрган," деб тушунтиради Табиий тарих музейи ходими доктор Эшли Кинг.
Ғоя шуки, улар ёш Ерни бомбалаган, сайёрамизга океанларни берган ва ҳаётга имкон яратган таркибий қисмларни сепган.
Аммо Ер космик тошлар билан тўқнашган ягона дунё эмас эди. Астероидлар бошқа сайёралар билан ҳам тўқнашган бўлиши мумкин.
"Ер ноёб, чунки у ҳозиргача биз ҳаёт топган ягона жой, аммо биламизки, астероидлар бу таркибий қисмларни, углерод ва сувни бутун Қуёш тизимига етказиб берган," дейди доктор Кинг.
"Ҳозир биз тушунишга ҳаракат қилаётган асосий нарсалардан бири шуки, агар тўғри шароитлар мавжуд бўлса, нима учун бизда бу ерда, Ерда ҳаёт мавжуд? Биз уни Қуёш тизимининг бошқа қисмларида ҳам топа оламизми?"
Бу олимлар жавоб топиши лозим бўлган муҳим саволдир.
Улар Беннудан олиб келинган чанг устида ўнлаб йиллар давомида тадқиқотлар олиб боришлари керак.