МДҲ саммити: Алиевсиз учрашув, Тоқаевнинг Москвага ишораси ва Қобилжон ўлимига Путин муносабати

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви Озарбайжон президентининг иштирокисиз бўлиб ўтди. Қозоғистон президенти Путин билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг устуворлигини таъкидлади. Путин Россияда ўлдирилган тожикистонлик мактаб ўқувчиси Қобилжон ҳодисасини терроризмга тенглаштирди.

Алиев нега келмади?

Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида Ўзбекистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва мезбон Россия давлатларининг раҳбарлари қатнашди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг саммитга боришдан бош тортгани муҳокамаларга сабаб бўлди.

Президент маъмурияти Илҳом Алиевнинг бормаслигини, унинг тиғиз иш жадвали билан изоҳлади.

Кремл Алиевнинг иштирок этмаслигига тушуниш билан ёндашувини маълум қилди.

"Биз мутлақо тўғри тушунамиз: ҳақиқатдан ҳам, ҳамма давлат раҳбарларининг жадвали жуда тиғиз, боз устига декабр, янги йил арафаси. Биз ҳамкорлик муносабатларимизни, Озарбайжон билан конструктив ҳамкорлигимизни ривожлантиришда давом этамиз. Озарбайжон, шунингдек, ҳамкорликнинг барча форматларида иштирок этишда давом этади", деган Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Қозоғистон президенти Россия билан стратегик ҳамкорликни юқори баҳолади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тоқаев расмий сайти хабар берди.

Қосим-Жомарт Тоқаев Россияга МДҲ давлат раҳбарларининг навбатдаги норасмий саммити ҳамда Евроосиё иқтисодий олий кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун келган.

Президент Тоқаевнинг айтишича, жорий йил Қозоғистон—Россия икки томонлама муносабатлари учун муваффақиятли кечган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

"Бу йил икки томонлама ҳамкорлик шубҳасиз самарали бўлди. Муносабатлар изчил равишда ривожланиб бормоқда. 12 ноябр куни Россияга қилган давлат ташрифим тўлиқ муваффақиятли ўтди. Қозоғистон учун стратегик шериклик ва иттифоқ доирасидаги ҳамкорлик мутлақ устувор аҳамиятга эга", — деди Тоқаев.

Владимир Путин эса Россия ва Қозоғистон ўртасида ҳеч қандай баҳсли масала йўқлигини таъкидлади.

"Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик деярли барча йўналишларда ижобий ривожланмоқда. Бизда бирорта ҳам мураккаб ёки баҳсли масала мавжуд эмас", — деди Россия президенти.

Тожикистон ва Россия раҳбарлари тожик боланинг ўлими масаласини муҳокама қилди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Россия президенти Владимир Путин 22 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий саммити доирасида учрашиб, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш зарурлиги айтилган.

Тожикистон президенти сайти хабар беришча, президентлар Россияда 10 ёшли Тожикистон фуқароси Қобилжон Алиевнинг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеани ҳам муҳокама қилган. Давлат раҳбарлари жиноятни кескин қоралаб, холис тергов ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлашган.

Путин Қобилжоннинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноятдан "шок"да эканини айтди. Россия раҳбари бу иш юзасидан тергов охиригача етказилиши, нечта бўлмасин, уни содир этганлар мутлақ жазоланишини ваъда қилди. Тожикистон президентидан марҳум болакайнинг оиласига "самимий" ҳамдардлигини етказишини сўради.

Путин айниқса, болаларга нисбатан бу каби террористик ҳаракатлар ҳаддидан ошиш эканлигини таъкидлаган.

Тарафлар тегишли идораларга бундай зўравонликларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш ва зудлик билан чоралар кўриш юзасидан топшириқ беришга келишиб олган.

Қобилжон Алиев 16 декабрь куни Москва вилоятидаги мактабда 15 ёшли ўқувчи томонидан пичоқлаб ўлдирилган эди. Бу воқеа Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида кенг жамоатчилик эътиборини тортган.

Қобилжон Алиевнинг онасига уй совға қилинди

Тожикистон ҳукумати Қобилжон Алиевнинг онаси Нилуфар Сафаровага уй-жой ажратди. Бу ҳақда марҳум боланинг қариндошлари "Азия-Плюс" нашрига маълум қилган.

Қобилжон Алиевнинг қариндошлари уй ажратилишига оид тафсилотларни ошкор этмаган, айни пайтда улар ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмасликларини билдиришган.

"Биз ёрдам кўрсатган ва кўрсатмоқчи бўлган барчага миннатдормиз. Шу билан бирга жамоатчиликка шуни маълум қилмоқчимизки, ҳозирда биз ёрдамга муҳтож эмасмиз. Қобилжоннинг онаси номига очилган банк ҳисоби ёпилган. Шу сабабли ҳеч қандай банк ҳисоб рақамларига пул ўтказмасликни сўраймиз", — дейилади хабарда.

Олдинроқ ижтимоий тармоқларда ва Тожикистондаги айрим сайтларда пойтахт Душанбе мэри Рустам Эмомали марҳум Қобилжон Алиевнинг онасига Душанбедан икки хонали уй ва маоши 1000 долларлик доимий иш билан таъминлагани ҳақида хабарлар чиққанди.

Душанбе шаҳри ҳокимлиги веб сайтида бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган.

Ҳужум тафсилотлари

Ҳодиса 16 декабр куни тахминан соат 09:00 ларда Москва вилояти Одинцово туманидаги Горки-2 аҳоли масканида жойлашган Успенская мактабида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, 15 ёшли россиялик ўқувчи мактаб қўриқчисига ва ўқувчилардан бирига ҳужум қилган. 10 ёшли Қобилжон Алиев олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.

Россиянинг Mash телеграм-канали эълон қилган видеоларда ҳужумчи ўқувчилар гуруҳи олдига келиб, «Қайси миллатдансан?» дея сўрагани акс этган. Қўриқчи уни тўхтатишга уринган, аммо гумонланувчи газ баллончасини ишлатиб, уни пичоқ билан яралаган. Кейин у болаларга қайта ҳужум қилиб, ўқувчилардан бирига пичоқ билан зарба берган.

"112" канали маълумотларига кўра, ҳалок бўлган боланинг онаси ўша мактабда фаррош бўлиб ишлаган.

Ҳужумдан сўнг гумонланувчи мактаб синфларидан бирида беркиниб олган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.