Тернопoл: Россия томонидан Украина ғарбига қақшатқич ҳужум - Видео

Сурат манбаси, @zinkevich_igor
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Россиянинг дрон ва ракета ҳужумида Тернопoл шаҳридаги иккита кўп қаватли уйга берилгани зарба оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди. Яна ўнлаб одамлар яралангани ҳақида Украина расмийлари маълум қилди.
Полиция томонидан, яраланган 73 киши орасида 15 нафар бола борлиги айтилди. Бу ҳужум 2022 йил февралда кенг кўламли босқини бошланганидан бери Украина ғарбидаги энг ҳалокатли зарбалардан бири ҳисобланади.
Яна икки ғарбий ҳудуд — Лвов ва Ивано-Франковск ҳам ҳужумга учради, шунингдек, Харковнинг уч туманига бўлган дронлар ҳужумидан 30 дан ортиқ киши яраланди. Интернетда тарқалган фотосуратларда бинолар ва автомобиллар ёнгани кўринади.
Энергетика вазирлиги маълум қилишича, мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида электр таъминоти узилиши кузатилмоқда.
Украина президенти Вoлoдимир Зеленскийнинг айтишича, Россия 470 дан ортиқ дрон ва 47 та ракета учирган, натижада - катта вайронагарчилик юз берган. У Тернопoлда вайроналар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Россия зарбалари оқибатидаги вайронагарчилик тезда ҳамманинг диққат марказига тушди. Зеленский томонидан тарқатилган видеода, икки кўп қаватли уйдан бири бутунлай чўкканини кўриш мумкин. Ички ишлар вазири Игор Клименконинг айтишича, бинога 3-қаватдан 9-қаватгача зарар етган.
Деразалардан тутун кўтарилган ва кўп қаватли уй ташқарисида кичик ёнғинлар кўринган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тернопoлдаги "Доим ёрдамга тайёр Мариам она" черкови ортида улкан тутун булути кўтарилди, шаҳар бўйлаб сиреналар янгради.
Украина ғарбида бошқа жойларда ҳам энергетика объектлари, транспорт ва фуқаролик инфратузилмаларига зарар етди.
Ивано-Франковск вилоятида энергетика ҳужумга учради. У ерда яраланган уч кишидан иккитаси бола экани хабар қилинди.
Лвов вилояти раҳбари ҳам энергетика объектига зарба берилганини маълум қилди.
Россия ҳужумлари, Украина армияси АҚШ томонидан етказиб берилган узоқ масофали Atacms ракеталарини Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларга йўналтирганини айтганидан бир кун ўтгач содир бўлди. Бу - Украина биринчи марта Atacms ракеталарини Россия ерларида ишлатганини тан олиши бўлди.
Россия мудофаа вазирлиги Украинани Воронеж шаҳрига тўртта ракета отганликда айблади. Уларнинг барчаси ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани билдирди.
Шу орада Зеленский урушни тугатиш бўйича АҚШ ташаббусини қайта тиклаш мақсадида Туркия пойтахти Анқарага йўл олмоқда. У Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан музокаралар ўтказади. Шу билан бирга, Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Виткофф Россиядаги ҳамкасби Кирилл Дмитриев билан режа ишлаб чиқиш устида ишлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Kreml Anqaradagi muzokaralarda hech qanday Rossiya vakili ishtirok etmasligini bildirdi.
Кремл Анқарадаги музокараларда ҳеч қандай Россия вакили иштирок этмаслигини билдирди. Матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ ва Россия Украина бўйича яширин тинчлик режаси устида ишлаётгани ҳақидаги хабарга изоҳ беришдан бош тортди.
"Бу борада сизга айтадиган янгилик йўқ", деди Песков чоршанба куни журналистларга.
Унинг изоҳлари Зеленский пайшанба куни Киевда икки юқори лавозимли АҚШ армияси расмийлари билан учрашиши ҳақидаги хабарлар фонида янгради.
Армия котиби Дан Дрисколл ва Армия штаби бошлиғи генерал Рэнди Жорж Доналд Трамп президентликка келганидан бери Украина пойтахтига ташриф буюрган энг юқори даражали АҚШ ҳарбий амалдорлари ҳисобланади, деб хабар берди Reuters.
Бошқа бир воқеа тафсилотида, Руминия Мудофаа вазирлиги чоршанба куни тонгда Россиянинг учувчисиз учоқларидан бири Руминия ҳаво ҳудудида тахминан 8 км масофани босиб ўтганини маълум қилди. Учоқ кейин Украина ва Молдовага ўтиб, яна Руминияга қайтган, дейилади хабарда.
Румыния ва Германия ҳаво кучлари самолётлари бу ҳодисага жавоб сифатида ҳавога кўтарилди ва мудофаа вазирлиги дрон қаерга тушгани номаълумлигини билдирди.
Полша ҳам чоршанба куни эрталаб учоқларини ҳавога кўтарди ва Украина ғарбидаги ҳужумларга жавоб сифатида жануби-шарқдаги икки аэропортни вақтинча ёпди.
Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганининг тўрт йиллиги кейинги феврал ойида яқинлашар экан, Москва ва Киев урушни қандай тугатиш бўйича ўз қарашларида тубдан қарама-қарши бўлиб қолмоқда.
Шу ой бошида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россиянинг тинчлик келишуви бўйича шартлари Путин уларни 2024 йилда белгилаганидан бери ўзгармаганини айтди.
18 ноябр 2025. Украинa Франциядан 100 та Rafale қирувчи самолёти олади – Бу нима учун муҳим?

Сурат манбаси, CHRISTOPHE ENA/POOL/AFP via Getty Images
Украина ва Франция президентлари Володимир Зеленский ва Эммануэл Макрон душанба куни Украина мудофаа қобилиятини кучайтиришга қаратилган декларацияни имзолади. Унга кўра, Киев келаси 10 йил ичида Dassault ишлаб чиқарувчи компаниясидан 100 та Rafale қирувчи самолёти сотиб олади.
BBC бу самолёт нима экани ва унинг урушга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида сўз юритади.
"Бу дунёдаги энг кучли ҳаво мудофааси тизимларидан бири бўлади", — деди Зеленский. У Макрон билан декларация имзолангандан сўнг Dassault Rafale самолёти ва Франция ҳамда Украина байроқлари фонида журналистлар олдида чиқиш қилди.
Елисей саройи самолётлар сонини тасдиқлади ва келишув таркибига ҳаво мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар ва дронлар ҳам киришини маълум қилди.
"Биз Rafale харид қилишни режалаштиряпмиз, 100 та самолёт — бу катта рақам. Бу Украина армиясини қайта тиклаш учун зарур", — деди Макрон LCI TV телеканалига берган интервюсида. Унга кўра, келишув Франция ва Dassault учун ҳам яхши янгилик бўлади.
Rafale qiruvchisi har bir parvoziga ko‘proq qurol olishi mumkin, bu uning jangovar samaradorligini oshiradi. So‘nggi versiyalari 4++ avlod talablariga javob beradi.
Қирувчиларни ишлаб чиқарувчи Dassault ширкати акциялари тезда кўтарилиб, Гринвич вақти билан 11:37 да 7,4 фоизга ошди.
Ниятлар ҳақидаги декларация сиёсий мажбурият, олди-сотди битими кейинроқ тузилади, дея маълум қилди Елисей саройи.
Баёнотда айтилишича, келишув Европа Иттифоқи дастурлари ва музлатилган Россия активларидан фойдаланиш ҳисобига молиялаштирилиши кутиляпти (ЕИ бу масалага ҳали розилик бермаган).

Сурат манбаси, Ukranian Presidency/Anadolu via Getty Images
"Оғир юк кўтарувчи" Rafale
Француз қирувчиси ҳақида BBC Рус хизмати ҳарбий таҳлилчиси Павел Аксенов шарҳи:
Володимир Зеленскийда Украина Ҳарбий Ҳаво Кучлари учун оғир қирувчи самолётлар харид қилишда бошқа танлов бўлганми-йўқми, айтиш қийин. Лекин Dassault Rafale, шубҳасиз, ўз тоифасида дунёдаги энг яхши учоқлардан бири.
Rafale — "оғир юк ташувчи" самолёти: унинг фойдали юк кўтариш қуввати 9500 кгни ташкил қилади. Бу Американинг F-15EXдан кам, аммо қолганлардан кўп.
У ҳар бир парвозига кўпроқ қурол олиши мумкин, бу унинг жанговар самарадорлигини оширади. Сўнгги версиялари 4++ авлод талабларига жавоб беради. Улар Россиянинг Су-35 ёки Eurofighter даражасидаги учоқлардир.
Октябр охирида Зеленский Киев 250 та замонавий жанговар самолётдан иборат Украина Ҳарбий Ҳаво Кучларини барпо этишни мўлжаллаётганини айтганди. Улар орасида шведларнинг Gripen, Американинг F-16 ва Rafale бўлади. Ўшанда Украина Швециядан 150 та Gripen-E харид қилмоқчи экани маълум бўлганди.
Кўплаб замонавий ҳаво кучлари икки турдаги жанговар самолётлардан фойдаланади — енгил фронт самолётлари ва оғир кўп вазифали самолётлар. Тарих бўйи енгиллари фронт яқинида ҳаво жанглари учун, оғирлари эса кенг вазифалар учун ишлатилган.
Бироқ кейинчалик енгил самолётлар имкониятлари кенгайди ва бу фарқ шартли бўлиб қолди — иккаласи ҳам ердаги нишонларга зарба бериш ва ҳаводаги душман билан жанг қилиш имконига эга. Айрим давлатлар ҳатто икки хил самолётга эга бўлишни лозим деб билмайди.
Украинанинг ҳам енгил, ҳам оғир самолётларни харид қилиш нияти икки учоқли анъанага тўлиқ мос келади. Бу тушунарли, чунки Rafale қиммат ва мураккаб техника, кўп миссияларда ундан кўра арзонроқ ва инжиқлиги кам Gripenни қўллаш осон.
Бундан ташқари, Rafale аввалдан францияликлар учун мўлжаллангани боис асосан француз қуролларидан фойдаланади. Швед Gripen и эса Европа ва Америка ракеталарни ишлата олади.
Икки самолёт ҳавода биргаликда ишлаши мумкин — иккаласи ҳам, F-16 каби, Link 16 протоколини қўллаб-қувватлайди. У реал вақтда маълумот алмашиш имконини беради.
Бу режаларни амалга оширишдаги қийинчилик молиялаштириш ва Dassault компаниясининг катта сонда самолёт ишлаб чиқариш қуввати билан боғлиқ. 10 йил — анча узоқ муддат, аммо Rafale бозорда жуда оммалашган самолёт, буюртмалар кўп. Шунинг учун ҳам бу муддат некбин сценарий сифатида кўрилади.












