Трамп BBC дан 5 миллиард доллар талаб қилиб судга ариза ёзди

Сурат манбаси, Reuters / AFP via Getty Images
- Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
АҚШ Президенти Доналд Трамп "Панорама" ҳужжатли филмидаги нутқининг таҳрири туфайли BBC га қарши 5 миллиард доллар миқдорида судга даъво аризасини киритди.
Флорида штатида тақдим этилган суд ҳужжатларига кўра, Трамп телерадиокомпанияни туҳмат ва савдо амалиёти қонунини бузганликда айблади.
BBC 2021 йил 6 январдаги нутқ намойиш қилинган кўрсатув учун ўтган ой Трампдан узр сўради, аммо унинг компенсация талабларини ва "туҳмат даъвоси учун асос" борлигини рад этди.
Трампнинг юридик жамоаси BBC ни "унинг нутқини қасддан, ёмон ният билан ва алдамчи тарзда бузиб кўрсатиш" орқали унга туҳмат қилганликда айблади. BBC ҳали суд аризасига жавоб бермади.
Трамп ўтган ой 2024 йилги АҚШ сайловлари олдидан Буюк Британияда намойиш этилган ушбу ҳужжатли филм учун BBC ни судга беришни режалаштираётганини айтганди.
"Менимча, мен буни қилишим керак", деганди Трамп журналистларга ўз режалари ҳақида. "Улар алдашди. Улар менинг оғзимдан чиқаётган сўзларни ўзгартиришди."
2021 йил 6 январда АҚШ Капитолийсида бўлиб ўтган тартибсизликдан олдин қилган нутқида Трамп оломон олдида: "Биз Капитолийга борамиз ва жасур сенаторларимиз, конгрессменларимиз ва аёлларимизни олқишлаймиз", деган.
Нутқдан 50 дақиқадан кўпроқ вақт ўтгач, у: "Ва биз курашамиз. Биз жаҳаннамдаги каби курашамиз", деган.
Панорама дастурида унинг: "Биз Капитолийга борамиз... ва мен сиз билан бирга бўламан. Ва биз курашамиз. Биз жаҳаннамдаги каби курашамиз", деган сўзлари кўрсатилган эди.
BBC ушбу таҳрир "у зўравонлик ҳаракатларига тўғридан-тўғри чақириқ қилгани" ҳақида "нотўғри таассурот" берганини тан олди, аммо туҳмат даъвоси учун асос борлигини рад этди.
Ноябр ойида сизиб чиққан BBC нинг ички ҳужжатларида нутқ қандай таҳрирлангани танқид қилинган. Бунинг ортидан BBC бош директори Тим Дейви ва унинг янгиликлар бўлими бошлиғи Дебора Турнесс истеъфога чиқдилар.
Трамп судга мурожаат қилишидан олдин, BBC адвокатлари президентнинг даъволарига батафсил жавоб беришган эди.
Уларнинг айтишича, таҳрирда ҳеч қандай ёмон ният йўқ ва Трамп дастур эфирга узатилганидан кўп ўтмай қайта сайлангани учун унга зарар етказилмаган.
Шунингдек, улар BBC нинг ўз "Панорама" дастурини АҚШ каналларида тарқатиш ҳуқуқига эга эмаслигини ва бундай қилмаганини айтишди. Ҳужжатли филм BBC нинг iPlayer платформасида мавжуд бўлса-да, у фақат Буюк Британиядаги томошабинлар учун мўлжалланган эди.
Ўзининг суд даъвосида Трамп BBC нинг бошқа дистрибюторлар билан контентни намойиш этиш бўйича тузган шартномаларини, хусусан, Буюк Британиядан ташқарида гўёки ҳужжатли филмни лицензиялаш ҳуқуқига эга бўлган учинчи медиа корпорацияси билан тузган шартномасини келтиради.
BBC бу даъволарга ҳали жавоб бермади. Тарқатиш шартномасига эга бўлгани айтилган компаниядан ҳам ҳозирча жавоб йўқ.
Даъвода шунингдек, Флорида штатидаги одамлар дастурга ВПН ёки BritBox стриминг хизматидан фойдаланган ҳолда кирган бўлиши мумкинлиги даъво қилинади.
"Панорама ҳужжатли филмининг оммалашиши, дебютидан бери Флоридада ВПНдан фойдаланишнинг сезиларли даражада ошиши Флорида фуқаролари ҳужжатли филмни BBC олиб ташлашидан олдин кўрганликларининг катта эҳтимолини тасдиқлайди", дейилади суд даъвосида.
Либерал Демократлар партияси раҳбари Сер Эд Дейви бош вазирни Трампга BBC ни судга бериш қарори "қабул қилиб бўлмайдиган" қарор эканлигини айтишга чақирди.
14 ноябрь
АҚШ Президенти Доналд Трамп Британиянинг етакчи телерадиоэшиттириш корпорациясидан "Panorama" кўрсатувида кетган ва ўзининг нутқи таҳрир қилинган ҳужжатли филм учун узр сўраш, эфирда айтилган гапларни инкор қилиш ва товон пули тўлашни талаб қилган.
Унинг адвокатлари, акс ҳолда, BBC ни судга бериб, ундан $1 миллиард доллар ундириш билан таҳдид қилишганди.
BBC узр сўраркан, товон пули тўлашдан бош тортиш баробарида ҳужжатли филмни қайта намойиш этмаслигини ҳам баён қилди.
Корпорациянинг таъкидлашича, монтаж "Президент Трамп тўғридан-тўғри зўравонликка чақирган деган янглиш таассурот қолдирган" ва 2024 йилги дастур бошқа эфирга узатилмайди.
BBC нинг юристлари якшанба куни олинган номага жавобан президент Трампнинг юридик гуруҳига мактуб йўллашган.
Уларга кўра, "BBC Бошқарув кенгаши раиси Самир Шоҳ ҳам Оқ уйга шахсан хат юборган. Доналд Трампга ўзи ва корпорация президентнинг 2021 йил 6 январдаги дастурда кўрсатилган нутқи таҳрир қилинганидан афсусда эканлигини билдирган".
Аммо улар, "BBC видео парча қандай монтаж қилинганидан чин дилдан афсусда бўлса-да, биз туҳматга оид даъво учун асос борлиги билан қатъиян келишмаймиз", - дея қўшимча ҳам қилишган.
Британия телерадиоэшиттириш корпорацияси "Трамп: иккинчи имконият?" филмини ўзининг платформаларида қайта намойиш этмоқчи эмас.
Британия Маданият вазири BBC Breakfast да корпорация ушбу масалага лозим даражада жиддийлик билан ёндашаётганига ишончи комиллигини айтган.
У ўзининг вазифаси "энг юқори меъёрларга риоя этилишини" таъминлаш эканлигини ҳам қўшимча қилган.
Можаро Telegraph газетаси BBC таҳририй меъзонлари қўмитасининг собиқ мустақил маслаҳатчиси Майкл Прескоттнинг эслатмасини чоп этганидан сўнг бошланиб кетган.
Унда Прескотт BBC раҳбарияти эътиборини корпорациянинг энг муҳим кўрсатувларидан бири – "Panorama"да Доналд Трампнинг нутқи сўзларининг маъноси ўзгариб кетган шаклда монтаж қилинганига қаратган.
BBC нинг сўнгги мавқеига АҚШ президенти ва юридик гуруҳининг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Сурат манбаси, Reuters
BBC Бош директори Тим Дэйви ва корпорациянинг янгиликлар бўлинмаси раҳбари Дебора Тёрнесс истеъфога чиқдилар.
Корпорация ўзининг "Panorama" кўрсатувида намойиш этилган Доналд Трамп ҳақидаги ҳужжатли филмни нотўғри монтаж қилишда, Трампнинг нутқини у одамларни Капитолийга ҳужум қилишга даъват этгандек таассурот қолдирадиган қилиб ўзгартирганликда айбланди.
Корпорация ходимларига йўллаган электрон мактубларида ҳам Тим Дэйви ва ҳам Дебора Тёрнесс хатога йўл қўйилганини айтдилар.
Тим Дэйви ва Дебора Тёрнесс ким?
Тим Дэйви 2020 йил сентябрида BBC Бош директори лавозимига тайинланган. У корпорация хизматларини назорат қилиш, шунингдек, таҳририй, амалий ва ижодий раҳбар сифатида масъул ҳисобланган.
У BBC учун янги шахс эмас бўлмаган — Бош директор бўлишидан олдин етти йил давомида BBC Studios компаниясининг бош директори сифатида фаолият юритган.
Корпорацияга қўшилишидан олдин Тим Дэйви Procter & Gamble ва PepsiCo ширкатларида ишлаган.
Дебора Тёрнесс 2022 йилдан бери BBC News бош директори лавозимида ишлаб келаётган эди, у BBC ининг янгиликлар ва жорий воқеалар дастурлари раҳбари бўлган.
Ушбу вазифада у дунё бўйлаб 40 дан ортиқ тилда ярим миллиардга яқин аудиторияга эфирга узатиладиган, тахминан 6000 нафар ходимдан иборат жамоа учун масъул ҳисобланган.
Дебора Тёрнесс бундан олдин ITN компанияси бош директори ва 2013 йилдан бошлаб NBC News президенти бўлган.
Улар нега истеъфо бердилар?
Уларнинг истеъфолари "Трамп: иккинчи имконият?" номли "Panorama" ҳужжатли филми атрофидаги баҳслардан сўнг юз берди. Бу филм АҚШдаги президентлик сайловидан бир ҳафта олдин эфирга узатилган эди.
Дебор Тёрнесс ўз баёнотида шундай деди:
"Президент Трамп ҳақидаги "Panorama" дастури атрофидаги баҳслар BBC га — мен севган ташкилотга — шикаст етказадиган даражага етди.
BBC News ва жорий воқеалар бўйича бош директор сифатида барча масъулият менга юкланади — ва кеча мен Бош директорга истеъфо бериш қароримни маълум қилдим."
У қўшимча қилди:
"Хатоларга йўл қўйилган бўлса-да, BBC News тизимли тарзда бир томонлама ёндашади, деган сўнгги айбловлар мутлақо нотўғри эканини аниқ айтишни истайман."
Тим Дэйви ўз баёнотида "Panorama" ҳужжатли филмини тилга олмади, аммо шундай ёзди:
"Бу ягона сабаб бўлмаса-да, BBC News атрофидаги ҳозирги баҳслар менинг қароримга таъсир қилгани табиий."
У яна қўшимча қилди:
"Умуман олганда BBC яхши ишлаяпти, аммо айрим хатоларга йўл қўйилди ва Бош директор сифатида мен бош масъулиятни ўз зиммамга олишим керак."

Сурат манбаси, Getty Images
Трамп ҳужжатли филмига нисбатан қандай иддаолар илгари сурилди?
Ўтган ҳафта Лондонда нашр этиладиган Telegraph газетаси нашри эксклюзив мақола эълон қилди, газета BBC нинг сизиб чиққан ички ҳужжатини кўрганини маълум қилди.
Ушбу ҳужжат BBCнинг таҳририй меъзонлар қўмитасида мустақил ташқи маслаҳатчи бўлиб ишлаган Майкл Прескотт томонидан ёзилган. У бу лавозимни июн ойида тарк этган эди.
Ҳужжатда айтилишича, "Panorama"нинг бир соатлик ҳужжатли филмида Доналд Трампнинг нутқидан айрим қисмлар таҳрирланиб бирлаштирилган, натижада у 2021 йил январдаги Капитолийдаги тартибсизликларга очиқча даъват қилгандай кўринган.
2021 йил 6 январ куни Вашингтондаги нутқида Трамп шундай деган:
"Биз Капитолийга юрамиз ва жасур сенаторлар ҳамда конгресс аъзоларини руҳлантирамиз."
Бироқ "Panorama" таҳририда у шундай дейди:
"Биз Капитолийга юрамиз... ва мен сизлар билан бирга бўламан. Ва биз курашамиз. Биз жаҳаннамдек курашамиз."
Таҳрирда бирлаштирилган нутқнинг икки қисми бир-биридан 50 дақиқадан ортиқ вақт фарқида айтилган.
"Жаҳаннамдек курашамиз" деган ибора Трамп АҚШ сайловларини "коррупциялашган" деб таърифлаган қисмдан олинган. У умумий ҳисобда ўша нутқида "кураш" ёки "курашиш" сўзларини 20 марта ишлатган.
"fight like hell" инглиз тилида кучли ва эҳтиросли курашишни, қаттиқ қаршилик кўрсатишни англатади. Бу сўзлар одатда, жуда қаттиқ ҳаракат қилиш, ҳеч нарсадан қайтмаслик, ўз позицияни ёки ҳуқуқини қаттиқ ҳимоя қилиш каби маъноларда ишлатилади.
Контекстга қараб, у жисмоний ёки маънавий курашни англатиши мумкин.
Telegraph маълумотига кўра, ички ҳужжатда шундай дейилган:
"Panorama" томонидан воқеаларнинг таҳрирланиши томошабинларда савол туғдиради: "Нега BBCга ишониш керак ва бунинг охири қаерга олиб боради?'"
Масала раҳбарларга етказилганида, ҳужжатда айтилишича, улар "стандартлар бузилганини тан олишдан бош тортганлар."
Сўнгги ҳафталарда BBC бошқа қатор масалалар юзасидан ҳам танқид остида қолди.
Telegraph рўзномаси ёзишича, Прескотт BBCнинг Араб хизмати - BBC Arabic томонидан Ғазо уруши ёритилишидаги Исроилга нисбатан тизимли салбий ёндашув бўйича чора кўрилмаганидан хавотир билдирган.
Ҳисоботда Прескотт BBCнинг трансгендер мавзуларни ёритиши бўйича ҳам хавотир билдиргани айтилган.
Шунингдек, 6 ноябр куни BBC теле-бошловчи Мартин Кроксол томонидан Янгиликлар каналида жонли эфирда матнни ўзгартиргани ва "ҳомиладор одамлар" деб ўқигани устидан тушгаан 20 та нохолислик шикоятини асосли деб топди.
Нега Тим Дейви ҳозир истеъфо берди?
Тим Дэйви Би-би-си раҳбари сифатидаги беш йиллик фаолияти давомида машҳур спорт шарҳловчиси Гари Линекер можароси, Гластонберидаги Боб Вайлан, "Ғазо: Уруш ҳудудида қандай омон қолиш мумкин?" ҳужжатли филми ва қатор машҳур бошловчиларнинг қоидабузарликлари каби кўплаб можаролар ва инқирозларни бошидан кечирди.
Британия оммавий ахборот воситаларидаа баъзилар уни "Тефлон Тим" деб ҳам атадилар — чунки у танқидлардан омон қолишни уддади.
У сўнгги можарони ҳам енгиб ўтишга ҳаракат қилди, аммо вазият кучайиб борди ва BBC "Panorama" ҳужжатли филми бўйича 10 ноябр куни BBC раҳбарияти расмий узр сўради. BBC Бошқарув кенгаши раиси Самир Шоҳ "муҳокама хатоси" юз берганини тан олди.
Ушбу воқеа BBC учун нозик даврда юз бермоқда, чунки ҳукумат корпорациянинг Қироллик Хартиясини қайта кўриб чиқиш арафасида — бу ҳужжат BBC га расман мавжуд бўлиш ҳуқуқини беради. Мазкур хартиянинг амалдаги муддати 2027 йилда тугайди.
Ўз баёнотида Тим Дэйви шундай деди:
"Нега айнан ҳозир? Нега айнан шу пайт?"
У ўзини "BBCнинг юрагигача содиқ" деб атади ва корпорацияга чуқур қайғуришини, унинг муваффақиятга эришишини исташини таъкидлади.
"Шу сабабли мен янги Бош директор келиб, Қироллик Хартиясининг навбатдаги босқичини ижобий шакллантириши учун энг яхши шароит ва имконият яратишни истайман. Умид қиламанки, биз олға силжир эканмиз, BBC нинг келгуси босқичи ҳақида кенг жамоатчилик хотиржам ва мантиқий муҳокама қилади."
У яна қўшимча қилди:
"Ушбу вақт янги Бош директорга хартияни шакллантиришда ёрдам бериш имконини беради. Мен ишонаман, биз ўсишни таъминлаш учун кучли позициядамиз."
Тим Дейви ўрнига янги раҳбарни BBC қандай танлайди?

Сурат манбаси, .
Бош директор BBCнинг Бошқарув кенгаши томонидан тайинланади. У корпорациянинг вазифалари ва жамоат манфаатларига хизмат қилишини таъминлаш учун масъул ҳисобланади.
Ҳозир Бошқарув кенгашининг раиси Самир Шоҳ. У тўққиз нафар норасмий (ижро этувчи бўлмаган) аъзо ва 4 нафар расмий (ижро этувчи) аъзодан бири бўлиб, улар орасида бош директор ҳам бор.
Тим Дэйви 2020 йилда тайинланганида, лавозимга ким танланишини белгилаш жараёни Бошқарув кенгашининг номинация қўмитаси томонидан олиб борилган.
Бош директор тайинлови BBCнинг Хартияси шартлари асосида амалга оширилади.
Тим Дэйви ўрнини эгаллайдиган шахс BBCнинг 103 йиллик тарихидаги 18-бош директор бўлади.
Бу лавозимга номзод сифатида тилга олинганлар орасида яқинда лавозимини тарк этган Шарлотт Мур бор. У BBCнинг контент бўйича Бош директори, янгиликлардан ташқари барча дастурлар учун масъул бўлган, The Traitors, The Wheel ва Happy Valley каби машҳур лойиҳаларни назорат қилган.
Шунингдек, Британия телевидениесидаги энг тажрибали раҳбарлардан бири Жей Хант ва 2013–2018 йиллари BBCнинг янгиликлар бўлимига раҳбарлик қилган Жеймс Хардинг ҳам номзодлар сифатида кўрилмоқда.












