You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Йўқотилган авлод: Би-би-си Россиядаги мефедрон муаммосини ўрганди. Видео
Диққат! Матнда гиёҳванд моддаларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш саҳналари бор.
Россияда ўсмирлар орасида синтетик гиёҳванд моддалар эпидемияси кузатилмоқда: ўсмирлар "камбағаллар кокаини" деб аталадиган арзон ва кучли мефедрон гиёҳванд моддасини истеъмол қилмоқда, тарқатмоқда ва ўзлари ҳам тайёрламоқда. Уни ишлаб чиқариш ва сотиш усуллари полиция учун уларга қарши курашни жуда қийинлаштирмоқда: битта дилер ва тайёрловчи ўрнига бир зумда кўплаб янгилари пайдо бўлмоқда. Мефедрон учун хом ашё Хитойдан келтирилади, Хитой эса унинг экспортини назорат қилмайди, етказиб бериш эса ҳамманинг кўз ўнгида катта ҳажмдаги қонуний юк орасига яширилади.
BBC Eye суриштирув лойиҳаси гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва истеъмолининг бутун занжирини ўрганиш имконига эга бўлди ва бу наркотикнинг ёш россияликларга етказаётган зарари ҳақида ҳикоя қилади.
"Орзулар ушалади"
2023 йил 22 июль куни 18 ёшли Максим (исми ўзгартирилган) Россия жанубидаги кичик шаҳар марказидаги ижарадаги уйда уйғонди. Эрталаб соат ўнда қуёш чарақлаб турар, Максим эса кафедаги сменасига кечикаётган эди. Уйда тартибсизлик ҳукмрон эди. Столларда – латталар, шиша идишлар ва пластик шприцлардан иборат аралашма; бурчакда – ахлат пакетлари уюми; ошхонада – бўш шиша идишлар орасида ётган сода қутилари.
Максим устига кўрпа ёпмай, кийимда ётишга ўрганиб қолган эди. Баланд бўйли, елкадор, сочи калта олинган, билагида оғир соати бор Максим ёшига нисбатан каттароқ кўринарди. Йигит чаққон ўрнидан турди-да, спорт сумкасини олиб, уйдан чиқди.
Зинапояда у йўлак деразасидан ташқарига қаради. У ерда, ёнғоқ дарахти ўсган ҳовлида, унинг айтишича, "спорт кийимидаги икки йигит" турарди. Максим ўйга толди – сўнгги бир неча ҳафтадан бери уни доимий васваса таъқиб қилиб келарди: кечалари уйга ҳозир бостириб киришади, деган ваҳимали тушлар азобларди. Кундузи ишга чиққанда, Максим кузатишмаётганига амин бўлиш учун уйни айланиб чиқарди.
Аммо 22 июль куни эрталаб у шошаётгани сабабли қўрқувларига эътибор бермасликка қарор қилди ва тезда йўлакдан чиқди. Унга дарҳол ҳужум қилдилар, сўнг бошига қоп кийдириб, машинага тиқдилар. "Мен бўшашдим. Узоқ кутилган ҳордиқ они," деб ёзади у кейинчалик кундалигига. Максим машинада бироз ёлғиз қолгач, қўшиқ айта бошлади: "Орзулар ушалади. Ва ушалмайди... Яхшилик унутилмайди."
"Бунинг устига пул ҳам топа оламанми?"
Кейинги бир неча ой давомида йигит ўз ҳаётини иккита дафтарда – кундалик-хотираларида тасвирлади. Максим буни "эътироф" деб атади ва дафтарлардан бирининг устига (муқовасида сариқ мушукча айиқчага ёпишиб, бошини бир томонга эгиб ўйнаётган тасвир бор) ўзининг тахаллусини ёзди: MANDRAGORA.
"Оиламизда оғир давр бўлган. Узоқ вақт қашшоқликда яшаганмиз," дея болалигини эслайди Максим. Оила Уралдан Россия жанубидаги кичик шаҳарга кўчиб ўтди ва иморат солди. Бетон пол устида курткаларда ухлашга тўғри келарди, қурилишдан қолган тахталарни ёқиб исинишарди. "Бир йилдан сўнг ўгай отам вафот этди, биз ёлғиз қолдик – мен, онам ва тўрт ёшли синглим," деб ёзади Максим.
Максимнинг онаси Татяна ҳамшира бўлиб ишлар, лекин оилага пул етмасди. Максим "янги кийим кийган, телефонлари ва мактаб тушликлари бор" синфдошлари олдида "ўзини ғирт аҳмоқдек ҳис қиларди." Қўшимча пул топиш учун у доналаб сигарет сотди, кейин эса жиддийроқ иш топишга қарор қилди.
15 ёшида Максим "Авито", "ХХ.ru" сайтларини титкилади. Лекин 15 ёшли болани ҳеч ким қонуний ишга олмасди." Йигит Telegram'га "иш қидириш" сўзини ёзиб, дарҳол гиёҳванд моддалар дўконидаги кладменлик вакансияларини кўрди.
Россияда гиёҳванд моддалар савдоси аллақачон интернетга ўтган ва шахссизлашган: харидор сотувчидан наркотик ташлаб кетилган жой координаталарини олади (у одатда, гиёҳванд модданинг кичик партияси) ва бориб ўзи топади. Бу "хазина"ни у ерга кладмен қўйиб кетади. Кладмен гиёҳванд модданинг улгуржи партиясини олади, сўнг уни майда қисмларга қадоқлайди. Уларни алоҳида жойларда қолдириб, кейин координаталарни кураторга юборади. Куратор эса координатани харидорга узатади.
Кладменлар, одатда, ҳар бир қолдирилган наркотик учун пул олади (ҳисоб-китоблар криптовалютада амалга оширилиши мумкин), аммо улар даромадларидан кўра анча кўпроқ хавфли иш қилишади. Россияда кладменлар кўпинча ёшлар бўлиб, улар бу иши учун узоқ муддатга қамалиб кетади.
Максим мастеркладнинг манзилини олиши керак эди – уни олиб, чакана қадоқлаб, шаҳар бўйлаб тарқатиши керак эди: "Мен дўстим билан охирги партада ўтирардим. У ўзининг ва менинг топшириқларимни бажарар, мен эса титраб-қақшаб манзилни кутардим. Тўртинчи дарсда манзилни олдим ва олтинчи дарс охирида маршруткага ўтириб, шаҳарга жўнаб кетдим."
Координаталар қор босган ўрмон чеккасига олиб борди: "Қоронғу тушгунча қорни кавлаб, "хазина"ни тополмаётганим ҳақида куратор билан ёзишдим. Телефоним онамнинг қўнғироқларидан тинмай жирингларди, куратор эса ишни эртага қолдиришга рухсат бермасди. Шунинг учун уйга қайтиб, кечаси молларни жойларга тарқатиш учун яширинча чиқиб кетдим."
15 ёшли Максимга ҳар бир "хазина" учун 200-300 рубл тўлашарди: "Шундай арзимас пулга ишлаш аҳмоқлик эди," деб ўйлади Максим бир неча йил ўтгач. Бироқ йигитни нафақат пул, балки тақиқланган моддаларни сотишдан олинган адреналин ҳам қизиқтирарди: "Бунинг устига пул ҳам топа оламанми? Бу шунчаки ажойиб эди."
Топган пулига баъзан уйига озиқ-овқат харид қиларди, бир куни эса ўзига сифатли мўйнали пальто сотиб олди. "Биринчи ой бу пальтони каравот тагидаги халтада сақладим," дейди Максим: у онасига қимматбаҳо кийимни қаердан олганини тушунтира олмас, шунинг учун унинг олдида пальтони кийишдан қўрқарди.
Шундай қилиб, Максим бир-икки йил ишлади. 16 ёшида мактабнинг тўққизинчи синфини тугатиб, ошпаз бўлиб ишлар экан, гиёҳванд моддалар дўкони кимёгарларни – Россиядаги энг оммалашган мефедрон гиёҳванд моддасини синтез қила оладиганларни қидираётганини кўриб қолди.
"Камбағаллар кокаини"
Мефедрон 2000-йиллар бошида пайдо бўлди, уни Dr Zee тахаллуси билан ишлаган исроиллик кимёгар оммалаштирганди.
Мефедрон бошқа синтетик гиёҳванд моддаларга қараганда тезроқ мияга таъсир қилиб, эйфорияни, қувватни, жинсий майл ва гапдонликни кучайтиради, аммо таъсири тез йўқолиб, кучли абстинент синдромини (хавотир ва тушкунликни) юзага келтиради. Шу сабабли унга тез ўрганиб қолишади.
2010 йилда Россия мефедрон ва унинг таркибий қисмларини тақиқлади, аммо бу унинг оммавийлиги, айниқса, ўсмирлар орасида ўсишини тўхтата олмади. Психолог ва реабилитация маркази ходими Ирина Медвед ҳамда Би-би-си билан суҳбатлашган реабилитация маркази директорининг фикрича, ҳозир гиёҳванд моддаларни 12 ёшдаёқ синаб кўришмоқда, 14 ёшга келиб эса кўпчилик мефедронни мунтазам истеъмол қилмоқда.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар билан ишлайдиган хайрия ташкилоти ходими, амалиётчи нарколог Денис таъкидлашича, ўсмирларда қарамлик жуда тез шаклланади ва ёрдам берилмаса, охири ҳалокатли бўлиши мумкин – одатда бахтсиз ҳодиса ёки ўз жонига қасд қилиш туфайли. Шу билан бирга, ёрдам олиш мушкул: қарам ўсмирлар аросатда қолиб кетади. "Биз бутун бир авлодни йўқотмоқдамиз," дея хулоса қилади Денис.
Мефедрон Россия наркобозорининг учдан бир қисмини эгаллайди. Россия даркнетини ўрганувчи "DarkMetrics" тадқиқот лойиҳаси маълумотларига кўра, бир ойда тўртта даркнет-маркетплейс фойдаланувчилари мефедрон ҳақида жами 312 мингга яқин шарҳ қолдирган – бу умумий шарҳларнинг учдан бир қисмидир. Тадқиқотчилар фикрича, бу рақам ортида ойига тахминан 700 мингта ҳақиқий харид бўлиши мумкин (чунки фойдаланувчилар ҳар иккинчи ёки учинчи харидга шарҳ қолдириши эҳтимоли юқори).
2024 йилнинг бир кунида Россия шаҳарларида 617 кг мефедрон (иккита энг йирик маркетплейс маълумотларига кўра) олиб кетишга тайёр қилинган – бу ҳам сотиб олишга тайёр бўлган моддалар умумий ҳажмининг учдан бир қисмини ташкил этади.
"У камбағаллар учун кокаинга айланди, – дейди Ден (исм ўзгартирилган), мефедрон ишлаб чиқарувчи йирик лаборатория куратори. – Россиядаги ёшлар у тугагунча ҳидлаб туришади. У тугагач, бориб яна сотиб олишади. Ёки эртасига мактабга, университетга, болалар боғчасига боришади."
"Аёвсиз наркотик"
18 ёшли Оля Москвадаги лабораторияга ОИВ ва гепатитга қарши қон топшириш учун келди. Елкасидаги рюкзакда кечки кўйлак, пардоз-андоз буюмлари ва, албатта, тоза шприцлар бор эди.
Кейинги 15 дақиқа давомида иккита ҳамшира Олянинг қўлларидаги томирларни топишга роса уринди – гиёҳванд моддаларни томир ичига юборавериш оқибатида қўлларидаги томирлар деярли йўқолиб кетгани сабабли, бир неча уринишдан сўнггина қон олишга муваффақ бўлди.
Оля 15 ёшида гиёҳванд модда истеъмол қила бошлаган. Бунга уни у билан учрашиб юрган йигит қизиқтирганди. Қиз ўша пайтда Москва чеккасида кўп болали оилада яшар ва еттинчи синфда ўқирди. Улар бино йўлагида дорини ҳидлаб кўришди ва бу, қизнинг эслашича, "бутунлай янги дунёни очди".
Бир неча ҳафта ўтгач, Оля ҳафтасига бир неча марта мефедрон ҳидлай бошлади – маълум бўлишича, унинг йигити наркотик савдоси билан шуғулланар экан. Оля 15 ёшидан 17 ёшигача "кўпи билан бир-икки кун кетма-кет" мефедрон истеъмол қилмаганини, кўп ўтмай мактабни ташлаб, "айш-ишрат"га берилганини эслайди.
Аввалига Оляга янги ҳаёт ёқди: "Ҳозир ҳамма пул ёки наркотик излаяпти. Менинг эса шу билан савдо қиладиган йигитим бор. Бўлди, мен у билан юраман". Аммо тез орада муаммолар бошланди – Олянинг йигити қамалди, қизда эса мефедронга қарамлик кучайиб борди: "Мен энди маст бўлиш учун эмас, балки шунчаки уйғониш учун истеъмол қилардим. Ўрнимдан туриш учун. Шунчаки яшаш учун," деб эслайди Оля.
Пул ва мефедрон топиш учун Оля "йиғинлар"га борарди – Москва чатларида эркаклардан "бирга ҳидлаш" таклифларини топиб, у ерларга дугоналари билан борарди: "Қизлар, бир киши мени чақирди, ким бирга боради? Уйимга такси чақириб беришади," деб ёзганди у 2024 йилда ўз Telegram каналида. Ушбу постдан бироз юқорида – ошкора маст Оля баланд пошнали туфлида Москва метросининг ўтиш жойида гандираклаб кетаётгани акс этган видео турибди. Елкасида сунъий мўйнадан тикилган оқ пўстин, қовоқлари пушти рангга бўялган, оппоқ юзини безаб турган ёрқин пардоз-андоз. "Яна укол қиламизми? – деб сўрайди Оля уни видеога олаётган дўстидан. – Қани?"
Telegram'даги чатлардан бирида уни москвалик 60 ёшли тадбиркор топиб олган. Оля илгари дугонаси у билан гаплашганини эслайди. Учрашув олдидан эркак унга ёзишмаларда оддий саволлар берарди: "Сен яхши ўқийсанми? Нечанчи синфдасан? Ота-онанг ким бўлиб ишлайди?" Олянинг дугонаси у билан "шунчаки суҳбатлашиш" кераклигини айтди. Аммо тезда маълум бўлишича, эркак 15 ёшли Олядан секс кутган. "У менга ё мефедрон берарди ёки мефедрон учун сарфлайдиган пулимни берарди". Оля бу эркак билан бир неча марта учрашган: "Наркотикни қабул қилиб, унинг олдига борардим. Ҳушёр ҳолда умуман иложи йўқ эди". Кўп ўтмай у Олядан дугоналарини ҳам таклиф қилишни сўради.
Олянинг айтишича, ҳар бир янги қиз учун фоиз белгиланган: "Унга мактаб ўқувчилари керак эди. Мен унга дугонамни олиб келишим мумкинлигини ёзардим. У: "Суратларини кўрсат. Ёши нечада, қаерда ўқийди?" деб сўрарди. Мана шунақа сўровнома, агар у тўғри келса, "Бўлди, келинглар", дерди. Биз борардик, секс бўларди, нақд пул олардик ва кетардик. Кейин мен ҳам қизлардан фоиз талаб қила бошладим – наркотиклар кўпроқ бўлишини хоҳлайман ва нархлар ошиб бормоқда эди. Мен каравотда ётиб, уларнинг қўлидан ушлаб, тинчлантирар эдим, миямда эса бир фикр: "Ишингни қил, мен пулимни ёки мефедронимни оламан. Сен менга қизиқ эмассан". Мефедрон ҳамма нарсани ўчиради: ўз қадр-қимматингни, ўзингга ҳурматни, ўзингга, қариндошларингга, яқинларингга бўлган муҳаббатни. Сигарета қолдиғини олиб, ўзингга боссанг, [терингда] из қолади. Мефедрон ҳам худди шундай – ҳамма нарсани куйдиради. Бу шафқатсиз наркотик," дейди Оля.
2023 йил март ойида Олянинг онаси 17 ёшли қизини реабилитация марказига юборишга қарор қилди. "Мен скелетга ўхшардим, бурним [гиёҳванд моддалар туфайли] куйган эди, на овқат ея олардим, на ухлай олардим – менга дозадан бошқа ҳеч нарса қизиқ эмас эди," деб эслайди қиз. Ёпиқ турдаги реабилитация марказида қиз етти ойни ўтказди ва чиқиш кунларини санаб юрди.
Оля билан 2024 йил март ойида гаплашдик. У тўрт ой олдин реабилитация марказидан чиқиб, яқинда ишга жойлашди. Реабилитация марказидан сўнг Оля барибир мефедронни истеъмол қилди, лекин кейин уни бутунлай ташлашга қатъий қарор қилди.
"Ҳар бир мактаб ўқувчиси тайёрлай олади"
Би-би-си суҳбатлашган барча реабилитация марказлари ходимлари ва наркологлар бир фикрда: мефедрон осон топилиши ва арзонлиги туфайли оммалашган – уни сотиб олиш ёки "хазина"ни топиш жуда осон.
Наркотик ишлаб чиқарувчилар орасида ҳам мефедрон ишлаб чиқариш арзонлиги ва оддийлиги туфайли машҳур. Би-би-си суҳбатлашган бозор иштирокчилари ва олдинги тадқиқотларга кўра, бир килограмм мефедрон ишлаб чиқариш таннархи 30 000 дан 150 000 рублгача тушади. Шу билан бирга, килограммнинг чакана нархи икки миллион атрофида (Би-би-си Dark Metrics маълумотларига асосланиб ҳисоблаган).
"Мефедрон [2000 йиллар бошида] пайдо бўлганида, биз уни наркотик деб ҳисобламагандик," дейди Би-би-сига синтетик наркотикларни синтез қилиш бўйича қўлланмалар ёзиб пул топувчи кимёгар-маслаҳатчи Николай (исм ўзгартирилган). У 20 йил олдин тақиқланган моддалар ишлаб чиқариш билан шуғулланганини таъкидлайди (кўрсатмалар Би-би-си ихтиёрида, журналистлар Николай янги бошловчиларга маслаҳатлар берадиган чатда ҳам бўлган).
"Бироқ бошқа синтетик наркотикларни тайёрлаш учун юқори аниқлик ва қиммат ускуналар керак. Мефедрон эса ошхоналарда ҳам тайёрлаш мумкинлиги учун [наркотик ишлаб чиқарувчилар орасида] оммалашди."
Унинг фикрини Россияга йирик миқдорда наркотиклар етказиб бериш ишларини тергов қилган ИИВ собиқ терговчиси Ренат Курамшин ҳам тасдиқлайди: "Биз катта миқдордаги наша етказиб беришни тўхтатдик. Катта миқдордаги героин етказиб беришни ҳам тўхтатдик. Уларнинг ўрнига нимадир келиши керак эди. Мефедрон пайдо бўлди – уни Россиянинг марказий ҳудудларида ҳам, қутб доирасидан ташқарида ҳам осон синтез қилса бўлади. Исталган жойда лабораториялар ташкил этиб, бемалол тайёрлаш мумкин."
"Ҳар бир мактаб ўқувчиси тайёрлай олади," дея хулоса қилади Николай.
Би-би-си мефедронни синтез қилиш учун бир қатор қўлланмаларни кўрди. Уларда гиёҳванд модда ишлаб чиқариш жараёни батафсил тасвирланган. "Тушунтириш мактаб кимё курсини уч ва ундан юқори баҳо билан ўзлаштирганларга мўлжалланган," дейилади 157 саҳифадан иборат шундай қўлланмалардан бирининг кириш қисмида.
Қўлланма керакли моддаларни маиший кимё дўконларидан ёки ароқ тайёрловчилар дўконларидан сотиб олишни маслаҳат беради (лекин у ерда ҳам, бу ерда ҳам "кўзга ташланмаслик керак"), лабораториялар учун хусусий уйлар ёки квартираларни қандай топиш кераклигини, ҳидларни қандай яшириш ва заҳарли суюқ чиқиндиларни қандай йўқ қилишни батафсил тушунтиради (қўлланма муаллифлари айтишича, тажрибасиз "ошпазлар" уларни канализацияга тўкиб юборади), шунингдек, умумий маслаҳатлар беради (асосийси – ўзингиз ишлаб чиқарган нарсани истеъмол қилмаслик ва доим ишончли баҳона топиб қўйиш, масалан, кечаси соат бирда нима қилганингизни сўрашса: "ҳожатга чиққандим дейиш ҳам баҳона").
Яшириш чораларига қарамай, Россияда мефедрон ишлаб чиқарувчи лабораториялар ҳар икки-уч кунда ёпилмоқда – фақат 2024 йилда 138 дан ортиқ шундай лаборатория йўқ қилинди (бу ИИВ йўқ қилган барча наркология лабораторияларининг ярми).
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Максим тайёрлашни бошлаш учун дарк-маркетплейслардан бирида мефедрон синтези учун асосий тўплам – "конструктор"га буюртма берди. Бундай тўпламлар ишлаб чиқаришнинг оддийлиги туфайли конструктор деб аталади – тўпламда бир нечта рақамланган идишлар бўлиб, "бир ва иккини аралаштириб, учга қўшинг" каби кўрсатмаларга амал қилиш кифоя. "Худди лего ўйинчоқларидан аждар ясагандек. Лего қутисида ортиқча бўлаклар бўлмаганидек, бу тўпламда ҳам ортиқча нарса йўқ. Қўлланма бўйича реактивлардан мефедрон йиғасиз," деб тушунтиради Максим.
Йигит ташландиқ ҳаммомда "таом"ни тайёрлашга қарор қилди – у ерда электр борлигини текширди, колбаларни жойлаштирди ва ишга киришди. Аммо нимадир хато кетди ва реакция пайтида колба портлаб, реактивлар ташқарига тўкилди.
"Ҳаммом ўта хавфли жойга айланди. Танам ёнар, кўзларим очилмас, бурним нафас ололмасди." Кўчага югуриб чиққан Максимнинг кўнгли айниб, тез-тез ҳожатга чиқа бошлади. "Ўламан деб ўйлагандим," деб эслайди у Би-би-сига берган кундалигида. Автобусда уйга қайтаётганда, Максим йўловчилар ҳид туфайли ундан юз жийираётганини пайқади.
Кейинги тажрибалар ҳам муваффақиятсиз чиқди ва фақат тўртинчи ёки бешинчи уринишда Максим мефедрон синтез қилишга эришди. "Бу юз грамм жуда тез сотилди, – деб эслайди йигит. – "[Наркотик синтези] умуман қўрқинчли эмас экан. Шунчаки нима қилаётганингизни тушунмайсиз. Мана, бу ерда: бир билан учни аралаштиринг, деб ёзилган. Сиз шунчаки бир билан учни аралаштирасиз. Менда шундай ёшлик максимализми бор эди. Бунинг оқибати нима бўлишини тушунмасдим. Ҳатто канал очиб, ютуқларимни интернетда кўрсатардим."
Би-би-си Максимдан кўплаб тенгдошлари у ишлаб чиқарган мефедронга қарам бўлиб қолганидан виждони қийналиш-қийналмаслиги ҳақида сўради.
"Нима бўпти? Мен ҳам мефедронга қарам бўлиб қолдим-ку, – деб тез жавоб берди Максим. – 15 ёшимда менга наркотик сотган аллақандай сотувчини айбламайман. Бу ҳар кимнинг шахсий иши. Ҳар ким истеъмол қилиш ёки қилмасликни ўзи ҳал қилади. Ўз ҳаётига нуқта қўйиш ёки қўймаслик ҳам ўзига боғлиқ."
17 ёшида Максим икки томонлама ҳаёт кечирарди – ижарадаги хонадонда яшар ва кафеда ошпаз бўлиб ишларди. Эрталаб ишга чиқиб, тушга яқин уйга қайтар ва мефедрон тайёрлашни бошларди: лабораторияни ташландиқ ҳаммомдан ижарага олинган хонадонга кўчирган, у ерда кимёвий реакция ҳидини яшириш учун мўри ва эшик тирқишларини беркитган эди. Хонада катта колба бўлиб, унда реакция борарди, бу жараён тахминан 12 соат давом этарди, шунинг учун тонгда Максим яна қонуний ишга жўнарди.
Ишхонада йигитдан ғалати ҳид анқиётганини сезиб, нима гаплигини сўрашарди – Максим "бино йўлагидаги кимёвий ишлов"ни баҳона қиларди. Онасига эса нарсаларимни сабзавотлар ёнида қолдиргандим, ҳиди урибди дерди. Татяна унинг уйида бир неча марта бўлган, лекин ҳеч қандай шубҳали нарса сезмаган эди.
"Ҳафтада бир қўлга тушганимни туш кўрардим. Совуқ терга ботиб уйғониб, ҳамма нарсани ҳожатхонага ташлар, колбаларни синдирардим," деб эслайди у.
Нима учун барибир гиёҳванд моддаларни синтез қилишни давом эттирдингиз, деган саволга Максим бироз ўйланиб, тезда жавоб топади: "Бу ҳам худди наркотик каби. Бир марта сотдингиз. Бу билан пул ишлаш мумкинлигини тушунасиз. Бу сизга адреналин, янгича ҳис беради. Узоқ вақт ишлаганингизда қарамлик пайдо бўлади ва ички овозингизни тўхтатиб, "Йўқ, бўлди, наркотик сотмайман дейиш қийин бўлади. Бундай бўлмайди. Ичингизда нимадир сизни шунга ундаётгандек туюлади."
Кундалигида Максим анча очиқ ёзган эди: "Наркотрафик – менинг қарамлигим, бусиз ҳаётим издан чиқади."
"Кроссовкадан вибраторгача" – Россияга наркотиклар учун хомашё қандай етказиб берилади
Қуёшли шанба куни 17 ёшли Ден (исм ўзгартирилган) жанубий мамлакатлардан бирида ижарага олинган хонадоннинг балконида ўтириб, вейп чекар, қўлидан телефонини қўймасди. Ден – даркнет-дўконлардан бири ишчиси – дўкон лабораториялари учун хомашё, кимёвий моддалар ва ускуналар етказиб беришни мувофиқлаштирарди. Ўша куни у мефедрон ишлаб чиқаришни масофадан туриб кузатди – реакцияни бажариши керак бўлган кимёгарларга маслаҳат берди.
Улар мунтазам қўнғироқ қилиб, тафсилотларни аниқлаштирарди (бундай қўнғироқларнинг бир нечтаси Би-би-си мухбирлари ёнида бўлган, Ден уларга "ошпазлар" билан ёзишмаларни ҳам кўрсатди). Ден билан учрашишдан олдин Би-би-си мухбирлари кўп ойлар давомида у билан суҳбатлашиб, унинг ҳақиқатан ҳам хомашё етказиб бериш ва наркотик ишлаб чиқаришга алоқадорлигини текширган эди. Интервьюга Ден астойдил дазмолланган оқ кўйлакда ва алкоголсиз пиво билан келди.
Ўша кунги қўнғироқлардан бирида кимёгарлар ускуналар оқиб кетаётгани ва интернет барқарор эмаслигидан шикоят қилишди. Қўнғироқ бирдан ўчди. Ден, эҳтимол, полиция келгандир, эҳтимол, буғ бурунларига киргандир, балки шунчаки телефон ўчиб қолгандир, деб тахмин қилди.
Ден ўзи ҳақида кўп гапирмайди: у ҳали 18 ёшга тўлмаган, наркобизнес билан эса бир неча йилдан бери шуғулланади. Асосий муаммолардан бири – Россияга мефедрон учун прекурсорларни – хомашёни етказиб беришдир. Улар иккита: **4 ва 4** бўлиб, бир килограмми 18-40 минг рубль туради. Асосий қийинчилик нархда эмас, балки олиб киришда: 2022 йилдан ҳар иккала модда наркотик прекурсорлари рўйхатига киритилган ва уларнинг айланмаси жуда чекланган.