ЕИ Россиянинг музлатилган мулкларини Украинага бериш бўйича бир қарорга келолмади

Зеленский қўлини кўтариб турибди

Сурат манбаси, EPA

    • Author, BBC Янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Европа Иттифоқи раҳбарлари Белгиянинг қаршилиги сабабли музлатилган Россия мулкларини Украинага бериш бўйича келишувга эриша олмади, қарор икки ойга кечиктирилди.

Брюсселда ўтган саммитда ЕИ раҳбарлари Украина эҳтиёжларини яна икки йил — 2027 йилгача молиялаштиришга тайёр эканини тасдиқладилар. Аммо музлатилган Россия мулкларини Киевга бериш масаласи Белгия позицияси сабабли яна икки ойга қолдирилди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, 23 октябр, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган саммит якунларига кўра, Европа Иттифоқи раҳбарлари Украина эҳтиёжларини кейинги икки йил давомида қоплаб боришга келишиб олган.

Reuters қўлига тушган саммитнинг якуний хулосасида ЕИ "Украинанинг 2026–2027 йиллардаги долзарб молиявий эҳтиёжларини, шу жумладан ҳарбий ва мудофаа вазифаларига оид эҳтиёжларни ҳам қоплашни ваъда беради", дейилган.

Бироқ саммитнинг асосий мавзуларидан бири — Европада музлатилган Россия Марказий банки активларини Киевга ўтказиш масаласи — Bloomberg маълумотларига кўра, икки ойга кечиктирилди. Кейинги саммит 19 декабрга белгиланган.

Reutersнинг ёзишича, кўплаб европалик дипломатлар саммитда ЕИ раҳбарлари Еврокомиссияга Украинага "репарация қарзи" бериш имконини яратиш учун расмий ҳуқуқий таклиф ишлаб чиқишни топширишларига умид қилган. Бу музлатилган Россия активлари билан боғлиқ маблағларни Европа ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида фойдаланишни кўзда тутарди. Гап Белгиядаги Euroclear депозит ҳисобида сақланаётган 140 миллиард евро миқдоридаги Россия мулклари ҳақида кетмоқда.

Бироқ Reuters маълумотларига кўра, якуний баёнотда фақат шундай дейилган: "Европа қонунларига мувофиқ, Россия активлари Украинага қарши тажовузкор урушни тўхтатмагунча ва келтирилган зарарни қопламагунча музлатилган ҳолда қолиши керак."

ЕИ бир неча ойдан бери иш олиб борган бу қарорнинг кечиктирилишига асосий сабаб — Белгиянинг позицияси бўлди. У бошқа Европа давлатларидан Россия активларини ишлатиш билан боғлиқ барча хавфларни фақат ўзига юклатмасликка оид кафолат талаб қилмоқда.

Бу баҳсли қадам Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар қаторига қўшимча бўлиши керак эди — уларнинг сўнггиси Кремлнинг нефть даромадларини нишонга олган.

Брюсселдаги учрашув жума куни Лондонда бўлиб ўтадиган саммит арафасида ўтказилди. Унда Британия Бош вазири Кир Стармер Европа раҳбарларини Киевга узоқ масофали ракета захираларини кўпайтиришга чақириши кутилмоқда.

22 октябр: Украина Россиядаги кимё заводига Storm Shadow ракеталари билан зарба берди

Storm Shadow raketasi surati

Сурат манбаси, NurPhoto via Getty Images

Украина ҳарбийлари сешанба куни Россиянинг кимё заводига Storm Shadow ракеталари билан зарба берганини маълум қилди. Бу ракеталар узоқ масофага мўлжалланган бўлиб, Буюк Британияда ишлаб чиқарилган.

Украина Қуролли Кучлари Бош штаби бу ҳужумни "муваффақиятли зарба" деб атади ва Россиянинг ҳаво мудофаасини ёриб ўтганини билдирди. Ҳужум натижалари ҳали баҳоланмоқда, аммо бу "кенг кўламли" зарба бўлган.

Ҳужумдан бир неча соат ўтиб, Россия Украинанинг бир неча ҳудудларига дронлар ва ракеталар билан кучли ҳужум уюштирди. Президент Володимир Зеленскийга кўра, бу ҳужумлар натижасида 6 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар бола бор.

Киев шаҳри, шунингдек Киев ва Днипропетровск вилоятларида фавқулодда электр узилишлари кузатилди. Россия иссиқлик электр станцияларини нишонга олгани ҳақида хабарлар бор.

Айни пайтда Россия расмийлари Брянскдаги кимё заводига қилинган ҳужум ҳақида изоҳ бермаган. Бироқ, олдинроқ Ғарб давлатларини Украинага узоқ масофали ракеталарни бермаслик ҳақида огоҳлантирган.

Украина ҳарбийлари Брянск кимё заводи Россиянинг ҳарбий-саноат комплексида муҳим роль ўйнашини таъкидлаб, уни нишонга олиш зарур эканини билдирди. "Бу завод Украина ҳудудига зарба беришда ишлатиладиган ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва ракета ёқилғиси компонентларини ишлаб чиқаради", — дейилади Х ижтимоий тармоғидаги баёнотда.

Алоқадор мавзулар:
Tasvirli grafikada Storm Shadow raketasining ishlash prinsipi tushintirilgan

Бу ҳужум Буюк Британия Бош вазири Сер Кеир Стармер ва бошқа Европа етакчилари Россия иқтисодиёти ва мудофаа саноатига босимни кучайтиришга ваъда берган куни содир бўлди. Улар Россия Президенти Владимир Путин тинчликка тайёр бўлгунча босим давом этишини айтишди.

Украина, Германия, Франция, Италия, Полша, Дания, Финляндия, Европа Иттифоқи ва Норвегия етакчилари имзо чеккан қўшма баёнотда "Украина ҳар қандай сулҳ олдидан, сулҳ давомида ва сулҳдан кейин энг кучли позицияда бўлиши керак", дейилади.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко пойтахтда икки киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Reuters ахборот агентлигига кўра, гувоҳлар ҳаво мудофааси тизимлари ишга тушганини билдирувчи портлашларни эшитган.

Видео тагсўзи, "Men behuda uchrashuv istamayman", — dedi Tramp Putin bilan muzokaralar haqida.

Сўнгги ҳужумлар ўтган ҳафта Оқ Уйда Доналд Трумп ва Украина Президенти Володимир Зеленский ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан кейин содир бўлди. Учрашувда АҚШ президенти Киевга Tomahawk ракеталарини етказиб беришга тайёр эмаслигини билдирган.

Трумп дастлаб Путин билан Будапештда уруш бўйича музокаралар ўтказишга рози бўлган эди. Аммо сешанба куни бу режани бекор қилди ва "беҳуда учрашув бўлишини истамайман", деди.

Оқ Уйда берган баёнотида АҚШ президенти асосий муаммо сифатида Москванинг ҳозирги фронт чизиғи бўйлаб жангларни тўхтатишни рад этишини кўрсатди.

Ўтган ой Трумп урушни тугатиш борасида позициясини ўзгартириб, "Украина ўзининг ҳудудий чегараларини тўлиқ қайтариб олиши мумкин", деган эди.

Россия 2022 йил февраль ойида Украинага тўлиқ миқёсдаги босқинни бошлаган эди. Ҳозирда Украина ҳудудининг тахминан 20 фоизи, жумладан 2014 йилда аннексия қилинган Қрим яримороли Россия назорати остида.