Европа Россия газидан буткул воз кечишга келишди, аммо ким қарши?

Трамп ва Путин. Россия газини энди Американики эгаллаётганига Белгиядаги намойишчилар мана шу тарзда норозилик билдиришди.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Трамп ва Путин. Россия газини энди Американики эгаллаётганига Белгиядаги намойишчилар мана шу тарзда норозилик билдиришди.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Европа Иттифоқи (ЕИ) Россия газидан буткул воз кечиш йўлида катта қадамни босди. Украинага бостириб киришидан аввал Россия Европанинг асосий газ таъминотчиси бўлган.

Душанба тасдиқланган янги схемага кўра, Россия энергия захираларининг икки асосий импортчиси ва Кремлнинг иттифоқчилари бўлган Венгрия ва Словакиянинг тўсиқларини айланиб ўтиш мумкин бўлади.

ЕИ аъзо давлатларининг энергетика вазирлари Россия билан энергия савдо-сотиғини чекловчи қонун лойиҳасини тасдиқладилар.

Ҳозиргача бу чекловлар қонун эмас, санкциялар асосида амалга ошириларди. Санкциялар ҳар олти ойда қайта овозга қўйилади ва унга 27 аъзонинг барчаси рози бўлиши керак.

Аммо, янги қонунга биноан, энди тасдиқ учун кўпчиликнинг овози етарли бўлади. Демак, Венгрия ва Словакининг ветоси иш бермайди.

Россиянинг Европадаги икки дўсти - Венгрия ва Словакия бош вазирлари Виктор Орбан ва Роберт Фицо.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Россиянинг Европадаги икки дўсти - Венгрия ва Словакия бош вазирлари Виктор Орбан ва Роберт Фицо.

Янги қонун Европарламентда тасдиқланганида, ЕИ 2028 йил 1 январидан бошлаб Россиядан газни ҳам қувур орқали ва ҳам суюлтирилган ҳолатда олишни тўхтатади. Умуман олганда, улар 2026 йилдан тўхтатилади, лекин узоқ-муддатли шартномаларнинг амал қилиши 2028 йилгача давом этади.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

ЕИ аллақачон Россия нефтининг импортини чеклаган ва Россия кўмиридан буткул воз кечган, аммо рус газига бир нечта ЕИ аъзоларининг қаршилиги сабаб санкция киритмай келаётганди.

Ҳозирда Европадаги нефть импортининг атиги 3 фоизи Россияга тўғри келади, аммо Россия газининг улуши 13%. Урушгача бу кўрсаткич 45% эди.

Ҳозирда ЕИ Россияга йилига 15 миллиард евро тўлаяпти.

Би-би-сининг рус хизмати мухбири Алексей Калмиковга кўра, Россия газига тақиқдан АҚШ ютади.

АҚШ – жаҳондаги энг йирик нефть ва газ ишлаб чиқарувчиси, ҳамда уларни Европага етказиб берувчи асосий таъминотчилардан бири.

The Financial Times ёзишича, Европага суюлтирган газ импортининг 20 фоизи ҳозирда Америкага тўғри келади. Президент Доналд Трампнинг маъмурияти буни келгуси беш йил ичида икки баравар оширмоқчи.