Эркаклар ўтириб сийгани яхшими?

    • Author, Фернандо Дуарте
    • Role, BBC Жаҳон Хизмати
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Муаллиф Фернандо Дуарте, субтитрлар Жорж Райт томонидан тайёрланган.

АҚШдаги Дэт Вэлли чўлининг ўртасида жойлашган кўчма кабинада ҳожатхонада ўтирган эркак. Унинг шимлари тўпиғигача туширилган ва у телефонини ўқияпти. Ҳожатхона эшиги тош билан тиркалган ҳолда очиқ, ёнида яна бир кўчма ҳожатхона турибди, унинг эшиги эса ёпиқ. Атрофда тошлар сочилиб ётган, орқа фонда эса қуруқ тепаликлар кўринади.

Сурат манбаси, Getty Images

Ўтирмоқ ё турмоқ – шудир масала. Эркаклар ҳожатхонага борганда қандай пешоб қилиши кераклиги борасидаги баҳс саволи шу.

Ўтириб сийиш соғлиқ учун фойдали экани ҳақида тайинли тиббий далиллар йўқ, аммо бу гигиеник жиҳатдан маъқул йўл экани ҳақида кўпчилик якдил фикрда.

"Сийишнинг тўғри ёки нотўғри усули йўқ, бу одамга боғлиқ", дейди Буюк Британиядаги Урология жамғармаси раиси доктор Мэри Гартуэйт Би-би-си билан суҳбатда.

"Бироқ ҳожатхона тоза бўлса, ўтириш чиндан ҳам гигиеникроқ ҳисобланади."

Доктор Гартуэйт қўшимча қилишича, бу юриш ёки мувозанат сақлашда қийналадиган одамлар учун, шунингдек, тунда уйғониб ҳожатхонага шошилинч бориш керак бўлганда, қовуқни бўшатишнинг хавфсизроқ усули бўлиши мумкин.

Тиш чўткаси ҳожатхона косасининг ёпиқ қопқоғи устида, компютер ва планшет ёнида ётибди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2013 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, эркаклар тик туриб ҳожат қилганда, тиш чўткангизга микроскопик миқдордаги пешоб заррачалари етиб бориши учун у ҳожатхонага жуда яқин туриши шарт эмас.

Кўп иқтибос келтирилган тадқиқотлардан бири Ҳолландиядаги Лейден университетининг 2014 йилги тадқиқотидир. Шифокорлар пешоб қилаётганда тананинг қандай ҳолатда бўлиши сийдик оқими тезлиги ва бўшаш вақтига – қовуқнинг қанчалик тез бўшашига қандай таъсир қилишини ўрганди.

Улар простата бези катталашган эркакларда ўтириб сийиш қовуқнинг тезроқ ва тўлиқроқ бўшашига имкон беради деган хулосага келишди, аммо соғлом эркакларда "фарқ йўқ" эди.

Аслида, кўпчилик эркаклар учун тик туриб сийиш жуда қулай – жамоат ҳожатхоналарида эркаклар ва аёллар навбатининг тезлигига эътибор беринг. Аммо бу сийдик сачраши эҳтимолини ҳам оширади, бу эса бошқалар учун ёқимсиз бўлиши мумкин.

Бу фақат ҳожатхона ўриндиқлари ёки поллардаги "нишонга урмаган"лар ҳақида эмас. Америкалик муҳандис-механиклар жамоаси 2013 йилда микроскопик томчилар "жуда катта масофаларга сачраганини" аниқлади, яъни яқин атрофдаги нарсаларга – ҳатто тиш чўткаларига ҳам сийдик тегиши мумкин.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Брюсселдаги машҳур кичик бронза ҳайкал — Manneken Pis.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кўплаб мамлакатларда эркаклар ҳануз пешоб қопини тик турган ҳолда бўшатишни афзал кўрадилар.

Баъзи маданиятларда эркаклар ўтириб сийишга ундалади. Масалан, Исломда бу ҳатто суннатнинг бир қисми сифатида тавсия этилади. Аммо кўпчилик эркаклар учун эски одатлар ўзгариши қийин ва тик туриб пешоб қилиш ҳали ҳам "биринчи рақамли" усул ҳисобланади.

2023 йилда YouGov 13 мамлакатда эркаклар қовуғини бўшатишнинг афзал усули бўйича тадқиқот ўтказди.

YouGov ҳатто яқин мамлакатларда ҳам катта тафовутни аниқлади: немис эркакларининг 40 фоизи доим ўтиришини ва атиги 10 фоизи доим туришини айтган бўлса, Буюк Британияда бу кўрсаткич мос равишда 9 ва 33 фоизни ташкил этди.

Қизиғи шундаки, ўтириб сийиш Германияда кўпроқ тарқалган, ваҳоланки, бу мамлакатда кимнидир Sitzpinkler (ўтириб сиядиган эркак) деб аташ эркакка хос бўлмаган хулқ ҳисобланади. Бразилияда эса "аёллар ва қурбақалар ўтириб сияди" деган қадимий нақл бор.

Наҳотки эркаклар сийиш тарзини ўзгартириш учун қандайдир эволюцион хусусият билан курашиши керак бўлса? Эволюцион психология соҳасидаги етакчи олим, Оксфорд университети профессори Роберт Данбарнинг фикрича, бундай эмас.

"Эркаклар нима учун тик туриб сийиши ҳақида ҳеч қандай [эволюцион] далил йўқ", дейди у.

Ўтиришни ёқтирмайдиган эркаклар учун бу баҳона бўла олмайди.

"Ҳақиқат шундаки, баъзи эркаклар тик туриб, бошқалари эса ўтириб сийишни қулайроқ деб билади", дея қўшимча қилади доктор Гартуэйт.

Аниқ тиббий тавсиялар йўқ экан, бутун дунё бўйлаб эркаклар учун сийиш усули – агар аёл танишлари босими ёки ҳожатхона деворларидаги илтимослар каби омиллар туфайли ўтиришга мажбур бўлмаса – танлов масаласи бўлиб қолаверади (бу ҳам немисларнинг яна бир ўзига хос хусусияти).

Аммо тик турмоқчи бўлсангиз, ҳеч бўлмаганда аниқ мўлжалга олишга ҳаракат қилинг.