Россия халқаро сиёсатини қандай ўзгартиряпти ва бунга Трампнинг нима дахли бор? Кремл қудрати пасаймоқдами?

Қатор Африка давлатларида Россия катта дастакка эга

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Қатор Африка давлатларида Россия катта дастакка эга
    • Author, Григор Атанесян
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтишини кўпчилик Кремль учун катта омад деб баҳолаган эди. Мана, орадан бир йил ўтди, Украина Америка қуроллари ва разведка маълумотларини олиб турибди, Донбассдаги барча шаҳарлар учун жанглар Трамп лавозимга келишидан аввалгидек давом этмоқда. Қолаверса, АҚШ Россиянинг Жанубий Кавказ ва Яқин Шарқдаги манфаатларига таҳдид солмоқда.

"Россиянинг ҳаво мудофааси ишламади чоғи?" деб киноя қилди АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет, осмонини Россия тизимлари қўриқлаши керак бўлган Каракасда Николас Мадуро қўлга олинганини назарда тутиб.

Бу операция ортидан АҚШнинг "томорқаси"да Россиянинг асосий ҳамкори ағдарилди. Бирорта ҳам аскарини йўқотмаган Вашингтон Венесуэла нефти назоратини қўлга олди ва Лотин Америкасидаги Америкага қарши сиёсат марказини зарарсизлантирди. Москва энди миллиардлаб берилган кредитларини қайтариб олиши амримаҳол.

Россиянинг Лотин Америкасидаги яна икки иттифоқчиси келажаги ҳам хавф остида. Венесуэла нефти ҳисобига яшаб келаётган Кубадаги коммунистик режим ва БМТда Россия учун барча резолюцияларга овоз берадиган Никарагуадаги Даниэл Ортега диктатураси АҚШнинг кейинги нишони бўлиши мумкин.

Россиянинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиси Оятуллоҳ Хоманаий бошчилигидаги Эрон Ислом Республикаси ҳукумати ҳам яшаш учун курашмоқда. Ўтган йили бу ҳукумат тарихда биринчи марта Исроил ва АҚШ билан тўғридан-тўғри тўқнашувларга борди. Унинг асосий прокси кучи бўлмиш Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракатини Исроил амалда тор-мор этди. Эрон ичида иқтисодий инқироз мисли кўрилмаган норозиликларга сабаб бўлди.

Яқиндагина Россия денгизчилари Каракасда марш қилишаётганди, энди эса у ерда Трампга қулоқ солишади

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Яқиндагина Россия денгизчилари Каракасда марш қилишаётганди, энди эса у ерда Трампга қулоқ солишади

Январь ойи охирида Форс кўрфазига Америка авиаташувчиларининг зарба берувчи гуруҳи етиб келди.

Яқиндагина Россия ҳимоясидаги ҳудуд ҳисобланган Сурияда Башар Асадни ағдарган исёнчилар Вашингтон ва Европа билан муносабатларни ривожлантирмоқда. Улар АҚШнинг минтақадаги терроризмга қарши коалициясига қўшилди, Трампнинг махсус вакили эса Дамашқ ва курд кучлари ўртасидаги музокараларда воситачилик қилди. Январь

ойи охирида Россия ҳарбийлари мамлакат шимоли-шарқидаги Қамишли авиабазасини шошилинч бўшатди.

Москвага дўст баъзи режимларнинг қулаши ва бошқаларининг беқарор аҳволи Россиянинг собиқ совет ҳудудидан ташқарида куч ишлатишга қодир эмаслигини кўрсатди, дейди Американинг Куинси институти Евроосиё дастури директори Анатол Ливен.

"Россия дунёда кенг дипломатик таъсирини сақлаб қолмоқда, аммо ҳарбий жиҳатдан у энди яқин атрофи билан чекланиб қолган", деб ҳисоблайди Ливен.

Аммо Россиянинг Яқин Шарқ ва Лотин Америкасидан чиқиб кетиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Собиқ ва ҳозирги жиҳодчилар

Россия армияси Украинадаги уруш билан банд бўлса-да, Сурияда ҳокимият алмашган бўлса-да, Москва мамлакатда ва умуман Яқин Шарқда ўз мавқеини сақлаб қолмоқда, деб ҳисоблайди Россия халқаро муносабатлар бўйича кенгаши етакчи таҳлилчиси Антон Мардасов.

Асад ҳокимиятдан ағдарилгач, Москва 2066 йилгача эгалик қилиш ҳуқуқини олган Россиянинг Хмеймим авиабазаси ва Тартусдаги денгиз пункти тақдири масаласи кўтарилди, ҳатто улардан оғир техникаларни шошилинч олиб чиқа бошлади. Аммо ҳокимиятга келган собиқ жиҳодчи Аҳмад аш-Шаръа Москва билан тузилган илгариги шартномалар бўйича мажбуриятларни бажаришга ваъда берди. Ҳозирда Хмеймим Африкадаги рус ҳарбийларини қўллаб-қувватлаш учун ўтказиш пункти бўлиб хизмат қилмоқда ва Тартус ҳам Россия назорати остида.

Путин Сурияга киришини террорчиликка қарши кураш билан изоҳлаган, лекин собиқ жиҳодчи Аҳмад аш-Шара билан тил топишди

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Путин Сурияга киришини террорчиликка қарши кураш билан изоҳлаган, лекин собиқ жиҳодчи Аҳмад аш-Шара билан тил топишди

"Суриянинг янги режими Туркия ва Исроил, АҚШ, араб монархлари ўртасидаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда Россияга мувозанатловчи куч сифатида қизиқмоқда. Дамашқ у ёки бу ўйинчига қарам бўлмасликка, Суриядан илғор мудофаа ҳудуди сифатида фойдаланмоқчи бўлган Туркия раҳбариятининг қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмасликка ҳаракат қилмоқда", дейди Мардасов.

Ноябрь ойида Россия ҳарбийлари Сурия жанубига борди. Россия газеталари ёзишича, Дамашқ Исроил билан чегара яқинида Россия иштирокини қайта тиклашга қизиқиш билдирган, мақсад – Исроил ҳарбийларининг Сурия ҳудудига кириб боришини тўхтатиш. Муваққат президент аш-Шаръа январь ойида Москвага иккинчи марта ташриф буюриб, Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашди.

"Иқтисодий муносабатлар, норасмий ва расмий дипломатия туфайли Москвани Яқин Шарқ муносабатларидан бутунлай чиқариб ташлаш мумкин эмас", деб ҳисоблайди Мардасов. Унинг таъкидлашича, Сурияда бўлиш россиялик дипломатларга қўшни Ливандаги вазиятга ҳам таъсир ўтказиш имконини беради.

Россия ҳаво кучлари Дамашқ ташқарисидаги бутун бошли мавзеларни вайрон қилган

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия ҳаво кучлари Дамашқ ташқарисидаги бутун бошли мавзеларни вайрон қилган

Африкадаги шунга ўхшаш вазият ҳақида Саҳел геосиёсати бўйича эксперт Беверли Очиенг гапирди. Минтақа ўн йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи нишони Мали Республикаси бўлган жиҳодчи гуруҳлар ҳужумига қарши курашмоқда.

Дастлаб уларга қарши курашишда собиқ мустамлакачи Франция ёрдам таклиф этди. Бироқ Франциянинг саккиз йиллик "Бархан" операциясидан сўнг жиҳодчилар ҳужуми қўшни Буркина-Фасо ва Нигерга ҳам ёйилди. Учала давлатда ҳам ҳокимиятни француз қўшинларини чиқариб юборишни талаб қилган, "Вагнер" жангариларидан, кейинчалик эса унинг ўрнини эгаллаган Россия Мудофаа вазирлигининг «Африка корпуси»дан ёрдам сўраган ҳарбийлар эгаллади. Аммо ҳозирча рус ҳарбийлари ва инструкторлари французлардан яхшироқ натижа кўрсата олгани йўқ ва ўтган йил давомида жиҳодчилар ҳукумат қўшинларини сиқиб чиқариб, фаол ҳужумлар уюштирди.

Шунга қарамай, Москва Саҳелни бошқа минтақаларга чиқиш учун плацдарм сифатида ишлатиб, қитъадаги ўз иштирокини кенгайтириш учун етарли маблағ ва куч сарфлади, дейди Очиенг. Африка давлатлари АҚШ билан ишлашни афзал кўрса-да, бу қитъа Оқ уй учун устувор эмаслигини ҳам тушунишади.

Бу Россиянинг минтақада ўйинчи бўлиб қолишини англатади. Масалан, жиҳодчиларга қарши курашда Мали, Буркина-Фасо ва Нигер ҳарбий раҳбарларининг ҳозирда бошқа чоралари йўқ ва шу сабабли улар русларга таянмоқда. Ҳарбийларни юбориш эвазига Россия компаниялари бир қанча давлатларнинг табиий ресурсларидан фойдаланади. Шу билан бирга, Россия Гвинея кўрфази портларига киришни кенгайтирмоқда.

2024 йилда Россия ўз мураббийларини Экваториал Гвинеяга юборди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, 2024 йилда Россия ўз мураббийларини Экваториал Гвинеяга юборди

Постсовет раҳбарлар Трампнинг энг яхши дўстларими?

Сўнгги йилларда постсовет ҳудудида Россияга бўлган муносабат кескин ўзгарди.

Украинага босқин ва у билан боғлиқ риторика бу давлатлардаги кўпчиликка ўзларининг собиқ империя маркази билан муносабатларини эслатди – Россия империяси мустамлакачилигидан тортиб, 1920-30 йилларда миллий зиёлилар қатағони ва кейинги руслаштиришларгача. Ҳукмрон элита назарида эса Москва ишончли ҳамкор мақомини йўқотди.

Россия Жанубий Кавказдаги мавқеини ҳаммасидан тезроқ йўқотди.

2020 йилда Озарбайжон-Арманистон уруши Путин воситачилигида якунланди ва Тоғли Қорабоғга Россия тинчликпарвар кучлари киритилди. Аммо Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг вазият бутунлай ўзгарди.

2023 йилда Озарбайжон Қорабоғ устидан назоратни куч билан қайтариб олди, Россия тинчликпарвар кучлари эса муддатидан олдин чиқариб юборилди. 2025 йилда икки давлат раҳбарлари Доналд Трамп воситачилигида тинчлик келишуви матнини тасдиқлади.

Озарбайжонни унинг эксклави билан боғлайдиган йўл лойиҳаси "Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли" деб номланди. Энди Трамп Илҳом Алиев ва Никол Пашинянни ўзининг дўсти деб атайди ва иккаласи ҳам унинг Тинчлик кенгашига аъзо бўлди. Арманистон Жо Байден маъмуриятининг сўнгги кунларидаёқ АҚШнинг стратегик шериги мақомини олган эди, Озарбайжон билан эса ҳозир шундай шартнома тузишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Айни чоғда, ҳар икки давлат Россиядан узоқлашмоқда. Ўтган йил Боку ва Москва дипломатик низо ҳолатида бўлди. Ҳибсга олинган россияликлар ҳамон Озарбайжон қамоқхонасида, ҳокимиятга яқин Озарбайжон оммавий ахборот воситалари эса Кремлни танқид қилишни давом эттирмоқда.

Икки давлат расмийлари ҳам Кремлнинг агентларини изламоқда. Бокуда президент маъмуриятининг собиқ раҳбари фитна тайёрлаб, Москва учун ишлаганликда айбланмоқда. Ереванда бир неча мухолифатчи ва Арманистон черковининг архиепископи Россия кўмагида қуролли тўнтариш тайёрлаганликда айбланмоқда.

Қоғозда Россия бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ – КХШТ аъзоси бўлиб қолган Арманистон ҳозир амалда унда иштирок этмаяпти. Мамлакат Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси бўлса-да, Европа Иттифоқига қўшилишни мақсад қилган.

Шу билан бирга, америкалик чегарачилар арман ҳамкасбларга таълим бермоқда, улар вақт ўтиши билан Арманистон чегараларида россияликлар ўрнини тўлиқ эгаллаши кутилмоқда. Ереван ташаббуси билан Россиянинг ФСБ чегара қўшинлари аллақачон пойтахт аэропортидан олиб чиқилган ва ҳозир уларнинг Арманистон-Эрон чегарасидан ҳам чиқарилиши кутилмоқда.

Трамп Пашинян ва Алиевни ўз дўстлари деб атаган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Трамп Пашинян ва Алиевни ўз дўстлари деб атаган

Россия тарғиботчилари фикрича, постсовет ҳудудида ўз таъсирини йўқотиш – Кремль учун асосий муаммо. Январь ойи бошида бу нуқтаи назарни Владимир Соловёв шакллантирган

эди. "Биз ҳозир Сурия ёки Венесуэла билан шуғулланмаслигимиз керак. Биз ўз мавқеимизни йўқотмаслигимиз керак, лекин биз учун энг муҳими – яқин хориждир, – деди Соловёв. – [...] Арманистонни йўқотиш – бу жуда катта муаммо. Бизнинг Осиёдаги, [...] Марказий Осиёдаги муаммолар биз учун улкан хавф бўлиши мумкин."

Худди шу кунларда Россиянинг таниқли ўта ўнг қанот мафкурачиси Александр Дугин янада кескинроқ фикр билдирди: "Суверен Арманистон ёки суверен Грузия ёки суверен Озарбайжон, суверен Қозоғистон, суверен Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон мавжудлигига рози бўлиш мумкин эмас."

Бу гаплар улар таҳдид қилаётган давлатларда кўпчиликнинг ғазабини келтирди ва уларнинг ортида Кремлнинг нияти яширинлигини кўришди. Арманистонда ҳатто Соловёвнинг эфири туфайли Россия элчиси чақиртирилди ва унга норозилик нотаси топширилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги унинг сўзларини «шахсий фикр» деб атади.

Жанубий Кавказда бўлгани каби, Россиянинг Марказий Осиёдаги мавқеига ҳам Трамп маъмурияти фаоллиги энг катта хавф туғдирмоқда. Ноябрь ойида Америка раҳбари тарихда биринчи марта Оқ уйда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентларини қабул қилди.

Марказий Осиё раҳбарлари учун АҚШга яқинлашиш Россия ва Хитой таъсирини мувозанатлаш воситасидир. Трамп жамоаси эса аввалги Америка маъмуриятлари каби бу мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари ва демократия аҳволини муҳокама қилмайди. Бунинг ўрнига Вашингтон фойдали қазилмалар, жумладан, нодир ер металларига қизиқмоқда.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио минтақа давлатлари билан ҳамкорлик майдонини "Худо мамлакатларингизга инъом этган ресурслар" деб таърифлади. У 2026 йилда бу беш давлатга ташриф буюришни ваъда қилди. Саммитдан сал олдин Америка компанияси Ўзбекистонда фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш бўйича миллиард долларлик шартнома олди. Яна бир Америка корпорацияси Қозоғистондаги вольфрам конларини ўзлаштириш лойиҳасида 70% улушга эга бўлди. Вольфрам ҳарбий саноат мажмуаси учун ғоят муҳим бўлиб, Хитой уни қазиб олиш ва ишлаб чиқаришда жаҳон етакчиси ҳисобланади.

Трамп Марказий Осиёдаги табиий бойликларга кўз тиккан

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Трамп Марказий Осиёдаги табиий бойликларга кўз тиккан

Бундан ташқари, АҚШнинг Кавказ ва Марказий Осиёдаги режалари ўзаро боғлиқ. Вашингтон Россия ва Эронни четлаб ўтиб, Европани Марказий Осиё ва Хитой билан боғлайдиган транспорт йўлаги – "Ўрта йўлак" лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда ва Арманистон ҳудудидаги "Трамп йўли" унинг бир қисмига айланиши керак.

Минтақада яна мустамлакачиликка қарши кайфият кучаймоқда. Бу Украинадаги урушга ва рус тарғиботчиларининг бошқа қўшни давлатларга таҳдидларига муносабат, шунингдек, Россия ичидаги муҳожирларга қарши сиёсат натижасидир.

Яқинда Қирғизистон Москвани EОИИ судига берди, Ўзбекистон президенти эса Россияда муҳожирлар ҳуқуқлари бузилишини қоралади. Минтақа давлатлари раҳбарлари ўзаро учрашувларда, илгари рус тилида гаплашган бўлса-да, ҳозир миллий тиллардан фойдаланмоқда. Марказий Осиёдаги фуқаролик жамияти ҳам рус тили ва маданияти ролини фаол қайта кўриб чиқмоқда.

"Мувозанат – Путин фойдасига"

Соловёв ва Дугиннинг сўзларини Кремлнинг нияти деб қабул қилиш хато, дейди Россия Давлат думаси депутати Константин Затулин. Россия ҳукумати учун энг муҳими – АҚШ билан Украина бўйича музокаралар бўлиб, бу масалада Доналд Трамп маъмурияти "фаол иштирок этмоқда ва асосий роль ўйнамоқда", деди Затулин Би-би-сига.

АҚШнинг постсовет ҳудудидаги фаоллиги, Мадуронинг ағдарилиши ва Россиянинг Суриядаги етакчилик ролини йўқотиши Москванинг геосиёсий мавқеини заифлаштиради. Аммо уларни Трампнинг Гренландияга даъволари НАТОга етказган зарар билан таққосласак, буларнинг барчаси Россия президенти Владимир Путинга қўл келмоқда, дейди Би-би-сига Жон Болтон. У Трампнинг биринчи маъмуриятида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

"Мувозанат – Путин фойдасига. Совуқ уруш даврида Совет Иттифоқининг асосий мақсади АҚШ ва Европа ўртасида бўлиниш яратиш орқали НАТОни йўқ қилиш эди. Аммо НАТО парчаланмади ва бу СССРнинг Совуқ урушда мағлуб бўлиши сабабларидан бири эди. Энди Трамп улар учун (Кремль –Би-би-си) уларнинг ишини қилмоқда", деб ҳисоблайди Болтон.

Трампнинг постсовет республикалари раҳбарлари билан келишувлари амалга ошадими ёки йўқ, ҳозирча номаълум, дейди Жон Болтон. Аммо уларнинг кўпчилиги учун Вашингтон билан янги битимлар Москва билан шерикликдан воз кечишни эмас, балки ўртадаги мувозанатни англатади.

"Марказий Осиё давлатлари мустақил бўлиб қолишни хоҳлайди. Бунинг учун уларда барча имкониятлар бор: уларнинг эътиборини қозониш учун Россия ҳам, Хитой ҳам, АҚШ ҳам курашмоқда", дейди Болтон.

Болтон Трампнинг маслаҳатчиси бўлган, лекин энди унинг танқидчисига айланиши билан жиноий ишга юз тутмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Болтон Трампнинг маслаҳатчиси бўлган, лекин энди унинг танқидчисига айланиши билан жиноий ишга юз тутмоқда

Россиялик депутат Константин Затулин ҳам Трампнинг "яқин хориж" раҳбарлари билан келишувлари Россия ҳукуматини ортиқча ташвишга солмаслиги керак, деб ҳисоблайди.

"Ниятлар ҳали аниқ эмас. Марказий Осиё бугунги кунда кўпроқ Россия ва Хитой билан муносабатларни ривожлантиришга боғлиқлиги аниқ, – деди Затулин. – Буларнинг ҳаммасини аниқлаб олиш учун ҳали вақтимиз бор."

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон КХШТнинг, Қозоғистон ва Қирғизистон эса Евроосиё иттифоқи аъзоларидир, бу давлатларнинг асосий савдо ҳамкорлари Хитой ва Россиядир.

Арманистон ва Озарбайжонда Кремль агентларини овлаш ички аудиторияга қаратилган – ҳар икки давлат раҳбарлари ва дипломатлари Кремль билан муносабатлар контекстида бу мавзуларни тилга олмайди, аксинча, Москва билан иқтисодиётни муҳокама қилади. Икки томонлама муносабатлардаги инқирозга қарамай, 2025 йилда Москва ва Боку иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида янги шартнома имзолади ва транспорт йўлакларини кенгайтиришни режалаштирди, Газпром раҳбари эса Озарбайжон давлат нефть компанияси SOCAR президентини қабул қилди.

Ғарбпараст йўналишига қарамай, Арманистон ҳукумати россиялик инвесторларни фаол жалб қилмоқда. Москва билан атом электр станциясидан фойдаланишни узайтириш ва темир йўлларни тиклашни муҳокама қилмоқда.

Украинадан кейин

Россиянинг кўплаб танқидчилари Украинадаги уруш тугагач, Кремл Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда йўқотилган таъсирини тиклашга интилишидан хавотирда.

Вашингтоннинг бунга муносабати ўша пайтдаги президентга боғлиқ бўлади. "Агар 2028 йилда демократлар ғалаба қозонса, биз Россия таъсирини барча йўналишларда тўхтатишга уринишга қайтишни кўрамиз", дейди Анатол Ливен. Аммо Республикачилар партияси номзоди ғалабаси Москва билан камроқ қарама-қаршиликни англатиши мумкин, деб тахмин қилади у.

Африкадаги ҳарбий режимлар лидердлари, жумладан Иброҳим Траоре, Москвага хайрихоҳ

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Африкадаги ҳарбий режимлар лидердлари, жумладан Иброҳим Траоре, Москвага хайрихоҳ

Республикачи Жон Болтоннинг фикрича, ҳамма нарса "Республикачилар партиясининг руҳи учун курашда" ғолиб чиқадиган номзодга боғлиқ.

"Вице-президент Ж. Д. Вэнс изоляционистдир. У Трампдан анча ақллироқ, аммо Вэнснинг 2028 йилда Республикачилар партиясидан номзод бўлишига кафолат йўқ", дейди Болтон. У ташқи сиёсат масалаларида республикачилар асосан Рейган-Буш партияси бўлиб

қолаётганини, яъни Россия билан кескин қарама-қаршилик, бошқа давлатлардаги демократик ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва ҳарбий бюджетни ошириш тарафдорлари эканлигини таъкидлайди.

Рейган ва Катта Буш маъмуриятларида адлия вазири ўринбосари ва давлат котиби ёрдамчиси бўлиб ишлаган Болтоннинг фикрича, партия уларнинг позицияларига қайтади.

Бироқ Анатол Ливен Россия-Украина уруши тугашига режалар тузиш бефойда дейди, чунки ҳозир тузилган ҳар қандай келишув ҳатто барқарор ўт очишни тўхтатиш режимига ҳам олиб келмаслиги мумкин. Экспертнинг фикрича, бу кўпроқ Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги Кашмир можаросига ўхшайди, унда 1947 йилдан бери узоқ муддатли тинчлик даврларини отишмалар ва кенг кўламли уруш кесиб туради.

Шу билан бирга, Москва бошқа йўналишлардаги муваффақиятсизликларни Украинага босимни кучайтириш ва мамлакат ичида янги репрессив чоралар қўллаш билан қопламоқда, деб таъкидлайди Economist журнали. Николас Мадуро қўлга олинганидан бир неча кун ўтгач, Россия ҳарбийлари Украинага "Орешник" баллистик ракетаси билан зарба берди.