Исроил-Эрон ҳужумлари: Энг ёмон оқибат нима бўлиши мумкин? Таҳлил

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жеймс Лэндейл
- Role, Би-би-сининг Дипломатик масалалар бўйича мухбири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ҳозирча Исроил ва Эрон ўртасидаги тўқнашув икки давлат доирасидагина кечмоқда. БМТ ва бошқа халқаро майдонларда зудлик билан вазиятни босиқлик билан ҳал этишга чақириқлар кучайган.
Аммо бу чақириқлар эътиборга олинмаса-чи? Тўқнашув кучайиб, минтақавий ёки глобал можарога айланиб кетса-чи?
Қуйида энг хавотирли, энг салбий сценарийларнинг баъзилари келтирилган:
Америка урушга тортилади

АҚШнинг иштирок этмаётгани ҳақидаги очиқ баёнотларига қарамай, Эрон Америка кучлари Исроил ҳужумларини камида билвосита қўллаб-қувватламоқда, деб ҳисоблаяпти.
Шу боис Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги нишонларига – Ироқдаги махсус кучлар лагерлари, Форс кўрфазидаги ҳарбий базалар, минтақадаги дипломатик ваколатхоналарга зарба бериши мумкин. Эроннинг пркси кучлари Ҳамас ва Ҳизбуллоҳ заифлашган бўлиши мумкин, бироқ Ироқдаги қуролли тарафдорлари ҳануз фаол.
АҚШ бундай эҳтимолдан чўчиб, айрим ходимларини минтақадан эвакуация қилган. Расмий баёнотларида эса Эронни огоҳлантириб, АҚШ нишонларига ҳар қандай ҳужум жиддий оқибатларга олиб келишини билдирган.
Агар, масалан, Тель-Авивда ёки бошқа бир ҳудудда америкалик фуқаро ҳалок бўлса, нима юз беради?
Доналд Трамп бу ҳолатда ҳаракат қилишга мажбур бўлиши мумкин. Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху аллақачон АҚШни Эронга қарши урушга тортмоқчи бўлаётганликда айбланиб келган.
Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Эроннинг энг чуқур ядровий иншоотларини – хусусан, Фордоу мажмуасини – фақат АҚШга тегишли бункер-бустер бомбалар ва стратегик бомбардимончи самолётлар йўқ қила олади.
Трамп сайловчиларига Яқин Шарқда яна бир "абадий уруш"ни бошламасликка ваъда берган эди. Бироқ Республикачиларнинг кўпчилиги Исроил ҳукуматини ва унинг "Теҳронда режимни ўзгартириш вақти келди" деган қарашини қўллаб-қувватлайди.
Аммо, агар, АҚШ бевосита жанговар тарафга айланса, бу можаронинг кескин кенгайишига, узоқ давом этувчи ва ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Netanyaxu aytishicha, uning asosiy maqsadi – Eronning yadroviy salohiyatini yo‘q qilish. Biroq u kecha qilgan bayonotida rejimni almashtirish niyati borligini ham ochiq bildirdi.
Форс кўрфази давлатлари қўшилади
Агар Эрон Исроилнинг ҳарбий ёки бошқа муҳим объектларига етарли зарар етказа олмаса, у ҳолда нисбатан заифроқ нишонларни – Форс кўрфазидаги айрим давлатларни – нишонга олиши мумкин. Айниқса, Эрон уларни ўз душманларига йиллар давомида ёрдам берган деб ҳисоблаётган бир вақтда.
Минтақада энергетика ва инфратузилмавий аҳамияти юқори бўлган кўплаб нишонлар мавжуд. 2019 йилда Эрон Саудия Арабистонидаги нефть объектларига ҳужум қилганликда айбланган. 2022 йилда эса Эрон билан алоқадор ҳусийлар БААдаги нишонларга зарба берган.
Шундан буён Эрон ва айрим минтақа давлатлари ўртасида муайян даражада ярашув юз берган бўлса-да, бу давлатларнинг айримлари АҚШ ҳарбий базаларига мезбонлик қилади. Баъзилари ўтган йили Исроилни Эрон ракета ҳужумларидан ҳимоя қилишда ёрдам бергани тахмин қилинади.
Агар Форс кўрфази мамлакатлари ҳужумга учраса, улар ҳам АҚШдан – Исроил сингари – ҳарбий ёрдам талаб қилиши эҳтимолдан холи эмас.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қила олмайди
Агар Исроил ҳужуми кутилган натижани бермаса-чи? Эроннинг ядровий иншоотлари ниҳоятда чуқурда жойлашган ва кучли ҳимояланган. 60 фоиз даражада бойитилган 400 кг уран – ўнлаб ядровий бомбалар тайёрлашга етадиган ёқилғи йўқ қилинмаса-чи?
Бу уран эҳтимол чуқур конларда, сирли жойларда яширилган. Исроил айрим ядровий олимларни ўлдиргандир, бироқ ҳеч қандай бомба Эроннинг илмий салоҳияти ва тажрибасини йўқ қила олмайди.
Агар ушбу ҳужум Эрон раҳбариятини шундай хулосага келтирса: "фақат тўлиқ ядровий қудратгина бизни келгуси ҳужумлардан ҳимоя қила олади" – у ҳолда нима бўлади?
Янги ҳарбий етакчилар аввалгиларига қараганда қатъийроқ ва хавф солишга тайёрроқ бўлиши мумкин.
Бу эса Исроилни такрорий ҳужумларга ундайди. Минтақа эса узлуксиз зарба ва қарши зарбалар доирасига тушиб қолади. Исроилликлар бу стратегияни шафқатсизларча "майсани ўриш" деб атайдилар.
Жаҳон иқтисодий инқирози юзага келади
Нефть нархлари аллақачон кескин кўтарилмоқда.
Агар Эрон Ҳурмуз бўғозини ёпишга уринса, бу глобал нефть таъминотини жиддий тўсиб қўяди.
Агар Арабистон яримороли нариги томонида, Эроннинг энг сўнгги прокси кучи саналган ва олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳусийлар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини кучайтира бошласа-чи?
Бугунги кунда кўплаб давлатлар аллақачон яшаш харажатларининг ортиши билан боғлиқ инқироздан азият чекмоқда. Нефть нархининг кескин ошиши глобал инфляцияни янада кучайтиради, айниқса, Трамп бошлаб берган тариф уруши натижасида шундоқ ҳам зўрға турган иқтисодий тизимга оғир зарба беради.
Энг муҳими: нефть нархининг кўтарилишидан энг кўп фойда кўрадиган шахс – Россия президенти Владимир Путин. Нефтдан тушган миллиардлаб долларлар Кремлга оқиб киради ва бу маблағлар Украинадаги урушни давом эттириш учун ишлатилади.
Эрон режими қуласа, қандай бўшлиқ юзага келади?
Агар Исроил ўзининг узоқ муддатли мақсадига эришиб, Эроннинг исломий инқилобий режимини ағдаришга муваффақ бўлса, натижа қандай бўлади?
Бош вазир Бенямин Нетаняхунинг айтишича, унинг асосий мақсади – Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш. Бироқ у кеча қилган баёнотида режимни алмаштириш нияти борлигини ҳам очиқ билдирди.
У "Эроннинг ғурурли халқи"га мурожаат қилиб, ҳужумларни уларни "ёвуз ва золим режимдан озод қилиш йўлини очиш" деб таърифлади.
Эрон ҳукуматининг қулашини айрим минтақа давлатлари, айниқса, баъзи исроилликлар қувонч билан қабул қилиши мумкин. Аммо бундай ағдарилиш қандай бўшлиқ қолдиради? У қандай кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин? Эрон ичида юзага келадиган фуқаролик низолари қандай кўринишга эга бўлади?
Кўпчилик эслайди: Ироқ ёки Ливияда кучли, марказлашган ҳокимият қулаганида нима бўлганини.
Шу сабабли, можаронинг кейинги кунларда қандай йўналишда давом этиши ниҳоятда муҳим.
Эрон қандай жавоб беради? Қанча даражада ва қанчалик кескинлик билан?
АҚШ Исроилга таъсир ўтказа оладими? Умуман, бунга уринадими?
Бу икки саволга қандай жавоб бўлиши – бутун минтақа келажагини белгилаши мумкин.













