Қозоқ дипломатлари Киевда, оташкесим икки хил талқин қилинаяптими?

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Қуантиров хабар қилишича, қозоғистонлик дипломатлар Каспий трубопровод консорциуми(КТК)нинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Украина пойтахти Киевга борганлар.

"Биз Украина томони билан алоқадамиз, ушбу масала бўйича музокаралар кетаяпти", дея Қуантировдан иқтибос келтирди «Интерфакс-Казахстан» ахборот агентлиги.

24 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Краснодар ўлкасидаги КТКнинг "Кропоткинская" деб номланадиган нефтни тортиб олиб станциясига янги дрон ҳужумлари рўй бергани ҳақида хабар тарқатди, Киевни халқаро энергетика инфратузилмасига зарба беришда айблади.

Москвага кўра, Россия ва АҚШ президентларининг телефон суҳбатидан кейин Россия ҳарбийлари Украина энергетика иншоотларига ҳужумларни тўхтатишган.

Украина дронлари 17 феврал куни "Кропоткинская" нефтни тортиб олиб станциясига ҳужум қилган, оқибатда иншоотга жиддий шикаст етиб, станция фаолиятини тўхтатишга, таъмир бошлашга тўғри келган.

19 март куни ҳам Россия Мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучлари "Кропоткинская" станцияси яқинидаги объектга ҳужум қилганини хабар берган эди.

Оташкесим ишламадими?

25 март куни Оқ Уй ва Кремл Қора денгизда ўт очишни тўхтатишга келишилганини хабар қилдилар.

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда АҚШ ҳайъати аввал Россия делегацияси билан, сўнг Украина ҳайъати билан музокаралар ўтказди, сўнг Россия ва Украина Қора денгизда оташкесим ва кемаларнинг хавфсиз қатновини йўлга қўйишга келишдилар, дея хабар қилинди.

Украина Президенти Володимир Зеленский кемалар хавфсизлигига бағишланган келишув инфратузилмаларга ҳам тааллуқли, дея баёнот берди.

"Россияга қарши санкцияларнинг айримлари олиб ташланганидан кейингина кемалар хавфсизлиги ҳақидаги банд кучга киради", деган шартни қўйди Россия.

"Тахминан беш ёки олтита шарт бор. Биз уларнинг ҳаммасини кўриб чиқамиз", деди АҚШ Президенти Доналд Трамп Россия Америка томони олдига қўйган шартлар ҳақида.

Кремл зарба мораторийси эълон қилинган Украина ва Россия энергетика иншоотлари рўйхатини эълон қилди.

Бу иншоотларга нефтни қайта ишлаш корхоналари, электр станциялари, ГЭС тўғонлари ва АЭСлар бор.

26 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Украинани оташкесим келишувини бузишда айблаб чиқди.

Украина дронлари ярим тунда Қримдаги ерости газ омборига, Брянск вилоятидаги энергетика иншоотларига зарба берди, оқибатда юқори қувватли электр линияси ишдан чиқди, одамлар электр қувватисиз қолдилар, Курск вилоятидаги электр трамоғига дрон ҳужуми оқибатида 4000 киши чироқсиз қолди, дея хабар қилди Россия ҳарбийлари.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби мораторий келишувини бузганликлари ҳақидаги Россия хабарларини ҳақиқатга тўғри келмайди, дея рад этди.

«25-26 мартда Украина Мудофаа кучлари дронлари Курск ва Брянск вилоятларидаги энергетика объектлари ва россияликлар босиб олган Қрим ҳудудидаги энергетика иншоотларига зарба бергани йўқ.

Босқинчи мамлакат ҳарбий идораси урушни чўзиш мақсадида ёлғон ва асоссиз айбловлар тарқатаяпти, дунёни алдашнинг Россияга хос ёлғон тарғиботини давом эттираяпти", деб ёзди Украина бош штаби ўзининг Телеграм каналида.

25 март. Ар-Риёддаги Россия ва АҚШ музокаралари қандай ўтди? Москва ва Киев нима дейди? - Видео

24 март куни бошланган Россия ва Америка делегациялари ўртасидаги музокаралар тахминан 12 соат давом этди. Reuters агентлиги Оқ уйдаги манбага асосланиб, музокаралар натижасида "илгарига силжиш кузатилгани" ва тез орада "ижобий баёнот" берилиши кутилганини хабар қилди. Бироқ, ҳозирча икки томондан ҳам расмий баёнот чиқмади.

Музокаралар ҳақида нима маълум?

Россия делегацияси аъзоси, сенатор Григорий Карасин ТАСС агентлигига музокаралар ҳақида фикр билдириб, "жуда конструктивли мулоқот" бўлганини айтди.

"Ҳамма нарса муҳокама қилинди. Сермазмун ва аммо осон бўлмаган мулоқотлар, биз ва америкаликлар учун фойдали бўлди", - деди сенатор.

Унинг таъкидлашича, "ҳамма масала ҳал қилингани йўқ ва барча масалада келишилмади", бироқ "янги АҚШ маъмурияти келиши" ва учрашувга келган "янги сиёсатчилар" манзарасида ўз вақтида ўтказилган музокара бўлди.

Сешанба куни эрталаб АҚШ ва Россия томонлари қўшма баёнот эълон қилиши керак эди. Бироқ, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокаралар мазмуни "оммага ошкор этилмаслигини" билдирди.

Қандай масалалар муҳокама қилинди?

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров музокараларда асосий эътибор "Қора денгизда кемалар хавфсиз ўтишини таъминлаш" масаласига қаратилганини айтди.

"Москва Қора денгиз ташаббусини янада мақбул шаклда тиклаш тарафдори, бироқ аниқ кафолатлар керак", — деди Лавров.

Музокаралар якшанба куни бошланган бўлиб, аввалига АҚШ делегацияси Украина вакиллари билан учрашган. Бу учрашув 8 соат давом этган.

Украина делегацияси Саудия Арабистонини тарк этмасдан, Россия ва АҚШ музокаралари натижаларини кутган ва сўнгра АҚШ билан янги раунд музокаралар ўтказган.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров музокара натижалари ҳақида шундай деди:

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Мулоқот конструктив ва мазмунли бўлди. Биз асосий масалалар, жумладан, энергетика соҳасини муҳокама қилдик".

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам музокараларни "етарлича фойдали" деб баҳолади.

Украина делегацияси музокаралар техник тусга эга эканини таъкидлаб, "оташкесим механизми муҳокама қилинаётганини" маълум қилди.

АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф ва Миллий хавфсизлик кенгаши маслаҳатчиси Майк Уолтц Қора денгизда оташкесим ва энергетик объектларни ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинганини тасдиқлади.

Россия томони эса музокараларда Украина дон экспортини қайта тиклашни муҳокама қилиш ниятида эканини маълум қилди.

Музокараларда кимлар қатнашди?

АҚШ делегацияси таркибида:

- Марко Рубио – АҚШ давлат котиби

- Майк Уолтц – Трамп маслаҳатчиси

- Майкл Антон – АҚШ сиёсатини режалаштириш директори

Россия делегацияси таркибида:

- Григорий Карасин – Россия сенатори

- Сергей Беседа – ФСБ раҳбар маслаҳатчиси

Украина делегацияси эса ҳарбийлар, дипломатлар ва энергетика мутахассисларидан иборат бўлган.

Ҳозирча музокаралар натижалари ҳақида расмий ва батафсил баёнотлар берилмади.

Узоқ давом этган музокаралар ва суст натижа

BBC нинг Киевдаги дипломатик мухбири Жеймс Лэндейл таҳлили:

Душанба куни Ар-Риёдда россияликлар ва америкаликлар ўртасида 12 соатлик музокаралар бўлиб ўтди. Биз кутаётган баёнот, эҳтимол, муҳокама қилинган масалалар бўйича маълумот берар.

Эътиборли жиҳати шундаки, гарчи Киев билан музокаралар давом этаётган бўлса-да, Вашингтон ва Москва украинларсиз қўшма баёнот бериш ҳақида ўйлаётгани.

Музокаралар олдидан бу жараён «ўртакаш дипломатияси» деб тасвирланган эди — яъни Ар-Риёддаги бир меҳмонхона мажмуасида учта делегация тўпланганди.

Аммо бу ерда фаол югур-югур бўлаётгани кўринмаяпти — асосан бир томон билан узоқ музокаралар бўляпти ва америкаликлар қайси масалаларда умумий фикр борлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Музокаралар марказида 2022 йилдаги Қора денгиз орқали дон ташиш ташаббусини тиклаш масаласи турибди — бу Украинадан дон ва ўғит чиқариш учун денгиз йўлини очиш ҳамда Россияга ўз дони ва ўғитини экспорт қилишга айрим иқтисодий санкцияларни юмшатишга қаратилган битим.

Бу Қора денгиз бўйлаб оташкесимга эришиш битими эмас, шунинг учун улар агар келишган бўлса, айнан нимага келишганини кутиб туришимиз керак.

Ҳозирча эса, кенг қамровли 30 кунлик Украина бўйлаб оташкесимга эришиш эмас эмас, балки секин-аста кичик қадамлар қўйилмоқда. Буни АҚШ талаб қилган ва Киев рози бўлган эди.