Каъбапўш можароси: Исломнинг энг муқаддас масканидан Эпштейнга юборилган ҳадия

Ҳаж (зиёрат) 2024 бошланиши олдидан мусулмонлар Маккадаги ул-Ҳарам масжидида - Исломда энг муқаддас жой ҳисобланган Каъба атрофида намоз ўқишади.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Каъба қора ва олтин рангли кисва (мато) билан қопланган тош иншоот бўлиб, Ислом динидаги энг муқаддас қудратли маскан ҳисобланади
    • Author, Грейс Цой
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизматининг Глобал журналистика жамоаси
    • Author, Файруз Ҳўсни
    • Role, Би-би-си Араб хизмати
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Дунё мусулмонлари Исломдаги энг муқаддас зиёратгоҳ – Каъба устига ёпиладиган каъбапўш парчалари жинсий жиноятларда айбдор топилган Жеффри Эпштейнга юборилганидан ғазабланмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги 30 январда эълон қилган Эпштейн файлларидаги 2017 йилга оид электрон мактубларда Саудия Арабистонидан Эпштейннинг Кариб денгизидаги уйига кисва – каъбапўшнинг уч бўлаги жўнатилгани айтилган.

"Ер юзидаги энг муқаддас жойдан энг ифлос жойга шу парчалар юборилганини тасаввур қилинг!" дея ёзади бир Х фойдаланувчиси.

2014 йилда олинган яна бир суратда Эпштейн ва бир эркак каъбапўшнинг энг безакдор парчаси – Каъба эшигини ёпиб турувчи қисмига ўхшаш мато бўлагини кўздан кечираётгани кўринади.

АҚШ Адлия вазирлиги ҳужжатларидан олинган ушбу суратда Жеффри Эпштейн ва яна бир киши ёнма-ён туриб, ерда ётган безакли матога назар ташлаётгани кўринади.

Сурат манбаси, Source: US Department of Justice

Бошқа бир Х фойдаланувчи эса, кисванинг "полга гилам каби тўшаб қўйилгани" одамнинг "юрагини эзиб ташлайди" деб ёзади.

Бироқ, бу сурат 2017 йилда Эпштейнга каъбапўш парчалари жўнатилгани айтилган ҳужжатларга алоқадор эмас. Шунингдек, суратдаги мато ҳақиқий каъбапўш парчаси эканлиги ҳам аниқ эмас.

"Масжид"

Қора ипакдан тайёрланган каъбапўшга олтин ва кумушранг иплар билан Қуръон оятлари битилади. У Каъбанинг ташқи деворини тўлиқ ўраб туради.

Миллионлаб зиёратчилар ушлаган каъбапўш ҳар йили исломий янги йилни нишонлаш маросимида янгисига алмаштирилади.

2024 йил 7 июл куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги ул-Ҳарам масжидида ишчилар Каъбани қоплайдиган янги Кисванинг (ипак матонинг) бўлакларини қўлда тикишмоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳар йили Кисвани алмаштиришда ишчиларнинг махсус жамоалари иштирок этади

Адлия вазирлиги архивида Эпштейннинг ходимлари ва "Азиза ал-Аҳмадий" номли электрон почта манзили ўртасидаги ёзишмалар бор. Уларда 2017 йилда Эпштейнга каъбапўшнинг учта парчаси жўнатилгани кўринади: бири Каъбанинг ички қисмидан олинган яшил; яна бири ташқи қопламадан олинган қора; ва худди шу материаллардан тикилган, аммо ишлатилмаган ёзувли парча ҳақида гапирилган.

2017 йил 1 февралдаги электрон хатда Аҳмадий деб аталган шахснинг ёрдамчиси Эпштейннинг ходимларига "масжид учун Каъбанинг баъзи қисмларини юборишларини" айтган. Улар "масжид" деганда Эпштейнга қарашли мулкдаги жойни назарда тутганми ёки йўқ, аниқ эмас.

Ҳозиргача кўриб чиқилган Эпштейн файлларида оролда масжид ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Бироқ, вазирлик веб-сайтида жойланган ҳужжатларга кўра, кичик бино "ибодатхона" деб кўрсатилган. Хатда нима назарда тутилгани аниқ эмас. Бу кичик Сент-Жеймс оролидаги ибодатхона бўлиб, оролнинг жанубий қисмида жойлашган олтинранг гумбазли кичик бино.

Ҳужжатда тилга олинган "масжид"ни Маккадаги Каъба жойлашган Катта масжид билан адаштирмаслик керак.

Ҳужжатлар кўрсатишича, юк Эпштейннинг Палм-Бичдаги уйига 2017 йил 4 мартда етиб борган ва кейин АҚШнинг Виржиния оролларидаги Сент-Томасга жўнатилган. У Эпштейннинг шахсий ороли бўлмиш Кичик Сент-Жеймсга яқин бўлиб, у ерда бир нечта жабрланганлар ўзларининг одам савдосига йўлиққани ва зўравонликка учраганини таъкидлашган эди.

2017 йил 14 мартдаги АҚШ божхона ҳужжатида ушбу юк қиймати 10 980 доллар бўлган "расмлар, чизмалар ва пастеллар" деб декларация қилинган. 21 мартдаги электрон хат орқали эса каъбапўш парчалари "жаноб Эпштейннинг уйига" етказиб берилгани тасдиқланган.

Юк жўнатилгандан сўнг, Аҳмадийдан юборилган электрон хатда Эпштейнга қора парчага "камида 10 миллион нафар турли мазҳабдаги мусулмонлар, суннийлар, шиалар ва бошқалар қўл теккизгани" айтилган.

"Улар Каъбани етти марта айланади, кейин ҳар ким имкон қадар унга тегишга интилади ва ўзларининг дуолари, тилаклари, кўз ёшлари ва умидларини ушбу парчада қолдиради", дейилади электрон хатда.

Эпштейн каъбапўш бўлакларини совға сифатида олганми ёки ўзи умуман улар ҳақиқийми – номаълум.

Ушбу суратда Кисванинг — Маккадаги ул-Ҳарам масжидида Каабани қоплаш учун ишлатиладиган муқаддас матонинг — турли қисмларини акс эттирувчи учта тасвир бирлаштирилган. Бу расмлар 2026 йил 30 январда АҚШ Адлия вазирлиги эълон қилган Эпштейн ҳужжатларидан олинган.

Сурат манбаси, Source: US Department of Justice

Сурат тагсўзи, Электрон хатлардан бирида Кисванинг учта қисми ҳақидаги оддий тавсиф берилган

Бироқ, Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бу Саудия Арабистонидан Эпштейнга биринчи жўнатма эмас экан.

2017 йил 27 январдаги электрон хатлар алмашинувида Аҳмадийнинг ёрдамчиси деб айтилган шахс "масжид ичи учун бирор нарса" тайёрлаш мақсадида "масжиднинг ички суратларини" сўраган. Аввалроқ худди шу ёзишмада Эпштейннинг ёрдамчиси "чодир ва бошқа уй буюмлари" етиб келганини тасдиқлаган эди.

Вазирлик файлларида анъанавий араб жун чодири расми, гиламлар, қаҳва идишлари, пиёлалар ҳамда саватлар каби бошқа нарсаларнинг тасвири кўрсатилган ҳужжат ҳам мавжуд. Бироқ, улар ушбу жўнатмада Эпштейнга етказиб берилган нарсаларми? Буларни ҳам аниқлаб бўлмайди.

Ҳар иккала жўнатма 2008 йилда Эпштейн вояга етмаган қизни фоҳишалик билан шуғулланишга ундаганлик бўйича иккита айбловни тан олиб, жинсий жиноятчи сифатида ҳукм қилинганидан кейин амалга оширилган.

Аҳмадий Би-би-сининг изоҳ сўровига жавоб бермади. Ҳужжатларда исмларнинг пайдо бўлиши ҳуқуқбузарлик далили эмас.

Ҳозиргача ўрганилган Эпштейн ҳужжатларида оролда масжид борлиги ёки унинг аниқ жойи ҳақида ишончли маълумот топилмади. Гарчи, айрим электрон хатларда масжид тилга олинган бўлса-да, ҳужжатларда бу ҳақда аниқ тасдиқ йўқ.

Маълумотларга кўра, Эпштейн Литл Сент Жеймс оролида 2009–2013 йилларда ибодатхонага ўхшаш бир иншоот қурдирган. Унга ўрнатилган олтин рангли гумбаз эса 2017 йилдаги кучли довул пайтида учиб кетган.

Бироқ ҳужжатларда айтилган "масжид" айнан шу иншоотни англатган ёки Эпштейн мулкидаги бошқа бир жой назарда тутилганини аниқлашнинг иложи йўқ.

Шунингдек, ҳужжатларда тилга олинган "масжид"ни Маккадаги Кааба жойлашган Масжид ул-Ҳаром билан адаштириш керак эмас.

2022 йил 6 июл куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги заводда бир ишчи Ҳаж мавсуми олдидан Кааба Кисвасини (матосини) тайёрламоқда.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Кисва илгари Мисрда тайёрланган, аммо кейинчалик уни тайёрлаш вазифаси тўлиқ Саудия Арабистонига ўтказилган

Мўътабар, лекин муқаддас эмас

Саудия Арабистони ҳукумати каъбапўшнинг қандай тайёрланиши, ўрнатилиши ва олиб ташланишидан тортиб, эски нусхаларидан фойдаланишгача бўлган барча жараёнларни тўлиқ назорат қилади. Аммо эски каъбапўшни тақсимлаш бўйича алоҳида қонун йўқ.

Би-би-си қўшимча маълумот олиш учун Саудия Арабистони расмийлари билан боғланди, бироқ мақола чоп этилган вақтда жавоб олмади.

"Одатда "белбоғ" ва "самадияс" деб аталадиган олтин ва кумуш ёзувли қисмларни фақат Саудия Қироллик Саройи амалдорлари совға қилиши мумкин", дейди Ҳаж ва Умра зиёратлари бўйича ёзувчи Аҳмад ал-Ҳалабий Би-би-си Араб хизматига.

"Бу нарсалар одатда мусулмон давлатлари раҳбарлари ва уларнинг ҳукумат аъзоларига тақдим этилади".

"Қолган қора мато одатда бўлакларга бўлиниб, пастроқ лавозимдаги амалдорларга берилиши мумкин", дея қўшимча қилади Ҳалабий.

Лондондаги SOAS университетининг ислом санъати тарихчиси доктор Саймон О'Мира айтишича, каъбапўш "муқаддас" эмас, аммо мусулмон дунёсида мўътабар саналади.

"У Каъбага ҳурмат белгиси – худди монарх либоси каби.

Каъбапўш ечилгач, уни таҳқирлаш мумкин эмас. Уни оёқ ости қилиш керак эмас."

Бошқа томондан, Ҳалабий Адлия вазирлиги эълон қилган ёзишмаларда тилга олинган парчаларнинг ҳақиқийлигини ҳам шубҳа остига олади. Шунингдек, у мусулмон бўлмаганларга бу матони ҳадия қилиш мумкин эмаслигини ҳам таъкидлайди.

АҚШ Адлия вазирлиги ҳужжатларидан олинган ушбу ҳисоб-фактурада юқори ўнг бурчакда “Received / Mar 16 2017” муҳри, шунингдек қўл билан ёзилган “Artwork from Saudi Arabia” деган ёзув кўринади. Ҳисоб-фактурада тўлов учун кўрсатилган манзил — Литл Сент Жеймс ороли, юбориш манзили эса Эпштейннинг Флорида штатининг Палм-Бич шаҳридаги қасри ҳисобланади.

Сурат манбаси, Манба: АҚШ Адлия вазирлиги

Сурат тагсўзи, Ҳужжатлардан бирида 2017 йил 16 март куни Эпштейннинг Флоридадаги манзилига етказилган юк ҳақида ҳисоб-фактура кўрсатилган

Саудия алоқалари

Адлия вазирлиги файлларига кўра, Эпштейн билан 2016 йил бошидан 2019 йил бошигача бир қатор мавзулар бўйича электрон мактуб алмашувлар бўлган. Баъзи электрон хатларда унга "бошлиқ" ва "хўжайин" деб мурожаат қилинган ва ҳужжатлар улар Нью-Йорк ва Париж каби бир нечта жойларда учрашганликларини кўрсатади.

Адлия вазирлиги эълон қилган ҳужжатлардан Эпштейн Саудия Арабистони ҳукуматига Аҳмадий орқали таъсир ўтказишга уринганини тахмин қилиш мумкин.

2016 йил июль ойида Аҳмадийнинг номи остидаги электрон хатда у Эпштейн ва "HE Raafat" исмли шахс ўртасида учрашув ташкил қилишга уринаётгани кўрсатилган. "HE" эҳтимол "Жаноби олийлари" ("His Excellency") маъносини англатади, бу Саудия Арабистонида юқори мартабали давлат амалдорларига нисбатан қўлланади.

Адлия вазирлиги эълон қилган ҳужжатларда Эпштейн 2016 йил август ойида Аҳмадий исмли шахсга электрон хат орқали "молиявий саломатлик текшируви"ни таклиф қилгани ва Aramco (эҳтимол, Саудия Арабистонининг давлат нефть компанияси)нинг оммавий листингига қарши чиққани англашилади. Кейинчалик, Аҳмадий буни "кўриб чиқишини" айтган ва жавобида "Раафат Алсаббағ" деб аталган шахснинг электрон почта манзилини қўшган.

Эпштейннинг ёрдамчиларидан бирининг 2016 йил ноябрь ойидаги электрон хатида шундай дейилган: "Азиза HE Raafat'нинг ёрдамчиси." Турли қабул қилувчиларга юборилган бир нечта электрон хатларда Эпштейн "Раафат Алсаббағ"ни "Саудия валиаҳд шаҳзодаси"нинг "маслаҳатчиси" деб таърифлаган.

Саудия Арабистони расмий матбуот агентлигининг 2017-йилги хабарида у "Қироллик саройининг маслаҳатчиси" деб аталган.

Адлия вазирлиги файлларидаги электрон хатларга кўра, "Саббағ" деб номланган кимса Эпштейн билан тез-тез ёзишмалар олиб борган кўринади. 2016-йилги матнли хабарда "Раафат Алcаббағ" деб номланган шахс Эпштейнга шундай ёзган: "Дўстингиз бўлганим билан ўзимни қадрлайман."

"Раафат Алсаббағ" номи остида Эпштейнга юборилган электрон хатда 17 ёшли россиялик гўзаллик маликаси ўз бокиралигини сотиш учун Дубайга қочгани ҳақидаги хабарга ҳавола берилган. Педофил жавоб берган: "Ва ниҳоят, арзийдиган нарса юбордингиз."

Бошқа томондан, файлларда Аҳмадийнинг ўзи ҳақида маълумот чекланган. Аммо 2018 йил сентябрида кимдир шу ном билан Эпштейндан мобил ўйинлар компанияси ҳақида маслаҳат сўраган.

Каъбапўш ва Эпштейн ҳамда хатларда кўрсатилган шахслар ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўплаб саволлар мавжуд. Ислом дунёсида Саудия расмийларини чуқур тергов ўтказишга чақириқлар кўпайиб бормоқда.