8 март: Халқаро хотин-қизлар куни нимаси билан аҳамиятли?

Сурат манбаси, Getty Images
Бир асрдан ортиқ вақт давомида бутун дунё аҳолиси 8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонлаб келмоқда.
Бу глобал кун аёллар ютуқларини эътироф этиш ва нишонлаш билан бирга гендер тенгсизлиги ва камситишдан хабардорликни оширишга ҳам қаратилгандир.
2024-йилги Глобал гендер тафовути индексига кўра, ҳали ҳеч бир мамлакат тўлиқ гендер тенглиги ёки паритетига эришмаган.
Аммо бунинг нима аҳамияти бор?
Халқаро хотин-қизлар куни қандай бошланган?
Халқаро хотин-қизлар куни (ХХК) меҳнаткашлар ҳаракатидан келиб чиққан.
Унинг илдизлари 1908 йилга бориб тақалади, ўшанда 15 000 аёл иш вақтини қисқартириш, яхши маош ва овоз бериш ҳуқуқини талаб қилиб, Нью-Йорк шаҳри бўйлаб намойиш қилган.
Бир йил ўтгач, Америка Социалистик партияси биринчи Миллий хотин-қизлар кунини эълон қилди.

Сурат манбаси, Topical Press Agency/Getty Images
Уни халқаро тадбирга айлантириш ғоясини немис коммунисти ва аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Клара Цеткин илгари сурган.
1910 йилда у Копенгагенда бўлиб ўтган Халқаро ишчи аёллар анжуманида бу таклифни кўтарди.
Унинг таклифини анжуманда иштирок этган 17 мамлакатдан келган 100 нафар аёл бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Биринчи Халқаро хотин-қизлар куни 1911 йилда Австрия, Дания, Германия ва Швейцарияда нишонланган.
Бу сана 1977 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан расман тан олинган. БМТ томонидан қабул қилинган биринчи мавзу (1996 йилда) "Ўтмишни нишонлаш, келажакни режалаштириш" эди.
Халқаро хотин-қизлар куни нима учун 8 мартда ўтказилади?
Цеткин хонимнинг халқаро байрамни нишонлаш ҳақидаги дастлабки ғояси маълум бир кунга боғлиқ эмас эди.
8 март санаси 1917 йилда рус аёллари уруш давридаги иш ташлаш пайтида "нон ва тинчлик" талаб қилганидан кейин танланган.
Иш ташлашдан тўрт кун ўтгач, подшо тахтдан воз кечишга мажбур бўлди ва муваққат ҳукумат аёлларга овоз бериш ҳуқуқини берди.
Ўша пайтда Россияда қўлланилган Юлий тақвимига кўра, аёллар иш ташлаши 23 февраль куни бошланган.
Дунёнинг кўп қисмида қўлланиладиган Григорий тақвимида бу сана 8 мартга тўғри келади.
Бутун дунёда Халқаро хотин-қизлар куни қандай нишонланади?
Халқаро хотин-қизлар куни кўплаб мамлакатларда миллий байрам ҳисобланади. Хитойда кўплаб аёлларга Давлат кенгаши тавсиясига кўра ярим кунлик дам берилади. Дунё бўйлаб минглаб тадбирлар, жумладан, юришлар, суҳбатлар, концертлар, кўргазмалар ва мунозаралар ўтказилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Италияда ХХК "Феста делла Донна" деб аталади ва мимоза гуллари машҳур совға ҳисобланади.
Россияда гул савдоси одатда Халқаро хотин-қизлар куни арафасида икки баробар кўпаяди.
1984 йилдан бери Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлайдиган Угандада ҳукумат ҳар йили эътибор қаратиш учун янги мавзуни танлайди.
Баъзи мамлакатларда, жумладан, Сербия, Албания, Македония ва Ўзбекистонда Оналар куни ва ХХК бир кунга тўғри келади.
АҚШда март ойи аёллар тарихи ойи сифатида нишонланади. Ҳар йили эълон қилинадиган президент фармони америкалик аёлларнинг ютуқларини улуғлайди.
Халқаро хотин-қизлар кунида нима учун одамлар бинафша рангда кийинишади?

Сурат манбаси, Getty Images
Халқаро хотин-қизлар куни расмий веб-сайтига кўра, бинафша, яшил ва оқ ранглар ХХК рангларидир.
Унда шундай дейилади: "Бинафша ранг адолат ва қадр-қимматни англатади. Яшил ранг умид рамзи. Оқ ранг тозаликни ифодалайди, гарчи бу баҳсли тушунча бўлса ҳам."
Бу ранглардан 1903 йилда Буюк Британияда аёлларнинг овоз бериш ҳуқуқи учун курашиш мақсадида ташкил этилган Аёллар ижтимоий ва сиёсий иттифоқи гуруҳи фойдаланган.
Халқаро хотин-қизлар куни – 2025 мавзуси нима?

Сурат манбаси, ELIZABETH CRAWFORD
БМТнинг 2025 йилги мавзуси "Барча хотин-қизлар учун: ҳуқуқлар, тенглик, қувватлов" бўлиб, бу барқарор ўзгаришлар учун кейинги авлодни катализатор сифатида қувватловга қаратилган.
Халқаро хотин-қизлар куни сайти #AccelerateAction (Ҳаракат суръатини ошир) мавзусини танлаган.
Ташкилот бутун дунё бўйлаб одамларни #IWD2025 ва #AccelerateAction хештегларидан фойдаланиб, аёллар ва қизлар билан бирдамликни кўрсатиш учун муҳим байрам ҳақида ижобий хабарларни улашишга ундамоқда.
Фаоллар нима учун Халқаро хотин-қизлар куни аҳамиятини таъкидлашмоқда?
Ташкилотчилар айтишича, бу кун гендер тенглаштирувни тезлаштириш учун ҳаракатга чақириқдир.
Хўш, ҳали қилинадиган ишлар борми?
Маълумотларга кўра, ҳа.
БМТ урушлар билан боғлиқ жинсий зўравонлик ҳолатлари 2023 йилда 3688 тага етганини тасдиқлади, бу 2022 йилга нисбатан 50 фоизга кўпдир. Жабрланганларнинг 95 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этган.
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, тахминан 119 миллион мактаб ёшидаги қиз мактабга бормаяпти.
Жаҳон банки гуруҳининг 2024-йилги ҳисоботида аёллар эркаклар фойдаланаётган қонуний ҳуқуқларнинг атиги учдан икки қисмидан фойдаланаётгани кўрсатилган.
2024 йилда Би-би-си 100 Аёл лойиҳаси дунё аҳолисининг деярли ярми – 3,6 миллиард киши – 2024 йилда йирик сайловларда иштирок этганини хабар қилди, аммо бу йил аёллар вакиллигининг ўсиш суръати 20 йил ичида энг паст даражада бўлди.
БМТнинг Аёллар ташкилоти томонидан 2024 йилда эълон қилинган гендер ҳисоботига кўра, барча аёллар ва қизларни қашшоқликдан олиб чиқиш учун ҳали ҳам 137 йил керак бўлади. 2023 йилда 20-24 ёшдаги ҳар беш нафар аёлдан биттаси 18 ёшга тўлмасдан турмуш қурган.
2023 йил давомида бутун дунё бўйлаб 51100 га яқин аёл ва қиз жуфтлари ёки бошқа оила аъзолари томонидан ўлдирилган.
Халқаро эркаклар куни борми?
Халқаро эркаклар куни 1990 йиллардан бери 19 ноябрда нишонланади.
Бу тадбир БМТ томонидан тан олинмаган, аммо дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида, шу жумладан Буюк Британияда нишонланади.
Ташкилотчилар айтишича, бу кун "эркаклар дунёга, оилалари ва жамиятларига олиб келадиган ижобий қадриятларга" эътибор қаратади.
У ижобий намуналарни ёритиш, эркаклар фаровонлиги ҳақида хабардорликни ошириш ва гендер муносабатларини яхшилашга қаратилган.
Кўп йиллар давомида комедиячи Ричард Ҳерринг ҳар бир Халқаро аёллар кунида Халқаро эркаклар куни йўқлигидан норози бўлган Х фойдаланувчиларига жавоб бериш орқали уйдаги зўравонликка қарши курашувчи "Refuge" хайрия ташкилоти учун ўн минглаб фунт стерлинг йиғди.













