Ҳеч озолмайдиган одамлар – энг катта муаммо нимада?

- Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
"Семиз одам ўзини кўпроқ назорат қилиши керак." "Бу шахсий масъулият масаласи." "Ҳаммаси оддий, камроқ ейиш керак."
Булар ўтган йили озиш учун қўлланадиган инъекциялар ҳақида ёзган мақолам остида ўқувчилар қолдирган 1946 та изоҳлардан.
Кўпчилик, ҳатто баъзи тиббиёт мутахассислари ҳам, семизлик фақат ирода масаласи деб ҳисоблайди.
Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландия ва АҚШда одамлар ўртасида ўтказилган ва The Lancet тиббиёт журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳар 10 кишидан 8 таси турмуш тарзини ўзгартириш орқали семириш олдини олиш мумкин, деб ҳисоблайди.
Бироқ 20 йил давомида семиз ва ортиқча вазнли беморлар билан ишлаган диетолог Бини Суреш бу фикрни ёқламайди.
Унингча, бу муаммонинг фақат бир қисми, холос.
"Мен серғайрат, билимдон, ҳаракатдан тўхтамайдиган, лекин ҳамон озолмаётган беморларни кўп учратаман."
"Ирода ва ўзини назорат қилиш каби тушунчалар тўғри эмас, – дейди WeightWatchers ширкати тиббий директори доктор Ким Бойд. – Ўн йиллар давомида одамларга камроқ овқатланиб, кўпроқ ҳаракат қилсангиз озасиз, деб маслаҳат бериб келишган... Аммо семизлик анча мураккаб муаммо."
Мен суҳбатлашган бошқа мутахассислар ҳам семиришнинг кўплаб сабаблари борлигини таъкидлайди. Уларнинг баъзилари ҳали тўлиқ ўрганилмаган, лекин аниғи шуки, бу тенг шароитлардаги кураш эмас.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Ҳукумат бу муаммони ҳал қилиш учун қонуний чекловлар жорий этишга қарор қилди.
Шундай чекловлардан бири кучга кирди. Унга кўра, соат 21:00 дан олдин ТВда зарарли озиқ-овқат рекламаси ва интернет тармоғида бундай реклама турлари бутунлай тақиқланади.
Бироқ кўпчилик бу ҳам Буюк Британияда кенг тарқалган семизлик муаммосини ҳал қилишда самара бермайди деб ўйлайди. Катта ёшдаги ҳар тўрт кишидан бири семизликдан азият чекади.
Биологияга қарши кураш
"Одам семиришига унинг генлари сезиларли таъсир кўрсатади ва бу генлар ҳамма учун аҳамиятли," деб тушунтиради ўта семизлик ва у билан боғлиқ эндокрин касалликларни даволайдиган ҳамда Кембриж университетидаги Семизлик генетикаси тадқиқотини бошқарадиган маслаҳатчи эндокринолог профессор Садаф Фаруқий.

Унинг айтишича, баъзи генлар ошқозондан мияга юбориладиган сигналларга жавобан очлик ва тўқликни бошқарадиган мия марказларига таъсир қилади.
"Бу генлардаги ўзгаришлар семиз одамларда учрайди, яъни улар очликни кўпроқ ҳис қилади ва овқатланганидан кейин тўйганлик ҳиссини яхши сезмайди."
Эҳтимол, бу генларнинг энг муҳими – ҳозирга қадар маълум бўлганлари орасида энг аҳамиятлиси – MC4R генидир. Ортиқча овқатланишни рағбатлантирадиган ва тўйганлик ҳиссини камайтирадиган ушбу ген мутацияси дунё аҳолисининг тахминан бешдан бир қисмида учрайди.
"Бошқа генлар метаболизмга – энергияни қанчалик тез сарфлашимизга таъсир қилади", дея қўшимча қилади профессор Фаруқий.
"Яъни баъзилар бошқаларга қараганда бир хил миқдорда овқат истеъмол қилиб, кўпроқ вазн орттиради ва ёғ тўплайди ёки жисмоний машқда камроқ калория сарфлайди."
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, вазнга таъсир қилувчи минглаб генлар бўлиши мумкин ва биз улардан фақат 30-40 тасини батафсил биламиз.
"Шунинг учун бозорга кириб келаётган озиш дори-дармонлари жуда самарали ва муҳим – улар бу муаммога қарши курашишга ёрдам беради."
Даврий парҳез ортидаги илм
Бироқ бу ҳам манзаранинг бир қисми, холос.
Бариатрик жарроҳ ва "Нима учун кўп овқатланамиз" китоби муаллифи Эндрю Женкинсоннинг тушунтиришича, ҳар бир кишининг мияси тушунадиган ёки ўзи учун тўғри деб ҳисоблайдиган вазн меъёри бор – бу соғлом вазн бўладими ёки йўқ, бундан қатъи назар.
Бу «белгиланган вазн меъёри» назарияси дейилади.
"Бу [белгиланган вазн меъёрини] генетика, шунингдек, овқатланиш муҳити, стресс ҳолати ва уйқу тартиби каби бошқа омиллар белгилайди."

Сурат манбаси, Getty Images
Бу шуни англатадики, тана вазни термостатга ўхшайди: танангиз ўзингизга маъқул бўлган оралиқни сақлаб туришга интилади. Агар вазн ушбу "белгиланган меъёр"дан пастга тушса, очлик ошади ва метаболизм секинлашади, худди термостат ҳарорат белгилангандан пастга тушганда иссиқликни оширгани каби.
Доктор Женкинсоннинг таъкидлашича, меъёр белгилангандан сўнг, уни ирода кучи билан ўзгартириш жуда қийин.
Даврий парҳезни шу билан тушунтириш мумкин. "Масалан, агар сизнинг вазнингиз 127 килограмм бўлса ва миянгиз шу вазнни тўғри деб ҳисобласа-ю, сиз паст калорияли парҳезга риоя қилиб, 12 килограмм озсангиз, танангизнинг бунга реакцияси очлик ҳисси бўлади," дейди у.
"Иштаҳа ошади, овқат қидира бошлайсиз, метаболизм пасаяди, – дея қўшимча қилади у. – Бу иштаҳа сигналлари жуда кучли. Улар чанқоқлик сигнали каби кучли, улар бизнинг омон қолишимизга ёрдам беради...
Кучли иштаҳани жиловлаш ҳақиқатан жуда қийин."
Доктор Женкинсон бу жараёнда ёғ ҳужайралари ишлаб чиқарадиган лептин гормонининг ролига эътибор қаратади. "У гипоталамусга сигнал сифатида таъсир қилади. Гипоталамус миянинг вазнни назорат қиладиган қисми бўлиб, у танангизда қанча энергия захираси борлигини англайди."
"Гипоталамус лептин даражасини назорат қилади, ортиқча энергия ёки ёғ тўплаётгандек кўринса, у автоматик равишда хатти-ҳаракатларимизни ўзгартиради: иштаҳамизни пасайтиради ва метаболизмни тезлаштиради."
Лептин аслида шундай ишлаши керак. Бироқ, кўпинча, айниқса Ғарб озиқ-овқатлари билан у ўз вазифасини бажара олмайди, деб тушунтиради доктор Женкинсон.
Бунинг сабаби, лептин инсулин билан бир хил линия орқали сигнал узатади. "Агар инсулин даражаси жуда юқори бўлса, у лептин сигналини сусайтиради ва натижада мия қанча ёғ тўпланганини сезмай қолади."
Хушхабар шундаки, бу белгиланган меъёр доимий эмас – у турмуш тарзидаги ўзгаришлар, яхшиланган уйқу, стресс даражасининг камайиши ва узоқ муддатли соғлом одатлар орқали аста-секин ўзгариши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу худди термостатни қайта созлашга ўхшайди – вақт ўтиши билан секин, изчил созлашлар танага янги, соғломроқ меъёрни қабул қилишга ёрдам беради.
Буюк Британиядаги семизлик: бўрон
Буларнинг ҳеч бири семизликнинг ортиши сабабларини тўлиқ тушунтира олмайди – ахир бизнинг генларимиз ва танамизнинг биологик тузилиши ўзгаргани йўқ.
Сўнгги ўн йилда ортиқча вазн ёки ўта семизлик тоифасига кирган катталар улуши доимий ўсиб бормоқда. Саломатлик жамғармасининг 2025 йилга доир таҳлили шуни кўрсатадики, Буюк Британиядаги катталарнинг 60 фоиздан ортиғи ҳозирда ушбу тоифага киради (шу жумладан, тахминан 28 фоизи ўта семиз ҳисобланади).
Бу қисман сифатсиз, юқори калорияли озиқ-овқатларнинг, хусусан, ултра қайта ишланган маҳсулотларнинг кўплиги ва арзонлиги билан боғлиқ. Бунга фастфуд ва шакарли ичимликларнинг агрессив маркетинги ва рекламаси, порцияларнинг катталашиб, жисмоний фаоллик эса камайиб бориши (кўпинча шаҳарни режалаштириш ёки вақт етишмаслиги туфайли) қўшилса, мукаммал бўрон ҳосил бўлади.
"Натижада, аҳоли сифатида кўпроқ семириб кетдик ва, албатта, семиришга генетик мойиллиги кўпроқ бўлганлар янада кўпроқ вазн олди", дейди профессор Фаруқий.
Жамоат саломатлиги мутахассислари буни «обесоген» муҳит деб аташади. Бу атама биринчи марта 1990-йилларда қўлланган, чунки тадқиқотчилар семириш даражаси ошишини озиқ-овқат бемалоллиги, маркетинг ва шаҳар дизайни каби ташқи омиллар билан боғлай бошлаган эди.

Кўплаб мутахассислар таъкидлашича, бу омиллар ортиқча овқатланиш ва камҳаракатликка ундовчи доимий таъсир ва босимларни келтириб чиқаради. Натижада ҳатто серғайрат одамлар ҳам соғлом вазнни сақлаб қолишга қийналади.
Буларнинг барчаси нима учун "ирода кучи" атамаси баҳсли мавзуга айланганини ҳам кўрсатади.
Шахсий масъулият
Нюкасл шаҳар кенгашидаги офисида ўтирган жамоат саломатлиги бўйича директор Элис Уайсман ҳамма жойда озиқ-овқат бемалолчилигини кўради. "Қаҳвахоналар, новвойхоналар ва фастфудлар. Бирор ошхона ёнидан ўтмасдан мактабга ҳам, ишга ҳам боролмайсиз.
"Кўринишлилик муҳим – агар ишга кетаётганда кўплаб фастфудларни учратсангиз, у ердан бирор егулик олишингиз эҳтимоли ортади. Танангиз кўриниб турган овқатга деярли автоматик равишда жавоб қайтаради."
У жамоат саломатлиги директори бўлиб ишлаётган Гейтсҳедда 2015 йилдан бери янги иссиқ овқат олиб кетиш ёки етказиб беришга рухсат берилмаган.
Аммо бутун мамлакат бўйлаб фастфуд ва етказиб бериш саноати ўсишда давом этмоқда – бу соҳа йилига 23 миллиард фунт стерлингдан ортиқ даромад келтиради.
Буюк Британияда озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасида қандолат маҳсулотлари, шакарли ичимликлар, тез тайёрланадиган таомлар ва газаклар каби таркибида ёғ, туз ва шакар миқдори юқори бўлган маҳсулотлар устунлик қилади. Бу Ofcom'нинг сўнгги ҳисоботи – Communications Market Report'да таъкидланган.
Бироқ Жамоат саломатлиги директорлари ассоциацияси вице-президенти бўлган Уайсман хонимнинг фикрича, кўрилаётган янги чоралар – телевизор ва интернетда "носоғломроқ" озиқ-овқат рекламасини чеклаш чоралари муаммони тўлиқ ҳал этолмайди.
Ўтган йили Озиқ-овқат жамғармаси эълон қилган ҳисоботда ҳам соғлом озиқ-овқатлар калорияси бўйича соғлом бўлмаган озиқ-овқатларга қараганда икки баравар қимматроқ эканлиги айтилган.
"Пул танқис бўлган оилаларда соғлом овқатланишни таъминлаш қийин," дейди Уайсман хоним.
"Мен шахсий масъулият аҳамиятга эга эмас, демоқчи эмасман. Аммо бу ҳақда ўйлаганингизда, аслида нима ўзгарганини аниқлашингиз керак. Бизда ирода кучи бирдан камайиб қолгани йўқ-ку."
Суреш хоним ҳам шу фикрни маъқуллайди. "Биз ҳаддан ташқари кўп истеъмолни рағбатлантирадиган муҳитда яшаяпмиз."
"Семизлик характер ёки феъл-атвор заифлиги эмас. Бу мураккаб, сурункали ҳолат бўлиб, у биологиямиз ва юқори даражадаги «обесоген» муҳит таъсирида шаклланади. Фақат ирода кучининг ўзи етарли эмас ва озишни фақат интизом масаласи деб ҳисоблаш зарарли."
Бироқ бошқалар "ирода" сўзига бошқача ёндашади.
"Калория калориядир" китоби муаллифи, профессор Кит Фрейн таъкидлашича, 40 йил олдин кўплаб ортиқча вазнли одамлар бундай бўлмаган бўлиши мумкин эди. "Уларнинг иродаси ёки бошқа жиҳатлари эмас, балки муҳит ўзгарди", дейди у.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо у яна қўшиб қўйди: "Мен "ирода кучи"ни бутунлай рад этиш оқибатида одамлар соғлиқ учун мақбул бўлмаган ёки ўзлари хоҳламаган вазнда яшайверишга кўниб қолишларидан хавотирдаман."
У вазн йўқотишни эплаган ва бу натижани сақлаб қолган одамларнинг катта маълумотлар базалари ҳақида гапирди. Масалан, АҚШдаги 10 000 дан ортиқ иштирокчига эга Миллий вазн назорати реестри.
"Бу одамлар озиш қийинлиги, эришилган натижани сақлаб қолиш эса ундан ҳам қийинроқлигини айтишади...
Агар сиз бу одамларга ирода кучининг бунга алоқаси йўқлигини айтсангиз, улар жуда хафа бўлишарди."
"Одамларни қонун билан шаклга солиб бўлмайди"
Кенг миқёсдаги баҳс давлат бу борада масъулиятни қанчалик ўз зиммасига олиши кераклиги ҳақида.
Уайсман хоним расман тартибга солишни семизликка қарши курашишнинг муҳим воситаси деб ҳисоблайди, "битта олсанг, биттаси бепул" каби акциялар импульсив харидни рағбатлантиришини таъкидлайди. Аммо ўнг қанотга мойил Policy Exchange таҳлил марказининг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам бўлими бошлиғи Гарет Лён қонунчилик ечим эмаслигини айтмоқда.
"Одамларни қонун билан шаклга солиб бўлмайди", дейди у.
"Одамлар севиб истеъмол қиладиган озиқ-овқатларга қўйиладиган тақиқлар ва солиқлар Буюк Британияда яшаш харажатлари ошиб бораётган бир пайтда одамлар ҳаётини янада қийинлаштиради, қимматлаштиради."
Иқтисодий масалалар институтининг турмуш тарзи иқтисодиёти бўлими бошлиғи Кристофер Сноудон ҳам семизлик жамоат саломатлиги эмас, балки "шахсий муаммо" эканига ишонади.












