Цунами хавфи: Японияда 2 миллион одам эвакуация қилинди, Ҳавайида 1 метрдан баланд тўлқинлар қайд этилди

Япония

Сурат манбаси, YUICHI YAMAZAKI/AFP via Getty Images

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Камчатка соҳили яқинида содир бўлган кучли зилзиладан сўнг бир неча давлатда цунами хавфи эълон қилинди. Японияда тахминан 2 миллион одамга эвакуация тавсия қилинди.

Ҳавайи оролларида ҳам аҳолига уйларини тарк этиш буюрилди, аммо бир неча соатдан сўнг уйларига қайтишга рухсат берилди. Ҳозирча вайроналар ҳақида хабарлар йўқ, аммо цунами 1 кундан ортиқ давом этиши мумкин.

Япония

Камчатка яқинида зилзила содир бўлганидан сўнг Япония дарҳол цунами хавфини эълон қилди. Ҳукумат Тинч океани бўйлаб жойлашган 220 дан ортиқ муниципалитетда деярли 2 миллион аҳолига эвакуация қилишни буюрди.

Зилзила ўчоғи акс этган харита (рус тилида)
Сурат тагсўзи, Зилзила ўчоғи акс этган харита (рус тилида)

Фукусима атом электр станцияси ходимлари эвакуация қилинди. Станция операторига кўра, у ерда ҳеч қандай техник носозлик қайд этилмаган. Маълумки, 2011 йили айнан зилзила ва ундан кейинги цунами туфайли ушбу АЭСда авария содир бўлган эди.

Хоккайдо оролидаги Немуро порт шаҳрига биринчи тўлқинлар — тахминан 30 сантиметр баландликда — етиб келди.

Токио яқинидаги Ҳаруми соҳилида эса 20 сантиметрлик тўлқинлар қайд этилди.

одамлар

Сурат манбаси, Kyodo via Reuters

Метеорологлар тўлқинлар баландлиги 3–4 метрга етиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ҳозирча қайд этилган энг баланд тўлқин 1,3 метрни ташкил этмоқда.

"Цунами тўлқинлари камида бир кун давомида юқори бўлиб қолади", — деди Япония метеорология агентлиги вакили.

Ҳукумат эвакуация қилинган аҳоли кечгача уйларига қайта олмаслиги мумкинлигини билдирди.

Соҳил минтақаларида поезд ҳаракати тўхтатилган, Мияги префектурасидаги Сендай аэропорти ёпилган.

Nissan компанияси Канагава ва Ибараки префектураларидаги заводлар ишини тўхтатди. Seven-Eleven каби савдо тармоқлари ҳам соҳилдаги дўконларини вақтинча ёпди, деб хабар қилади Mainichi.

Хоккайдода бир аёл эвакуация вақтида шошилиб йиқилиб, енгил жароҳат олган. Уни шифохонага олиб кетишган. Бошқа жароҳатланишлар ёки вайроналар ҳақида маълумот йўқ.

Asahi TV хабар беришича, Миэ префектурасида 58 ёшли аёл эвакуация вақтида машинани бошқариб кетар экан, жардан қулаб ҳалок бўлган. Аммо ҳукумат ҳозирча расман қурбонлар ҳақида маълумот бергани йўқ.

Япония

Сурат манбаси, YUICHI YAMAZAKI/AFP via Getty Images

1952 йилда Камчатка яқинида 8,2 магнитудали зилзила содир бўлган ва Тинч океани соҳилида 3 метрлик цунами тўлқинлари қайд этилган. Ўшанда тахминан 1200 та уй сув остида қолган эди.

Ҳавайи ва АҚШ материк қисми

Гавайи оролларида ҳам цунами хавфи эълон қилинди. Соҳилга яқин яшовчиларга имкон борича биноларнинг тўртинчи қаватига чиқиш ёки тепаликларга чиқиш тавсия этилди.

Архипелагдаги иккинчи йирик орол — Мауида савдо портлари ёпилди ва авиақатновлар бекор қилинди.

Япония ва Гавайи ўртасида жойлашган Мидуэй оролларида тўлқинлар 1,8 метрга етди.

Алоқадор мавзулар:

"Агар бирор қурилма қимирлаб, одамга урилса, уни олиб кетиши мумкин. Бу даражадаги тўлқинда одам осонликча чўкиб кетиши мумкин", — деди Ҳавайи штати губернатори Жош Грин.

Ҳавайининг энг йирик ороли — Катта оролда эвакуация эълон қилинганидан сўнг йўлларда тирбандлик юзага келди, Гонолулудаги ёқилғи қуйиш шахобчаларида навбатлар пайдо бўлди.

машиналар

Сурат манбаси, Reuters

Мауида тўлқинлар 1,7 метрга етди.

"Сув кўтариляпти. Бу жуда хавфли", — деди Би-би-сигa Мауи оролида яшовчи Фелиша Жонсон. У турмуш ўртоғи ва икки ити билан тоғ томонга қараб йўл олган.

Фелиша Жонсон 2 йил аввал Лахайна шаҳридаги ўрмон ёнғинларини эслади.

"Биз ўша пайтда огоҳлантирилмаган ҳолда оғир фалокатни бошдан кечирдик. Бу сафар биз олдиндан огоҳлантирилдик. Агар чиқиб кетмасак, бу фақат ўз хатомиз бўлади", — деди у.

Бир неча соатдан сўнг ҳукумат хавф даражасини пасайтирди ва эвакуация қилинган одамларга уйларига қайтишга рухсат берди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

АҚШнинг материк қисмида ҳам цунами тўғрисида огоҳлантириш берилди. Масалан, Калифорниянинг шимолида жойлашган Крешент-Сити (аҳоли сони 6 минг атрофида)да одамларга пляжлар ва сув йўлларидан узоқда бўлиш тавсия қилинди.

Тўлқинлар Калифорния соҳилига етиб келди.

Бошқа давлатлар

Колумбиянинг Тинч океани қирғоғида ҳам соҳил ва қирғоқ олди туманлар эвакуация қилинди.

Фиджи, Самоа, Тонга, Микронезия, Соломон ороллари каби орол давлатлари аҳолини соҳилдан узоқда бўлишга ва эвакуация йўналишлари билан танишиб чиқишга чақирди. Аммо ҳозирча уйларни тарк этиш буйруғи берилмади.

АҚШнинг Папуа оролидаги Океан ва Атмосфера тадқиқотлари Миллий агентлиги Янги Гвинея, Соломон ороллари ва Вануатуда ҳам цунами хавфи борлигини маълум қилди.

Канададаги Британия Колумбияси аҳолисига сувдан узоқда бўлиш тавсия қилинди.

Индонезия Папуа оролида эвакуация эълон қилди.

Шанхайни ўз ичига олган Хитой ҳудудларида цунами хавфи эълон қилинди, кейинчалик у бекор қилинди.

АҚШнинг Цунами огоҳлантириш маркази маълум қилишича, 3 метр ва ундан баланд тўлқинлар Эквадор, Гавайи архипелаги шимолий ороллари ва Россияга етиб келиши мумкин.

1–3 метрлик тўлқинлар Чили, Коста-Рика, Гавайи, Япония ва Тинч океан оролларида кутилмоқда.

Қолган Тинч океанига чиқиш имкони бўлган мамлакатларда эса тўлқинлар 1 метргача етиши мумкин. Улар қаторида Австралия, Мексика, Колумбия, Янги Зеландия, Тонга ва Тайван ҳам бор.