Россиянинг музлатилган маблағлари: улардан Украина мудофааси учун фойдаланиладими?

25 May 2025 yil. Kiyev shahrida ayol qo'lida gul bilan. Orqa fonda Rossiya bombardimonidan vayron bo'lgan ko'p qavatli uy.

Сурат манбаси, Global Images Ukraine via Getty Images

    • Author, Луис Барручо
    • Role, BBC Жаҳон хизмати
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Россиянинг 2022 йил февралда бошланган кенг кўламли босқинидан бери Украина дуч келган кўплаб муаммолар орасида биттаси жанг майдонидан олисда: мудофаа учун маблағ топиш.

Бу эҳтиёж янада долзарблашди, Москва ўз мавқеини мустаҳкамлаётганини даъво қилмоқда ва унинг иқтисодиёти мисли кўрилмаган санкцияларга кутилганидан бардошлироқ бўлиб чиқди.

Алоқадор мавзулар

Бунга жавобан Украинанинг Германия етакчилигидаги Европадаги иттифоқчилари келгуси йилда Киевни молиявий қувватлаш учун Белгияда сақланаётган Россия давлат активларини "репарация кредити"га айлантириш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Аммо активларнинг ўзидан фойдаланиш анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, Белгия эса Европа Иттифоқини хавфларга "енгил қараш"да айблади.

Хўш, Россиянинг Ғарбда музлатиб қўйилган активлари нима ва нима учун таклиф бундай қаршиликка дуч келаяпти?

Grave diggers dig graves in an Odesa cemetery on 16 March 2024. Around ten Ukrainian flags are flying from white poles behind them. A grave digger in the foreground is wearing a turquoise hooded top and yellow gloves.

Сурат манбаси, Global Images Ukraine via Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия бошлаган босқин икки тарафда ҳам кўп инсонлар ўлимига олиб келди. Россия дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган инсонни дафн этиш учун Украинанинг Одесса шаҳрида қабр кавлаётган эркак

Қандай маблағлар музлатилган ва қаерда?

Кўплаб экспертлар ва Россия Марказий банкининг ўз ҳисоб-китобига кўра, Ғарбда 300 дан 350 миллиард долларгача Россия активлари, жумладан, бир нечта мамлакатда нақд пуллар, облигациялар ва қимматли қоғозлар музлатилган.

Бошқа марказий банкларда бўлгани каби, Россиянинг олтин-валюта захираларининг бир қисми асосий валюталар, олтин ва давлат облигациялари каби активларга инвестиция қилинган.

Бу активларни музлатилган хусусий бойликлар билан адаштирмаслик керак; Ғарб санкциялари қўлланган кўплаб россиялик жисмоний шахслар ва компанияларнинг хусусий мулклари ҳам кўчмас мулк ёки яхталар каби музлатиб қўйилган.

Европа Иттифоқи томонидан музлатилган Россия давлат активларининг аксарияти – тахминан 210 миллиард евродан 185 миллиард евро (215 миллиард доллар) – Брюсселдаги қимматли қоғозлар марказий депозитарийси Euroclear'да сақланади. Чунки санкциялардан олдин Россия валюта захираларининг катта қисми шу ерга жойлаштирилган эди.

Ушбу активларнинг аксарияти 2022 йилдан бери муддати ўтган ва ҳозирда нақд пулга айланган.

Россия Марказий банки музлатиб қўйилган активлар ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Москвада одамлар Украинада қўлга туширилган Швециянинг зирҳли техникасини томоша қилаяптилар.

Сурат манбаси, Alexander Nemenov / AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғарб мамлакатлари Украинага ҳарбий ёрдамлар бердилар. Ушбу расмда Москвада одамлар Украинада қўлга туширилган Швециянинг зирҳли техникасини томоша қилаяптилар

Европа Иттифоқининг таклифи қандай ва нима учун Белгия уни рад этди?

Германия Канцлери Фридрих Мерц қўллаб-қувватлаган Европа Иттифоқи таклифи келгуси йилда Россиянинг Белгияда сақланаётган 140 миллиард евро (162 миллиард доллар) миқдоридаги давлат активларини Украина учун "репарация кредити"га айлантиради, деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 3 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Германия Канцлери Фридрих Мерц

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Германия Канцлери Фридрих Мерц Белгияда сақланаётган Россия маблағларини Украина учун "репарация кредити"га айлантириш таклифини илгари сурди

У, шунингдек, схема пулни мусодара қилишдан иборат эмаслигини айтди, чунки бу кредит шаклида бўлади – аммо Украина уни Россия урушда етказилган зарар учун товон тўлаган тақдирдагина қайтариши мумкин бўлади.

Европа Иттифоқи давлатлари аллақачон музлатилган Россия активларидан олинган тахминан 210 миллиард евро атрофидаги фоизлардан Украина мудофаасини қувватлаш учун фойдалана бошлаган.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоб-китобларига кўра, 2026 ва 2027 йилларда Украинага 135 миллиард евро (157 миллиард доллар) керак бўлади.

Европа Комиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен

Сурат манбаси, EPA / Shutterstock

Сурат тагсўзи, Европа Комиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 3 декабр куни Россия маблағларини Украинага беришга бағишланган йиғилиш расман бошланганини эълон қилди

Европа Иттифоқи етакчилари 18 декабр куни Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитда репарация кредити бўйича овоз бериши кутилмоқда.

Иттифоқнинг аксарият давлатлари режани қўллаб-қувватламоқда, аммо музлатилган активларнинг энг катта улушига эга Белгия уни қаттиқ танқид қилмоқда.

Белгия ҳукумати таъкидлашича, агар Европа Иттифоқининг ушбу активлар билан таъминланган кредити билан боғлиқ муаммо юзага келса, Россиянинг ҳар қандай қонуний даъвоси учун масъулиятни ўз зиммасига олади.

Шунингдек, у бундай қадам қисқа муддатда тинчлик келишуви истиқболларини хавф остига қўйишини айтди.

"Биз муқобил вариант, яъни Европа Иттифоқининг бозорларда зарур бўлган миқдорда қарз олишини таклиф қиламиз," деди Белгия Ташқи ишлар вазири Максим Прево.

Белгия Ташқи ишлар вазири Максим Прево

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Белгия Ташқи ишлар вазири Максим Прево сўзларига кўра, ЕИнинг ушбу таклифи "Белгия учун банкротликни англатади"

Еврокомиссия боши берк кўчадан чиқиш вариантларини таклиф этиши кутилмоқда, бироқ Превонинг таъкидлашича, матн лойиҳаси "бизнинг хавотирларимизга қониқарли жавоб бермаяпти."

Унинг сўзларига кўра, хавфлар "Белгия учун банкротликка олиб келиши мумкин."

"Агар Россия бизни судга берса, унда ғалаба қозониш учун барча имкониятларга эга бўлади ва биз, Белгия, ўша 200 миллиард еврони (236 миллиард доллар) қайтара олмаймиз, чунки бу федерал бюджетнинг бутун бир йилига тенг. Бу Белгия учун банкротликни англатарди."

Белгия бош вазири Барт Де Вевер ҳам ўз хавотирларини билдириб, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга хат ёзиб, режа "тубдан нотўғри" эканидан шикоят қилди.

АҚШ Жавелин ракетаси. 20 январ 2025 йил.

Сурат манбаси, Scott Peterson / Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғарб мамлакатлари Украина қурол-яроғ етказиб бераяпти, хусусан, АҚШ Жавелин ракеталарини

Euroclear нима дейди?

Худди шундай фикрларни Euroclear бош директори Валери Урбен ҳам билдирди.

Де Вевернинг айтишича, Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари Белгияга Украина кредити барбод бўлса ёки Россияга қарши санкциялар бекор қилинса, хавф тақсимланиши ҳақида қонуний кафолат бериши керак.

Аммо бу қийин ҳисобланади, чунки Европа Марказий банки бундай схема учун пировард кредитор бўла олмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Брюссел шаҳрида жойлашган Euroclear депозитарийси биноси

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Россия маблағларининг аксари Европа Иттифоқининг Euroclear депозитарийсида сақланади. Euroclear Брюссел шаҳрида жойлашган

Бунинг ўрнига Белгия Украинага келаси йил учун 27 аъзо давлатнинг мавжуд умумий бюджети доирасида Европа Иттифоқининг 45 миллиард евро (52 миллиард доллар) миқдоридаги кредитини таклиф қилди.

Германия канцлери Мерц эса музлатилган Россия активларидан фойдаланишни энг мақбул йўл деб ҳисоблайди.

У бу эҳтиёжни "тобора долзарблашяпти" деб таърифлаб, раҳбарларни мазкур ғоя атрофида бирлашишга чақирди:

"Украина бизнинг ёрдамимизга муҳтож. Россия ҳужумлари кучаймоқда. Қиш яқинлашяпти... шу боис, Европа Иттифоқи доирасида биргаликда ечим топа оламиз деб умид қиламан."

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас репарация кредити режасини қўллаб-қувватлади

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас репарация кредити режасини қўллаб-қувватлади

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас ҳам репарация кредити режасини қўллаб-қувватлайди, чунки бу Европанинг Москвага қарши мавқеини мустаҳкамлайди ва Президент Владимир Путинни музокараларга ундайди.

Левен Университетининг молиявий ҳуқуқ профессори Вирле Колерт BBC News'га берган интервюсида Белгиянинг хавотирлари асосли эканини таъкидлади.

"Euroclear Россия Марказий банкига биринчи талаб бўлгандаёқ пулни қайтариш мажбуриятига эга. Буни бажармаслигининг ягона сабаби – санкциялардир."

Иқтибос

Сурат манбаси, .

У яна қўшимча қилдики, агар пул Европа Иттифоқига берилгандан сўнг санкциялар бекор қилинса, Euroclear эмас, Белгия молиявий хавф остида қолади.

Унинг огоҳлантиришича, музлатилган хорижий захиралардан бошқа мақсадларда фойдаланиш Европа молиявий тизимига бўлган ишончни йўқотиши мумкин. Колертнинг фикрича, Киев учун Европа Иттифоқининг бозорга асосланган кредитини жалб қилиш хавфсизроқ.

"Euroclear'нинг музлатилган маблағларидан пул олишнинг афзаллиги шундаки, у фоизсиз, аммо хавфсиз эмас."

Босим кучайиши фонида канцлер Мерц Норвегияга режалаштирилган ташрифи ўрнига ўтган ҳафта Брюсселга бориб, Бош вазир Де Вевер ва комиссия раҳбари фон дер Ляйен билан учрашди.

Шундан сўнг, фон дер Ляйен ва Мерц Де Вевер билан "жуда самарали" музокаралар ўтказганини маълум қилди.

Европа Иттифоқи раҳбарлари октябр ойида шунга ўхшаш режа бўйича келишувга эриша олмадилар.

Россия нима дейди?

Россиядаги етакчи давлат назоратидаги банк - ВТБ раҳбари Андрей Костин

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Россиядаги етакчи давлат назоратидаги банк - ВТБ президенти ва раиси Андрей Костин, агар бу режани амалга оширса, Европа Иттифоқига 50 йиллик суд можароси билан таҳдид қилди

Россия бу таклифни қатъиян қоралади.

Унинг етакчи банкирларидан бири, агар режа амалга ошса, Европа Иттифоқига 50 йиллик суд жараёни билан таҳдид қилди.

Россиянинг йирик давлат банкларидан бири – ВТБ президенти ва раиси Андрей Костин Москванинг музлатилган маблағлари Украинага ўтказилишига йўл қўйиб бўлмаслигини айтди.

"Пулларимизни мусодара қилиш масаласига келсак, охир-оқибат биз бусиз ҳам яшай оламиз, – деди у. – Ягона муаммо шундаки, бу пуллар тинчлик учун эмас, балки уруш учун ишлатилиши мумкин."

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова жаҳон молия тизими Россия активларини мусодара қилиш ёки йўналтириш ҳаракати "оқибатларини ҳис қилиши" ҳақида огоҳлантирди.

Давлат тасарруфидаги РИА агентлиги хабар беришича, Ғарбнинг Россияга киритган 285 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари қасос сифатида нишонга олиниши мумкин.

Эндрю Уебб таҳрири