You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбек сўми кучайдими? Трамп ядровий пойгани бошламоқчими? Ва Луврдаги ўғрилик: ҳақиқий ўғрилар ушландими?
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўзбек сўми кучайдими?
Ўзбекистон миллий валютаси - сўмнинг қадри ошиши натижасида мамлакат ташқи қарзини узишда тахминан 5 триллион сўм тежамкорликка эришилди. Бу ҳақда расмий идоралар маълум қилди.
Сўмнинг мустаҳкамланиши давлат ва хусусий сектор қарзларини тўлашни арзонлаштирган. Яъни, доллар курси пасайиши натижасида қарзларни қайтариш учун камроқ сўм талаб этилмоқда.
Молия соҳаси маълумотларига кўра, миллий валютага бўлган ишонч ортиб, сўмдаги омонатлар ва ҳисоб-китоблар ҳажми ўтган йилга нисбатан 34 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, инфляция даражаси пасайган, иқтисодиётда доллар билан амалга ошириладиган операциялар улуши камайган.
Айни пайтда мамлакатнинг ташқи қарзи 72 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, сўмнинг барқарорлиги ташқи молиявий босимни юмшатиш ва иқтисодий барқарорликни сақлаб туришга ёрдам бермоқда.
Трампнинг ядровий синовлар ҳақидаги сўзларини қандай тушуниш керак?
BBC Рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксёнов таҳлили:
АҚШ президенти Доналд Трамп ядровий синовларни қайта бошлашини маълум қилди.
У бу ҳақда Хитой раҳбари Си Цзинпин билан учрашувидан олдин Truth Social ижтимоий тармоғида ёзган.
Бироқ унинг баёнотида гап ядровий зарядларни портлатиш ҳақида боряптими ёки улар билан жиҳозланган ракеталарни синаш ҳақидами, бу аниқ эмас.
Америкаликлар ядровий қуролни таший оладиган ракеталарни ҳар йили учиришади. Бу одатдаги ҳарбий синовлар, ва бундай пайтда президент махсус баёнот бермайди. Шунинг учун кўпчилик Трампнинг бу гапини оддий ракета синови деб эмас, балки ҳақиқий ядровий синовларга тайёргарлик сифатида қабул қилди.
Трамп ўз қарорини шунга асослади: гўёки бошқа давлатлар, масалан, Россия ва Хитой ҳам шундай синовлар ўтказмоқда.
Аммо бу ҳақиқатга тўғри келмайди. 1996 йилдан бери дунёда Ядровий синовларни ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартнома амал қилинади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
АҚШ ва Россия бу шартномага расман қўшилмаган бўлса ҳам, сўнгги йигирма беш йил ичида фақат Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) ядровий синовлар ўтказган.
Дунё ядровий уруш эҳтимолидан хавотирда. Шунинг учун бундай синовларни қайта бошлаш ҳар қандай давлатнинг халқаро обрўйига путур етказиши мумкин.
Бундан ташқари, бу қадам бошқа ядровий қуролга эга давлатларни ҳам ўхшаш синовлар ўтказишга ундаб, "занжирли реакция" келтириб чиқариши мумкин.
Трампнинг баёнотидан бир кун аввал Владимир Путин ядровий сув ости кемаси синови ҳақида маълум қилди.
Бир неча кун олдин эса у ядровий қанотли ракета синови ҳақида хабар берган эди.
Бу икки қурол ҳам Америка учун катта хавф туғдиради.
Кўплаб таҳлилчилар фикрича, Трампнинг ядровий синовларни қайта бошлаш ҳақидаги гаплари Москва томонидан кескинликни кучайтиришга жавоб сифатида айтилган бўлиши мумкин.
Бироқ бундай қадам жуда хавфли бўлиши мумкин, чунки дунё учун асосий таҳдид ядровий қуролнинг ўзи эмас, балки у ишга солиниши эҳтимолидир.
Луврдаги ўғирлик: яна беш киши ушланди
Париж прокуратураси маълумотича, Лувр музейидаги ўғирлик иши бўйича яна беш нафар шахс қўлга олинди.
Прокурор Лор Бекюо маълум қилишича, улар чоршанба кечаси Париж ва унинг атрофидаги ҳудудларда ўтказилган рейдлар вақтида қўлга тушган.
Гумонланувчилардан бири ўғирликни амалга оширган тўрт кишилик гуруҳ аъзоси бўлиши мумкин, улар музейдаги кузатув камераларига тушиб қолишган.
Илгари ушбу гуруҳдан икки нафар шахс қўлга олинган ва улар ўз иштирокини қисман тан олган. Тўртинчи гумонланувчи ҳали ҳам қидирувда.
Янги қўлга олинган шахсларнинг ўғирликдаги ролини ҳозирча аниқлаш мумкин эмас, аммо прокурор Бекюо француз радиосига берган интервьюсида улар "ҳодиса қандай содир бўлганини аниқлашга ёрдам бериши мумкин", деб айтган.
Рейдлар Парижнинг бир неча ҳудудларида, жумладан Сен-Сен-Дени шаҳарчасида ҳам ўтказилган. Текширув пайтида топилган телефонлар ва бошқа буюмлар орқали терговчилар шифрланган хабарларни ўргана бошлаган.
Маълумотларга кўра, гумонланувчилар тўрт кунгача ушлаб турилиши, шундан кейин уларга айб қўйилиши ёки озод этилган бўлиши мумкин.