Трамп Эрондан "шартсиз таслим бўлиши"ни талаб қилди, Эрон Олий руҳоний раҳбарини нима қилишларини ҳам айтди - АҚШ Исроилнинг ҳужумларига қўшиладими?

Эрон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил ва Эроннинг ўзаро ҳужумлари ўзининг олтинчи кунига кирди...
Ўқилиш вақти: 18 дақ

АҚШ нима қилмоқчи?

Бу шу соатларда кун тарибига чиққан савол бўлади...

Сўнгги тафсилотлар:

АҚШ Президенти Дональд Трамп урушга кириш-кирмаслик ва Исроилнинг Эронга ҳужумларига қўшилиш-қўшилмаслик ҳақида ўйламоқда.

У кеча, сешанба куни АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашининг йиғинини ўтказди. Йиғин қарийб бир ярим соат давом этгани айтилмоқда.

Америка учун эҳтимолий нишон Эроннинг Фордо ядровий иншооти бўлиши мумкин. У чуқур ер остида жойлашган. ББСнинг Хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Франк Гарднер ёзишича, фақат АҚШ уни йўқ қилишга қодир қарийб 14 тонналик бомбага эга.

Трампнинг маслаҳатчилари бу борада якдил фикрда эмас. Экспертларга кўра, бунга ўхшаш бир қадам можарони "буткул ўзгартириб юбориши" мумкин.

Сўнгги уч кун ичида қирувчи ва бомбардимончи самолётларга ёнилғи қуйиш учун Американинг камида 30 та ҳарбий танкери Европага йўлланган.

Эрон Олий руҳоний раҳбари мамлакати ҳеч қачон Исроил билан муросага бормаслигини баён қилди. Хоманаий, "биз сионистларга раҳм қилмаймиз", деди.

Европа эса иккига бўлинган, Франция Эрондаги тузумни ўзгартирмаслик кераклиги билан огоҳлантирмоқда, Германия эса "ифлос иш"ни қилаётгани учун Исроилдан миннатдор.

Эрон Олий раҳбари эса, уни АҚШ Исроил ҳужумларига қўшилса, "ўнглаб бўлмас зиён етказишлари" билан огоҳлантирган.

Сўнгги ҳужумлар

Исроилга ўзининг жавоб зарбаларини бериб келаётган Эрон ўтган тун ҳам яна бир ҳужум уюштирган.

Хабарларга кўра, Исроил бу гал Тель-Авивга ўзининг "Фаттоҳ-1" русумидаги гипертовушли ракетаси билан зарба берган, сиреналар икки бор чалинган.

Аммо Эроннинг ҳужумлари кўлами камайди, деб ёзди ББС мухбири Уго Бачега.

Исроил эса, ўтган тун Эроннинг пойтахт Теҳрондаги центрифуга ва қурол-аслаҳа иншоотларини ҳужумга тутган.

Дональд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Трампнинг пости хавотирга моликми?

Энтони Цурчер

ББСнинг Шимолий Америка бўйича мухбири

Трамп Канадага сафарини қисқа қилиб, ривожланган еттилик саммитидаги иштирокига эрта ясаб, ортга қайтаркан, кечаги тонг нисбатан тинч ўтди.

Аммо Трамп Truth Social га хавотир уйғотмай қолмайдиган постлар билан қайтди.

Бу мамлакатнинг ҳаво мудофааси яхши бўлгани, аммо у Америкада ишлаб чиқарилган жиҳозлар қадар кучли эмаслигини айтаркан, "биз ҳозир Эрон ҳаво ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатдик", - деб ёзди.

Мазкур постга президент яна бир бор "Америкада ишлаб чиқарилган" билан мақтанди, деб қараш мумкин, аммо ундаги биринчи келган "биз" сўзи ҳайратга молик.

Эроннинг ҳаводан мудофаа тизими Исроил ҳарбийлари бузишган.

Аммо Трамп бу муваффақиятни тасвирлашда кўплик олмошини қўллади.

Маъмурияти эса, бир неча кундан буён бу ҳужумларга АҚШнинг бевосита алоқаси йўқлигини таъкидлаб келаётганди.

Трамп уларнинг айни мазмундаги таъкидларидан кейин шундай қилди.

Унинг Truth Social даги постлари жуда ўзгача таассурот қолдиради.

Трамп нималар деди?

Эрон Оли руҳоний раҳбари

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Трампга кўра, Оятуллоҳнинг "қаерда эканлигини аниқ билишади" – "у осон нишон, лекин у ерда хавфсиз".

АҚШ президенти биринчи марта "биз", деди. Дарҳол эътибор тортди. Трамп шу пайтгача Исроилнинг ҳужумларида иштироклари борлигини рад этиб келаётганди.

  • АҚШ президенти "ҳозирча" Эрон Олий руҳоний раҳбарини ўлдириш режаларини йўқлигини айтди.
  • Бундай дейишдан аввал Трамп Эронни "шартсиз таслим бўлиш"га чақирди.
  • Трампга кўра, Оятуллоҳнинг "қаерда эканлигини аниқ билишади" – "у осон нишон, лекин у ерда хавфсиз".
  • Шундай дейиш билан бирга, АҚШ президенти "сабрлари тугаб бораётгани" билан ҳам огоҳлантирди.
  • Исроил Эронга ҳужум бошлаганига олти кун бўлди, можаро ҳануз тинмаган.
  • Эрон Тель-Авив ва Ҳайфадагилардан шаҳарни тарк этишларини сўради.
  • Теҳронда яна портлашлар юз берганига оид хабарлар олинди.
  • Кўплаб эронликлар пойтахтни тарк этиш илинжида – аммо бошқалари борадиган ерлари йўқлигини айтиб ўтиришибди.
  • АҚШ Исроилнинг ҳаво ҳужумларида бизнинг иштирокимиз йўқ, демоқда.
  • Аммо Трамп кеча, 17 июн куни "Биз Эрон ҳаво ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатдик", деган пост ҳам қолдирган.

"Қўшимча чоралар"...

АҚШ вице-президенти

Сурат манбаси, EPA

АҚШ вице-президентининг айтишича, Эроннинг уранни бойитишини тўхтатиш учун Трамп "қўшимча чоралар" кўриши мумкин.

Ж.Д. Венсга кўра, АҚШ президенти бу борада "қарор қилиши мумкин".

У ижтимоий тармоқдаги постида Эрон "уранни ҳар қандай фуқаролик мақсадлари учун зарур бўлган даражадан анча кўп бойитгани" ва АҚШ президенти "Эрон бойитишни тўхтатиши учун қўшимча чора-тадбирлар кўриш кераклигига қарор қилиши мумкин"лиги ҳақида ёзган.

Венс Трампни "ҳарбийлари диққат-эътиборини қўшинлар ва тинч аҳолини ҳимоя қилишга қаратаётганлиги" учун мақтаган.

Шундай дейиш баробарида, у ҳалигача "Эрон ядро қуролларини тарқатмаслик бўйича ўз мажбуриятларини бузишга нега ҳақли экани ҳақида битта ҳам яхши далил кўрмаганлиги"ни айтган.

Постини Трамп, "Армияни фақат Америка халқининг мақсадларига эришиш учунгина ишга солишдан манфаатдор" эканига оид ишонч сўзлари билан якунлаган.

"Нима қилмасин, худди шу нарса унинг диққат-марказида", деган.

Аммо "қўшимча чоралар" деркан, АҚШ вице-президенти уларнинг айнан нималардан иборат эканини очиқламаган.

17 июн: Исроил-Эрон тўқнашувида Трамп иккиланмоқда, унинг олдида қандай йўллар бор?
Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Том Бэтман

Президент Доналд Трампнинг Исроил билан Эрон ўртасидаги можаро юзасидан айтган гаплари Исроилнинг зарбаларини тўлиқ қўллаб-қувватлашдан то улардан қатъий масофа сақлашгача ўзгариб турибди.

Унинг икки маъноли баёнотлари ҳарбий ҳаракатлар кескин авж олаётган бир пайтда ноаниқлик ҳиссини кучайтирди. Бу ҳолат унинг Канададаги G7 саммитида иштирок этгандан сўнг кутилмаганда кетиб қолиши билан янада мураккаблашди. Трамп фақат шунчаки "Вашингтонда ҳал қилинадиган катта ишлар бор" деб айтди, холос.

Оқ уй эса президентнинг кетишини "Яқин Шарқдаги вазият" билан боғлади. Аммо кейинроқ Трамп Truth Social тармоғида бунинг "отишмани тўхтатиш билан ҳеч қандай алоқаси йўқ"лигини таъкидлади.

Бундан аввал Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳужумлар АҚШ билан "тўлиқ мувофиқлаштирилган" ҳолда амалга оширилаётганини айтганди.

Хўш, Трампга қандай омиллар таъсир қилмоқда ва энди унинг олдида қандай йўллар бор?

1. Нетаняҳу босимига бош эгиш ва можарони авж олдириш

протлаш

Сурат манбаси, Getty Images

Пайшанба куни Исроил ракета зарбалари Теҳронни нишон олган пайтда, Трамп Эрон раҳбарларини "бундан-да шафқатсизроқ" ҳужумлар билан қўрқитди. Бу ҳужумларни АҚШ қуроллари билан қуролланган Исроил амалга оширганди.

Трампнинг энг катта мақсади аниқ: у, Нетаняҳу каби, Эрон ядровий бомбага эга бўлишига қарши. Аммо фарқи шундаки, у бу мақсадга АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишув орқали эришишни афзал кўради (бу ёндашув Трамп ўзини "дунё даражасидаги келишув устаси" деб кўрсатишига мос келади).

Бироқ у мақсадга қандай етиш масаласида иккиланмоқда: баъзи пайтларда куч ишлатиш билан таҳдид қилса, баъзида дипломатияни илгари суради. Ўтган ҳафта у шундай деганди: Исроилнинг Эронга ҳужуми келишувга ёрдам беради, ёки "уни йўқ қилади".

Унинг ноаниқ позицияси тарафдорлари томонидан баъзан "стратегия" деб баҳоланади — яъни халқаро алоқаларда "ақлдан озган одам"нинг назарияси деб ҳам аталади. Бу назарияга кўра, Трампнинг номуайян ёки кутилмаган хатти-ҳаракати рақиблар (баъзан иттифоқчилар)ни унга бўйсунишга мажбур қилиши мумкин. Ушбу назария аввал собиқ президент Ричард Никсоннинг Совет Иттифоқи билан муносабатларига нисбатан ҳам ишлатилган.

Трампнинг баъзи маслаҳатчилари ва тарафдорлари Эронга нисбатан "максимал босим" назариясини қўллаб-қувватлашади. Уларга кўра, таҳдидлар охир-оқибат самара беради, чунки Эрон музокара олиб боришга жиддий ёндашмайди. Ҳолбуки, 2015 йилда Эрон АҚШ президенти Барак Обама бошчилигидаги ядровий келишувни имзолаганди (Трамп кейинчалик ундан чиқиб кетган).

Нетаняҳу доимий равишда Трампни ҳарбий йўлни танлашга ундаб келмоқда. Трамп эса, ҳар қанча Нобел тинчлик мукофотини олиш истагини билдирмасин, охир-оқибат Теҳрон раҳбариятига қарши ҳарбий таҳдидларини амалга оширишга мажбур бўлиши мумкин.

Исроил эса АҚШнинг аралвшуви учун сиртдан босим ўтказиши мумкин. АҚШда бункерга қарши кучли бомба бор. Исроил у Эроннинг Фордодаги ер ости уран бойитиш мажмуасини йўқ қилишга қодир, деб ҳисоблайди.

Можаро кучайиши ортидан АҚШ Конгрессидаги тажовузкор Республикачи сенаторлар Эронда ҳокимиятни ўзгартиришни талаб қилиб, Трампга босимни оширмоқда.

Бундай ҳаракатлар Эронни Трамп билан музокараларга бир бош паст ҳолда киришишга мажбур қилиши мумкин. Аммо шунга қарамай, Эрон аввалдан музокара столида эди — Трампнинг вакили Стив Виткофф раҳбарлигидаги олтинчи раунд жорий якшанба куни Уммонда ўтказилиши керак эди.

Бу музокаралар ҳозирда бекор қилинди.

2. Ўрта йўл – вазиятни ушлаб туриш

Ҳозирча Трамп АҚШ Исроилнинг ҳужумларида иштирок этмаётганини қайта-қайта таъкидламоқда.

Аммо можарони кучайтириш Трамп учун сиёсий ва тарихий жиҳатдан катта хавф туғдиради. АҚШ денгиз флоти эсминецлари ва ердаги ракета тизимлари Исроилни Эроннинг жавоб зарбаларидан ҳимоя қилмоқда.

Миллий хавфсизлик кенгашидаги баъзи маслаҳатчилар Трампга Исроилнинг ҳозирги ҳужумларини кучайтиришга хизмат қиладиган ҳар қандай қадамдан огоҳ бўлишни маслаҳат беришяпти — айниқса Эроннинг айрим ракета ҳужумлари Исроил-АҚШ мудофаасини ёриб ўтиб, талафот етказганини ҳисобга олсак.

Нетаняҳу эса Эрон Олий раҳбари Оли Хоманаийни нишонга олиш урушни тўхтатади, деб иддао қилмоқда.

Бироқ ўтган ҳафтада АҚШдаги баъзи ОАВларга маълум қилган бир расмий манбадан маълум бўлишича, Трамп бундай ҳаракатга қарши эканини билдирган.

3. MAGA овозларини эшитиш ва ортга чекиниш

Исроилга тушган бомба

Сурат манбаси, Getty Images

Трамп учун сиёсий жиҳатдан муҳим бўлган ички сиёсий омиллар ҳам бор — у ўз электоратини эътиборга олмоқда.

Конгрессдаги кўплаб республикачилар Исроилни қаттиқ қўллаб-қувватлашда давом этмоқда, АҚШ қуролларини етказиб беришни ҳам қўллаб-қувватлашмоқда. Кўпчилиги Исроилнинг Эронга қарши амалиётларини очиқ қўллаб-қувватлади.

Бироқ Трампнинг "Американи яна буюк қилиш" (Make America Great Again – MAGA) ҳаракатининг баъзи таъсирли аъзолари бу анъанавий Исроилни қўллаб-қувватлаш сиёсатига бутунлай қарши чиқишмоқда.

Сўнгги кунларда улар савол қўймоқда: агар Трамп ташқи сиёсатда "Аввало, Америка" деб ваъда берган бўлса, нега АҚШ Яқин Шарқдаги урушга тортилиш хавфини ўз зиммасига оляпти?

Трамп тарафдори журналист Такер Карлсон жума куни чиқарган танқидий мақоласида ҳукуматнинг "АҚШ урушда иштирок этмаяпти" деган баёнотига ишонмаслигини ёзиб, "АҚШ Исроилдан воз кечиши керак", деди.

Унинг таъкидлашича, «Нетаняҳу ва унинг урушга чанқоқ ҳукумати" АҚШ аскарларини ўзининг уришига тортаётган бўлиши мумкин.

Карлсон шундай ёзди: "Бу урушда иштирок этиш миллионлаб одамларнинг "Аввало, Америка" учун деб овоз берганларнинг юзигаўрта бармоқни кўрсатиш бўлади".

Шунингдек, Трампнинг садоқатли тарафдорларидан бири, Конгресс аъзоси Марджори Тейлор Грин ҳам X тармоғида шундай деб ёзди: "АҚШ Исроил-Эрон урушига тўлиқ қўшилиши керак дейдиган ҳар қандай киши "Аввало, Америка" тарафдори эмас".

Бу ҳолат Трамп учун катта сиёсий заифликдир.

Бу унга босимни орттирмоқда, натижада АҚШ ва Исроил ҳужумларидан масофа сақлаётгани кузатилмоқда.

Мана шундай MAGA муҳокамалари давом этаётган бир вақтда Трамп ижтимоий тармоқда Россия президенти Владимир Путин билан биргаликда урушни тугатишга чақирганини эълон қилди. Якшанба куни эса у "Эрон ва Исроил келишувга эришиши керак" деди ва қўшимча қилди: "АҚШнинг Эронга ҳужум билан ҳеч қандай алоқаси йўқ".

Эрон аллақачон, агар Вашингтон Исроилни ҳимоя қиладиган бўлса, АҚШ базаларига зарба бериш билан таҳдид қилган.

Агар америкалик ҳарбийлар қурбон бўлса, MAGAнинг ихоталаниш қарашлари янада кучайиши мумкин ва бу Трампни урушдан орқага чекинишга ҳамда Нетаняҳуни ҳужумни тезроқ тўхтатишга чақиришга мажбур этиши эҳтимолдан холи эмас.

Трамп аҳолини зудлик билан Теҳрондан чиқишга чақиргандан сўнг нима бўлди?

Теҳрондаги аҳоли турар жойига бомба келиб тушишидан сўнг қутқарув ишлари

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Теҳрондаги аҳоли турар жойига бомба келиб тушишидан сўнг қутқарув ишлари

Трампнинг ярим тунда "ҳамма зудлик билан Теҳрондан кетиши керак" деган гапи, Эрон пойтахтидан одамларнинг тўп-тўп бўлиб чиқишига сабаб бўлди. Кейинчалик Трамп бу гапни одамлар шунчаки хавфсизликда бўлиши учун айтганини маълум қилди. Эрон ва Исроил ўртасида можаро кескинлашаркан Трампнинг олдида қандай йўллар бор?

"Теҳрондан чиқинг"

Трамп сўзларидан сўнг Теҳрондан чиқиш йўлларида тирбандлик ҳосил бўлган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Трамп сўзларидан сўнг Теҳрондан чиқиш йўлларида тирбандлик ҳосил бўлган

Душанба тунда АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth иэтимоий тармоғида ғайритабиий изоҳ қолдирди.

У ядровий битимни имзоламаган Эрон раҳбарларини тергаган пости остига "Ҳамма зудлик билан Теҳрондан кетиши керак!", деб ёзди.

Бу хабарни лентаси бошига "михлаб" қўйди.

BBC мухбири Озода Моширининг хабар беришича, Трамп изоҳидан сўнг Теҳрондан чиқиш йўллари тўлиб тошган ва ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбат пайдо бўлган.

Унинг айтишича, Трампнинг огоҳлантиришидан сўнг айрим эронликлар унга амалга қилишга ошиққан, бошқалар эса унга амал қилиб бўлмаслигини айтган.

Исми ўзгартирилган Наргиз қўрқса ҳам Теҳронда қолишга қарор қилган. "Шаҳар бўшаб қолганга ўхшайди. Кеча тунда Трамп одамларни кетишга чақиргандан кейин яна-да кўпроқ аҳоли чиқиб кетаётганга ўхшайди", дейди у.

Унинг айтишича, йўллар тўлиб тошган ва "даҳшат тирбандлик". Теҳронда қарийб 10 миллион аҳоли яшайди ва Наргиз кетишга ҳаракат қилиб, йўлда қолиб кетишдан маъно кўрмаганини айтади.

Кейинчалик журналистлар Трампдан у Исроил учун яна нима қилиши мумкинлигини сўраганда Доналд Трамп "Ҳозир бизда ҳаммаси яхши, ЭСлаб қолинглар, Эрон ядро қуролига эга бўлиши мумкин эмас" деган.

Теҳронни зудлик билан тарк этиш чақириғини "Мен шунчаки, одамлар хавфсизликда бўлишини хоҳлайман", деб жавоб берди.

16 июн: Эрондаги тузум "ўта заиф"ми, Исроил Эрон Олий руҳоний раҳбарини ўлдириш режасида бўлганми, Путин Исроил ва Эрон ўртасида воситачи бўлса, Трамп бунга нима дейди? Видео

Эрон Олий руҳоний раҳбари

Сурат манбаси, EPA

Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳужумлар манзарасида янги тафсилотлар ҳам юзага чиқмоқда – нима гап?

Эрондаги тузум "ўта заиф"ми?

Isroil Bosh vaziri
EPA
Isroilning maqsadi – "kelishuv" va otashkesim emas, Eronning yadroviy qurol-yarog‘ ishlab chiqarishdan butkul voz kechishi.
Benyamin Netanyaxu
Isroil Bosh vaziri (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Воқеаларнинг Эрон билан боғлиқ сўнгги ривожи манзарасида Исроил Бош вазири Американинг Fox News телеканалига интервью берди.

Мана, унинг суҳбат чоғида қилган асосий баёнотлари:

  • Исроил Дональд Трамп билан "мутлақ мувофиқлаштирилган тарзда" иш олиб бормоқда. (АҚШ президенти бундан аввал мазкур можарода ўзларининг бирор бир иштироклари йўқлигини айтганди).
  • Исроилнинг ҳужумлари Эроннинг ядровий саноатини "аллақачон анча орқага ташлаган".
  • Исроил Ҳаво кучларида Теҳронга "тўғридан-тўғри йўл очилган". "Биз энди Теҳрон ва бошқа жойлардаги керакли нишонларни ура олишимиз мумкин", - деб айтган Исроил Бош вазири.
  • Исроилнинг мақсади – "келишув" ва оташкесим эмас, Эроннинг ядровий қурол-яроғ ишлаб чиқаришдан буткул воз кечиши.
  • Эрон билан сўнгги низо фонида Нетаньяху "Исроил ва Форс халқлари қадимдан дўст", дейиш билан, ҳужумлари бу мамлакатдаги оддий одамлар эмас, Эрон ҳукуматига қаратилганига ҳам ишора қилган.
  • Исроил операциясининг мақсадларидан бири Эронда ҳокимиятни алмаштириш бўлиши мумкин. "Бу, албатта, натижа бўлиши мумкин, чунки Эрон режими жуда заиф", - дея баён қилган Исроил Бош вазири.
  • У, шунингдек, журналистнинг Трампдан бункерлардаги нишонларга (Эроннинг асосий ядровий иншоотлари чуқур ер остида жойлашган) зарба беришга қодир бўлган бомбаларидан сўрагани ёки йўқлиги ҳақидаги саволига жавоб беришдан бош тортган.
Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Путин воситачи?

Россия президенти

Сурат манбаси, EPA

АҚШ президенти Путиннинг Эрон ва Исроил орасида воситачилик қилишига қарши эмаслигини айтди.

Унга кўра, Путин бу икки давлат ўртасида тинчлик ўрнатишда воситачи ролини ўз зиммасига олса, бунга эътироз билдирмайди.

Дональд Трамп бу ҳақда Американинг ABC News телевизион каналига берган интервьюси чоғида тўхталиб ўтган.

Трамп, "Ҳа, мен бунга эътироз билдирмаган бўлардим. У [Путин] менга бу борада қўнғироқ қилди. Биз унинг вазияти эмас, шу ҳақда кўпроқ гаплашдик. [АҚШ президенти айни ўринда Путин Украинага бошлаган урушни назарда тутаётган бўлиши мумкин – таҳр.]. – Ўйлайманки, буларнинг барчаси ҳал бўлади", - деб айтган. (Трамп билан суҳбатлашган ABC News журналисти Рейчел Скоттнинг Х тармоғидаги постидан олинган иқтибос).

Бундан аввал Трамп Россия президенти туғилган куни билан "жуда самимий табриклаш" учун ўзига қўнғироқ қилгани ҳақида хабар берганди.

Шу билан бирга, Оқ уй раҳбарига кўра, бир соатга яқин давом этган мазкур суҳбатлари чоғида томонлар Украинадаги урушга "анча кам вақт ажратишган".

"[Путин] мен каби Исроил-Эрон уруши якун топиши керак, деб ўйлайди, мен унга ўзининг уруши ҳам тугаши кераклигини англатдим", - деб ёзган Трамп.

Шу йил январ ойида Эрон ва Россия стратегик шериклик шартномасини имзолашган.

Украина ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари Теҳрон Москвани қурол ва ҳарбий технологиялар билан фаол таъминлаб келади, деган ўйда.

Шу билан бирга, Россия Исроил билан ҳам муносабатларини яхши ушлаб турибди.

Исроилнинг режаси?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Хабарларга кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп яқинда Исроилни Эрон Олий руҳоний раҳбарини ўлдириш режасидан қайтарган.

Бу ҳақда америкалик уч мулозим BBC нинг штатлардаги ҳамкори CBS News телеканалига айтишган.

Улардан бирига кўра, исроилликлар Эрон Олий руҳоний раҳбарига суиқасд қилиш имкониятига эга бўлганлар ва Трамп "яхши" эмаслигини айтиб, Исроил Бош вазирини бу фикрдан қайтарган.

Агар, америкалик мулозимларнинг сўзларига таянилса, икковлон ўртасидаги суҳбат ўтган ҳафта, Исроилнинг Эронга йирик ҳужуми ортидан бўлиб ўтган.

Трампнинг мазкур таклифни рад этгани ҳақида биринчи бўлиб Reuters хабар берган.

Исроил Бош вазири эса, Fox News телеканалига берган суҳбатида бу харбарни на-да бевосита тасдиқлаган ва над-да рад этган.

"Ҳеч қачон бўлмаган суҳбатлар ҳақида кўплаб ёлғон хабарлар бор ва мен уларга берилмайман", - деркан, - "лекин мен сизга биз нима қилишимиз керак, деб ўйлашимни айта оламан. Биз нима қилишимиз лозим бўлса, шуни қиламиз ва менимча, Америка Қўшма Штатлари ўзлари учун нима яхши эканини билади, мен бунга тўхталиб ўтирмайман", - дея жавобига якун ясаган Бенямин Нетаняху.

Низонинг тўртинчи куни

Эроннинг Исроилга ҳужуми

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳужумни ўтган пайшанбадан жумага ўтар кечаси Исроил бошлаган, Эроннинг ядровий, ҳарбий сатҳларига зарба берган. Эрон бунга юзга яқин дрон отиш билан жавоб қайтарган. Бунинг ортидан ўзаро ҳужумлар ўзининг тўртинчи кунига кирган.

Томонлар ўз талафотларига оид янги рақамларни эълон қилишди.

Эроннинг ҳужумида украиналиклар ҳам ҳалок бўлишганига оид маълумотлар чиқди.

Янги тафсилотлар

Ўзаро ҳужумлар тўртинчи тун ҳам тинмади.

Қисқа сатрларда

  • Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги рақамларни эълон қилди. Вазирликка кўра, можаронинг дастлабки уч кунида Исроилнинг ҳужумлари камида 224 кишини ўлдирган, 1277 нафарини яралаган.
  • Эроннинг Исроилга ўтган тунги ҳужуми беш инсоннинг умрига зомин бўлган, Исроилнинг сўнгги уч кундаги жами талафотлари сони 19 кишига чиққан.
  • Исроил Армияси бугун тонгда янги баёнот билан чиқди, бу гал Теҳрондаги "Ал-Қудс" махсус кучларининг қўмондонлик марказларига зарба берганликларини айтди. Ҳозирча зарбалари натижаси ҳақида батафсил маълумот бермади.
  • Кеча, якшанба куни эса, Исроилнинг зарбалари натижасида Эрон Қуролли кучларининг Разведка бўлими бошлиғи ҳалок бўлган.
  • Исроилнинг Бат-Ям шаҳрида қурбон бўлганлар сони 9 кишига чиқди. Эроннинг ҳужуми ортидан шаҳарда қутқарув ишлари давом этаётганди. Украина Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, уч бола илова улардан беш нафари ўз фуқароларидир.
  • Эрон Қатар ва Ўмонга "Исроилнинг ҳужумлари остида экан, оташкесимга оид музокараларга очиқ эмас"лигини билдирди. Бу икки давлат Эроннинг Америка Қўшма Штатлари билан музокараларида воситачилик қилиб келишади.
  • Ҳужумни ўтган пайшанбадан жумага ўтар кечаси Исроил бошлаган, Эроннинг ядровий, ҳарбий сатҳларига зарба берган. Эрон бунга юзга яқин дрон отиш билан жавоб қайтарган. Бунинг ортидан ўзаро ҳужумлар ўзининг тўртинчи кунига кирган.
  • АҚШ Президенти Дональд Трамп икки томон келишувга эришиши кераклигини айтди. Бу хусусда аллақачон телефон қўнғироқлари ва учрашувлар ҳам бўлиб ўтаётганини маълум қилди.
  • Трампнинг айтишича, Исроил ва Эрон ўртасидаги сўнгги можарога АҚШнинг алоқаси йўқ ва урушаётган томонлар "осонлик билан тил топа олишлари мумкин".
  • Исроил Бош вазири эса, бу ерда масала кескинликни юмшатиш эмас, Эронни ядровий салоҳиятини ривожлантиришдан тўхтатиб қолиш эканини айтди.

Мақола янгилаб борилмоқда.

Эроннинг бугун тонгда Исроилга уюштирган ҳужуми оқибатлари. Суратлар Тель-Авивда олинган:

Эроннинг Исроилга сўнгги ҳужуми оқибатлари

Сурат манбаси, Reuters

Эроннинг Исроилга ҳужуми оқибатлари

Сурат манбаси, Reuters

13 июн - Исроил Эронга ҳужумларни давом эттирмоқда, Трамп Эронни огоҳлантирди, Ўзбекистон вазминликка чақирди
Eron

Сурат манбаси, MEGHDAD MADADI/TASNIM NEWS/AFP via Getty Images

Эронга зарба берган куннинг иккинчи ярмига келиб, Исроил Мудофаа кучлари "Қалқаётган шер" амалиёти доирасида Эронга ҳужумлар давом этаётганини билдирди.

Исроил давлат матбуоти Исроил ҳужумлари натижасида 78 инсон ҳалок бўлганини ёзди.

Нур нашрига кўра, 329 киши жароҳат олган.

АҚШ президенти Эронни ядро шартномаси имзолашга чақирди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронни ядровий дастур бўйича келишув тузишга чақирди ва Теҳронга "кетма-кет имконият бергани"ни таъкидлади.

Якшанба куни АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар олтинчи босқичга кириши кутилмоқда эди.

"Мен уларга қаттиқ қилиб "шунчаки бажаринг", дедим. Лекин улар қанчалик ҳаракат қилмасин, қанчалик яқинлашмасин, буни уддалай олишмади", - деб ёзди Трамп Truth Social платформасида.

"Аллақачон катта қирғин ва вайрона бўлди, лекин бу қон тўкилишни тўхтатишга ҳали вақт бор. Кейинги режалаштирилган зарбалар янада шафқатсиз бўлади", - деди у.

"Эрон ҳеч нарса қолмасидан аввал, келишув тузиши керак. Илгари Эрон Империяси деб аталган номни сақлаб қолиш учун буни амалга оширинг. Яна ўлим, яна вайрона йўқ. ЖУДА КЕЧ БЎЛИШИДАН АВВАЛ, ШУНЧАКИ БАЖАРИНГ", - дея якунлади у.

Трамп аввалроқ Исроилнинг зарба бериш режаларидан хабардор бўлганини айтган, аммо АҚШ ҳарбийлари бу операцияда ҳеч қандай иштирок этмаганини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбекистон томонларни вазминликка чақирди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "инсонларнинг ҳалокатига ва Яқин Шарқда вазиятнинг кескинлашувига олиб келган Исроилнинг Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиёти юзасидан чуқур хавотир" билдириб баёнот чиқарди.

"Барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирамиз", дейилади унда.

Баёнотда кенг кўламли тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган жиддий вазиятнинг янада кескинлашуви хавотир уйғотаётгани айтилган.

"Ўзбекистон минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ва можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдиради".

Исроил Эрон ядровий иншоотларига ҳужум бошлади – Нималар маълум?

Видео тагсўзи, Эрон пойтахти Теҳрондаги портлаш акс этган тасвирлар

Лана Лам

BBC News

Исроил жума куни Эрон бўйлаб ҳужумлар уюштирди ва улар Эрон ядровий дастурининг "юрагини" нишонга олганини билдирди.

Исроил ҳарбийларининг айтишича, Эрон 100 дан ортиқ дрон билан қарши ҳужум бошлаган. Исроил бу дронларни ўз ҳудудидан ташқарида тўхтатишга киришганини айтди. Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Эрон давлат оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбари Ҳуссаин Саломий ва ядровий олимлар ҳалок бўлган.

АҚШ Эроннинг асосий уранни тўйинтириш марказини ҳам нишонга олган ҳужумларда иштирок этмаганини билдирди.

Ҳужумлар қачон ва қаерда содир бўлди?

Xarita

Маҳаллий вақт билан соат 03:30 атрофида Эрон пойтахти Теҳронда портлашлар рўй бергани ҳақида хабарлар тарқалди.

Эрон давлат ОАВ турар жойлар нишонга олинганини билдирди, шунингдек Теҳроннинг шимоли-шарқида ҳам портлашлар эшитилган. Бу хабарларни BBC мустақил тарзда тасдиқлай олмади.

Исроилда ҳам айни вақтда ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сиреналари ишга тушди ва аҳолига фавқулодда огоҳлантиришлар юборилди.

Алоқадор мавзулар:

Исроил ҳарбийлари "Эроннинг турли ҳудудларидаги ўнлаб ҳарбий объектлар, шу жумладан ядровий объектлар" нишонга олинганини билдирди.

Дастлабки ҳужумлардан бир неча соат ўтиб, Эрон давлат ОАВларига кўра, пойтахтдан 225 км жанубда жойлашган Натанз ядровий иншоотида портлаш содир бўлди.

Халқаро атом энергияси агентлиги кейинчалик Натанз иншооти зарба остида қолганини тасдиқлади.

Агентлик Эрон расмийлари ушбу объектда радиация даражаси ошмаганини билдирганини маълум қилди.

Исроил нима демоқда?

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳужумларни — "Қалқаётган шер амалиёти" деб номлаган ва "Исроилнинг омон қолиши учун Эрон таҳдидини бартараф этишга қаратилган аниқ нишонга олинган ҳарбий операция" деб атади.

Унинг айтишича, амалиёт "таҳдидни бутунлай йўқ қилиш учун қанча керак бўлса, шунча давом этади".

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Охирги ойларда Эрон илгари ҳеч қачон қилмаган ишларни қилмоқда — тўйинтирилган уранни қуролга айлантириш чораларини кўрмоқда. Агар бу тўхтатилмаса, Эрон қисқа вақт ичида, эҳтимол бир йил ичида, балки бир неча ой ичида ядровий қурол яратиши мумкин. Бу Исроилнинг омон қолишига очиқ ва бевосита таҳдиддир", деган у.

Нетаняҳу шунингдек, АҚШ Президенти Доналд Трампга Эроннинг ядровий дастурига қарши тургани учун миннатдорчилик билдирди.

Исроил ҳарбий расмийси BBCга берган интервюсида Эрон бир неча кун ичида ядровий бомба яратишга етарли материалга эга эканини айтди.

Эрон қандай жавоб берди?

Исроил Мудофаа кучларига кўра, жума куни эрталаб Эрон Исроилга қарши 100 дан ортиқ дрон учирган, уларни Исроил армияси тутишга ҳаракат қилмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса, Эрон қуролли кучлари мамлакат суверенитетини "тўлиқ куч билан ва зарур деб ҳисобланган тарзда" ҳимоя қилишдан асло тортинмаслигини маълум қилди.

Вазирлик баёнотида Исроил амалиётлари "тажовузкор ҳаракатлар" деб аталди ва "АҚШ ҳукумати бу режимнинг асосий ҳомийси сифатида жавобгарликни ўз зиммасига олади" дейилади.

АҚШ нима деди?

АҚШ давлат котиби Марко Рубио АҚШ бу ҳужумларда иштирок этмаганини ва ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, АҚШ учун энг устувор масала минтақадаги америкалик ҳарбийларни ҳимоя қилишдир.

Доналд Трамп ҳозирча ҳужумлар ҳақида изоҳ бермади.

Жаҳон ҳамжамиятининг муносабати сифатида Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг бу кескинлашувдан "жуда хавотирда" эканини, ҳужумлар эса "аллақачон ноаниқ вазиятдаги минтақани янада беқарорлаштириш хавфини келтириб чиқараётганини" билдирди.

Эроннинг ядровий дастури нима?

Харита

Эрон узоқ вақтдан буён ядровий дастури фақат фуқаролик мақсадларига қаратилганини таъкидлаб келади. Мамлакат бўйлаб бир нечта ядровий иншоотлар мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари Исроилнинг ҳозирги ҳужумларида нишонга олинган.

Бироқ кўплаб давлатлар, шу жумладан Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам Эроннинг ядровий дастури фақат тинчлик мақсадларига қаратилганига ишонмайди.

Шу ҳафта агентликнинг бошқарув кенгаши сўнгги 20 йил ичида биринчи марта расман Эронни ядровий қурол тарқатмаслик бўйича мажбуриятларини бузган, деб эълон қилди.

Унинг баёнотида Эрон томонидан маълум қилинмаган ядровий материаллар бўйича тўлиқ жавоб берилмагани ва тўйинтирилган уран заҳираси борасида кўплаб етишмовчиликлар қайд этилгани айтилди.

Олдинроқ эълон қилинган ҳисоботга кўра, Эрон уранни 60% софлик даражасигача тўйинтирган. Бу миқдордаги материал 9 та ядровий бомба ясашга етарли бўлиши мумкин.

Кимлар ҳалок бўлди?

Исроил мудофаа кучларининг маълум қилишича, Эрон Қуролли кучлари бош штаби раҳбари, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ва Эрон Фавқулодда ҳолатлар бўйича қўмондони "Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок этилган".

Исроил армиясининг билдиришича, кечаси амалга оширилган ҳужумлар 100 дан ортиқ нишонни ўз ичига олган — улар қаторида Эрон Бош штаби етакчилари ва ядровий дастур раҳбарлари ҳам бор.

Эрон давлат ОАВлари билдиришича, ҳалок бўлганлар орасида қуйидагилар бор:

  • Ҳуссайн Саломи – Исломий инқилоб қўриқчилари корпуси бош қўмондони
  • Ғуломали Рашид – "Хотамул-Анбиё" марказий қўмондонлиги раҳбари
  • Муҳаммад Боқирий – Эрон қуролли кучлари бош штаби раҳбари

Эрон исломий инқилоб қўриқчилари корпуси билан боғлиқ "Тасним" ахборот агентлиги маълум қилишича, ҳужумлар давомида 6 нафар ядровий олим ҳам ҳалок бўлган, улардан 5 нафари аниқланди:

  • Фарейдун Аббосий – Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари
  • Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи – Эрон ядровий қурол дастурида иштирок этган
  • Абдулҳамид Минучеҳр – Шаҳид Беҳишти университетининг ядровий муҳандислик бўлими раҳбари
  • Аҳмад Ризо Зулфақорий – ядровий муҳандислик профессори, Шаҳид Беҳишти университети
  • Амирҳусайн Фақҳиӣ – ядровий фанлар профессори, Шаҳид Беҳишти университети

Бундан ташқари, Олий раҳбар Оятулло Али Хоманаийнинг катта маслаҳатчиси Али Шамхони ҳам жиддий жароҳат олгани ҳақида хабар қилинмоқда.

BBC бу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлай олмади

12 июн: Урушдан олдин нима бўлганди? Эрон билан таранглик манзарасида АҚШ Ироқдаги элчихонасини қисман олиб чиқади

Бағдод шаҳри устида 2024 йил декабрида учиб бораётган АҚШ тикучарлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бағдод шаҳри устида 2024 йил декабрида учиб бораётган АҚШ тикучарлари

АҚШ ҳукумати манбаларига кўра, хавфсизлик таҳдидларининг кучайиши сабабли Бағдоддаги АҚШ элчихонасининг муҳим бўлмаган ходимлари ва уларнинг оила аъзолари Ироқдан эвакуация қилинади.

Расмийлар бунга нима сабаб бўлганини аниқ айтганлари йўқ, аммо Би-би-сининг АҚШдаги ҳамкори CBS хабар беришича, Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлашга тайёр экани ҳақида хабар берилган.

Расмийларга кўра, бу баъзи америкаликларга минтақани тарк этиш тавсия қилингани сабаблардан биридир, улар Эрон АҚШнинг Ироқдаги айрим объектларига жавоб зарбаси бериши мумкин деб ўйлашади. Шунингдек, АҚШ расмийлари Исроил ичидаги ходимлари ҳаракатларини ҳам чеклаганлар.

Ушбу воқеалар АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий дастур бўйича музокаралар сўнгги кунларда тўхтаб қолган бир пайтга тўғри келмоқда.

CBS'га кўра, АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича элчиси Стив Уиткофф 15 июн куни Эрон билан ядровий дастур ҳақида музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.

Axios нашрининг хабар беришича, Уиткофф Ўмоннинг Мускат шаҳрида Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи билан учрашади.

АҚШ давлат департаментининг Би-би-сига маълум қилишича: "Биз элчихоналаримиздаги ходимлар сонини доимий равишда қайта баҳолаб борамиз. Охирги таҳлилларимизга асосан, Ироқдаги миссиямиз миқёсини қисқартиришга қарор қилдик."

Департамент кейинроқ маълум қилишича, минтақадаги "кучайган кескинлик" сабабли АҚШ ҳукумати ходимларига Исроил ичида Тел-Авив, Қуддус ва Беэр-Шевадан ташқарига саёҳат қилиш тақиқланган.

11 июн куни Вашингтондаги Кеннеди марказида сўзга чиққан АҚШ президенти Доналд Трамп журналистларга шундай деди: "минтақа хавфли бўлиши мумкинлиги сабабли америкаликларга у ерни тарк этиш тавсия қилинди. Нима бўлишини кўрамиз."

Трамп, шунингдек, АҚШ Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқаришига йўл қўймаслигини яна бир бор таъкидлади. "Биз бунга йўл қўймаймиз", деди у.

Президент Трамп Эронга зарба Теҳроннинг ядровий қурол ишлаб чиқаришини тўхтатади деб ўйлайди.

Шу ҳафта бошида Президент Трамп Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан 40 дақиқалик телефон суҳбати ўтказган. Бу суҳбат "таранг" бўлгани хабар қилинди. Нетаняҳу узоқ вақтдан бери Эрон ядровий дастурининг ечими дипломатик эмас, ҳарбий ёндашув деб билади.

9 июн куни Венада Халқаро Атом энергияси агентлиги (IAEA) бошқарув кенгаши Эроннинг ядровий дастури ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун йиғилиш бошлади.

Iqtibos

Бу IAEAнинг Теҳрон билан ҳамкорликни "қониқарсиз" деб баҳолаган ҳисоботи ортидан ташкил қилинди. Хусусан, ҳисоботда агентлик Эроннинг бундан олдин эълон қилинмаган объектларда топилган ядровий моддалар бўйича тушунтиришидан қониқмаган.

Эрон халқаро атом агентлиги ҳисоботини номувозанатли деб баҳолади, бу ҳисобот Исроил тақдим қилган "сохта ҳужжатлар"га таянган деди.

Ядровий музокаралар ҳал қилувчи босқичда экан, АҚШнинг сўнгги баёноти ҳақиқий хавотирми ёки фақат сигнал беришми — ҳозирча аниқ эмас.

Бироқ Эрон мудофаа вазири Азиз Насирзода агар музокаралар муваффақиятсиз тугаса ва Трамп Эронга ҳарбий зарба бериш буйруғини берса, АҚШнинг минтақадаги базаларига жавоб қайтарилишини айтди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳам Яқин Шарқдаги, жумладан, Қувайт ва Баҳрайндаги америкалик ҳарбий хизматчилар оилаларининг ихтиёрий эвакуациясига рухсат берган.

11 июн куни Конгресс қўмитаси олдида гувоҳлик берган Пентагон вакили Эрон "ядровий қуролга ўхшаш нарса яратиш йўлида ҳаракат қилаётгани"ни кўрсатувчи "етарлича далиллар" мавжуд деб айтди.

Эрон эса ўзининг уран бойитиш дастури фақат тинч мақсаддаги энергия ишлаб чиқариш учун эканини ва атом бомбаси яратиш нияти йўқлигини таъкидлайди.

Буюк Британиянинг Қироллик денгиз флотига қарашли Денгиз савдоси операциялари ташкилоти чоршанба куни Яқин Шарқдаги ҳарбий кескинликнинг ортиши денгиз юк ташишига таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

АҚШ эвакуацияси ҳақидаги хабар тарқалгани ортидан нефт нархи 4% дан юқорига кўтарилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, Ироқда тахминан 2500 нафар америкалик ҳарбий хизматчи жойлашган.

2020 йил январ ойида Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбалари берган эди.

Бу зарбалар АҚШ томонидан Эрон генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилганига жавоб сифатида уюштирилган эди.

Базадаги америкалик ҳарбийлар орасида қурбонлар бўлмаган, аммо ўнлаб ҳарбийлар жароҳатланган эди.