Украина уруши: Хитой Россияга ҳарбий ва иқтисодий ёрдам берадими? (Видео) Dunyo Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Юқори даражали расмийдан иқтибос келтирган АҚШ матбуоти хабарларига кўра, Россия Хитойдан Украинадаги уруш учун ҳарбий ёрдам сўраган. Исми очиқланмаган расмийга кўра, Кремль Пекиндан қуролли дронлар юборилишини илтимос қилган.

Хитой ҳукумати буни на рад этди ё на тасдиқлади, аммо АҚШни "ёвуз мишмишлар"ни тарқатишда айблади. Расмий Вашингтон эса Хитойнинг бу каби ёрдами унинг учун жиддий оқибатларга сабаб бўлишини айтиб огоҳлантирди.

Хитой Россияга ҳарбий ёрдам бераётгани борасида далил-исбот йўқ, аммо кўпгина таҳлилчилар иқтисодий ёрдам берилиши муқаррар эканини айтишмоқда.

Президент Владимир Путин қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кириши ортидан АҚШ, Европа ва унинг иттифоқчилари Россияга қарши мисли кўрилмаган жазо чораларини тадбиқ қилишди. Уруш тобора шиддатлашиши билан, бу санкциялар кундан-кунга кучайтирилмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Хитой шу вақтгача Ғарбнинг санкцияларига тушган давлатларни қўллаб-қувватлаб келган. Таҳлилчиларга кўра, Хитойнинг Россияга қандай иқтисодий ёрдам бериши яқиндан кузатилади ва бу каби ёрдам унга қимматга тушиши мумкин.

Хитой иқтисодининг катта қисми АҚШ доллари билан ишлайди, унинг халқаро бозорда фаол бўлган компаниялари ҳам долларда савдо-сотиқ қилади. Халқаро савдонинг атиги 3 фоизи Хитой пул бирлигида амалга оширилади. Хўш, бундай шароитда, Пекин Кремль учун нималар қилиб бера олади?

Ибрат Сафо бу имкониятлар ҳақида сўзлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek