Ўзбекистон куч тизимлари иши нима - халқни қўриқлашми ё қўрқитиш? O'zbekiston Andijon

Ўзбекистон ИИВ

Сурат манбаси, Sof.uz

Андижонда милиция ходимлари қўлида қийноққа тутилгани айтилаётган А.Абдукаримовнинг ўлими Ўзбекистонда ҳамон қийноқлар давом этмоқдами, деган савол ва баҳс мунозараларни қўзғатган.

Баҳслар, асосан, ижтимоий тармоқларда кўзга ташланади.

Ўзбекистон узоқ йиллар ҳибсхоналардаги шафқатсиз ва ашаддий қийноқлар боис халқаро доирада кескин танқидга тутиб келинган.

Мустақилликнинг илк чорак асри тергов жараёнларида қийноқ қўллаш кенг ёйилгани ва оқибатда маҳбуслар ўлган ҳоллар ҳам борлиги кўп айтилди.

Шавкат Мирзиёев президент бўлиши ҳамон кўплаб соҳаларда ўзгариш ва ислоҳотлар қилишини айтди.

Бу ҳуқуқ-тартибот идоралари ишларининг очиқлиги ва қийноқларни тўхтатишни ҳам ўз ичига оларди.

Бироқ сўнгги бир йил ичида камида икки нафар ўзбекистонликнинг милиция қўлидаги қийноқлар боис оламдан ўтгани ҳақидаги давъволар бир саволни ўртага ташламоқда:

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимларида қийноқлар ва зўравонлик ҳамон давом этмоқдами?

Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, Kamolliddin Rabbimov/Facebook

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов қийноқлар ва милиция борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашади:

Андижонда милиция ходимлари сўроқлар жараёнида, ёш ватандошимиз бўлмиш А.Абдукаримовни қийноққа солишган.

Натижада, бу ватандошимиз комага тушиб, вафот этган.

Куч ишлатар тизимлари тафаккурини ўзгартириш, уларни ҳуқуқий тизимга солиш - давлатнинг глобал репутацияси, барқарорлик ва тараққиёт масаласи ҳисобланади.

Милиция сони жуда кўп

Ўзбекистонда милиция ходимларининг аҳолига нисбатан сони - ниҳоятда катта.

Ҳалқаро мезонларга кўра, ҳар тўрт-беш минг фуқарога, бир милиция ходими тўғри келса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистонда бу норма, тахминларга кўра, бир неча баравар юқори.

Иккинчи маъмурият ҳозирча милиция ходимлари сонини жиддий қисқартирмади.

Сон ё сифат?

Ижтимоий муносабатлар, ҳар доим маълум қонуниятлар асосида шаклланади.

Сони кўп бўлган милиция ходимлари, ўзларининг кераклигини асослаш учун ва ўзларини озиқлантириш учун, икки тарафлама спекуляция билан шуғилланади.

Биринчидан, давлатга жиноятларни ошириб кўрсатади.

Иккинчидан, жамиятда жиноий ишлар кўпайишидан манфаатдор жараёнларни парваришлаб боради.

Ким кимни манипуляция қилади?

Ички ишлар тизимини марказлашган давлат самарали назорат қила олмайди.

Давлат қанчалик самимий назорат қилишга интилмасин, тизим ёпиқ пирамидасифат корпорация бўлиб, давлат раҳбари ва ҳукуматни ҳам манипуляция қилаверади.

Куч ишлатар тизимларини назорат қилишда кўптарафлама ёндашуви самара бериш мумкин, холос.

Яъни, ижтимоий назорат (парламент, ОАВлари, нодавлат ташкилотлари ва ҳоказолар), ҳамда, давлатнинг жиддий танқидий ёндашуви ўта муҳим.

Қийноқлар қимматга тушади

Иллюстратив расм

Сурат манбаси, Magerram Zeynalov/BBC

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон куч тизимлари халқни қўрқувда ушлаш қуроли бўлиб келган.

Глобаллашган дунёда куч изимлари юқори легитимликка, одамлар кўз ўнгидаги ишончга эга бўлмаса, давлат олдида фақат битта назорат стратегияси қолади.

Бу - тўлиқ ва аёвсиз куч ишлатиш.

Аммр айни усул Ўзбекистон иккинчи маъмурияти олдига қўйган вазифаларни ва мақсадларга буткул зид тушади, уларни тўлиқ инкор этади.

Яна жиҳодчилар ови

Кейинги вақтларда ички ишлар тизими томонидан, Ўзбекистон ҳудудларида "жиҳодчи шахслар ва гуруҳларни қўлга олиш" амалиётлари жадаллашгани кузатилади.

Бу, эски моделдаги "давлат ва жамиятнинг икки қутбга бўлиниши, ўзаро ишончсизлик ва тўлиқ курашиш" сиёсатини эслатади.

Қийноқ - эски анъана

Милиция томонидан фуқароларни бемалол қийнаш ё ҳатто ўлдириш - Ўзбекистонда узоқ йиллик анъана ва амалиёт.

Давлат бу зеҳният ва анъанага қарши техник ё механик эмас, балки сиёсий-ҳуқуқий кўламда, катта кураш кампанияси бошлаши керак.

Акс ҳолда, бу каби хатолар Ўзбекистон учун қимматга тушиши мумкин.

Давлат одамлар билан, жамият билан ўз муносабатларида ишонч тармоқларини заифлаштириши эмас, балки кучайтириш керак!

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek