Ўзбекистон: Сайлов куни нималарни билиш керак?

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистонда 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Сайловдан бир кун олдин Ўзбекистон "жимжитлик" куни амал қилмоқда. Қонун бўйича, бу кунда бирор партия ёки номзод ташвиқот ишларини олиб боролмайди.

Бироқ олдинги сайловлардан фарқли равишда партия ва номзодларнинг сайлов кампанияси давомида биноларга ёпиштирган сайловолди ташвиқот материаллари давлат идоралари томонидан олиб қўйилмайди.

"Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ ушбу талаб бекор қилинди.

Сайлов куни нималарни билиш керак?

  • Сайлов участкаларида овоз бериш 22 декабр куни эрталаб соат 8.00 дан кечки соат 20.00 гача ўтказилади.
  • Сайлов куни овоз бериш биноси участка сайлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда очилади.
  • Овоз бериш куни сайлов участкасида соат 8.00 да Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди.
  • Участка сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида овоз бериш бошланганлигини эълон қилади.
Муддатини ўтаб бўлган парламентда гендер тақсимоти шундай кўринишда эди
Сурат тагсўзи, Муддатини ўтаб бўлган парламентда гендер тақсимоти шундай кўринишда эди
  • Участка сайлов комиссиясисайлов қутиларининг бўшлигини текширади ва уларни бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломбалар билан пломбалайди, пломбалар рақами кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади.
  • Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.
  • Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.
  • Овоз бериш биносида яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабина бўлиши, сайловчилар сайлов қутиларига яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари орқали ўтиб келиши таъминланиши керак.
  • Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.
  • Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга "+" ёки "" ёхуд "х" белгисини қўяди.
  • Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йўли билан) лозим ва алоҳида сақланади.
  • Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбирлар ўтказилишига рухсат этилмайди.
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20.00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.
  • Овоз бериш тугагач, участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари овоз бериш тугаганлигини комиссиянинг барча аъзолари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида эълон қилади.
  • Шундан сўнг сайлов комиссияси сайлов қутисидаги пломбалар очилиб партия ваколатли вакили, кузатувчилар иштирокида сайлов бюллетенларини санаб чиқади.
  • Тузилган баённома участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.

Ўзбекистон: Овозингиз учун курашаётган бешта партия ҳақида нима биласиз?

Демократик давлатда парламент, умумийла, учта вазифани бажаради: У сайловчиларга вакиллик қилади, қонун чиқаради ва ҳукуматни назорат қилиб туради.

Бешта партия ва Марказий сайлов комиссияси раислари

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, Бешта партия ва Марказий сайлов комиссияси раислари

Хўш, парламентни ким назорат қилади? Уни Парламентнинг ичидаги мухолиф партия назорат қилади.

Номзодлар жинси
Сурат тагсўзи, Номзодлар жинси

Ҳозирда Ўзбекистонда давлат раҳбариятини танқид қила оладиган мухолиф партия йўқ. Бу сўз дебатларда ишлатилмаяпти ва бешта партия унга ҳатто даъво ҳам қилмаяпти. Аммо, улар парламентда кўпроқ ўринларни эгаллаш учун, ҳукуматга эмас, балки бир-бирига мухолиф эканини намойиш қилишмоқда. Хўш, уларнинг ўзаро фарқи нимада? Улар ҳақидаги энг оддий маълумотлар қуйидагича:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

  • Ўзбекистон Халқ Демократик партияси, ХДП. У сўл қанот бўлиб, Ўзбекистонда ижтимоий давлат ғоясига асосланган халқ демократияси бўлишини истар экан. Унинг асосий ғоялари: ижтимоий тенглик, ижтимоий ҳимоя, яъни ёрдамга муҳтож одамлар - пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган қатламларга ғамхўрлик қилиш, ва айни дамда давлат ролини кучайтириш. Унинг сайловолди кампаниясидаги асосий шиорлари: "Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун!", "Биз инсонларни ишончли ижтимоий ҳимоя қилиш тарафдоримиз!" ва ҳоказолар. Партия раиси - Улуғбек Иноятов.
Номзодларнинг этник келиб чиқиши
Сурат тагсўзи, Номзодларнинг этник келиб чиқиши
  • Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси, у сўл марказ мавқеда. У ҳам ижтимоий ва иқтисодий тенг имкониятларга чақиради, ҳамда адолатли фуқаролик жамияти қурилиши, ижтимоий қатламларни ҳимоя қила оладиган бозор иқтисодиётига собитликни исташини айтади. Унинг мақсади - дунёвий демократик давлатни қуриш. Сайловолди дебатларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни кўп тарғиб қилди. Асосий шиорлари: "Соғлиқни сақлаш соҳасида адолат!", "Сифатли дори-дармон соҳасида адолат!" ва ҳоказолар. Партия раиси : Наримон Умаров.
  • Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, ЎзЛиДеп. Эсласангиз, Президент Шавкат Мирзиёев шу партия номидан президентлик сайловида қатнашиб ғолиб чиққанди. Президент унга энди аъзо эмас, лекин у барибир ҳукумат партияси дея кўрилади ва парламентда энг кўп ўринга эга. Мавқеи: ўнг марказ. Унинг ғоялари: хусусий мулкнинг дахлсизлиги, иқтисодиётни эркинлаштириш, ўрта синфни ривожлантириш учун шароитлар яратиш. Асосий шиорлари: "Тадбиркорлар учун тенг шароитлар яратиш!", "Мақсадимиз халқимизни ҳаётдан рози қилиш!" ва ҳоказолар. Партия раиси: Актам Хаитов.
Номзодлар касби
Сурат тагсўзи, Номзодлар касби
  • Ўзбекистон "Миллий Тикланиш" демократик партияси. У ўнг қанот мавқеда бўлиб, ўзини мўътадил консерватив, яъни анъанадор дея тақдим қилади. Унинг ғоялари ривожланиш ва анъаналарни уйғунлаштирган ҳолда миллий юксалишга эришиш, миллат сифатида ўзлигимизни сақлаган ҳолда келажакка интилиш. Асосий шиорлари: "Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари!", "Биз бир нуқтада бирлашамиз!" ва ҳоказолар. Партия раиси: Алишер Қодиров.
Номзодлар ёши
Сурат тагсўзи, Номзодлар ёши
  • Экологик партия. Экологик партия партия сифатида илк бор парламент сайловларида қатнашяпти, шу вақтгача Экологик ҳаракат учун парламентда 15та ўрин сайловсиз ажратилганди. Партия мавқеи: марказ, яшиллар ҳаракати. Унинг ғоялари мамлакатда атроф-муҳит бўйича вазиятни яхшилашга ва экологик муаммоларни ҳал қилиш, экология маданиятини ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш. Асосий шиорлари: "Биз келажак учун жавобгармиз." "Биз дарахтларнинг кесилишига қаршимиз" ва ҳоказолар.

Мана шу бешта партия сизнинг овозингиз учун ҳар бири парламентга 150тадан номзодини илгари сурган. Кимлардир партия ғоялари учун овоз беради, бошқалар эса ўзи ёқтирган номзод учун. Бу партиялар ва номзодлар сўнг сизнинг манфаатларингизни ҳимоя қиладими? Бу бошқа масала.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek