"Жамшид ота бўлишга ҳозирланаётганида, энди мени тушуняпсанми, деб ҳазиллашгандим"

25 яшар курашчи Жамшид Кенжаевнинг Тошкентдаги тунги клуб ташқарисида юз берган муштлашувда ҳалок бўлгани Ўзбекистонда кўпларни ларзага келтирди.

Ҳозирда мазкур ҳодиса бўйича тергов ишлари давом этмоқда.

Унинг бугунда Дубайда яшаётган дўсти Дилшод Умиров Жамшид қандай инсон бўлганини Би-би-сига сўзлаб берди.

Мен Жамшид билан Бўкадан Тошкентга тренировкага келганимда, залда танишганман. Ҳаким, Баҳодир, Денис деган ҳам яхши болалар бор у залда. Шу болалар орқали Жамшид билан 2004-2005 йилларда танишгандим. Спортчилар тажриба учун ҳар хил жойга боради. Мен кикбоксчиман, лекин менга кураш керак бўлганида, курашчилар билан кураш тушишга борардим. Ёки аксинча, курашчилар бизнинг залга келишарди. Бир-биримизга ёрдам бериб, Жамшид билан танишиб қолганман. Тошкентда "Chinatown" деган ресторан бўларди. Машқлардан кейин дўстларимиз билан шу ерга йиғилишиб ўтирардик.

Жамшид, инсон сифатида, кўнгли очиқ бола эди. Интернетда у ҳақида ҳар хил нарса ёзишяпти. Жамшид билан бирга ўтирган одам, мулоқотда бўлган одам уни жаҳлдор деб эсламайди. Жамшид - яхши бола. Ҳамма билан кулиб гаплашарди. У шўхлик қиладиган бола эмаслигини мен яхши билардим. Бу видеоларни кўриб ўзим ҳам тушунмай қолдим, тўғриси. Жамшид ҳаммага ёрдам қиларди.

У мудҳиш воқеа пайти мен у ерда бўлмаганим учун, бу борада бир нарса дейишим қийин. Болалар билан гаплашдим, уларнинг ҳам ҳеч нимадан хабари йўқ.

Жамшид яқинда қизли бўлганди. Чақалоқ қизчаси энди етим қолиб кетти. Қизи туғилишидан олдин онаси оламдан ўтганди.

Хотини иккиқат бўлганида, Жамшид менга телефон қилганди. Аёллар иккиқат бўлганда қорин шишади ва терисида тортилган чизиқлар пайдо бўлади. Бу борада мандан маслаҳат сўраганида, Дубайдан унга крем жўнатгандим. Шунда биргалашиб кулгандик, "ҳа Жам, сан ҳам оилалик бўлдинг-да энди, қизиқ туюляптими? Мени энди тушуняпсанми?" деб ҳазиллашгандим.

Жамшиднинг ўзи ҳам ҳеч қачон ёрдам беришдан бош тортмаган. У тўғрини тўғри, нотўғрини нотўғри деб атаган. Ўз дўсти нотўғри бўлса ҳам, шуни айтиб, узрини сўратган у.

У ҳақидаги салбий хабарлар ёзилаётгани одамларнинг кўролмаслигидан деб биламан. Бу бола шунча меҳнат қилиб, ўз ватани Ўзбекистоннинг байроғини кўтарган. Ўзбекларимизни бир хил пайт тушунолмайман, байроқни кўтарса у зўр, бир марта ютқазса, синди, бўлди дейишади. Ўлса, бўлди, кетти, курашчилар урушқоқ дейишади.

Ҳақиқий спортчининг жаҳлини чиқариш жуда қийин. Ўзига ишонган спортчи ҳеч кимга ўзидан ўзи ташланмайди. Унга нимадир сабаб бўлиши мумкин. Чунки спортчи билади, кимнидир майиб қилиб қўйиши мумкинлигини. Бизда ҳам доим тартибга катта эътибор берилган. Тренерларимиз биринчи ўринда бизга интизомни ўргатган. Интизом қоидаларимизга тренировкага вақтли келиш, ўз вақтида машқ қилиш, ичмаслик, чекмаслик киради. Жамшид ана шундай интизомли бола эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek